Халқаро хабарлар
Тожикистон туркияликлар учун виза тартибини жорий қилди
Тожикистон жорий йилнинг 20 апрелидан Туркия фуқаролари учун виза тартибини жорий қилади. Бу ҳақда Тожикистон ТИВ вакили Озодликнинг тожик хизматига маълум қилган.
“Туркия фуқаролари Тожикистон визасини Тожикистон Республикасининг хориждаги элчихоналари ва консулликларидан олишлари мумкин”, дея қайд этган у.
Туркияликлар 2021 йилдан буён Тожикистонда 30 кунгача визасиз юриш имкониятига эга эдилар. Душанбе расмийлари Туркия фуқаролари учун виза тартибини киритиш қарорини Анқаранинг шу мазмундаги қарорига жавоб ўлароқ қабул қилинганини қайд этмоқдалар.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 5 апрель куни Тожикистон фуқаролари учун визасиз тартибни бекор қилувчи фармонни имзолаган эди. Мазкур фармонда Туркияга келаётган оддий хорижий паспортга эга тожикистонликлар учун визасиз тартиб бекор қилингани айтилган. Тожикистон фуқаролари учун Туркияга виза билан кириш тартиби шу йилнинг 20 апрелидан жорий қилинмоқда.
Туркияга кетаётган тожикистонликлар учун виза тартиби нима учун жорий қилингани очиқланган эмас, бироқ Россиядаги кўплаб нашрлар буни Россия ва Туркиядаги терактлар билан боғламоқдалар. Мазкур терактларда гумонланаётганлар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам бор.
Анқара “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейин икки гумонланувчи Туркияда қисқа муддат юрганидан кейин Истанбулдан Москвага учиб борганини билдирган. 22 март куни Москва вилоятидаги концерт залида содир этилган ҳужум оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 144 киши қурбон бўлган.
Тожикистон фуқаролари 2018 йилдан буён бошқа ўнлаб мамлакатларнинг фуқаролари каби Туркияга визасиз бориб, у ерда 90 кунгача юришлари мумкин эди.
Тожикистондан Туркияга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган бўлиб, бу рейслар Туркиянинг Turkish Airlines ва Тожикистоннинг “Сомон Эйр” авиаширкатлари томонидан амалга ошириб келинади. Ҳафта давомида Тожикистондан Истанбулга олтита учоқ парвоз қилади. Бу учоқлар йўловчиларининг аксариятини тадбиркорлар ва корчалонлар ташкил қилади. Истанбул Тожикистон фуқаролари учун халқаро йўналишлар бўйлаб парвозларда муҳим транзит нуқтаси бўлиб ҳам хизмат қилади.
Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, 2022 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 350 миллион доллардан кўпроқни ташкил қилган.
Кун янгиликлари
Ҳаага суди прокурори Мьянма режими раҳбари ҳибсга олинишини талаб қилди
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори Мьянманинг муваққат президенти Мин Аун Хлайнни ҳибсга олиш учун ордер берилишини сўради. У мамлакатдаги мусулмон озчилиги бўлмиш роҳинжаларга қарши жиноятларда айбланмоқда.
Прокурор Карим Хонга кўра, яқин орада у Мьянманинг бошқа сиёсий лидерлари учун ҳам ордер талаб қилади.
“Бу билан биз ҳамкорларимиз билан биргаликда роҳинжалар ёдимиздан чиқмаганини намойиш қиламиз”, дея билдирган у Бангладешдаги қочқинлар лагерида чиқиш қила туриб.
Мьянма асосан буддавийлар яшайдиган мамлакат бўлиб ҳисобланади. Бироқ мамлакат ғарбидаги Покистон билан чегарадош Ракхайн вилоятида мусулмонлар ҳам истиқомат қилишади. Расмийлар уларни ўз фуқаролари деб тан олишдан бош тортиб келишади, уларга кўра, бу ерда гап асосан ноқонуний муҳожирар ҳақида бормоқда.
2012 йили диний низо ёйилган пайтда 100 мингга яқин роҳинжа уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. 2017 йилда Бирмадаги полиция участкаларига ҳужум ортидан зиддият яна авжига чиққан. Расмийлар Ракхайнда аксилтеррор амалиётини эълон қилишган. Мазкур амалиёт чоғида тинч аҳоли вакилларига ҳужумлар уюштирилган. Бунинг натижасида миллионга яқин киши Покистонга кўчиб кетишга мажбур бўлган, дея хабар қилган Associated Press агентлиги. Ҳарбийлар ва полицияни ҳужумларга, иддаога кўра, армияга қўмондонлик қилувчи генерал Мин Аун Хлайн йўналтирган.
У 2021 йили ҳарбийлар билан биргаликда фуқаровий ҳукуматни ағдариб, аввалига ўзини ўтиш даври ҳукумати бош вазири, кейин эса муваққат президент деб эълон қилган. Унга қарши АҚШ ва Буюк Британияда санкциялар жорий қилинган.
Мамлакатга қарши ХЖС томонидан геноцид айблови бўйича яна бир тергов юритилмоқда. Бирма расмийлари ва Ракхайнда яшовчи буддавий аҳоли роҳинжалар таъқиб қилинаётганини рад этиб келади. Мамлакат Халқаро жиноят суди аъзоси эмас.
Россия Украинага бирданига 630 нафар асир алмашишни таклиф қилди
Россия Украинага “630 нафарга 630 нафар” формуласи бўйича уруш бошидан буён энг йирик асир алмашуви ўтказишни таклиф қилган. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Украинадаги бир неча нашр хабар қилди.
Таклифни Россия ТИВ вакили Мария Захарова ўз матбуот анжуманида очиқлаган.
“Эътиборингизни қаратишни истардимки, биз алмашинувга россиялик ҳарбийлардан кимларни киритишни Украина ихтиёрига қолдирамиз”, дея иқтибос келтирган Украина нашрлари россиялик мулозима сўзларидан.
Украина расмийлари Захарова сўзлари юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ. Ўз навбатида, кремлпараст Readovka нашри Украина томони билан бу борада аллақачон келишувга эришилганини иддао қилмоқда.
Захарова тилидан мазкур таклиф янграши Украинадаги айрим телеграм-каналларда чоршанба куни Украина махсус амалиётлар кучлари Курск вилоятида гўё Россия Қуролли кучларининг сара бригадасидан бўлган ўнлаб денгиз пиёдасини асир олгани ҳақида маълумот тарқатилгани билан бир вақтга тўғри келди. Ўзларини денгиз пиёдаларининг 810-бригадаси жангчилари деб таништирган айрим асирлар видеоси тармоқда ёйинланган. Россия Мудофаа вазирлиги бу борада изоҳ бермаган.
Июнь ойида Россия президенти Владимир Путин Украинада 1 минг 348 нафар россиялик, Россияда эса 6 минг 465 нафар украиналик асир сифатида тутиб турилганини иддао қилган эди. Август ойида Украина Қуролли кучларининг Курск вилояти ҳудудига кириши натижасида аксарияти муддатли ҳарбий хизматчилардан иборат юзлаб россиялик аскар асирга тушган эди.
Сурияда исломий гуруҳлар Асад армияси мавқеларига ҳужум қилди
Сурияда Туркия билан алоқаси борлиги айтиладиган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” террор гуруҳи ва бошқалар дохил исломий гуруҳлар президент Башар Асад назорати остидаги Сурия армияси ва унга иттифоқдош бўлган эронпараст гуруҳларнинг Ҳалаб шаҳри ғарбидаги позицияларига кенг кўламли ҳужум бошлади.
Қуролли тўқнашувлар чоғида жиҳодчилар бир неча аҳоли пункти ҳамда ҳукумат армиясининг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган битта базасини эгаллаб олишган. Ҳужумларга жавобан Сурия армияси россиялик ҳарбийлар билан биргаликда қуролли гуруҳлар позицияларига зарба бериш учун авиацияни ишга солган.
Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли отрядлар Анаданга яқинлашмоқда. Бу шаҳар Асад қўшинлари мудофаа чизиғида муҳим нуқта бўлиб ҳисобланади. Уни эгаллагандан кейин жиҳодчилар Ҳурайтон ва Кафр Ҳамроҳ аҳоли пунктларини олишлари мумкин. Бу уларга Ҳалаб шимолий-ғарби томон илгарилаш имконини беради.
Тел Рифъат ва Мунбиж четларида Туркия артиллерияси жанговар шайлик ҳолатига келтирилган. Турк армияси, афтидан, Сурия демократик мухолифатининг курд бўлинмалари тасарруфида бўлган позицияларга ҳужумга тайёрланмоқда.
Содир бўлаётган воқеалар сўнгги йилларда Сурияда кузатилаётган фуқаролар урушининг энг катта эскалациясига айланиши мумкин.
“Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” Асад режимига қарши кураш олиб бораётган сунний жиҳодий гуруҳлари коалициясидир. Гуруҳ 2017 йили “Ал-Қоида” террор ташкилотининг маҳаллий бўлими базасида тузилган. Ҳозирда коалиция “Ал-Қоида”га алоқаси борлигини рад этиб келади.
Қирғизистонда машҳур бўлган ўзбек жарроҳи вафот этди
Қирғизистонда машҳур бўлган жарроҳ олим Эрнст Акрамов 26 ноябрь куни 88 ёшида Бишкекда оламдан ўтди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Таниқли жарроҳ 27 ноябрь куни Бишкекдаги Алаарча қабристонига дафн этилган. У билан хайрлашув маросими Абдилас Малдибаев номидаги Қирғизистон Миллий академик опера ва балет театрида бўлиб ўтган. Акрамовнинг жанозасида ҳукумат вакиллари, парламент депутатлари, маҳрумнинг ҳамкасблари ва яқинлари иштирок этишган.
Ўзбек миллатига мансуб бўлган Эрнст Акрамов 1936 йил 24 июнида Фрунзе шаҳрида туғилган. У 1960 йилда Қирғизистон давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Акрамов мамлакатда таниқли профессор, тиббиёт фанлари доктори ва жарроҳ эди. Ўз фаолияти давомида у СССР халқ депутати этиб сайланган, 2008 йили эса Қирғизистонда фан ва техника соҳасида давлат мукофотига сазовор бўлган. Қирғизистонда хизмат кўрсатган врач мақомига эга Акрамовга 2009 йилда “Қирғизистон қаҳрамони” унвони берилган.
Эрнст Акрамов 1992 йилдан бери Чуй вилояти бирлашган касалхонаси умумий жарроҳлик бўлимини бошқариб келган, 2002 йилда эса шу клиника қошидаги Реконструктив-тикловчи жарроҳлик илмий марказига раҳбари этиб тайинланган. Юзлаб илмий иш ва монографиялар муаллифи бўлган Акрамов мамлакат жамоатчилиги орасида меценат ўлароқ ҳам танилган эди.
Руминиядаги президент сайлови ортидан TikTok бош директори Европарламентга чақирилди
TikTok бош директори Руминиядаги президент сайловида платформа ролига оид саволларга жавоб бериши учун Европарламентга чақирилди. У ерда сайловнинг биринчи босқичида машҳур тиктокер ва ультраўнг қарашдаги сиёсатчи Кэлин Жоржеску ғалаба қозонган.
Тадқиқотчилар овоз бериш куни арафасида минглаб фейк аккаунтда яширин фаоллик кузатилганини айтишмоқда, дея хабар қилди Politico нашри. Президент сайловида номзод ўлароқ иштирок этган ва иккинчи босқичга ўтолмаган Руминия бош вазири Марчел Чолаку Жоржеску кампаниясининг TikTok томонидан молиялаштириб-молиялаштирилмаганини текшириш зарурлигини билдирди.
Politico қайдича, Жоржескуга партия дастаги берилган эмас ва сўровлар ҳам унинг сайловчилар орасида рейтинги баландлигини кўрсатмаган – эндиликда тадқиқотчилар бутун диққат-эътиборларини унинг сайлов арафасида TikTok платформасида олиб борган йирик кампаниясига қаратишган. Тадқиқотчилар иддаосича, TikTok “минглаган фейк аккаунтлар оқими”ни кўрган бўлиши лозим.
“Биз TikTok бош директорини чиқиш қилишга ва унинг платформаси Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунни бузмаётганига кафолат беришга чақирамиз”, дея билдирган Европарламент депутати Валери Хайер.
TikTok Руминия сайловидаги ўзининг муҳтамал роли ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.
Хитойнинг ByteDance ширкатига қарашли TikTok платформаси Европа Иттифоқида илк бор танқидга нишон бўлаётгани йўқ. 2023 йили Франция президенти Эммануэль Макрон TikTok’ни “айбсиздай кўрина оладиган” ва фойдаланувчилар орасида “ҳақиқий қарамлик”ка сабаб бўлаётган платформа деб атаган эди. Европа Иттифоқи платформага ҳали бирор марта йирик миқдорда жарима солмаган ёки санкция ҳам жорий қилган эмас.
Исроил ҳукумати Ливандаги оташкесимга оид келишувни маъқуллади
Исроил Вазирлар маҳкамаси Ливандаги оташкесимга оид келишувни маъқуллади: келишувни 10 киши ёқлаган, бир киши эса бунга қарши овоз берган. Reuters агентлигининг ёзишича, АҚШ Ливанни мазкур келишув 27 ноябрь куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 4 дан бошлаб кучга кириши ҳақида хабардор қилган.
“Исроил АҚШнинг бу жараёнга қўшган ҳиссасини қадрлайди ва ўз хавфсизлигига нисбатан ҳар қандай таҳдидга қарши ҳаракат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дея билдирган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.
АҚШ президенти Жо Байден ўз чиқишида Исроил ва Ливан бош вазирлари билан телефон орқали музокара олиб борганини, уларнинг ҳар бири ўз ҳукуматлари битимни қабул қилганини айтганини маълум қилди.
“Эндиликда ҲАМАС ҳам танлов қилиши керак. Улар учун ягона йўл – ўзлари тутиб турган америкалик фуқаролар дохил гаровдаги шахсларни озод қилиш. Бу жараён мобайнида жанговар ҳаракатларга якун ясалиши зарур, бу эса гуманитар ёрдам кўпайтирилиши учун имкон яратади. Яқин кунлар ичида Қўшма Штатлар Туркия, Миср, Қатар, Исроил ва бошқа мамлакатлар билан биргаликда Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилишига эришиш учун яна бир уринишни амалга оширади”, деган Байден.
“Ҳизбуллоҳ” билан оташкесим келишувига қарши овоз берган ягона вазир Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бўлган. Аввалроқ у мазкур келишувни “тарихий хато” деб атаб, унга қарши чиқишини билдирган эди.
“Бу сулҳ эмас. Бу “сукунат эвазига сукунат” концепциясига қайтишдир ва биз бунинг нималарга олиб келишини аввал ҳам кўрганмиз”, деб ёзган Бен-Гвир Х ижтимоий тармоғида.
Бинямин Нетаняҳу ўзининг сешанба кунги чиқишида Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳининг қайта қуролланиш бўйича ҳар қандай уриниши келишув шартларининг бузилиши бўлиб ҳисобланиши, шундай бўлган тақдирда Исроил бунга “кескин жавоб бериши”ни билдирган. Нетаняҳу, агар “Ҳизбуллоҳ” келишувни бузса, Исроил зарба беришини қўшимча қилган.
“Яхши битим дегани риоя этиладиган битимдир ва биз унга риоя қиламиз”, дея иқтибос келтирган Нетаняҳу сўзларидан The Times of Israel нашри.
Исроил бош вазири “Ҳизбуллоҳ” бир йил аввалги гуруҳ эмаслигини, исроиллик ҳарбийлар уни “ўн йиллар орқага” суриб ташлашганини билдирган. Нетаняҳуга кўра, армия нафас ростлашга муҳтож ва у ўз диққат-эътиборини Эрон томонидан келаётган таҳдидга қарши курашга қаратиши лозим.
Сулҳ режасида Исроил қўшинларининг 60 кун ичида Ливандан олиб чиқиб кетилиши кўзда тутилган. Исроил чегараолди ҳудудлари устидан назоратни Ливандаги ҳукумат армиясига топшириши, “Ҳизбуллоҳ” эса ўзининг оғир қуролларини Литаний дарёси шимолига олиб кетиши лозим бўлади. АҚШ тинчлик режаси бажарилишини назорат қилиши ҳамда “Ҳизбуллоҳ” сулҳ шартларини бузган тақдирда, Исроилга дастак кафолати бериши керак бўлади.
Эрон томонидан дастакланган ва қароргоҳи Ливанда бўлган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумидан кейин Исроилга ҳужумларни кучайтирган. Бунга жавобан Исроил сентябрь ойида Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. 1 октябрь куни Исроил армияси Ливанда қуруқликдаги амалиётга киришган.
“Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти террор ташкилоти ўлароқ тан олинган, Ливан парламентида ўз депутатларига эга “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.
Хитой банкининг собиқ раҳбари ўлимга ҳукм қилинди
Хитойдаги суд мамлакатдаги энг йирик давлат банки раёсати раиси ва партия котиби Лю Лянгэни жазо ижросини кечиктириш шарти билан ўлим жазосига ҳукм қилди. У коррупцияда ва ноқонуний равишда кредит берганликда айбдор деб топилган.
Лю активлари ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик банклар бешлигига кирувчи Хитой банкини бошқарган. У 2023 йили Коммунистик партия сафида чиқарилган, шу йил февраль ойида эса ишдан бўшатилиб, қўлга олиниб, 121 миллион юандан кўпроқ (тақрибан 16,8 миллион миллион АҚШ доллари) миқдорда пора олганликда айбланган.
"Лю коррупцияга қарши кураш кампанияси остига тушган мамлакат молия секторининг энг юқори лавозимли вакилига айланди", деб ёзган South China Morning Post газетаси.
Ҳукм жазони икки йилга кечиктириш шарти билан чиқарилган, дея хабар қилди “Синьхуа” агентлиги. Лю сиёсий ҳуқуқлардан бир умрга маҳрум қилинган, унинг бутун мулки мусодара этилган. Хитой қонунчилигига кўра, кечиктирилган ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилиши мумкин.
Ўлим жазосига ҳукм қилиш ва уни ижро этиш бўйича Хитой дунёда биринчи ўринда туриши тахмин қилинади. Мамлакат бунга оид статистикани эълон қилмайди, бироқ ҳуқуқбонлар баҳосича, Хитойда йилига бир неча минг ўлим жазоси ҳукми чиқарилади, дейилган Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида. Бу дунё бўйлаб чиқарилган ўлим жазоларининг ҳаммасидан ҳам кўпроқдир. 2023 йилда ташкилот ўлим жазосига оид 1153 та ҳолатни қайд этган.
Россияда мигрантларга фуқаролик бериш тўхтатилиши мумкин
Жорий йилнинг 26 ноябрь куни уюшган тартибда ишга жалб қилинган меҳнат муҳожирларининг РФда яшаш рухсатномаси ёки фуқаролик олишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси Россия Давлат думасига кўриб чиқиш учун киритилади. Бу ҳақда давлатга қарашли “РИА Новости” агентлиги “Адолатли Россия — Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия — За правду”) фракцияси вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Фракция депутатлари бу каби мигрантларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг ҳам Россияга киришини тақиқлашни таклиф қилишмоқчи.
Бундан ташқари, лойиҳадан меҳнат муҳожирларининг Россияда бўлиши меҳнат шартномаси муддати билан чекланишига оид таклиф ҳам ўрин олган. Бу муддат тугаганидан кейин хорижлик ишчи РФ ҳудудини тарк этиши шарт бўлади.
Иш берувчиларга эса мигрантнинг уйга қайтиши билан боғлиқ харажатлар учун маблағ сақланажак махсус ҳисобрақами очиш мажбурияти юкланиши кўзланмоқда. Қонун лойиҳасида айтилишича, бундай ҳисобрақамнинг бўлиши меҳнат муҳожирининг Россия кириб келиши учун мажбурий шартга айланиши лозим.
Грузия президенти янги парламентнинг илк мажлисини бойкот қилди
Тбилисида 25 ноябрь куни бундан бир ой муқаддам сайланган парламентнинг илк мажлиси бўлиб ўтган. Мазкур сессияга мамлакат президенти Саломе Зурабишвили келмаган. У қонун чиқарувчи органнинг ҳозирги таркибини “конституцияга зид” ва “нолегитим” деб ҳисоблайди, чунки, Зурабишвили” фикрича, 26 октябрь куни ўтказилган овоз бериш натижалари “ёппасига сохталаштирилган”.
Мухолифат коалициялари лидерлари ҳам парламент мажлисини бойкот қилишган ва президент Зурабишвили бошчилигида “муқобил парламент” шакллантириш лозимлигини айтишмоқда.
Шунга қарамай, расмий маълумотларга мувофиқ, сайловчиларнинг 54 фоизи овозини олган “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясидан бўлган 89 нафар депутат парламентга сайланган 150 депутатнинг ваколатларини овоз бериш йўли билан тан олишган ва Шалва Папуашвилини спикерликка қайта сайлашган.
Мандат олганлар орасида “Грузия учун”, “Ўзгаришлар учун”, “Кучли Грузия” ва “Бирдамлик” мухолифат коалицияларидан сайланган 61 нафар депутат ҳам бор. Бироқ мухолифатчилар парламент йиғилишларида иштирок этмасликлари ва ҳатто депутатликдан воз кечишларини билдиришган. Улардан бири – Михаил Саакашвилининг “Бирдамлик” партиясини тамсил этувчи Гогита Вашадзе аллақачоноқ депутатлик ваколатларини топширган. Бошқа депутатлар ҳам яқинда унга эргашишлари кутилмоқда.
“Кучли Грузия” коалицияси асосчиси Мамука Хазарадзе таклифига кўра, мухолифатчилар мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгашини тузишмоқчи. Хазарадзе уни “муқобил парламент” деб атаган.
Президент Зурабишвили “Грузия орзуси” вакилларидан тузилган парламенти нолегитим деб ҳисоблайди, чунки у парламентнинг илк ялпи мажлисини чақириш тўғрисидаги фармонни имзоламаган, Конституцион суд эса президентнинг 26 октябрдаги сайловларни “бўлиб ўтмаган” деб тан олинишига оид даъво аризаси бўйича ҳали қарор қабул қилган эмас.
25 ноябрь куни эрталаб ҳукмрон партия асосчиси миллиардер Бидзина Иванишвили дохил “Грузия орзуси”нинг 89 нафар депутати ИИВ махсус топшириқлар бажарувчи қисмининг кучли қўриқлови остида парламент биносига кириб олишган. Мухолифатнинг минглаб фаоли, гарчи парламент биносини тўлиқ иҳота қилиб ололмаган бўлса-да, уни уч томондан ўраб олган ва депутатлар ортидан “руслар” ва “Путиннинг қуллари” деб қичқиришган. Бу ҳаракатлари билан улар мухолифат ҳаракатининг, шунингдек, амалдаги президент Зурабишвили ҳамда айни пайтда қамоқда бўлган учинчи президент Михаил Саакашвилининг 26 октябрдаги сайлов “Владимир Путин розилиги билан амалга оширилган Россиянинг махсус амалиёти” эканига оид асосий тезисини ёйинлашган.
Ғарб мамлакатларининг кўпчилиги Грузия расмийларини сайлов якуни ва янги парламент шакллантирилгани билан табриклашга ҳозирча шошилмаяпти.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Словакия бош вазири Роберт Фицодан бошқа европалик бирор лидер Иванишвили ва унинг етовидаги “Грузия орзуси” билан бирга ишлашга тайёр эканини тасдиқлаган эмас, ваҳоланки Грузия ҳали ҳам расман ЕИга аъзоликка номзод мамлакат бўлиб ҳисобланади.
Бош вазир Ираклий Кобахидзе аввалроқ бир неча бор ўз мамлакати билан ғарб ўртасидаги муносабатлар президент Трамп инаугурацияси ва Украинада тинчлик ўрнатилганидан кейин нормаллашиши ҳақида гапирган. Парламент спикери Папуашвили эса декабрь ойида махсус коллегия Грузияга янги президент сайлашини маълум қилган. Бу лавозимга “Грузия орзуси”дан ким кўрсатилиши ҳозирча маълум эмас.
Россия: Мигрант болалари таълимига оид қонун лойиҳаси думага киритилди
Россия Давлат думасига хорижлик фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахслар фарзандларининг Россия мактабларига қабул қилинишига оид қонун лойиҳаси киритилди. Унда мигрантларнинг фарзандлари мактабга киришда рус тилини “таълим олиш учун етарли даражада билиши”ни аниқлаш мақсадида тест топширишлари шартлиги белгилаб қўйилган. Мазкур тестдан ўтолмаган болалар мактабга олинмайди.
Қонун лойиҳасида тест жараёни бепул бўлиши, уни ўтказиш ва баҳолаш мезонлари эса эса Таълим вазирлиги ва “Рособрнадзор” ташкилоти томонидан алоҳида белгиланиши қайд этилган.
Режага мувофиқ, лойиҳа 10 декабрь куни биринчи ўқишда кўриб чиқилади. Ҳужжат батамом қабул қилинган тақдирда, мактабларга қабулнинг янги тартиби 2025 йил 1 апрелидан кучга киради.
Аввалроқ президент Путин “анъанавий қадриятлар”ни маъқул кўрган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Россияга кўчиб келишини осонлаштиришга оид фармонни имзолаган эди. Фармонда бу шахсларга “истисновий ҳолатларда” рус тилини билишини тасдиқловчи ҳужжатсиз ҳам вақтинча яшаш учун изн берилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Кремль вакиллари аввалроқ Россия “демографик вазиятнинг таранглиги манзарасида суръат билан ривожланиш учун” меҳнат мигрантлари оқимига муҳтож эканини билдирган эдилар.
Оқ уй Киевга Россия ичкарисига зарба учун изн берилганини расман тан олди
АҚШ президенти маъмурияти Украина учун Россия ҳудудига зарбалар беришда Американинг ATACMS баллистик ракеталаридан фойдаланиш бўйича чеклов олиб ташланганини илк бор расман тасдиқлади. Бу ҳақда Оқ уйнинг Стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби 25 ноябрь куни ўтказилган брифингда билдирган.
“Ҳозирнинг ўзида уларда [украиналикларда – таҳр.] ўзларини мудофаа қилиш учун зарурат туғилган тақдирда ATACMSлардан фойдаланиш имконияти бор. Бу ҳозирнинг ўзида Курск вилояти яқинида содир бўлмоқда”, деган Кирби.
АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудидаги ҳадафларга узоқ манзилли ракеталар билан зарба бериш учун тақиқни олиб ташлагани ҳақидаги хабарлар ОАВда 17 ноябрь куни пайдо бўлган эди – бу ҳақда The New York Times нашри ва Reuters агентлиги АҚШ ҳукуматидаги манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзиб чиқишган. Бироқ бу маълумот олдин омма олдида расман тасдиқланган эмасди.
Россия Мудофаа вазирлиги 19 ноябрга ўтар кечаси Брянск вилоятидаги объектга олтита ATACMS ракетаси билан зарба берилганини маълум қилган. Москва Оқ уйнинг қарорини Ғарб мамлакатлари билан бевосита уруш ўлароқ баҳолашини билдирган.
Исроиллик раввин ўлимида гумонланган ўзбекистонликлар қўлга олинди
Бирлашган Араб Амирликларида исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олиган. Бу ҳақда Reuters агентлиги БАА Ички ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
ИИВ баёнотига мувофиқ, қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.
Вазирлик баёнотида Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари томонидан олиб борилаётган тергов давом этаётгани билдирилган, бироқ қўлга олинган шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниб-қилинмагани очиқланган эмас.
Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси Reuters агентлигининг бу борадаги сўровини жавобсиз қолдирган.
Бирлашган Араб Амирликларида 24 ноябрь куни Исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
2020 йилдан буён БААда истиқомат қилаётган Исроил ва Молдова фуқароси Коган яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган.
Коганнинг автомобили Абу Дабидан 150 километр наридаги шосседа топилган. Амирлик расмийлари раввиннинг ўлдирилиш сабабларига оид бирор маълумотни очиқлашмаган.
Исроил бош вазири офиси ва Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма баёнотида Коганнинг ўлими “мудҳиш антисемитча террор хуружи” деб аталган. Баёнотда айбдорлар қаерда бўлишларидан қатъи назар, Исроил уларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солиши ваъда қилинган.
Исроиллик собиқ сиёсатчи Айюб Қара 24 ноябрь куни Дубайда қилган чиқишида раввинга қирилган суиқасдда Эронни айблаган. Эроннинг Абу Дабидаги элчихонаси бу айбловни рад қилган.
Аввалроқ раввин ўлимида ўзбекистонлик уч нафар фуқаро гумон қилинаётгани, улар якшанба куни БААдан Туркияга учиб кетишгани ҳақида хабар қилинган эди. БАА ИИВ раввиннинг ўлимида гумонланаётган ўзбекистонликлар қаерда ва қай тарзда қўлга олинганига аниқлик киритган эмас.
Коганнинг ўлими БААдаги бир неча минг кишилик яҳудий жамоатини шокка туширган. Исроил Миллий хавфсизлик агентлиги мамлакат фуқароларига БААга сафар қилишдан вақтинча тийилишни тавсия қилган.
DHL юк учоғи Вильнюс аэропорти яқинидаги уй устига қулади
DHL ширкатига қарашли юк учоғи Вильнюс аэропорти яқинидаги икки қаватли тураржой устига қулаган, натижада кучли ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда Reuters ва Delfi агентликлари аэропорт ва Литва полицияси вакилларидан олинган маълумотга таяниб хабар қилишди.
Учоқда тўрт киши – икки учувчи ва ширкатнинг икки ходими бўлган. Delfi учувчилардан бири қутқарилгани, унинг ҳуши жойида экани ҳақида ёзган.
Хабарларга кўра, жабрланганлардан икки нафари касалхонага етказилган, бир киши вафот этган.
Қутқарувчилар Delfi’га учоқ қулаган уй турғунлари орасида жабрланганларга оид маълумот ҳозирча йўқлигини билдиришган. Воқеа жойида аэропорт ўт ўчирувчилари ишламоқда.
Flightradar24 хизмати маълумотига кўра, бу ерда гап Лейпцигдан Вильнюсга учган Boeing 737 юк учоғи ҳақида бормоқда.
Ноябрь бошида The Wall Street Journal нашри ғарб разведкаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда июль ойида DHL юк етказиб бериш хизматининг Лейпциг ва Бирмингемдаги марказларида иккита посилка портлагани ҳақида хабар қилган эди. Тергов бомбалар электромассажёр шаклида бўлгани, уларнинг ичида электрон платалар ўрнида тез ёнувчи модда бўлганини аниқлаган.
Европа Иттифоқидаги бир неча мамлакат хавфсизлик хизматлари ходимлари логистика омборларидаги посилкалар портлаши АҚШдаги юк рейсларида Россия разведкаси томонидан портлаш уюштириш методи ишлови бўлганини иддао қилишган.
Ўтган ойда Польша расмийлари посилкадан ёнғин чиқиши сабабларини ўрганиш натижасида тўрт киши қўлга олинганини билдиришган. Ҳодиса АҚШ ва Канадага кетиши керак бўлган посилканинг Европага етказилиши чоғида содир бўлган. Польша прокуратураси баёнотига кўра, посилка ичидаги ашё қуруқлик ва ҳаво транспортировкаси чоғида ёниб ёки портлаб кетган.
Ғарб ҳукуматлари ва Европадаги разведка хизматлари аввалроқ Москвани Европадаги Украина иттифоқчилари бўлган мамлакатларда беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган қатор ёнғин ва саботаж ҳодисалари манбаси ўлароқ кўрсатишган.
Москва бу баёнотлар юзасидан изоҳ берган эмас.
БАА: Исроиллик раввин ўлимида ўзбекистонликлар гумонланмоқда
Бирлашган Араб Амирликларида ўтган ҳафта йўқолиб қолган раввин Цви Коганнинг жасади топилган. Полиция тахминига кўра, у қотиллик қурбонига айланган. Коганда Исроил ва Молдова фуқаролиги бўлган.
Раввин Цви Коган 2020 йилдан буён БААда истиқомат қилиб, яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган. У 21 ноябрь куни йўқолиб қолган эди. Уни БАА полицияси ҳам, Исроил разведкаси ҳам қидирган. Улар одам ўғирлаш тахминини ҳам назардан соқит қилишмаган, муҳтамал буюртмачи ўлароқ эса Эрон махсус хизматлари кўрилган.
Аввалроқ Коганнинг автомобили Абу Дабидан 150 километр наридаги шосседа топилган. Раввиннинг ғойиб бўлишида махсус хизматлар ўзбекистонлик уч нафар фуқародан гумон қилишган, гумонланувчилар ўша куннинг ўзида БААдан Туркияга учиб кетишган. Қотилликда гумонланаётганлар шахсига оид маълумотлар очиқланган эмас.
Исроил бош вазири офиси ва Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма баёнотида Коганнинг ўлими “мудҳиш антисемитча террор хуружи” деб аталган. Баёнотда айбдорлар қаерда бўлишларидан қатъи назар, Исроил уларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солиши ваъда қилинган.
Исроил Миллий хавфсизлик агентлиги мамлакат фуқароларига БААга сафар қилишдан вақтинча тийилишни тавсия қилган.
FT: Россия Украинага қарши урушга юзлаб яманликни ёллаган
Россия армияси Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Яманнинг юзлаб фуқаросини ёллаган. Бу ҳақда 24 ноябрь куни The Financial Times газетаси ёлланганларнинг айримларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Яманликларнинг айтишларича, уларга кўп пул тўланадиган иш ва ҳатто Россия фуқаролиги ваъда қилинган. Бироқ яманликлар ҳусийларга алоқадор ширкат орқали Россияга келганларидан кейин уларни мажбуран Россия Қуролли кучлари таркибига киритишиб, олд жабҳага йўллашган.
FT тахминига кўра, яманликларни ёллаш ишлари жорий йилнинг июль ойида бошланган. Яманликларнинг Украинадаги фронтда пайдо бўлишини нашр одам савдоси бўйича яширин амалиёт натижаси, деб атаган. Мақолада бу ҳолат Москва билан Ямандаги Эрон дастаклаётган исёнчи ҳусийлар гуруҳи ўртасидаги алоқалар кучайиб бораётганидан далолат экани айтилган.
Яманлик ёлланмаларнинг Украинага йўлланиши талафотлар ортиб бораётгани туфайли урушга тобора кўпроқ чет элликлар жалб қилинаётгани, Кремль эса тўлақонли ҳарбий сафарбарликка йўл қўймасликка интилаётганидан даракдир, дея қайд этилган The Financial Times материалида. Газетанинг қўшимча қилишича, Россия томонидан урушга жалб қилинаётган хорижликлар ичига Ҳиндистон, Непал фуқаролари ҳамда Шимолий Корея мунтазам армиясининг 12 мингга яқин жангчиси ҳам киради.
Яманлик фуқароларнинг Украинага қарши урушга ёлланаётганига оид мақолада Москванинг бунга нисбатан муносабати келтирилган эмас.