Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:47

Толибон ўзбеклар ва туркманларни мажбуран уйларидан чиқаришда айбланмоқда


Афғонистон, Жузжон-февраль, 2015
Афғонистон, Жузжон-февраль, 2015

Толибон жангарилари Афғонистон шимолида 1000 дан ортиқ одам мажбуран уйидан қувиб чиқарилишига ёрдам берганликда айбланмоқда. Хабарларга кўра, айнан этник ўзбек ва туркманлар уйидан қувиб солинган.

Этник ўзбеклар ва туркманларнинг даъволарига кўра, Жўзжон вилоятида пуштунлар уларнинг уй-жойлари ва ерларини Толибон гуруҳи ёрдамида тортиб олган.

Толибон август ойида ҳокимиятни қўлга киритганидан бери беш вилоятда юзлаб шиа ҳазора оилани уйи ва фермаларидан ҳайдаб чиқаргани айтилмоқда.

Ҳуқуқ ташкилотларига кўра, Толибон тортиб олинган мулкларни ўз тарафдорларига тақсимлаш ва собиқ ҳукуматни қўллаб-қувватлаган жамоаларни жазолаш мақсадида аҳолини уйидан қувиб чиқармоқда.

Жўзжоннинг Дарзаб туманида яшовчи Абдуллоҳнинг айтишича, у уйидан қувиб чиқарилганларнинг биридир.

Абдуллоҳнинг сўзларига кўра, 27 ноябрь куни Толибон жангарилари пуштун кўчманчилар билан бирга Дарзаб ва Қўштепа туманларида 1 000 дан ортиқ этник ўзбек ва туркманни уйи ва фермаларидан ҳайдаб чиқаришган.

Абдуллоҳ Озодлик радиоси афғон хизматига ҳақиқий исмини ошкор қилмаслик шарти билан берган интервьюсида вилоятдаги Толибон расмийлари ер эгаллаб олингани ҳақидаги даъволарни текшириш учун ҳайъат юборишга ваъда беришганини айтди, аммо унинг сўзларига кўра, 8 декабргача ҳеч ким келмаган.

«Бу ер юзлаб йиллардан бери бизники бўлиб келади. Биз уни парвариш қилиб келамиз ва у бизга тегишли», деди у.

Қўштепалик Файзулланинг айтишича, пуштун кўчманчилари Толибон ёрдамида уларнинг 20 минг гектардан ортиқ ерини эгаллаб олган.

«Ҳеч ким қаршилик қила олмади», деди у.

«Агар овозимизни кўтарсак, бизни ўлдириб юборишади».

Жўзжондаги пуштун кўчманчилар вакили Ғулом Сарвар Ализайнинг айтишича, ерга эгалик кўпинча ноаниқ, чунки баҳсли мулклар давлат ерларида жойлашган.

Унинг сўзларига кўра, кўчманчилар йигирма йил давомида фойдалана олмаган яйловларга қайтишни хоҳлашади.

«Баъзи (ўзбек ва туркман) биродарларимиз ер ҳукуматга тегишли эканини тан олишади, лекин улар тақир ерларни ўзлаштириш учун кўп меҳнат қилишган», деди у Озодлик радиосига.

«Ҳар томондан беш вакилдан иборат қабила кенгаши ечим топиш учун энг яхши вариантдир».

Толибон Озодлик радиосининг изоҳ сўраб қилган қўнғироқлари ва мактубларига жавоб бермади.

Аммо 29 ноябрь куни Толибон котиби Билол Каримий BBC нашрига Жўзжонда ҳеч қандай мажбурий кўчиришлар бўлмаганини таъкидлади.

«Бундай воқеа содир бўлгани йўқ, Қўштепада вазият тинч», деди у.

Котиб расмийлар бу масалани ўрганиб чиқаётгани, «ҳеч ким ёки ҳеч бир гуруҳ бировнинг мулкига тажовуз қилишига йўл қўйилмаслигини» қўшимча қилди.

Коллектив жазо

Толибон ўзини чинакам миллий ҳаракат сифатида кўрсатишга уринаётган бўлса-да, танқидчиларни гуруҳни фақат этник пуштунлар манфаатларини ҳимоя қилишда айблаб келади.

Толибон етакчилари ва жангчиларининг асосий қисми пуштунлардир.

Афғонистондаги турли этник гуруҳларнинг сони тўғрисида ишончли статистика мавжуд эмас, чунки Афғонистонда бирор марта аҳоли тўлиқ рўйхатга олинмаган. Сўнгги уриниш 1970 йилларнинг охирида самарасиз якунланган.

1970 йиллардан тўпланган баҳсли статистикага кўра, пуштунлар сони 40 фоиздан сал кўпроқ, этник тожиклар сони 30 фоизга етмайди, ҳазоралар ва ўзбеклар сони эса 10 фоиз атрофидадир. Аҳолининг қолган қисмини турли кичик этник озчиликлар ташкил қилади.

Толибон ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан бери бутун мамлакат бўйлаб минглаб одамни мажбуран ҳайдаб чиқаришда айбланмоқда.

Октябрь ойида Толибон Афғонистон жанубидаги Ҳилмонд вилояти ва шимолий Балх вилоятида юзлаб ҳазора оилани мажбуран уйидан қувиб чиқарди.

Сентябрь ойи охирида Дайкунди вилоятида 700 га яқин ҳазора Толибон томонидан мажбуран қувиб чиқарилганди. Ўшанда Толибон суд бу ерларни дастлабки эгаларига қайтариш бўйича ҳукм чиқарганини иддао қилди.

Толибон нафақат бошқа халқларни, балки пуштунларни ҳам уйидан ҳайдаб чиқарган ҳолатлар қайд этилди. Хусусан, Толибон жанубдаги Қандаҳор вилоятида собиқ ҳукумат ёки унинг қуролли кучларида хизмат қилган миллатдошларини ҳам қувиб чиқарди.

Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг Осиё бўйича директори ўринбосари Патрисия Госсман Озодлик билан суҳбатда:

«Толибон мажбуран кўчиришларни бас қилиши ва ерга оид низоларни қонун ва адолатли жараён асосида ҳал қилиши керак», деди.

Госсманн Афғонистон шимолида коллектив жазо ва мажбурий кўчиришларнинг узоқ тарихи борлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция Толибон тузумини ҳокимиятдан ағдарганидан кейин, АҚШ дастаклаган Шимолий Альянс «маҳаллий пуштунларни қувиб чиқарган».

1996 йилдан 2001 йилгача Толибон ҳукмронлигига қаршилик кўрсатган собиқ Шимолий Альянс аъзолари асосан этник тожиклар, ўзбеклар ва ҳазоралардан иборат бўлган.

Госсман Шимолий Альянсдан олдин «Толибон бошқа гуруҳларни мажбуран уйидан қувиб чиқарганини» айтди.

«2001 йилдан кейин ерга эгалик тизимини ислоҳ қилиш уринишлари таъсирга эга шахслар ва қўмондонлар, жумладан, давлат маъмурияти ва парламентдагилар қудрати туфайли натижа бермади», деди у.

Афғонистон шимолидаги кўплаб ер низолари XIX асрда пуштунларнинг мажбурий ва ихтиёрий кўчирилиши ортидан юзага келган.

1880 йиллардан бошлаб пуштун афғон қироли Абдурраҳмон Хон бир-бирига рақиб бўлган пуштун жамоалардан минглаб одамни Афғонистоннинг шарқий қисмидан шимолига мажбуран кўчирган. Унгача мамлакат шимолида пуштунлар жуда оз бўлган. Кўчманчи пуштунларга кўпинча текин ер берилган ва улар солиқ тўлашдан озод қилинган. Шунингдек, XX асрда пуштунлар ихтиёрий равишда Афғонистон шимолига кўчиб борган.

«Мажбуран кўчирилганларга ҳам, ўз ихтиёри билан борганларга ҳам марказий ҳукумат томонидан ер ажратилган, бу эса қишлоқ ерлари ва яйловлардан маҳрум бўлган жамоалар билан зиддиятни кучайтирган», дейилади HRW 2002 йилда эълон қилган ҳисоботда.

XIX аср охири, XX аср бошларида Афғонистон шимолига Марказий Осиёдан ҳам қочқинлар борган. Уларнинг кўпчилиги чор Россиясининг Марказий Осиёга бостириб кириши ва Совет Иттифоқининг барпо бўлишидан қочиб қутулишни кўзлаган.

XS
SM
MD
LG