Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

Тожикистонда аёллар қандай кийим кийиши лозимлигини мулозимлар ҳал қилмоқда


Тожикистонда июнь ойидан "тожик маданиятига ёт бўлган кийим-кечаклар" расман тақиқланган (архив сурати)
Тожикистонда июнь ойидан "тожик маданиятига ёт бўлган кийим-кечаклар" расман тақиқланган (архив сурати)

Тожикистонда аёллар кийими яна ҳукумат кун тартибидан ўрин олди. Янги кийиниш тартиби яқин кунларда оммага эълон қилиниши кутилмоқда. Бу расмийларнинг аёллар кийими юзасидан сўнгги олти йил ичида иккинчи марта меъёр белгилашидир.

Дин ишлари қўмитаси раҳбари Сулаймон Давлатзода шу ҳафта Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Маданият вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ва Дин ишлари қўмитасидан тузилган ишчи гуруҳ миллий қадрият ва анъаналаримизга қайси либослар кўпроқ мос келишини аниқлаш устида иш олиб бормоқда”, дея маълум қилди.

Тожикистонда июнь ойида расман “тожик маданиятига ёт кийимлар” тақиқланганидан кейин янги кийиниш тартибини ишлаб чиқиш муаммоси пайдо бўлди.

Бир неча кун олдин Тожикистон Ислом уламолари кенгаши аёлларга “қора рангли ҳамда тор ва шаффоф” либосларни кийишни тақиқловчи фатво чиқарган.

Фатвода қора ранг “миллий-жўғрофий хусусиятлар”га тўғри келмаслиги таъкидланган. Шунингдек, фатвода тожик аёллари миллий либос бўлмиш кўйлак, лозим ва рўмол кийишга чақирилган.

Давлат белгилаган меъёрдан четга чиққан диний эътиқод ва одатлар кўпинча расмийлар томонидан Тожикистон барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрилади.

Тожикистонликлар, айниқса, ҳижоб ўраган аёллар ҳижоб тақиқи, сўнгги фатво ва аёллар кийимига оид кўрсатмаларни “кераксиз ва ортиқча” ҳисоблашади.

Душанбе кўчаларидан бирида тожик миллий либосларини кийиб кетаётган аёллар
Душанбе кўчаларидан бирида тожик миллий либосларини кийиб кетаётган аёллар

Ҳижобнинг тақиқланиши янгилик эмас. Бу тақиқ камида ўн йилдан бери бор. Янги қонунлар билан буни такрорлашнинг ҳожати йўқ”, деди тожикистонлик Муниса "Озодлик" билан суҳбатда.

Кўплаб тожикистонликлар сингари Муниса ҳам тор ва очиқ либосларга қарши чиқарилган фатводан асл мақсад диний либосларни чеклаш эканини айтади. Ҳукумат буни ўзига нисбатан таҳдид, деб ҳисоблайди.

Тожикистонда ҳижобга қарши кампания 2007 йилда Таълим вазирлиги мактаб ва университетларда ҳижоб ва мини юбка кийишни тақиқлаганидан кейин бошланган.

Бора-бора мазкур чеклов иш жойларини ҳам қамраб олди. Расмийлар ва полиция чеклов ижросини таъминлаш учун рейдлар ўтказди.

Кўплаб ҳижобли аёллар диний эътиқод ёки касбдан бирини танлашига тўғри келди. Баъзилар иш ёки ўқишни ташлаб кетган бўлса, Муниса сингари аёллар ҳижобни анъанавий рўмолга алмаштирди.

Тожик эркаклари ҳам чекловлардан четда қолмаган. Уларга узун соқол ўстириш бир неча йилдан буён норасмий равишда тақиқлаб келинади.

2015 йилда Хатлон вилояти полицияси бошлиғи йил давомида кўча ва бозорларда 13 мингга яқин “соқол қўйган” эркак ушланиб, соқоли “тартибга келтирилди”, дея маълум қилган эди.

Ҳукумат амалдори 2023 йилда тожик блогерларини соқолни тарғиб қилиш “террорчи гуруҳлар билан бирдамлик ифодаси” ва “миллий хавфсизликка таҳдид” ўлароқ кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Май ойида Душанбеда ҳижобли аёллар сўроққа олиб кетилган
Май ойида Душанбеда ҳижобли аёллар сўроққа олиб кетилган

Баъзи душанбеликлар яқинда “ёт” кийимларга расман тақиқ қўйилганидан шикоят қилишмоқда.

Жумладан, 22 май куни ҳижобли аёлларнинг бир гуруҳи маҳкамага олиб борилган ва бармоқ излари олинган. Улар бундан буён “ёт” кийимларни киймасликка ваъда берганларидан кейин ўша куннинг ўзида қўйиб юборилган.

23 май куни Душанбенинг Шоҳмансур туманида полиция ходимлари 13 нафар соқолли эркакни ушлаб, улардан соқолини қиртишлашни талаб қилган.

Полиция бизни агар яна узун соқолда кўрса, ҳибсга олиши ҳақида огоҳлантирди”, деди эркаклардан бири "Озодлик" билан суҳбатда.

Форум

XS
SM
MD
LG