Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:42

Ҳимоячидан “жиноятчи”га. Тошкентда уч адвокат аёл “жиноий шериклик”да гумонланмоқда


Ўзбекистонлик адвокатлар Барчиной Имамова, Нозима Акилова ва Феруза Қурбоновалар жорий йил 6 июнидан буён Ўзбекистон ИИВ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

ИИВ Тергов департаменти бу адвокатларни, ЖКнинг бир неча моддаси билан ўзлари ҳимоя қилаётган шахслар иштирокидаги жиноий гуруҳга аъзолик, фирибгарлик, талон-торож ва жиноий даромадни легаллаштириш каби жиноятларда гумон қилмоқда.

Адвокатлардан бири - Барчиной Имамованинг онаси - Ёқутхон Юнусованинг шикоят қилишича, ҳибсга олиш ва сақлаш чоғида қизи ва ҳамкасбларининг ҳуқуқлари бузилган.

Ўзбекистон қонунчилигида адвокатлар дахлсизлиги таъминланган ва улар ўзлари ҳимоя қилаётган шахслар ҳамда иш доирасида айбланиши, жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Адвокатлар палатаси “адвокатлар касбий фаолияти учун” ҳибсга олингани юзасидан хавотир билдирган.


3 боланинг онаси бўлган 38 яшар адвокат Барчиной Имамова шу йилнинг 4 июнида кечки пайт уйидан олиб кетилганича қайтмади.

Онаси Ёқутхон Юнусованинг Озодликка айтишича, қизи бир йилдан буён ҳуқуқий ҳимоя қилаётган шахсга нисбатан илгани сурилган жиноят иши доирасида қўлга олинган.

6 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди Имамованинг “ҳибсга олиниши”ни асоссиз, деб топиб суд залидан озод этди, дейди Юнусова:

“Ҳужжатларга қўл қўйиб келасиз, дейишган. Ўғлимнинг машинасида боришган. Ичкарида уни олиб қолишган. 48 соатдан кейин иккинчи суд бўлган, босимлар бўлган биламан барибир. Тергов давом этаркан, деб қизимни яна ҳибсга олишди. Аппеляцияга бердик, унда ҳам қизимни ҳимоя қилишга рухсат беришмаяпти”.

Имамова билан бирга, айни иш доирасида айбланувчиларни бирга ҳимоя қилаётган яна икки адвокат - Нозима Акилова ва Феруза Қурбоновалар ҳам ҳибсда.

Адвокатларни эҳтиёт чораси тарзида қамоққа олишга оид суд ажримининг нусхаси Озодликда мавжуд.

Ажримда ёзилишича, суд мажлиси шу йилнинг 8 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида ёпиқ тарзда ўтказилган.

Ажримда Барчиной Имамова, ўзи ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган шахс - Россия фуқароси И. Ғафуржанов ҳамда унинг шериклари билан бир қаторда фирибгарлик (168-модда ), талон-торож (167-модда), суд ҳужжатларини ижро этмаслик (232-модда), давлат тамғасидан ноқонуний фойдаланиш ва уни қалбакилаштириш (228-модда), жиноий йўллар билан топилган даромадни легаллаштиришда (243-модда) айбланаётгани айтилган.

Ажрим қарорида айтилишича, И.Ғафуржанов ва унинг ўндан ортиқ шериклари, Ғафуржановнинг опаси - А. Ғафурджановадан “MEGATEK-AVTO” МЧЖни тортиб олиш учун “бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларга тайёргарлик кўриш ва уларни бевосита содир этишга тайёргарлик қилган”.

Ажримда, адвокатларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ва ИИВ 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштиришга қарор қилинган.

Озодликда Имамова билан бирга ҳибсга ташланган бошқа адвокатлар тақдирига оид маълумот йўқ.

Барчиной Имамованинг яқинлари, муқаддам судланмаган ва қарамоғида вояга етмаган болалари бўлган адвокат аёллар, Ўзбекистоннинг адвокатлар дахлсизлигини кафолатловчи қонунларига зид равишда қўлга олингани ва ҳибсга ташлангани, сақланаётганини даъво қилмоқда.

“12 кундан бери адвокат киритишмаган эди. Кеча (28 июнь куни-таҳр.) иккинчи адвокатни ёллаб киритдик. Биз жўнатган егулик ва кийимларни ҳам киритишмабди. Адвокати айтяпти: “Қизингиз ўзига ишонган, ўзимни ўзим ҳимоя қила оламан, айбим бўлса исботланглар, ўзимни ҳимоя қилишимга имкон беринглар!” деяпти, деб. Биздан жиноят ишларини юритиш бўйича иккита китоб сўрабди. Чунки у асосан, хўжалик ишлари билан шуғулланарди. Кейин буларнинг ҳаммасида ёш болалари бор, уларни уйида қолдириб тергов қилса ҳам бўларди-ку?!” дейди адвокатнинг онаси Юнусова.

Ўзбекистонда адвокатларнинг ўзлари ҳимоя қилаётган шахсларга жиноий шерик сифатида қўшиб, судланиши ёки ҳибсга ташланишига оид ҳолат муқаддам содир бўлгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси бу ҳолат юзасидан хавотир билдирмоқда. Палата раисининг шу йил 14 июнь куни Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга йўллаган мактуб нусхаси Озодликка келиб тушди.

Адвокатлар палатаси Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга йўллаган мактуб нусхаси.
Адвокатлар палатаси Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга йўллаган мактуб нусхаси.

Унда уч адвокатнинг ўз ҳимояланувчиларига “юридик ёрдам кўрсатишда ифодаланган касбий фаолияти доирасидаги хатти-ҳаракатлари тергов органлари томонидан жиноят сифатида талқин қилинаётгани”дан хавотир билдирилган.

Палата раиси А.Эрназаров, Бош прокурордан бу ишни шахсан назоратга олишни сўраган. Озодлик бу мурожаатга қандай жавоб бўлгани ва 3 адвокат тақдирига оид бошқа саволлар билан палатага мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб ололмади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Адвокатлар коллегияси ва Адвокатлар палатасига ҳам мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб бўлмади.

Тошкентда ҳибсда сақланаётган 3 ҳамкасби ишини кузатаётган ўзбекистонлик бир неча адвокат ҳам, Озодлик билан суҳбатда, бу каби ҳолатга аввал гувоҳ бўлмаганини айтди.

Озодлик суҳбатлашган адвокатлар бу ҳолатда, адвокатларнинг қонуний дахлсизлиги бузилган ва айни пайтда, уларга нисбатан қамоқда сақлаш чорасини қўллаш ҳам ўта кескин чорадир, деган якдил хулосани тилга олди.

“Бу аёллар адвокатлик фаолиятини бажариб турган пайтда ҳибсга олинди - бу эса “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида” қонуннинг 6-моддасига зид. Унда “адвокатнинг шахси дахлсиз”, деб ёзиб қўйилган. Иккинчидан, бу аёлларнинг ҳаммасида вояга етмаган фарзандлари бор, муқаддам судланмаган. Агар айблов асосли бўлган тақдирда ҳам уларни очиқда қолдириш мумкин эди. Ҳозир жуда кўп адвокат уларни судда ҳимоя қилишга қизиқиш билдиряпти”, деди хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини очиқлашни истамаган тошкентлик адвокат.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида адвокат дахлсизлиги қайд этилган:

“Адвокатнинг иш бўйича ҳуқуқий нуқтаи назарига нисбатан суриштирув органи, терговчи, прокурор тақдимнома киритиши, шунингдек суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас. Адвокатни юридик ва жисмоний шахсларга қонунга мувофиқ юридик ёрдам кўрсатганлиги муносабати билан жиноий, моддий ва бошқа жавобгарликка тортиш ёки унга шундай жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиш мумкин эмас”.

Озодлик Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси ва қатор адвокатлар тилга олган хавотир - ҳамкасбларининг касбий фаолиятини бажараётган бир пайтда ҳибсга олингани бўйича хавотирларга муносабат сўраб ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга боғланди.

Ғиёсов бу борада ИИВ муносабати тез орада вазирлик расмий сайтида жамоатчиликка эълон қилиниши , тергов ишига оид бошқа тафсилотларни Тергов департаменти матбуотга ошкор қилолмаслигини билдирди.

XS
SM
MD
LG