Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:24

Тошкентдаги анжуманда ОАВга босим “барқарорликни сақлаш" билан изоҳланди – анжуман эфирдан узилди


Олий Мажлис Сенати раиси ўрнибосари Содиқ Сафоев 3 декабрь куни давра суҳбатига бошловчилик қилди - Тошкент, 2020
Олий Мажлис Сенати раиси ўрнибосари Содиқ Сафоев 3 декабрь куни давра суҳбатига бошловчилик қилди - Тошкент, 2020

3 декабрь куни чет эл дипломатик корпус вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида ўтган анжуманда Тошкентнинг юқори мартабали расмийлари сўз ва матбуот эркинлигини суиистеъмол қилишнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирди.

Мулозимларга кўра, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги борасида “фундаментал”, “ортга қайтмас” ижобий ўзгаришлар юз берган.

Анжуманда қатнашган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ўзбек расмийларини мустақил ОАВ вакилларини эркин ишлашига йўл бериш бўйича БМТ талабларини тўлиқ бажаришга чақирди.

Расмийларнинг баёноти АОКАнинг мамлакатдаги қатор нашрларга огоҳлантириш хати юбориши ортидан янграмоқда. Ўтган ҳафта юборилган хатда Kun.uz ва бошқа қатор мустақил нашрлар аҳолининг газ ва свет муаммоси, шунингдек, коронавирус статистикасига расмийларникидан фарқли ёндашгани боис "жиддий оқибатлар"дан огоҳлантирилган.

Мазкур огоҳлантириш Тошкентдаги қатор ғарб дипломатларининг танқид ва хавотирларига сабаб бўлганди. Аммо афтидан, айни танқидларга жавоб сифатида чақирилган матбуот анжуманида мустақил нашрларга босимлар тилга олинмади. Можарога сабаб бўлган хат муаллифи, АОКА раҳбари Асад Ходжаевнинг блогерлар ҳимоясига айтган сўзлари эса, анжуманда қатнашган журналистлардан бирининг айтишича, камида ҳайратга сабаб бўлган.

Матбуот эркинлигига бағишланган анжуманнинг айнан мустақил журналист ва блогерлар билан очиқ муҳокамалар қисми ҳеч бир изоҳсиз эфирдан узиб қўйилди.


Toshkent city даги анжуман

Халқаро пресс-клубнинг “Конституция ва қонунчиликда сўз ҳамда матбуот эркинлиги. Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари” мавзусидаги 3 декабрь кунги давра суҳбати Toshkent city Конгресс-ҳоллида бўлди.

Йиғилишда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Адлия вазири Русланбек Давлетов ва АОКА директори Асаджон Ходжаевлар қатнашди.

Сўз ва матбуот эркинлигига бағишланган бу тадбир, ўтган ҳафта мамлакатда Президент Администрацияси ҳузуридаги АОКА томонидан ошкора босим кампанияси кузатилган бир пайтда ўтказилгани учун жамоатчилик диққатини тортди.

Аммо тадбирда бу можаро умуман тилга олинмади.

Бироқ Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Сенат раиси Содиқ Сафоевнинг сўзлари АОКА томонидан хусусий нашрларга йўлланган огоҳлантирув мактублари йўлланишига билвосита изоҳ сифатида янгради.

А. Комилов: Демократик қадриятлар жамоат тартибини бузиш учун баҳона бўлмаслиги керак!

Ташқи ишлар вазири А. Комилов Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги борасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар бўлганини қайд этаркан, аввалги президент Ислом Каримов даврида миллий хавфсизликка таҳдид масаласи “рўкач қилиниб”, инсон ҳуқуқлари таъминланмай келганини хотирлатди.

Аммо сўнгра демократик ҳуқуқ ва эркинликлар "жамоат тартиби ва қонунларни бузиш учун баҳона бўлмаслиги керак”, деб огоҳлантирди:

“Бу билан нима демоқчиман? Масалан, сўнгги пайтларда айрим, ҳаттоки демократик ривожланган мамлакатларда ҳам оммавий кайфиятларнинг кескинлашуви натижасида ҳуқуқий тартибнинг бузилишига, тартибсизликларга, ўт қўйишларга ва ҳатто одамларнинг қурбон бўлишига гувоҳ бўляпмиз. Бу қонунбузарликларнинг барчаси демократик ҳуқуқ ва эркинликларни суиистеъмол қилиш орқали содир этилган. Натижада биз табиий бир хулосага келдик: мамлакатнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва демократик ривожланиши фақат давлат ва жамиятнинг яқин конструктив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкин. Юқорида айтиб ўтганимдай, давлат миллий хавфсизликни таъминлаш учун инсон ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, демократик эркинликлар эса, барча учун баробар қонунларни бузиш учун қўлланмаслиги лозим”.

Р. Давлетов: fake news ва hate speech ҳолатларига чора кўришимиз керак!

Айни хулосани Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамда Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам қувватлади.

Жумладан, Адлия вазири сўз ва матбуот эркинлиги, шахс эркинлиги мустақил Ўзбекистондаги қонунларда йиллар аввал белгилангани, бу қонунлар бугунга келиб амалда қўллана бошлагани, бу эса президент Шавкат Мирзиёев сиёсий иродаси маҳсули эканини таъкидлади.

Аммо айни пайтда бугунга келиб Ўзбекистонда ривожланаётган ахборот технологиялари ва ижтимоий тармоқлар воқелигида жамият ва ҳукуматнинг муносабатлари “чигаллашгани”ни қайд этаркан, журналист ва блогерларни қонуний чегаралардан огоҳлантирди:

“Яшаш ҳуқуқида чегара бўлмаслиги керак, бу олий неъмат. Аммо бошқа ҳуқуқларда чегара бўлиши керак. Бу умумжаҳон ёндошуви, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам бор. Фақат бу чекловлар демократик жамиятда керак бўлган ақлли, оқилона чекловлар бўлиши керак. Хавфсизлик, ҳудудий дахлсизлик билан боғлиқ бўлган, болалар ҳуқуқлари ёки шахсий дахлсизлик масаласида чекловлар бўлади. Туҳмат, ҳақорат ҳақида гап кетяпти ҳозир. Албатта, ўзи умуман, бугунги Ўзбекистон шароитида чекловлар ҳақида камроқ гапиришимиз керак. Чеклашга жуда устамиз. Шу пайтгача буни яхши уддалаб келганмиз. Оммавий ахборот воситалари ва қонунчилик ўртасидаги қандайдир муаммоли масала туғилса, судга борилиши керак. Афсуски, бизда судга берибди дейилса, жуда катта воқеликка айланиб кетяпти. Аслида биз бунга кўникишимиз керак, бу нормал жараён”.

Адлия вазири, шунингдек, fake news (сохта хабар) ва hate speech (нафрат қўзғатувчи чиқиш) жумлаларини ҳам тилга олди ва бунга қарши курашиш учун мукаммал қонуний база яратиш вазифаси турганини айтди.

С. Сафоев: ижтимоий тартибни сақлаш учун чеклов бўлади

Р. Давлетовдан сўнг сўз олган Содиқ Сафоев ҳам миллий хавфсизлик ва ижтимоий тартибни сақлаш учун чеклов бўлиши кераклигини урғулади.

Айни пайтда давлат ташкилотлари ва уларнинг матбуот хизматларини информацион бўшлиққа йўл қўймасликка чақирди:

“Ўзбекистонда вазият кескин ўзгарди. Одамлар нафақат уларга тақдим этилаётган янгиликларнинг пассив истеъмолчиси, балки ахборот мезонини тўлдиришнинг фаол иштирокчисига айланди. Бу фундаментал ўзгариш... Журналистлар тўртинчи ҳокимиятга айланяпти. Уларнинг танқидий фаолияти тараққиёт учун муҳим омил сифатида шаклланмоқда. Информацион вакуум бўлиши керак эмас. Вакуум пайдо бўлса, уни нопрофессионал ва нотўғри манбалар билан тўлдиради”,- деди Сафоев.

БМТ вакили Тошкентга мажбуриятларни эслатди

Тошкент расмийларининг бу чиқишлари орасида чет эллик дипломатларга ҳам сўз берилди.

БМТнинг Ўзбекистондаги координатори Хелен Фрезер ҳам гапи бошида сўз ва матбуот эркинлиги соҳасидаги ўзгаришларни олқишлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳануз “ўзини ўзи цензура қилиш”, норматив ва ҳуқуқий соҳада муаммолар борлиги, ҳукумат идоралари матбуотни ўзи учун хатар эмас, шерик деб билиши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида ўз зиммасига олган ва БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан қўйилган талабларни хотирлатди:

“Кенгаш Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳукумати фуқароларнинг сўз эркинлигини кафолатлаши, хусусан онлайн фикр билдириш ҳуқуқини таъминлаши зарурлигини таъкидлаган. Ўзбекистон мустақил журналист, танқидчи ва ҳуқуқбонлар, бошқа барча фаолларни зўравонлик, фаолиятига тўсқинлик қилинишидан самарали ҳимоя қилишни таъминлаши лозим”.

БМТ дипломати давлат ташкилотлари ахборот олишга тақиқ қўймаслиги керак, деб таъкидларкан, айрим раҳбарлар бугунги воқеликка мослашишга зўр бериб ҳаракат қилаётгани, айримлари эса бу жараёнларни ҳануз тушунмаганини айтди.

АОКА раҳбари блогерлар ҳимоячисига айланди

АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев ўтган ҳафтадан буён ўзбек ва хориж матбуотида, мамлакатдаги мустақил нашрларга нисбатан кузатилган босим кампаниясининг раҳбари сифатида танқид қилинмоқда.

26 ва 27 ноябрь кунлари Kun.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz ва Daryo.uz нашрлари баъзи танқидий чиқишлари учун “ҳуқуқий оқибатлардан” АОКА расман огоҳлантирганини билдирган ва буни ўзларига нисбатан босим, деб баҳолаган эди.

АҚШ, Буюк Британия ва Германия дипломатлари ҳамда чет эл инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу ҳолатни, Шавкат Мирзиёев ваъда қилган ислоҳотлар руҳига зид деб атаган ва президентдан зудлик билан вазиятга аралашишни сўраган.

3 декабрь кунги йиғинида бу кампания умуман тилга олинмади. АОКА раҳбари ҳам бу ҳолатга изоҳ бермади. Аксинча, Ходжаев блогер ва журналистларнинг ҳимоячиси позициясидан туриб гапирди.

“Биз баъзида ОАВ вакиллари ва блогерлар бунда айбдор, деган гапларни эшитамиз. Йўқ, бу ерда давлат бошқаруви органлари журналистлар билан мулоқотга тайёр эмас. Агар давлат органлари тезкорлик билан жавоб қайтарса, асоссиз маълумотлар, фикрлар билдирилишига ўрин қолмайди. Шунинг учун биз доимий равишда давлат органлари очиқлигини таъминлаш борасида мулоқотни кучайтиришимиз керак деб биламиз», деди АОКА директори.

Журналист ва блогерлар саволлари эфирга чиқарилмади

Матбуотга бағишлаб ўтказилган йирик анжуманнинг журналист ва блогерлар сўз берилган қисмида жонли эфир Uzreport телеканалидан узиб қўйилди. Айни пайтда YouTube ижтимоий тармоғидаги трансляция ҳам тўхтатилди.

Тадбирда қатнашган журналист ва блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзишларича, йиғиннинг эфир юзини кўрмаган қисмида жуда қизиқ ва жиддий муҳокамалар бўлган.

Журналист ва блогерлар тилга олган савол ҳамда эътирозлар АОКА агентлигига қаратилганди.

Жумладан, Зафарбек Солижоновнинг ёзишича, ЎзА журналисти Анора Содиқова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидовга "хориж тажрибасида ҳам биздагидек ОАВни назорат қилувчи АОКАдек ташкилотлар борми-йўқми?" деб савол берган.

“Акмал Саидов умумий гаплар билан олиб қочишга ҳаракат қилди. Регулятор вазифасини ўтайдиган ташкилотлар учрашини айтди. Анора босиқлик билан саволга аниқлик киритиб, қайси давлатларда АОКАдек ташкилотлар бор-йўқлигини айтишини қайта сўради. Бироқ Саидов овозини баландлатиб, норози оҳангда "менга четда бунақа ташкилот йўқ деманг", деб жавоб қайтарди. Бу билан Саидов чет эл дипломатлари олдида доим ўзи байроқ қиладиган ва кўп ҳолларда амал қилмайдиган журналист билан муомала маданиятидан бироз четга чиққандек туюлди менга”.

Солижоновнинг ёзишича, "Адабиёт" газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Карим ҳам шу йилнинг июль ойида газетанинг сохта нусхалари чоп этилгани, газета ходимлари АОКА биносига олиб борилиб қўрқитилгани, улардан газета билан ҳамкорлик қилмаслиги ҳақида тушунтириш хатлари олинганини айтган.

“Бу ҳолатни Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев диққат билан тинглади ва Бахтиёр Карим эса, Сафоевдан ҳолатга алоҳида эътибор қаратишини сўради. Шу ўринда ҳамкасбимнинг бу ҳолатига аввал унчалик жиддий қарамаганим учун узр сўрайман ва бу ишни шахсан президент Мирзиёев назоратига олишини истаб қоламан”.

Таниқли блогер Шаҳноза Соатованинг ёзишича, журналист Мавжуда Мирзаева журналистларга босимлар бўлаётгани, хусусан, ўзининг ишдан бўшатилганини айтган, яна бир журналист эса “ички цензурани йўқотиш учун ташқи цензурани йўқотиш керак” деган фикрни илгари сурган.

“Қолганларга микрофон тегмади, вақт етмади... Модератор Шерзод Қудратхўжаев жонли эфир узиб қўйилишига сабаб қилиб регламентни ва эфир учун олинган вақт тугаганини айтди (Youtube га тўғридан-тўғри трансляцияни улаб қўйиш мумкин эди, масалан). Шахсий фикрим: модератор тадбир регламентини ва унга ажратилган вақтни аввалдан билар эди. 2 соатлик тадбир учун 12 та(!) спикер чақириш мақсадга мувофиқмиди?", деб ёзди Шаҳноза Соатова.

XS
SM
MD
LG