Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Тошкент зоопаркини яна ривожлантиришмоқчи, лекин ҳайвонлар оч қолмоқда


Тошкент ҳайвонот боғи. 2012 йил, сентябрь
Тошкент ҳайвонот боғи. 2012 йил, сентябрь

Тошкент ҳайвонот боғини реконструкция қилиш режалари эълон қилинди. Ҳайвонот боғини 2016-2020 йилларда ривожлантириш концепциясини қабул қилиш тўғрисидаги қарорни Вазирлар маҳкамаси 20 май куни қабул қилди. Айни қарорда зоопаркнинг Фарғона ва Самарқанддаги филиалларини ҳам ташкил этиш режалари ҳам кўзда тутилган. Режаларни амалга ошириш учун қанча маблағ ажратилиши аниқлаштирилмаган, лекин очилганига 20 йил бўлмаган боғда ҳайвонларнинг абгор аҳволга тушиб қолгани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорида Тошкент ҳайвонот боғини 2020 йилгла қадар ривожлантириш концепцияси белгиланган.

Мазкур ҳужжатга кўра, ҳайвонот боғининг инфратузилмаси ва моддий-техникавий базасини такомиллаштириш кўзда тутилган. Норма.уз нашри келтирган шарҳга кўра, жумладан, мавжуд вольерлар ташқи кўринишини тубдан янгилаш, реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, юқори технологик “Акванариум” қуриш, тадқиқотлар учун замонавий лабораторияларни ташкил этиш каби режалар кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳайвонот боғи коллекция фондини кенгайтириш, жумладан ҳайвонларни кўпайтириш, табиатдан олиш, бошқа зоопарклар билан алмашиш ва сотиб олиш режалари ҳам борлиги айтилмоқда.

"Ҳайвонлар ҳукумат қарори билангина тўймайди"

Озодлик билан суҳбатлашган тошкентликлардан бири пойтахт ҳайвонот боғини ривожлантириш тўғрисида ҳукумат аввал ҳам ҳар хил қарорларни чиқарган, лекин бу қарорлар ҳайвонларнинг қорнини тўйдираётгани йўқ, дея таъкидлади.

“Биласиз, бу янги зоопарк 1997 йилда очилган. Ўшандан бери тинимсиз қарорлар чиқаришади, яхшилаш керак, таъмирлаш керак, янги ҳайвонларни олиб келиш керак, деган. Лекин у ерга бир марта борган одам, бошқа қайтиб боргиси келмайди. Ҳозир вилоятдан меҳмон бўлиб келганлар кирмаса, тошкентликлар камдан кам киради. Бир йилча аввал ўғлимни олиб борган эдим. Шер, қоплонларни кўрсангиз, раҳмингиз келади. Қорни ичига кириб кетган. Қафасларни тозалашмайди. Тўғри, филдан тортиб, илон, тимсохларгача бор. Лекин филнинг олдига бора олмаган эдик, чунки сассиғига ўзим ҳам, ўғлим ҳам чидай олмаганмиз”, дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Тошкентликлар зоопаркда янги ҳайвонлар пайдо бўлмаётганидан ҳафа
Тошкентликлар зоопаркда янги ҳайвонлар пайдо бўлмаётганидан ҳафа

Унинг айтишича, 2008 йилда ҳам Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш, хусусан янги ҳайвонларни олиб келиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинган.

“Янги ҳайвонлар сотиб олинсин дейишга ўшанда ҳам. Бирорта янги ҳайвон олингани йўқ. Ундан кейин бошқа зоопарклар билан ҳамкорлик қилиш мумкин, ноёб ҳайвонларни вақтинчалик кўргазмага олиб келиш мумкин, лекин бу ишлар қилинмайди. Масалан, мен биламан Қозоғистонда уч-тўрт йил аввал Африкадан, Япониядан ҳайвонлар олиб келинган”, дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Айтиб ўтиш жоиз 2009 йилда Тошкент ҳайвонот боғига Малайзиядан Қизил китобга киритилган айиқ ва бир нечта турдаги маймунлар олиб келингани тўғрисида хабар қилинган эди.

Кимдир яна бойиб кетадиганга ўхшайди

Ҳайвонот боғини ривожлантириш режалари тўғрисидаги хабар ижтимоий тармоқлардаги ўзбекстонликлар орасида баҳсларни келтириб чиқарди. Кўпчилик очилганига ҳали 20 йил бўлмаган иншоот, қолаверса ундаги ҳайвонлар абгор аҳволга тушиб қолганини айтиб, ҳукумат аҳволни яхшилашига ишонқирамай қарамоқда.

“Буни бюжет маблағларини ўзлаштириш, деб атайдилар. Нимасини таъмир қилади, яқинда таъмирлашган эдику? Кимдир яна бойиб кетадиганга ўхшайди. Пулларни Панама офшорига яширади. Бюжет қарздор бўлади. Қарзини халқ тўлайди”, дея ёзди муҳокама иштирокчиларидан бири.

Айни пайтда, Тошкент зоопаркига яқинда тушгани ва ҳаддан ортиқ танқидга ўрин йўқлигини айтаётган ўзбекистонликлар ҳам йўқ эмас.

“Мен кеча бодим кичкина болам билан. Умуман олганда ёмон эмас. Ҳаво иссиқ эди, дарахтлар кам бўлгани учун сояда туриб дам оладиган жой кам, лекин ҳайвонларнинг кўриниши ёмон эмас. Айниқса, айиқ анча қизиқарли бўлди. Овқат берсангиз, рақсга тушиб беради. Борсангиз, айиққа бирор егулик олиб боринг, болларингиз мазза қилишади. Шер ва йўлбарслар ҳам бор. Фақат, негадир, шер билан йўлбарсни битта вольерга тиқиб қўйишибди, шуни тушунмадим”, деб ёзди Facebook тармоғидаги Потребитель.уз гурҳидаги муҳокама иштирокчиларидан бири.

Ўтган ҳафта Тошкент зоопарки ташрифчилари Facebook тармоғидаги Потребитель.уз гуруҳида боғдаги ҳайвонлар аҳволи аянчли эканидан ташвиш билдиришган эди.

“Йиртқичларнинг очликдан шу қадар силласи қуриганки, қараган одамнинг раҳми келади. Ҳолсизликдан оёғини зўрға судраб босаяпти. Аввалига биронта ҳайвон касал бўлиб қолгандир, деб ўйладим. Аммо уларнинг ҳаммаси тахтакачдай ориқлаб кетган! Йўлбарслар ҳам, арслонлар ҳам. Бунақаси ҳеч қачон бўлган эмас...” деб ёзди муҳокама иштирокчиларидан бири.

Ўтган ой Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари жониворларга егулик ташламаслик илтимоси билан ташрифчиларга мурожаат қилганди. Бунга боғдаги ламанинг ўлиши ҳамда унинг ошқозон ва ичакларидан полиэтилен, пластик идиш қопқоғи ва бошқа ҳазм бўлмайдиган нарсалар топилгани сабаб бўлганди.

2012 йил кузида Тошкент ҳайвонот боғи директори Олим Расулов ва яна 16 ходим 1,5 миллиард сўм маблағни ўзлаштирганликда гумон қилиниб, жавобгарликка тортилган.

Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йилда собиқ генерал-губернаторнинг дала ҳовлиси ўрнида ташкил қилинган. Мустақилликдан кейин 1994 йилда Тошкентдаги ботаника боғининг бир қисмини ажратиб олиб, у ерда янги зоопарк қуриш тўғрисида ҳукумат қарори чиқади. Ўша пайтда бу қарор атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаоллари танқидига учраган. Янги боғ 1997 йилда Мустақиллик байрамининг 6 йиллигида ишга туширилган.

Ижтимоий тармоқларда янги қарор баҳонасида ботаника боғига яна дахл қилишлари мумкинлигидан хавотир ҳам билдирилмоқда.

Ўзбекистонда Тошкентдан ташқари Термиз шаҳрида ҳам кичикроқ ҳайвонот боғи бор.

Янги қарорда Термиз зоопаркини реконструкция қилиш, ҳамда Фарғона ва Самарқанда шаҳарларида ҳайвонот боғлари ташкил этиш режалари ҳам кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG