2014 йилда фуқароликдан чиқариб юборилган Ислом Каримов сиëсатининг кескин танқидчиларидан бири - Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Толиб Ёқубов 26 сентябрь куни 12 йиллик муҳожиратдан сўнг Ўзбекистонга қайтди.
Ҳуқуқ фаолини Тошкент аэропортида яқинлари ва ҳамкасблари қарши олишди. Толиб Ёқубовнинг Озодликка айтишича, аэропортда у ҳеч қанақа муаммога дуч келмаган.
Таъқиб-тазйиқлар остида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ҳуқуқ фаоли аввалроқ Тошкент қарори билан ўзининг фуқароликдан чиқариб юборилганидан бехабар қолганини айтганди.
Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасига виза сўраб қайта-қайта мурожаат қилган Толиб Ёқубовнинг Озодликка маълум қилишича¸ Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг Франция саëҳат ҳужжатига бир йиллик ўзбек визаси қўйиб берган.
- Ҳеч қўрқмасдан Ўзбекистонга бораверинг, Тошкентда ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деди консул. Мени элчихонада жуда яхши қабул қилишди ва 10 дақиқа ичида 1 йиллик виза беришди, ўзим ҳам жуда ҳайрон қолдим. Ҳозир қўрқаётганим йўқ. Икки йил кам 80 га кирдим. Хастаман, мендан Ўзбекистонга нима ёмонлик келиши мумкин (кулади)? Ўзбекистонни жуда соғинганман. Боришимга яқинларим, чет эл ташкилотлари, элчихоналардан одамлар чиқишини айтишди. Борсак кўрамиз энди, - деганди Озодлик билан Париж аэропортига кетаëтиб гаплашган Толиб Ёқубов.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг келаси ой давлат ташрифи билан Францияга бориши кутилмоқда.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Европа Иттифоқи давлатига президент сифатидаги илк сафари бўлади.
Мамлакатда биринчилардан бўлиб иш бошлаган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ëқубов, 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг ҳукумат тазйиқларидан қочиб, юртини ташлаб чиққанди.
У Франция боргач, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятини хорижда рўйхатдан ўтказди ва маълум муддат фаолиятини четдан туриб, давом эттиришга уринди.