Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:06

Тошкентда таниқли блоггер Ҳаёт Хон Насриддинов қўлга олинди


Ҳаёт Хон Насриддинов, Тошкентдаги уйида, 2013 йил
Ҳаёт Хон Насриддинов, Тошкентдаги уйида, 2013 йил

Ўзбекистонлик таниқли блоггер, журналист ва иқтисод фанидан дарс берган ўқитувчи Ҳаёт Хон Насриддинов МХХ томонидан ҳибсга олингани хабар қилинмоқда. Тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевичнинг айтишича, блоггер, тахминан, 20 октябр куни қўлга олинган ва ҳозир МХХнинг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Таниқли журналист Алексей Волосевич ўзининг Asiaterra.info Интернет нашрида хабар қилишича, 20 октябрга яқин ўзбекистонлик таниқли блоггер, журналист ва ўқитувчи Ҳаёт Хон Насриддинов (Ҳаётхон Ғайратович Насриддинов) Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан қўлга олинган.

- Бу ҳақда менга ўзини Насриддиновнинг танишларимиз, деб таништирган кишилар хабар берди. Уларнинг айтишича, блоггер шу кунда МХХнинг Гвардейский кўчасидаги ҳибсхонасида сақланаяпти. Унинг қўлга олиниши сабаблари - номаълум. Бундан ташқари, уни адвокатдан ўз ихтиёри билан воз кечган, деб айтишибди, МХХдагилар. Яқинлари хавотирда, - деди журналист Волосевич.

Журналистнинг айтишича, Насриддиновнинг Тошкентда яшаётган оиласи матбуот билан алоқага чиқишни истмаётир. Волосевич бунинг сабаби оилага МХХ томонидан босим ўтказилаётгани бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда.

Ҳозир Россияда ишлаётган асли фарғоналик журналист, Фарғона.ру ахборот агентлиги бош муҳаррири Данил Кисловнинг айтишича, Ҳаёт Хон Насриддинов унинг нашрига мақолалар ёзган.

Данил Кисловга кўра, ҳибсга олинганига қарийб 15 кун бўлишига қарамай, блоггернинг нега ушланганига оид бирор маълумот йўқ.

- Унга қандай айблов қўйилганини ҳанузгача билмаймиз ва энг аянчлиси ҳам шу. Қарийб 16 кундан бери уни "инкоммуникадо" режими - яқинлари ва адвокат билан алоқадан узилган ҳолда сақлашмоқда. Унинг оиласи бизнинг агентлик билан алоқага чиқишга рози бўлмади, - деди Данил Кислов.

Ҳаёт Хон Насриддинов Фарғона.ру нашри учун ўз исми билан 15тага яқин жиддий таҳлилий мақолалар ёзган. "Уни журналист, деб ҳисоблайман", дея баҳо берган Данил Кисловга кўра, 47 яшар Насриддинов асли тошкентлик иқтисодчидир.

Кисловга кўра, Насриддинов иқтисод фани бўйича олий таълим олган. Кейинчалик Япония ва Жанубий Кореяда малака оширган, иқтисод фанлари номзоди, банк иши бўйича 30тадан ортиқ илмий мақола муаллифидир. Сўнгги йилларда Тошкентдаги 94-сонли мактабда дарс берган.

- Мен уни режимнинг танқидчиси, демаган бўлардим, аксинча у ҳукуматга мойил автор эди. Аммо, унда иқтисодий-сиёсий таҳлил кучли эди. Мақолалар 2013-2016 йилларда ёзилган. У дунёқараши кенг бўлган, зиёли, илмли журналист эди. У бизнинг агентликда ишламаган, аммо биз учун мақолалар ёзган. Шунингдек, 2005 йилларда у Ўзбекистонда тузилган "Серқуёш Ўзбекистон" коалициясининг аъзоси ҳам бўлган ва бу ҳаракатлар бостирилган кезда, қисқа муддат ҳибс қилингач, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. 2011-йилларда, адашмасам, яна Тошкентга қайтган ва шундан сўнг мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаётган эди, - дейди Данил Кислов.

Бундан ташқари, Ҳаёт Хон Насриддинов Озодлик радиоси рус хизмати - Радио Свободага ҳам 30 дан ортиқ мақолалар ёзган. Унинг сўнгги мақоласи 2012 йилда чоп этилган. Ўз мақолаларда у Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий-иқтисодий ҳаёти, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар ҳаётига оид актуал мавзуларни кўтарган, таҳлил қилган.

Озодлик Ҳаёт Хон Насриддинов​нинг яқинлари билан боғланишга, блоггернинг тақдирига оид қўшимча маълумотларни аниқлашга уринишда давом этмоқда. Янгиликларни сайтимизда кузатинг!

XS
SM
MD
LG