Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:17

Сергелидаги портлаш оқибатида 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлди, 163 киши жароҳатланди


Сергелидаги омборхонадаги ёнғинга кучли чақнаш сабаб бўлгани айтилмоқда. Gazeta.uz
Сергелидаги омборхонадаги ёнғинга кучли чақнаш сабаб бўлгани айтилмоқда. Gazeta.uz

Тошкентнинг Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхонада юз берган портлаш оқибатида 16 ёшли ўсмир ҳалок бўлди ва 163 киши жароҳатланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, улардан 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилди.

Қолган 138 нафар жабрланувчининг саломатлиги яхши бўлганлиги учун амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

Айни пайтда юқоридаги шифохоналарда даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Уларнинг саломатлиги қониқарли.

Ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир бола воқеа жойида вафот этган .

“Газета уз”нинг хабар беришича, боланинг устига портлаш пайтида дераза роми қулаб тушган. У Тошкентдаги 305-мактабда ўқиган.

Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган Inter Logistics МЧЖга қарашли омборхонада 28 сентябрь куни соат 02:43 кучли портлаш юз берган. Бу ҳақда Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги хабар тарқатди.

Портлашга кучли чақнаш сабаб бўлган. Портлаш ортидан ёнғин чиққан.

“16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон соат 02:48 да ҳодиса рўй берган ҳудудга етиб бориб, ҳозирда ёнғинни ўчириш ишлари амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеанинг видеоси тарқалмоқда. Уларда кучли портлаш овозини эшитиш мумкин. Яқин атрофдаги хонадонлар, савдо ва бошқа марказларнинг ойналари портлаш оқибатида сингани айтилмоқда. Айрим хонадонларга тез ёрдам машиналари етиб борган.

ФВВ ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳодиса “Самолёт қулаши оқибатида содир бўлган” мазмунидаги хабарларни рад этди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ёнғинни ўчиришга вертолётлар жалб қилингани тўғрисидаги видеолар ҳам пайдо бўлди.

Uzbekistan Airports портлаш Тошкент аэропорти фаолиятига таъсир қилмаганини ва аэропорт чекловларсиз одатий режимда ишлаётганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов портлашда жабрланган уй эгаларига етказилган зарар икки-уч кун ичида қопланишини ваъда қилмоқда.

Расман маълум ыилинишича, фавқулодда ҳодисани ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия томонидан ҳудудда олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот бериб борилади.

Мудофаа вазирлиги эса портлаш оқибатларини бартараф этиш ва ҳудудни тозалаш ишларига Тошкент ҳарбий округи, Қуролли Кучлар академияси ҳамда Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг мингга яқин ҳарбий хизматчиси жалб қилинган.

XS
SM
MD
LG