Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:11

Толибон қандай ваъдалар берган эди ва амалда нималар қилди?


Афғонистоннинг Толибон ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий Эрон расмий ҳайъати билан.
Афғонистоннинг Толибон ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий Эрон расмий ҳайъати билан.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистоннинг янги ҳукумати ўз ваъдалари ва халқаро мажбуриятларини бажара олиши, чунки мамлакатни тинчлик ва фаровонликка бошлашнинг бошқа йўли йўқлигини айтди.

“Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга зиғирчалик хавф-хатар бўлмаслиги керак. Ўйлаймизки, Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ушбу мамлакат яқин истиқболда давлатлараро ва халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъектига ҳамда маданий дунёнинг бир бўлагига айланиши учун лозим барча муҳим вазифаларни бажара олади. Афғон халқини тараққиёт ва фаровонликка, мамлакатни эса орзиқиб кутилган тинчликка элтишнинг бошқа йўли йўқ”, – деди 15 ноябрь куни Брюсселнинг Euractiv медиа-порталига интервью берган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Толибон ҳаракати уч ойдан бери Афғонистонни тўлиқ назорат қилмоқда, бу вақт мобайнида толиблар етакчилари дунё ҳамжамияти назарида ўзларини легитимлаштиришга интилиб келди. Жаҳон ҳамжамияти улар ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришини кутаётганини, бусиз легитимлик хусусида гап бўлиши мумкин эмаслигини бир неча бор билдирган.

Ҳокимият тепасига келганидан сўнг жангарилар камида олтита муҳим ваъда беришган эди, лекин бу ваъдалар барибир бажарилмади. Толибон зиммасидаги ўша мажбуриятларни яна бир карра эслатиб ўтамиз.

Энг биринчиси ва асосийси – инсоннинг тамал ҳуқуқларига риоя қилиш.

Гуруҳ ушбу ваъдасини охиригача бажара олгани йўқ. Толиблар бир томондан афғонларнинг фуқаролик ҳуқуқларини кафолатламоқда. Аммо бошқа томондан, оммавий қатағонлар уюштиришни, одамларни, аксаран этник озчил халқлар вакилларини уйларидан мажбуран кўчиришни, одамларни судсиз-терговсиз жазолаш ва ўз мухолифларини таъқиб этишни канда қилишмади. Мамлакатнинг турли ҳудудларида фуқароларнинг эркинликлари ўта шафқатсизлик билан чекланган.

Аёллар ҳуқуқлари

Толибоннинг ҳозирги раҳбарияти аёлларга нисбатан тутилаётган сиёсат Афғонистонда ушбу ҳаракат 90-йилларда юритган сиёсатдан тубдан фарқланишини таъкидлаб, янги мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини ва уларга давлат ишларида қатнашишга рухсат берилганини иддао қилади.

Бироқ амалда бундай эмас. Толиблар ҳокимиятни босиб олишганидан бери илгари давлат тузилмаларида ишлаган афғон аёллари гўё аросатда қолган. Уларнинг ишга қайтишига рухсат беришмайди, аммо расман хизматдан бўшатишгани ҳам йўқ. Аёллар ишлари вазирлиги тугатилди, Толибон тузган янги ҳукуматда эса битта ҳам аёл йўқ. Ҳаракат вакиллари аёл кишининг раҳбар бўлишини қабул қила олмасликларини рўй-рост айтишади.

Қизларнинг таълим олиши

Толиблар иқтидорга келгач, қизларнинг мактабда ўқишига тўсқинлик қилмасликка ваъда беришган эди. Бу ваъда ижроси ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди.

Ҳозирда фақат қуйи синфларда ўқийдиган қизалоқлар ҳамда Балх, Ҳирот, Қундуз ва Жузжон вилоятларида юқори синф қизлари мактабга қатнашяпти.

Қолган 30 вилоятда катта қизларни мактабга ва толибаларни ОТМларга қайтариш ҳақида гап-сўз йўқ. Толиблар даставвал уларни хавфсиз транспорт ҳамда эркакларсиз “бехатар муҳит” билан таъминлаш зарурлигини айтиб ўзларини оқлашмоқда.

Терроризм

Ўтган уч ой давомида террорчи тузилмаларнинг Афғонистон ҳудудидан қўшни мамлакатларга ҳужум қилиши кузатилмади. Бироқ толиблар куч-қудратини кўз-кўз қилишдан ва қўшниларига пўписа қилишдан ўзларини тийган эмас. Хусусан, Толибонга нисбатан кескин позиция сақлаб турган Тожикистонга нисбатан. Толиблар, жумладан, афғон-тожик чегарасини қўриқлашни Тожикистонда тақиқланган “Жамоати Ансоруллоҳ” ташкилотининг тожик миллатига мансуб жангариларига топширишди.

Бундан ташқари, кўпминг сонли “Лашкари Мансурий” ҳудкушлар гуруҳи намойишкорона Тожикистонга чегарадош вилоятга йўлланди. Айрим толиб қўмондонлари ҳатто Душанбега уруш билан таҳдид қилишгача борди.

“Ал Қоида” билан алоқаларни узиш ва терроризмга қарши кураш

Толибон етакчилари “Ал Қоида” террорчилари билан алоқани узишгани ҳақида расман маълум қилишган эди. Бироқ мустақил ОАВлар ҳамда Пентагон бу баёнотнинг ёлғонлигини тез орада фош қилишди. Хусусан, толиблар Кобулни олганидан кейин Усома бин Лодиннинг собиқ ёрдамчиси Амин ул-Ҳақ Афғонистонга қайтгани бунинг исботидир.

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Толибон ҳатто Қўшма Штатлар билан сулҳ тузганидан сўнг ҳам “Ал Қоида” билан муносабатларини давом эттирган, деб ҳисоблайди. Аммо БМТ маълумотларига кўра, толиблар ўзларининг дипломатик мавқеларини хавф остига қўймаслик учун “Ал Қоида” билан очиқ алоқаларини минимумга туширишган.

Толибон терроризмга қарши курашда ҳам бирор ютуқ қозона олмади. Қайтага мамлакатда террорчилик хуружлари кўпайди, “ИШИД” жангарилари эса Афғонистон бўйлаб эмин-эркин ҳаракатланмоқда ва толибларга ҳужум қилмоқда.

Инклюзив ҳукумат

Ниҳоят, Толибон халқаро ҳамжамият талабларини рўй-рост менсимаётганини улар тузган янги ҳукумат таркибида ҳам кўриш мумкин. Бу ҳукумат нуқул паштунлардан ташкил топган: салкам 40 та энг муҳим давлат лавозимларидан атиги иккитаси – тожикларга ва биттаси ўзбеклар вакилига насиб қилди.

Толиблар Афғонистондаги кўплаб таниқли сиёсий арбобларни уй қамоғига олишди. Гарчи Толибон жорий ҳукуматни “муваққат” деб атаётган бўлса-да, яқин орада мамлакатдаги барча этно-сиёсий кучлар вакиллари иштирокида янги ҳукумат шакллантирилишидан умид қилмаса ҳам бўлади.

XS
SM
MD
LG