Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:16

Тожикистонлик аёл: Милиция ходимлари мени қип-яланғоч ечинишга мажбурлади


Кибриё Йўлдошева
Кибриё Йўлдошева

Спитаменлик 33 ёшли тадбиркор аёл Кибриё Йўлдошева туман милиция бўлими ходимлари сўроқ пайтида уни хўрлагани ва яланғоч бўлиб ечинишга мажбурлаганини иддао қилди. Маълум бўлишича, “Дунё” ошхонаси эгаси бўлган бу аёл жорий йил май ойида ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб ушланган.

Кибриё Йўлдошева Спитамен туман ИИВБнинг уч нафар ходими уни сўроқ қилганини 9 июль куни айтди.

«Кийимим остига овоз ёзиб олувчи қурилма яшириб олган бўлишим мумкинлигини тахмин қилиб, мени қип-ялангғоч бўлиб ечнишга мажбур қилишди. Ҳатто пайпоқларимни ҳам ечишимга тўғри келди. Мен интим жойларимни ёпишга рухсат сўрадим, лекин улар буни рад этишди. Мана шундай ҳолатда мен уларнинг баъзан тайинсиз бўлган саволларига бир неча соат давомида жавоб бердим», - дейди тадбиркор аёл.

Кибриёнинг иддао қилишича, милиция ходимлари унга тегмаган, лекин уларнинг қарашлари ва саволлари таҳқирловчи бўлган. Сўроқдан кейинги куни Кибриё Йўлдошева милиция ходимлари устидан Тожикистон республикаси Бош прокуратураси терговчиларига шикоят қилди. Бу можарони тергов қилиш билан Спитамен тумани прокуратураси шуғулланаяпти.

Кибриё Йўлдошева
Кибриё Йўлдошева

Спитамен туман ИИВБ тергов бўлимининг бошлиғи Юнус Баҳронов Кибриё Йўлдошева милиция ходимлари томонидан сўроқ қилинганини тасдиқлади. Йўлдошевага нисбатан фирибгарлик факти бўйича жиноят иши қўзғатилган, деб хабар қилди у. Лекин Юнус Баҳронов тадбиркор аёлнинг сўзларига кўра, уни яланғоч бўлиб ечинишга мажбурлаганлиги айтилаётган ҳамкасбларига қўйилаётган айбни инкор қилди. «Кибриё Йўлдошеванинг шикоятидан сўнг, ички текширув ўтказилди, у милиция ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар қилинганини аниқламади»,- деди Юнус Баҳронов.

Фирибгарлик ҳақидаги ишни тергов қилиш ҳали якунланмаган. Кибриё Йўлдошевага йирик миқдордаги жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари таҳдид солмоқда. Йўлдошеванинг ўзи эса банкка 6 минг доллар кредитни қайтариб бўлганини айтаяпти.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Самарқандда Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари ўғирликда гумон қилиниб ушланган аёлларни яланғоч бўлиб ечинишга мажбур қилишгани ва буни видеога олишганидан кейин катта жанжал келиб чиққан эди. Видеоёзувда тахминан 35 ёшлардаги аёл кадр ортида кўринмай турган эркак киши мажбурлови остида устидаги кийимларини бирин-кетин ечаётгани кўринади.

Видеодан олинган кадр
Видеодан олинган кадр

XS
SM
MD
LG