Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:18

Ўзбек божхоначилари ва ДХХ 8,5 тонна гиёҳвандлик воситаси ушлангани ҳақида ҳисобот берди


Тошкент халқаро аэропорти.
Тошкент халқаро аэропорти.

Ўзбекистон Республикаси давлат Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 8,5 тонна гиёҳвандлик хомашёсини қўлга туширганини маълум қилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарда бундай йирик миқдордаги гиёҳвандлик контрабандаси тафсилотлари очиқланмаган.

Унинг айнан қайси мамлакат орқали кириб келгани, уни олиб кирган шахслар ва транспорт воситаси ҳақида маълумот берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси давлат Божхона қўмитаси матбуот хизматига кўра, ҳаво йўллари орқали Ўзбекистонга хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 25 тонна оғирликдаги 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.

“Одатда турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси гарчи ўхшаш бўлса-да, анъанавий кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни, ушбу маҳсулот кўкнори оиласига мансуб ўт ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади.

Аммо, божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида қарангки, ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланди” дейилади матуот хизмати хабарида.

Рекорд ўрнатган гиёҳвандлик контрабандаси

Ўзбекистон тарихида битта ҳолатда 8,5 тонна гиёҳвандлик воситасининг фош қилинишидек энг йирик кўрсаткич бу рекорддир, дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон Республикаси давлат Божхона қўмитаси вакили.

Унинг изоҳ беришича, жамоатчилик маҳсулотни одатий героин, наша, гашиш сингари синтетик гиёҳвандлик моддалари билан аралаштирмаслиги лозим.

“Тўғри, ҳозирда кўпчилик шокда. Гўё, Ўзбекистон ўта йирик халқаро гиёҳвандлик жиноий гуруҳларининг ўлжасини қўлга туширгандек таассурот пайдо бўлмоқда. Аммо бундай эмаслиги масаланинг муҳимлигига соя солмайди.

Тергов давомида гиёҳвандлик хомашёсининг қаердан келиб, қаерга кетаётгани аниқланади. Интерпол сингари халқаро жиноятчиликка қарши тузилмалар билан ҳамкорликда масаланинг тубига етилади”, деди номи очиқланмаслигини сўраган қўмита ходими.

Кўкнори сомони–гиёҳвандлик воситаларидан бири

Божхона қўмитаси ходимининг Озодликка изоҳ беришича, Тошкент аэропортида тўхтатиб қолинган кўкнор сомони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида” қарорига биноан тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган мунтазам рейдлар давомида Ўзбекистонда ҳар йили 100 дан ортиқ ҳолатларда фуқароларнинг ўз яшаш хонадонларида кўкнори сомони етиштириши билан боғлиқ ҳолатлар учрайди.

Шунингдек, мамлакатнинг қўшнилар билан чегара пунктларида мазкур гиёҳвандлик маҳсулотлари контрабандасига оид фактлар рўйхатга олинади.

Президент божхоначиларга: Ўғрилик қилманглар!

7 сентябрь куни Божхона қўмитаси, шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳудудидаги чегара постларида оғирлиги 70 килогармм бўлган гиёҳвандлик моддалари (героин ва гашиш) қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Хабарда айтилишича, гиёҳвандлик моддалари тегишли тартибда мусодара қилиниб, иш юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари бошланган.

Шу йилнинг 29 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан таниша туриб, Давлат божхона қўмитасида Божхона расмийлаштируви марказига ташриф буюрганди.

Президент божхоначиларга: “Яхши уй билан, маош билан, болаларингни яхши ўқиш билан таъминлайман, ўғрилик қилманглар!” деган.

Форум

XS
SM
MD
LG