Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Тошкентда хорижга чиқиш паспорти учун ҳужжат қабул қилиш бошланди


Янги хорижга чиқиш паспорти
Янги хорижга чиқиш паспорти

Тошкентнинг 11 туманида янги жорий этилаётган хорижга чиқиш паспорти учун ҳужжатларни қабул қилиш 4 январдан бошланди. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, 7 январдан Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам янги паспорт учун аризаларни қабул қилиш бошланади.

Тошкент шаҳар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Қудрат Юлдашевга таяниб, Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, ҳозирча ҳар бир паспорт столи 1 кунда 200дан ортиқ шахснинг ҳужжатини қабул қилиши мумкин.

"1−3 январь кунлари зарур ускуналарни ўрнатдик, фуқаролар учун шароитлар яратдик ва ходимларни ўқитдик. Бугун биринчи кун. Аввалига пунктлардаги ҳар бир биометрик маълумотларни тўплаш ускунаси орқали кунига 180−200 кишини ўтказиш қобилиятига эга бўлишини кутган эдик. Бироқ сўнгги маълумотларга кўра, биз 200 дан кўпроқ кишини қабул қила олишимизни кўрсатди", дея иқтибос келтиради нашр ИИББ мулозимидан.

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Бадриддин Шорихсиевнинг Gazeta.uz нашрига билдиришича, республика бўйлаб 5 вилоятда янги паспортни бериш учун зарур ускуналар ўрнатиб бўлинмаган, аммо 7 январдан барча вилоятларда ҳужжатларни қабул қилиш бошланади.

Хорижга чиқиш паспорти Давлат персоналлаштириш маркази томонидан 10 иш куни ичида берилиши керак.

Хорижга чиқиш паспортини олишни истаган шахслар қуйидаги ҳужжатларни топшириши лозим:

- икки нусхада тегишли шаклдаги ариза-анкета;

- биометрик паспорт ёки 16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси ва асли.

- ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий қисм рўйхатида турганлик ҳақидаги гувоҳнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун);

- иккита 3,5х4,5 расм;

- олдин тақдим этилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (агар бўлса);

- вакил идоранинг ҳукми (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олинганда);

- хорижга чиқиш учун ота-она ёки васийлик қиладиган одамнинг нотариал тасдиқланган рухсати (вояга етмаганлар учун);

- ҳамроҳ фуқаронинг нотариал тасдиқланган мажбурияти (вояга етмаганлар учун);

- давлат божини тўлаганлик ҳақидаги квитанция.

Янги паспорт учун тўланадиган бож миқдори энг кам иш ҳақининг 120 фоизи миқдорида - яъни, 243 минг 276 сўмдир.

Хорижга чиқиш паспорти:

- туғилган кунидан 1 ёшгача – 2 йиллик муддатга;

- 1 ёшдан 16 ёшгача – 5 йиллик муддатга;

- 16 ёшдан катта бўлган шахсларга – 10 йиллик муддатга берилади.

Тошкент шаҳри бўйлаб хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берувчи 11 та пункт ташкил қилинган. Уларнинг ҳар бирида кунига 200 дан ортиқ фуқаронинг ҳужжати қабул қилиниши мумкин.

Айни пайтда, Тошкент шаҳар ИИББ янги паспорт берувчи пунктлар сони оширилиши мумкинлигини билдирган.

Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиш учун бериладиган янги биометрик паспорти тўқ қизил рангда бўлади. 48 саҳифалик янги паспортда Ўзбекистоннинг тарихий ва архитектура ёдгорликлари акс этади.

Бундан ташқари, хорижга чиқиш паспорти сув белгилари, ранги ўзгарувчи бўёқ, муарли эффект, металлаштирилган ҳимоявий ип, ламинациялаштирилган плёнка ҳамда паспорт қобиғига жойлаштирилган электрон чипдан иборат бўлади.

5 январь куни Тошкент шаҳар ИИББ ўз сайтида янги паспортнинг устки кўриниши акс этган сурат ва паспортни расмийлаштириш тартибини эълон қилди.

Янги хорижга чиқиш паспортига ўтиш бошланиши билан Ўзбекистонда йиллардан буён танқидга учраб келаётган - чиқиш визаси (ОВИР) амалиёти бекор қилинмоқда.

Аммо, ҳозирда амалдаги биометрик паспортида муддати битмаган чиқиш визаси бўлган фуқаролар, чиқиш визаси стикерининг муддати битгунича бемалол четга чиқиши мумкин.

Айни пайтда, Ўзбекистонда 2011 йилдан берила бошлаган амалдаги биометрик паспорт ўрнига ID-карта берилиши режаланаётгани маълум қилинган.

Жумладан, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида синов тариқасида ID-карта жорий этилиши айтилган эди, бироқ кейинчалик бу жараён кечиктирилди.

ID-картада ҳар бир фуқаро учун ягона идентификация рақами ва унинг шахсий маълумотлари бўлиши, ундан мамлакат ичида давлат хизматларини олиш пайтида шахсни аниқлаш учун фойдаланилиши айтилган.

XS
SM
MD
LG