Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:07

Тожикистонда махфий ҳарбий база очган Хитой террорга қарши курашда янги воқеликка мослашмоқда


Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасига яқин ҳудудда, Вахон йўлагидан олис бўлмаган ерда Хитойнинг минтақадаги манфаатлари янги воқеликка мослашмоқда.

Камида беш йил олдин совет заставаси яқинида қурилган ҳарбий базага Хитой қўшинлари жойлаштирилган.

Кейинги йилларда Марказий Осиёда Хитойнинг таъсири ҳар томонлама кенгайиб бормоқда.

Гарчи Хитой ва Тожикистон ҳукуматлари база мавжудлиги ҳамда унга хитойлик ҳарбийлар сафарбар қилинганини расман рад этишса-да, Озодлик радиоси журналисти мажмуа яқинига ва унинг атрофидаги ҳудудга бориб, Хитойнинг минтақадаги илк ҳарбий ҳозирлигини кўришга муваффақ бўлди.

Застава Пекин Марказий Осиёда очган илк ҳарбий базадир. Август ойида қўшни Афғонистонда Толибон ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин, Пекин кун тартибида Афғонистон ва минтақадаги хавфсизлик масаласи юқори ўринга чиқди.

Амалдаги ва собиқ афғон ва тожик амалдорлар билан суҳбатлар, Хитойнинг норасмий ҳарбий базаси яқинида яшаётган аҳоли берган тафсилотлар, мутахассислар таҳлиллари ҳамда Озодлик мухбирининг кузатувлари ёрдамида Хитой минтақадаги хавфсизлик масалаларида аста-секин ўз ролини ўзгартираётганини кўрсатувчи манзара гавдаланади.

Аммо бу манзара Пекин учун тобора мураккаблашиб бормоқда.

Хитой ўз минтақавий манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида Тожикистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тобора кескинлашиб бораётган муносабатни кузатиб, бир вақтнинг ўзида Толибон тузуми билан ҳамкорлик қилиш йўлини изламоқда. Айниқса, Афғонистондаги уйғур экстремистлар Пекинни ташвишлантиради. Хитой ҳукумати уларни Шинжон вилоятида ҳужумларни амалга оширишда айблаб келади ва уларни ҳали-ҳануз жиддий таҳдид деб билади.

Пекиннинг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари билан алоқаларини ўрганиб келаётган Фростберг давлат университети доценти Хайюнь Ма Озодлик билан суҳбатда:

“Афғонистондаги вазият Хитой учун ноқулай”, деди.

“Толибон террорчилар, жумладан, уйғур [экстремистик] гуруҳлари билан алоқададир, лекин Пекин толиблар билан қанчалик ҳамкорлик қилиши мумкинлигини кўриб чиқмоқда”.

Хитой ҳарбий базаси тафсилотлари, масалан, уни ким молиялаштираётгани ва унга ким эгалик қилиши номаълум. Хитойнинг Тожикистон – Афғонистон чегарасидаги миссиясининг муайян моҳияти нимадан иборат эканлиги ҳам маълум эмас.

Аммо маҳаллий аҳоли мунтазам равишда ҳарбий дронларни кўришларини ҳамда ҳудудда кузатув техникаси ўрнатилганини сўзлаб берди. Озодлик радиоси дронларни қайси мамлакат бошқараётганини мустақил равишда аниқлай олмаган бўлса-да, дронлардан фойдаланилаётгани ҳарбий базада кузатиш ва назорат амалиётлари олиб борилаётганидан далолат беради.

Бир неча бор базага борган маҳаллий аҳоли вакиллари Озодликка исмини ошкор қилмаслик шарти билан интервью бериб, у ерда хитой, афғон ва тожик ҳарбийлари борлигини ҳамда келишувга биноан, учала мамлакат маълумот тўплаётгани ва бир-бири билан бўлишаётганини сўзлаб берди.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка интервью берган Тожикистон ҳукуматидаги манбага кўра, Кобулда Толибон ҳокимиятга қайтгани бу ҳамкорликни издан чиқарган.

Расмийнинг сўзларига кўра, Афғонистон контингенти 15 августда Кобулда Ғарб дастаклаб келган ҳукумат қулаганидан буён алмашмаган. Унгача ҳар икки ойда бир марта афғон қўшинлари алмашиб турган.

Бу ҳолат Тожикистонда ўз мавқеини мустаҳкамлаб, Афғонистондаги ўзгарувчан вазиятга мослашишга уринаётган Пекин учун қўшимча бошоғриқдир. Айни дамда, Пекин Толибон терроризмга қарши курашда иштирок этишга қанчалик тайёр ва қодир эканини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Пекин йиллар давомида Толибон билан прагматик ва баъзида танг муносабатларда бўлган. Жорий ой бошида Озодлик Афғонистон ва Тожикистон армиясидаги манбаларига таянган ҳолда Толибон уйғур жангчиларни Афғонистоннинг Хитой билан чегарасидан кўчирганини хабар қилганди. Хитой Афғонистон билан 76 километрга чўзилган қисқа чегарага эга.

Хитой Афғонистон билан чегарадош Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ҳарбий машқлар ўтказиб келади. 2001 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) асос солинган. Пекин бошчилик қиладиган альянсга Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Ҳонгконгда чоп этиладиган “South China Morning Post” нашри 2018 йилда тарқатган ҳисоботга кўра, Хитой Вахон коридоридаги афғон бригадасини молиялаштирган ҳамда малакасини оширган. Пекин Тожикистонда ўқув лагерини қурмаганини ҳамда “Афғонистон заминига Хитой ҳарбийлари юборилмаслигини” айтиб, ҳисобот хулосаларини рад этди.

“Хитой терроризмга қарши курашни ўз ташвишларини бартараф этиш ҳамда Марказий Осиёда ўз таъсирини кенгайтиришнинг самарали усули деб ҳисоблади”, деди Ма.

Хитой хавфсизлик чораларини кучайтираётганини қисман ўз сармояларини ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, Пекин Марказий Осиё Шинжонда экстремизм авж олишига замин яратиши мумкин, деб ҳисоблайди. Халқаро ҳамжамият Хитойни 2017 йилдан бери миллиондан зиёд мусулмон уйғур ва бошқа миллат вакилларини қайта тарбиялаш лагерлари ва қамоқхоналарга йўллаганликда айблаб келади.

Хитой ҳукумати Шинжонда инсон ҳуқуқлари топталаётгани учун халқаро миқёсда кескин танқидга учради. Айрим Ғарб парламентлари лагерь тизимини геноцидга тенглаштирди. Хитой расмийлари эса лагерлар террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш учун зарур бўлган “қайта ўқитиш ва тарбиялаш марказлари” эканини айтиб келади.

Пекин “Туркистон Ислом партияси”ни (ТИП) Шинжонда тартибсизлик келтириб чиқаришда айблаб келади. Хитой ҳукумати ҳануз гуруҳнинг эски номи – “Шарқий Туркистон исломий ҳаракати” (ШТИҲ) номини ишлатади.

Толибон 1990‑йилларда уйғур жангчиларга Афғонистонда фаолият юритишга изн берган. Толибон уйғур жангарилар билан алоқаларини сақлаб қолганига ишонилади. Хитой бир неча бор толиблардан бу жангарилар билан алоқани узишни талаб қилган.

Афғонистон ичидаги уйғур жангчилар кўчирилгани ҳақидаги хабарлар бу амалиёт Толибон ва Пекин ўртасида келишув асосида амалга оширилганидан далолат берса-да, Толибон жангчиларни Хитой ҳукуматига топширадими, йўқми, номаълум.

“Гап Хитой Толибонни ишончли шерик бўлишини кута олиши ёки йўқлигида”, деди Ма.

“Толибон мафкураси шуни англатадики, улар Пекин билан ҳамкорлик қилишда муайян чекловлар бўлади”.

Хитойнинг Ғарбий чегарасидаги застава

Хитой Тожикистонга ҳарбий жойлаштиргани Пекин минтақада хавфсизлик масалаларида каттароқ роль ўйнаш йўлида ташалган стратегик ва рамзий қадамдир. Аммо базада ҳарбийлар сони жуда оз бўлиб, у энг яқин аҳоли пункти – тахминан 4 000 одам яшайдиган Мурғоб қишлоғидан 132 километр масофадаги тоғларда жойлашган.

Шундай бўлса-да, норасмий база Хитойнинг Марказий ва Жанубий Осиёда иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Пекин президент Си Цзиньпиннинг қиймати юзлаб миллиард долларлик “Бир макон, бир бир йўл” ташаббуси орқали ўз иқтисодий ва сиёсий таъсирини оширмоқда. Лойиҳада Тожикистон ҳукумати ҳам иштирок этмоқда.

2019 йили “The Washington Post” газетасида эълон қилинган ҳисоботда Тожикистондаги базага жойлаштирилган аскарлар Хитойнинг асосий ҳарбий кучлари бўлган Халқ озодлик армияси аскарлари эмас, балки ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, хусусан, Халқ қуролли полицияси аскарлари экани тахмин қилинганди.

Айнан шу ҳарбийлаштирилган бўлинма сўнгги йилларда Марказий Осиё ҳарбийлари билан қўшма машғулот ўтказди. Халқ қуролли полицияси, шунингдек, Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларни қатағон қилишда муҳим роль ўйнаган.

Афғонистон ва Тожикистоннинг яхши қўриқланмайдиган чегаралари билан боғлиқ хавотирлар ушбу икки мамлакат ҳамда Пекин ўртасида махфий келишув имзоланишига олиб келган. 2019 йилда “The Wall Street Journal” газетасида чоп этилган ҳисоботга кўра, келишув Хитойга чегаранинг тожик томонида мавжуд бўлган 30–40 постни таъмирлаш ёки кенгайтириш ҳуқуқини берган.

Ҳисоботда эътироф этилишича, келишув натижасида тожик – афғон чегарасининг узун қисмида тожик аскарлар ўрнини хитойлик аскарлар эгаллаган. Тожикистон расмийси бу хабарни Озодликка тасдиқлади.

Давлат департаментининг собиқ ходими Дэниел Маркей Озодлик билан суҳбатда:

“Уйғур жангчиларнинг умумий сони оз. Хитой уларнинг сонини бўрттириб кўрсатмоқда, лекин Афғонистон энди ҳар хил жиҳодчи гуруҳлар учун магнит ва хавфсиз паноҳга айланиши мумкин”, деди.

“Хитой ўзининг қуруқликдаги чегарасини яхшироқ ҳимоялашни хоҳлашини тушунса бўладиган асос бор”, деди у.

Хитойнинг “террорга қарши уруши”

Хитой ҳарбий стратеглари ва сиёсатчилари Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги экстремизмнинг Хитойга тарқалиши таҳдиди ҳақида узоқ вақтдан бери хавотир олиб келади.

2014 йилда Президент Си Цзиньпин мамлакатнинг коммунистик раҳбарияти олдида сўзлаган нутқида Афғонистон ва Суриядаги можаро Шинжонга бевосита таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Цзиньпиннинг нутқи қайди 2019 йилда “New York Times” газетаси қўлига бориб тушди.

Си уйғур жангарилар Афғонистон ва Сурияга бориб, жанг қилганини ҳамда тажрибали жангчилар сифатида Шинжонга қайтиб, Шарқий Туркистон мустақиллиги учун курашишлари мумкинлигини таъкидлаган.

“АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетгандан кейин, Афғонистон ва Покистон чегарасида жойлашган террор ташкилотлари тезда Марказий Осиёга кириб келиши мумкин”, деган Хитой раҳбари.

“Сурия ва Афғонистонда ҳақиқий жанговар тайёргарликдан ўтган Шарқий Туркистон террорчилари исталган вақтда Шинжонда террор ҳужумларини уюштиришлари мумкин”, дея иддао қилган Хитой раҳбари.

Техас университетининг Марказий Осиё бўйича эксперти Эдвард Лемон айнан мана шу хавотирлар Пекинни Тожикистонга ҳарбий жойлаштиришга ундаганини айтди.

“Тожикистондаги иншоотнинг қурилиши Хитой ҳукумати Тожикистон ва Хитой чегараси Афғонистонда жойлашган уйғур жангарилари ўтиши мумкин бўлган заиф жой, деб ҳисоблашига бевосита боғлиқдир”, деди у Озодликка берган интервьюсида.

Пекин ўнлаб йиллардан бери уйғурларнинг Пекин ҳукмронлигига қарши ҳар қандай қаршилигини аёвсиз бостириб келади. Шинжонда яшаётган 25 миллион одамнинг аксари мусулмон этник озчиликлар вакиллари бўлиб, улар орасида уйғурлар сони энг кўпдир.

Узоқ вақтдан буён Хитой ичидаги ва чет элдаги кўплаб уйғур тинч йўл билан мустақил ватанга эришишга интилиб келади. Лекин бу истак этник гуруҳга қарши репрессиялардан ғазабланиш ҳисси билан бир қаторда Хитойга қарши ҳужум уюштиришга тайёр экстремистик ҳаракатни вужудга келтирди.

1990‑йилларда Афғонистонда Хитойдан ажралиб чиқиш учун курашган уйғур жангари гуруҳи пайдо бўлди. Уни Толибон ўз ҳимоясига олди.

Кейинроқ Пекин Толибон раҳбарияти билан музокара олиб бориб, гуруҳни ШТИҲ билан алоқани узишга ундади. Толибоннинг собиқ раҳбари Мулла Умар уйғур жангчиларни бошқа жойга кўчирди ва уларнинг фаолиятини чеклади. Аммо Толибон ШТИҲни бадарға қилишга ёки Хитой ҳукуматига топширишгача бормади.

Пекин ШТИҲни Хитой ичида ҳужумларни уюштиришга ёрдам берганликда айблади, лекин 2000‑йиллар мобайнида ушбу гуруҳ ҳақида ҳеч қандай хабар бўлмади, айниқса, гуруҳ раҳбари 2003 йилда ўлдирилганидан кейин. 2008 йилга келиб ўзини ТИП деб атаган гуруҳ Пекинда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинлари давомида ҳужум уюштиришни таҳдид қилган видео тарқалди. ТИП ўзини ШТИҲ вориси деб атади. Хитой гуруҳнинг эски номини ишлатишда давом этиб келади.

ТИП 2014 йилдан буён Сурияга борган уйғурлар ҳисобига кенгайди. Бу эса улар Афғонистонга ёки Хитойнинг ғарбий чегараси билан қўшни бошқа ҳудудларга келиши ҳақида хавотирга сабаб бўлди.

Ғарб расмийлари ва таҳлилчилари уйғур жангариларнинг Хитой ҳудудида жиддий ҳужум уюштириш қобилиятига шубҳа билан қарайди. Аммо Шинжонда ҳукуматга қарши инцидентлар кўпайгани Пекинни уйғурларга қарши репрессия бошлашга ундади.

Хитой ичида бу кураш терроризмга қарши “халқ уруши” шаклини олди ҳамда Шинжондаги ҳозирги лагерь тизимига айланди. Хорижда эса Пекин дунёнинг турли бурчакларидаги уйғурларни нишонга олиш, сўроқ қилиш, қўрқитиш ва экстрадиция қилиш кампаниясини бошлади.

Июнь ойида “Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти” ва “Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси” томонидан чоп этилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 1997 йилдан бери камида 395 нафар уйғур Хитойга бадарға қилинган, экстрадиция қилинган ёки қайтарилган. Аслида бу кўрсаткич анча юқори эканига ишонилади.

Мураккаб ҳамкорлар

Хитойнинг Тожикистондаги норасмий ҳарбий базаси замирида жангарилар таҳдиди ётади. Бундан ташқари, ҳарбий мажмуа ҳамда Пекиннинг терроризмга қарши кураш дастури мамлакатнинг Россия билан мураккаб геосиёсий муносабатлари, шунингдек, Толибон ва Тожикистон ҳукумати ўртасидаги ҳозирги кундаги кескин муносабатлар билан боғлиқ.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин, Россия Марказий Осиёда хавфсизлик кафолати сифатида ўз мавқеини сақлаб қолди. Кремль Хитойнинг иқтисодий устунлигини тан олган бўлса-да, Марказий Осиёни ўз таъсир доирасининг бир қисми деб билади.

Тожикистон пойтахти Душанбе яқинида 7 000 ҳарбий жойлаштирилган Россия ҳарбий базаси бор. Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин, Москва мамлакатга қўшимча танк ва оғир қурол юбора бошлади.

Пекин Москвани қўзғатишдан қўрқиб, Тожикистонда эҳтиёткорлик билан чора кўрди.

2017 йилда Хитой Вазирлар Маҳкамасига алоқадор экани айтиладиган Пекиндаги нуфузли “Ривожланиш тадқиқот маркази” таҳлил маркази бир неча таниқли россиялик тадқиқотчини чақириб, Хитой Тожикистонга хавфсизлик кучларини юборишига Россия қандай муносабат билдиришини аниқлашга уринди.

Иштирокчилардан бири – Москвадаги Карнеги марказининг катта илмий ходими Александр Габуев Озодлик билан суҳбатда учрашув Хитойнинг бундай чора кўришни исташи сабабларини тушунтиришга қаратилганини айтди.

“Мақсад асосан муайян масалаларда нима Кремль учун қизил чизиқ бўлишини ҳамда Москва Хитой Тожикистонда нима қилса тоқат қилиши, нима қилса тоқат қилмаслигини билиб олишдан иборат бўлди”, деди Габуев.

Хитой ҳам, Россия ҳам Афғонистондаги беқарорлик тарқалиши ҳамда мамлакат террор гуруҳлари учун қулай заминга айланишидан хавотирда, лекин Габуевнинг сўзларига кўра, Хитой ҳарбийларининг Марказий Осиёга киритилиши дастлаб Кремль учун ёқимсиз воқеа бўлган.

“[База] Россия учун ёқимсиз сюрприз бўлди, лекин Москва Хитой ҳарбийлари фақат Тожикистонга жойлаштирилишини яхши билади”, деди у.

“[Кремль] Хитой минтақада таъсирини кенгайтиришини хоҳламайди, лекин Хитой аллақачон минтақада бўлгани учун у ҳамкорлик қилишга интилади”.

Хитой ва Россия Афғонистон атрофида ўз мудофаасини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Икки мамлакат Толибон билан эҳтиёткорлик билан мулоқот бошлади, лекин Кобул ва Душанбе ўртасидаги кескинлик Пекиннинг минтақадаги манфаатларини янада мураккаблаштириши мумкин.

Тожикистоннинг автократик президенти Эмомали Раҳмон Толибонни Афғонистон халқига қарши “даҳшатли зўравонлик” содир этганликда айбламоқда. Раҳмон Афғонистоннинг этник хилма-хиллигини акс эттирмайдиган Толибон ҳукуматини тан олмаслигини айтган. Душанбе, шунингдек, август ойида Толибон томонидан ағдарилган Афғонистон ҳукуматининг сургун қилинган сиёсатчи-ю амалдорларини қабул қилди.

Бу ҳаракатлар икки томон ўртасида зиддият келтириб чиқарди ва чегарада зўравонлик эҳтимолини оширди. Озодлик радиосининг хабар беришича, Душанбе расмийси толиблар билан жанг қилган афғонистонлик тожиклар Тожикистонга ўтишни режалаштираётгани ва қурол тўпланаётганини айтиб, хавотир изҳор қилган.

Натижада Толибоннинг бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи Салам Ҳанафий Тожикистонни Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Эскалация аллақачон Кремлни муносабат билдиришга ундади. Москва қўшни Афғонистондан ҳар қандай ҳужум бўлса, Тожикистонни ҳимоя қилишга тайёрлигини изҳор қилди.

Лемон айни дамда икки томон ўртасида жанг бошланиши эҳтимоли оз эканини айтди. Аммо таҳлилчи зиддият Пекин учун ёқимсиз ўзгариш эканини қўшимча қилди.

“Агар тўқнашувлар Хитой қўшинлари жойлашган жойга етиб борса, бу [Хитойни] қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин”, деди у.

Янги даврга ҳозирлик

8 октябрь куни Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳридаги Гузари Сайид Обод масжидида содир этилган худкушлик ҳужумида камида 50 киши ўлди, 140 дан ортиқ одам яраланди.

Ҳужум учун масъулиятни Толибонга қарши курашаётган “Исломий давлат – Хуросон” (ИД – Х) террорчи гуруҳи ўз зиммасига олди.

Гуруҳ ҳужумни Толибон Афғонистондан “[уйғурларни] қувиб чиқариш” учун Хитой билан ҳамкорлик қилаётгани учун уйғур шахс амалга оширганини иддао қилди.

Хитойинг Тожикистондаги базаси ва Пекин кўраётган чоралар Хитой чегараларини мустаҳкамлаш ва жангарилар мамлакат ичида ҳужум уюштириши олдини олишга қаратилган. Аммо Хитойни нишонга олиш қийинлашар экан, кўплаб жангарилар эътиборини Марказий ва Жанубий Осиёдаги Хитой билан боғлиқ нишонларга қаратмоқда.

Қирғизистон давлат хавфсизлик хизмати 2016 йилда Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида уюштирилган портлашни ТИПнинг уйғур жангариси амалга оширгани, уни “Ал-Қоида”нинг “Нусра фронти” молиялаштирганини маълум қилди.

“Исломий давлат” 2017 йилда Покистонда икки хитойлик ўқитувчини ўғирлаб кетиб, ўлдирди. Покистонда, шунингдек, жорий йилнинг июль ва август ойларида турли гуруҳлар хитойлик ишчиларига қарши қатор ҳужумларни уюштирди.

Қундуздаги портлаш ва бутун минтақа бўйлаб уюштирилган ҳужумлар Хитой манфаатларини нишонга олаётган жангари гуруҳлар кўпайиб бораётганидан далолат беради. Бу ҳолат терроризмга қарши курашда Толибонни ҳамкорлик қилишга чорлаётган Пекин учун қийинчилик туғдиради.

Манинг сўзларига кўра, агар Толибон Хитой қистови билан уйғур жангариларга қарши кескин чора кўрса, улар “таҳдидни ҳис қила бошлайдилар ва ИД – Х каби бошқа гуруҳлар билан ҳамкорликка интиладилар”.

“Толибонни ҳамкорлик қилишга чорлаб, ошиқча босим ўтказcангиз, уларнинг легитимлигига путур етказишингиз мумкин. Натижада улар жангчиларни назорат қила олмай қолади”, деди Ма.

“Мана шу ҳолат Хитой учун асосий дилеммадир”, дея сўзини якунлади у.

XS
SM
MD
LG