Душанбе шимолида жойлашган манзарали Яғноб водийсида, чекка ҳудуднинг ярим чўл қишлоқларида тарқоқ ҳолда яшовчи 500 га яқин одам истиқомат қилади.
Бир пайтлар 4000 га яқин одам яшаган Яғноб 1970 йилда совет амалдорлари томонидан пахта етиштириш учун Зафаробод қишлоқ хўжалик туманига мажбуран кўчирилгани сабабли аҳолисининг кўп қисмидан айрилди.
Кўпчилик 1990 йилларда Яғнобга қайтиб келди, аммо иш йўқлиги ва чекка, тоғли ҳудуддаги кундалик ҳаёт қийинчиликлари туфайли уни яна тарк этишга мажбур бўлди.
Жамоалари қисқариб борар экан, қишлоқ аҳолиси, агар ҳукумат ва она тилида сўзлашувчилар уни сақлаб қолиш учун чора кўрмасалар, уларнинг қадимий она тили – шарқий эроний тил бўлмиш яғнобий тили йўқ бўлиб кетишидан хавотирда.
Яғнобий халқи маҳаллий болалар учун мактаб ўқув дастурига ўз тили киритилишини истайди.
Бироқ Яғноб водийсида мактаб йўқ. Болалар тахминан 40 километр узоқликдаги Анзоб шаҳридаги давлат мактаб-интернатига олиб кетилади ва у ерда тожик тилида таълим олади.
Кўплаб болалар бутун ўқув йилини ўз қишлоқларидан узоқда ўтказади, чунки қишда кучли қор ёғиши туфайли улар уйларига қайта олмайди ва натижада она тилларини деярли унутади.
"1990-йилларда бошланғич мактаб [яғнобий болалари учун] бу тилни ўқитишни бошлади ва бунинг учун дарсликлар ҳам ёзилди," дейди яғнобий тилини ўрганувчи тилшунос Рустам Рамазоний. "Она тилида сўзлашувчилар сони камайганлиги сабабли тилни ўргатиш жуда муҳим эди."
Аммо дастур 2000-йиллар бошларида давлат томонидан тўхтатилди, бу эса яғнобий болаларини она тилида олаётган чекланган таълимдан ҳам маҳрум қилди.
Икки тилли қишлоқ аҳолиси кундалик мулоқот учун она тилидан фойдаланади, таълим ва иш юзасидан эса тожик тилига таянади. Маҳаллий аҳолининг Озодлик радиосига айтишича, уларнинг фарзандлари фақат мактабга боргунларича яғнобий тилида сўзлашади.
Ёшлар олдидаги танлов
Яғноблик кекса авлод вакиллари ҳукумат пахта етиштирувчи ҳудудларга кўчириш дастурини тўхтатганида Зафарободдан ўз ташландиқ қишлоқларига қайтганларини эслайдилар.
Пискон қишлоғида яшовчи Сафарали Боқиев ота-боболар юртини ҳеч қачон тарк этмасликка қарор қилганида 20 ёшларда эди.
"Мен 1988 йилда ҳарбий хизматни тугатиб, Яғнобга қайтдим. Шу ерда уйландим. Етти фарзандимиз бор, – дейди Боқиев. – Тирикчиликни амаллаяпмиз ва мен кетишни хоҳламайман, чунки [агар биз ҳаммамиз кетсак] тилимиз йўқолади."
Аммо кўплаб одамлар яхши йўллар, шифохоналар ёки дам олиш жойлари бўлмаган водийда қолишни хоҳламайди.
Аҳоли асосан деҳқончилик, картошка етиштириш ва чорвачилик билан шуғулланадиган Яғнобда профессионал иш ўринлари йўқ.
Қишда – водий етти ойгача қор ва муз билан қопланганда – одамлар шошилинч ҳолатлар, масалан, беморларни касалхонага олиб бориш учун эшаклардан фойдаланадилар.
Кёрта қишлоғида яшовчи Фируза Муҳаррамова Озодлик радиосига айтишича, у учала фарзандини ҳам уйда дунёга келтирган. Унга ёрдам берадиган шифокор ҳам, доя ҳам бўлмаган.
Яғноб электр тармоғига уланмаган. Сўнгги йилларда аҳоли ҳудуддаги ташландиқ сув ресурсларидан фойдаланиб, кичик электр станцияларини қурган.
Водийни ноёб сайёҳлик марказига айлантириш лойиҳалари мавжуд – ҳатто бир нечта ғарблик кўнгиллилар ривожланаётган соҳани юксалтиришга ҳисса қўшмоқда. Маҳаллий аҳоли бундай лойиҳалар иш ўринлари яратиши ва водийга сармоя жалб қилишига умид боғламоқда.
Бироқ бу ҳолат одамларнинг, айниқса, ёшларнинг шаҳарларга кўчиб кетишига тўсқинлик қилолмади.
"Ёшларимиз Яғнобда қолса деймиз, чунки улар кетса тилимиз йўқолади. Тилимиз йўқ бўлиб кетиши аниқ," дейди Боқиев. "Аммо фарзандларимиз бу ерда яшашни хоҳлашмаяпти."
Яғнобдаги қишлоқлар лой ғиштли уйлар ва эски, ташландиқ харобаларнинг ажойиб уйғунлигидан иборат бўлиб, қолишга аҳд қилганлар бир нечта замонавий уйлар ҳам қурган.
Водийни тарк этганлар ўз тилларини уйдан узоқда сақлаб қолиш қийинлигини тан олишади.
Зафарободдаги яғнобийлар жамоаси аъзолари уларнинг тили ва бутун маданияти йўқ бўлиб бораётгани гувоҳи бўлишмоқда.
"Бу ердаги тўйларимизда 95-98 фоизгача қўшиқлар тожикча бўлади," дейди зафарободлик Мирзо Рамазонов.
"Зафарободга кўчиб келганимиздан бери анъаналаримизнинг кўпини йўқотдик," дейди яғнобий шоири Саидмурод Холов. "Ҳатто яғнобий тилида сўзлашадиганлар ҳам уни тожикча сўз ва иборалар билан аралаштириб юборишяпти."
Шарофат Шарифова бир неча йил аввал оиласи билан Яғнобдан чиқиб, пойтахт Душанбеда истиқомат қилмоқда.
Шарифованинг айтишича, Душанбедаги кичик яғнобий жамоаси аъзолари ҳали ҳам ўз она тилида сўзлашади, бироқ у кекса авлод дунёдан ўтганида бу тил йўқ бўлиб кетишига ишонади.
Форум