Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:14

Ҳокимлик қарори ортидан Тошкентда 40 оила уйидан қувилди


Тошкентнинг Оқтепа мавзеида 3 та кўпқаватли чала бузилган уйда яшаётган 40 га яқин оила душанба кунидан мажбуран кўчирилмоқда. Мавзедан ўтувчи янги кичик ҳалқа йўли режасига тушган бу уйларда яшаган оилалар ҳали уй-жой берилмасдан, туман ҳокими имзолаган кафолат хати билан уйидан қувилди. Туман ҳокимлиги буни тасдиқларкан, уй берилади, деган ваъда билан чекланди.

Шаҳар ҳокимининг қарори

Шайхонтоҳур тумани Оқтепа мавзесидаги кўпқаватли 12, 32, 34-уйда яшаган қирқаа яқин оила Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йилнинг 26-майдаги "Ер майдонларида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида"ги 486-қарори асосида кўчирилмоқда.

Озодликка Оқтепа мавзеидан келаётган шикоятларда айтилишича, ҳокимнинг қарорию, уйларнинг бузилиши ҳақида уларга "июнь ойи охирида хабар беришган". Муҳими, уларга Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг уй ажратилиши ҳақидаги кафолат хатини кўрсатиб, "зудликда кўчишни талаб қилишган, ҳали оилалар кўчмасидан туриб, 12, 32-уйларни бир чеккасидан бузишни бошлашган".

Жумладан, 12-уйда яшаган бир оила 26 июн куни - ҳали кўчмасидан туриб, томи қўпорила бошлаган 3 хонали квартираси эвазига иккита уй таклиф қилингани ва бирини тезроқ танлашга мажбурлашганидан арз қилди:

- Менга иккита уй кўрсатишди ва охири бошқа вариант йўқ, деб биттасини менга шошилтириб, ажратишди. Лекин, менга у уйлар ҳеч тўғри келмайди. Ўша ажратилди, деган уйига ҳам ҳали ордер беришмади, ҳокимдан кафолат хати чиққан, холос. Бугун мен ичкарида ўтирибман, улар уйнинг қолган томиниям кўчиришаяпти, - деди исмини ошкор этишни истамаган оқтепалик аёл.

Туман ҳокимининг кафолати

Озодликка нусхаси йўлланган кафолат хатларидан бири 22 июнь куни имзоланган ва унда Шайхонтоҳур тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимов кўчирилаётган оилага уй беришни ваъда қилган:

"Оқтепа мавзеси, 12-уй, ...-хонадон бузилишга тушганлиги сабабли мулкдор ...нинг аризасига асосан икки жондан иборат оилангизга Яшнобод тумани, ... (бир хоналик) хонадон яшаш учун ажратиб берилишига туман ҳокимлиги кафолатлайди".

Яъни, оқтепаликлар шикоятида айтилгани каби туман ҳокими уйи бузилганларга уй беришни ваъда қилган, холос. Озодликка бўлган шикоятларда кафолат хатида аниқ манзили кўрсатилган уйлар эскилиги ва кичиклиги боис кўчирилаётганларга ëқмагани¸ аммо бу норозилик ҳам инобатга олинмагани айтилди.

Бу шикоят ортидан Озодлик мухбирининг бевосита Шайҳонтоҳур туман ҳокими Мираъзам Мирқосимов билан боғланиш уринишлари натижасиз тугади. Туман ҳокимлигининг ўзини Сиддиқ деб таништирган уй-жой билан таъминлаш бўлими бошлиғидан ҳам расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзини туман ҳокими биринчи ўринбосарининг ёрдамчиси, деб тақдим қилган расмий кўчирилаётган оилаларга уй ажратилиши ҳақида кафолат хати берилганини тасдиқлади, аммо уйлар ажратилмасдан туриб, уларинг кўчириб юборилаётганига оид шикоятни инкор қилди.

Чирқиллаган оилалар

Шу тариқа, шошилинч тарзда 26 июндан бошланган бузилиш ишлари баъзи оилаларнинг норозилиги боис, ўтган ҳафта тўхтатиб қўйилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Душанба куни олинган хабарга кўра, якшанба куни бу оилаларнинг баъзилари билан туман ҳокимининг шахсан ўзи учрашган ва уларга уй берилишини яна бир карра ваъда қилиб, уйни бўшатиб қўйишни талаб қилган:

"12-уйдаги 12та оиладан учтаси июлни бошида берилган уйларга кўчиб кетишган эди. Тўққизтаси қолган эди. Кеча тушдан кейин қолганлари ҳам кўчиб кетди. Кўпчилиги қўлида битта кафолат хати билан қариндош-уруғиникига кетган. 12-уйда фақат битта кекса кампир ўғли билан қолди, лекин уй бузилаяпти ҳозир. 32, 34-уйларда ҳам одамлар битта кафолат хати билан кўчирилаяпти, ҳали чиқиб кетмасидан уй ҳам бузилаяпти. Улар ҳам чирқиллаб юрибди бечоралар. Буни тепадагилар билмайди, илтимос, ёзинглар! Улар хабар топишсин!" деди воқеа гувоҳларидан бири.

Шайҳонтоҳур ҳокими имзолаган кафолат хатида тезкор бузилиш ишлари сабаби туманнинг "Беруний ва Нурафшон кўчалари кесишувидан Матлубот кўчаси бўйлаб, Маннон Уйғур кўчаси кесишувигача ҳамда Шерозий кўчаси бўйлаб, Чилонзор Оқтепа кўчасигача бўлган масофада янги олти қаторли айланма йўл қурилиши муносабати билан" изоҳланган.

Мустақилликка совға

Уйи бузилганларга бу ҳалқа йўлини Мустақилликнинг 25 йиллигига битказиш шартлиги айтилган.

Шу йилнинг 28 мартида Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов пойтахтда автомобиль йўллари, кўприклар қурилиши, трамвай йўллари демонтаж қилинишига оид режани эълон қилган эди.

Оқтепадаги қирққа яқин хонадон 28 мартда матбуотга маълум қилинган, 26 майда шаҳар ҳокими бошлашга қарор берган ва Мустақилликнинг 25 йиллигига президентга туҳфа ўлароқ 1 сентябрга қадар тугатилиши лозим ана шу тезкор режа асосида кўчирилмоқда.

Қуйида Оқтепа мавзесидан 25 июль куни йўлланган суратларни томоша қилишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG