Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:04

"Борадиган жойимиз йўқ". Тожикистон афғон қочқинларини бадарға қилмоқда


Тожикистоннинг Ваҳдат туманидаги афғонистонлик қочқинлар. 2010 йил. Иллюсратив сурат.
Тожикистоннинг Ваҳдат туманидаги афғонистонлик қочқинлар. 2010 йил. Иллюсратив сурат.

Тожикистон ҳукумати мамлакатда бошпана излаган 10 мингга яқин афғонистонлик қочқинларни мажбуран ватанига қайтариши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар халқаро ташкилотларнинг хавотирларига сабаб бўлди.

Афғонистонга мажбуран ўтказиб юборилганини даъво қилган афғон аёл юборган аудиохабарда "бизни Душанбега юборишларини айтишди, лекин бунинг ўрнига тўғри чегарага олиб боришди", - дейилади.

Ушбу аноним хабар 22 август куни Тожикистонда яшаётган Афғонистонликларнинг WhatsAppдаги гуруҳида улашилди. Озодлик радиоси тожик хизмати манбалари ҳамда қочқинларнинг яқинлари ўтган ҳафта ичида камида тўққиз нафар афғонистонлик ватанига мажбуран қайтариб юборилганини айтишди.

Афғонистон фуқаролари нима учун бадарға қилингани номаълум. БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги (UNHCR) бундай ҳолатларни қоралаб келади.

UNHCR расмий Душанбени Афғонистон фуқароларини Тожикистондан чиқариб юборишни тўхтатишга, уларни ҳимоя қилишга ҳамда адолатли бошпана топиш жараёни билан таъминлашга чорлаб келади.

WhatsApp хабарини юборган аёл яна икки нафар Афғонистон фуқароси билан бирга бадарға қилинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, улардан бирида қочқин мақомини тасдиқловчи БМТдан олинган расмий ҳужжатлар бўлган. Озодлик радиосининг тожик хизматига бундай депортациялар ҳақида сўзлаб берган бошқа шахслар ҳам айни иддаони айтишди.

"Эримнинг ҳужжатлари жойида эди. Унда БМТ қочқин картаси бор эди, лекин уни Тожикистондан чиқариб юборишди", - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган аёл.

"Эрим ҳозир чегаранинг нариги томонида, мен эса уч фарзандим билан Тожикистондаман. Қаерга боришни билмаймиз".

Тожикистондаги афғон қочқинларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиб келаётган манбанинг айтишича, мамлакат хавфсизлик хизмати ходимлари қочқинларни мажбуран чегарага олиб кетган.

"Ҳали-ҳануз нима учун бундай бўлганини билмаймиз", - деди манба исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлар экан.

"Афғон муҳожирларнинг бир қисми ҳужжатларини текшириш учун чақирилган, машинада чегарага олиб кетилган ва нариги томонга ўтказиб юборилган. Баъзилари эса уйларидан олиб кетилган", - деди у.

UNHCR 25 август куни эълон қилган баёнотда ташкилот Тожикистонда афғонистонлик қочқинларни ҳибсга олиш ва депортация қилиш давом этаётганидан жиддий хавотирда экани айтилади. Ташкилот таъқибдан қочган одамларни ихтиёрига қарши ўз ватанига қайтариш ноқонуний эканлиги ҳамда уларнинг ҳаётини хавф остига қўйиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

UNHCRнинг маълум қилишича, 23 август куни Тожикистон шимоли-шарқидаги чегарадан Афғонистонга беш нафар Афғонистон фуқароси, жумладан, бир она уч фарзанди билан ўтказиб юборилган.

"Тожикистон қочқинларни ҳибсга олиш ва депортация қилишни бас қилиши керак. Бу ҳаракат одамлар ҳаётини хавф остига қўйиши аниқ", - деди UNHCRнинг халқаро ҳимоя бўйича директори Элизабет Тан.

"Қочқинларни мажбурий қайтариш қонунга ҳамда қочқинлар бўйича халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлган қайтармаслик тамойилига зиддир".

Баёнотда 19 августдан буён депортация қилингани тахмин қилинаётган қолган тўрт қочқин ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

UNHCRга кўра, ташкилот "2021 йилдан бери Тожикистонда бир неча марта қочқинларни ҳибсга олиш, мажбуран қайтариш ва халқаро ёрдамга муҳтож шахсларни ўз ҳудудига киритмаслик ҳолатларини қайд этган".

UNHCR бадарға қилинганларнинг айримларида БМТ берган қочқин ҳужжатлари борлиги ҳақидаги даъволарга ойдинлик киритиш учун берилган саволларга жавоб бермади.

Тожикистоннинг Афғонистон билан 1360 километрга чўзилувчи умумий чегараси бор. Афғонистондаги иқтисодий қийинчилик ва нотинчликдан қочган афғонлар учун Тожикистон вақтинчалик бошпана бўлиб келади. Сўнгги йигирма йил ичида Тожикистондаги афғонистонлик қочқинлари сони ўзгариб келади. 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги кучлар Толибон тузумини ағдарганидан кейин уларнинг сони 15 300 дан ошган. Жорий йилнинг бошида эса уларнинг сони 8000 дан ошиб кетган.

2021 йил августида Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейинги тўрт ой ичида 1 300 га яқин афғонистонлик Тожикистондан қочқин мақомини сўраган. Минглаб афғонистонлик Тожикистон орқали учинчи давлатга юборилган.

Толибон Кобулни эгаллаб олганидан бир ҳафта ўтмай, UNHCR афғонистонлик қочқинларни қабул қилган мамлакатларга қайтармаслик сиёсатига амал қилишни маслаҳат қилди. Ташкилот барча мамлакатларни "мажбурий қайтариш бошпана излаётганларни қайтиб борганидан кейин таъқибга учраш хавфига дучор қилиши ва шу сабабдан халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланишини" айтиб, Афғонистон фуқароларини мажбуран қайтариб юборишни тақиқлашга чорлади.

ЭКСКЛЮЗИВ: Толибон билан гаплашаётган Мирзиёев Афғонистон ўзбеклари дардини ҳам эшитадими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:37 0:00

Афғонистонда юзага келган гуманитар инқироз ҳамда иқтисодий қийинчиликлар, шунингдек, Толибоннинг шафқатсиз бошқаруви сўнгги бир йили ичида 1 миллиондан ортиқ афғонистонликни ўз ватанини тарк этишга мажбурлади.

UNHCR 25 август куни тарқатган баёнотда "Биз Тожикистон ҳукуматини доимий равишда Афғонистондаги можаро ва таъқиблардан қочганларга мамлакат ҳудудига киришга рухсат беришга ҳамда бундан нари ҳар қандай депортацияни тўхтатишга чақириб келганмиз", дейилади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Озодлик радиоси тожик хизматининг депортациялар ҳақидаги иддаолар бўйича саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, 32 нафар Афғонистон фуқароси Тожикистонда номаълум қоидабузарликларга қўл ургани учун жаримага тортилган, бироқ мамлакатдан "чиқариб юборилмаган".

Форум

XS
SM
MD
LG