Линклар

Шошилинч хабар
08 сентябр 2024, Тошкент вақти: 04:59

Ўзбекистон хабарлари

Тошкентдаги мансабдорларга ойда бир кун ишга жамоат транспортида бориш буюрилди

Тошкент кўчаларидаги автобуслардан бири (архив сурати)
Тошкент кўчаларидаги автобуслардан бири (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган.

Президент томонидан жорий йил 21 февралида имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонда қайд этилишича, кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг бу таклифи “экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун” ўртага ташлаган.

Фармонда биноси “Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали намуна кўрсатиб” бориши буюрилган.

Бу банднинг “тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун” Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул этиб тайинланган.

Президент фармони билан жорий йилнинг 1 мартидан эътиборан пойтахтда юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3 ва О4 тоифаларига кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланиши ҳам кўзда тутилган. Мазкур чеклов махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Қуролли Кучларнинг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.

Ҳужжатда 2030 йилгача Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида “ЕВРО – 5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланиши қайд этилган.

Кун янгиликлари

Йўл нозирлари мажбурий “план”дан шикоят қилишмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига жарима ёзиш бўйича мажбурий “план” қўйилмоқда. Бу ҳақда “Kun.uz” нашри ЙҲХХ ходимидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Телеграм гуруҳда ЙҲХХ мутасаддилари томонидан берилган топшириқда ҳар бир ходим кунига 20 тадан қоидабузарликларни қайд этиши, шунингдек, автомобилни жарима майдончасига олиб кириш бўйича 2 та ҳуқуқбузарликни аниқлаши лозимлиги айтилган. 20 та баённомадан 10 таси маст ҳолда ёки тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш, рухсатсиз олд ойналар тусини ўзгартириш, сиренадан фойдаланиш, рулда телефондан фойдаланиш каби қўпол қоидабузарликлар бўлиши керак.

ЙҲХХ ходими тизим вакиллари гарданига “план” юклаб, унинг ижросини қаттиқ назорат қилаётган мулозим Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов эканини айтган. Телеграм мессенжери орқали юборилаётган топшириқлар ҳам айнан “С.Н.Назирханов” профилидан узатилаётганини кўриш мумкин.

Мазкур профиль эгаси топшириқларнинг бирида “АВТО ПАТРУЛЬ” рейд тадбири ўтказилаётганига қарамай, маст ҳайдовчилар аниқланмаётганидан ёзғирган.

Мажбурий фалонча қоидабузар топасан, деган топшириқлар жуда кўп. Масалан, мастларни аниқлайсан, қаердан бўлса ҳам топ, дейди. Кўчада маст ҳайдовчи бўлмаса, биз нима қиламиз?” деган исми сир қолишини сўраган йўл нозири “Kun.uz” нашрига.

“Тошкент вил ИИББ ЙҲХБ АДХ” профилидан юборилган бошқа бир топшириқда умумий ва қўпол қоидабузарликлар 2023 йилга нисбатан 25 мингтагача камайиб кетганига “раҳбарият эътироз билдиргани” баён қилинган. Инспекторлар “қўпол қоидабузарликларни аниқлаш ишларини кучайтириши лозим”лиги уқтирилар экан, “иш натижалари юзасидан ҳар бир ходим билан шахсан 601 чи гаплашиши” писанда қилинган. Топшириқларни бажармаган раҳбар ва кураторлар қаттиқ интизомий таъсир чораларидан огоҳлантирилган.

“Kun.uz”га мурожаат қилган тизим вакилига кўра, йўл нозирларига қўшимча тўловлар тўланмаётир, иш вақти борасидаги меъёр ҳам бузилмоқда.

Доим кўчада туриб хизмат қиламиз, сержант унвонига эга инспекторларнинг ойлиги 7,3 миллион сўм. Олдинлари ҳар бир ёзилган протоколимиздан 10 фоиз қисми бизга бериларди, шу билан ойликка 4-5 миллион сўм қўшилган. Бу ходимлар яхши ойлик олиб, пора олмаслиги учун қилинган эди. Лекин бир йилдан ошди, қўшимча пулни ёзган протоколимизга эмас, балки умумий сумма қилиб қўйди. Энди ойликка қўшимча 300 мингдан 500 минг сўмгача оляпмиз”, деган ЙҲХХ ходими.

Бундан ташқари, иш тиғизлиги ва дам олиш учун шароит яратилмаётгани сабаб йўл нозирлари оиласи ва болаларига вақт ажрата олмаётгани маълум қилинган.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан “Kun.uz”га йўллаган қисқа жавобида “бугунги кунда эски тизимдан воз кечилиб, маъмурий баённома тузиш бўйича ходимларга мажбурият (план) белгилаш амалиёти бекор қилингани”ни билдириш билан чекланган.

Германия канцлери Ўзбекистонга сафар қилади

Германия канцлери Олаф Шольц (ў) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ч) билан, Берлин, 2023 йилнинг 2 майи
Германия канцлери Олаф Шольц (ў) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ч) билан, Берлин, 2023 йилнинг 2 майи

Германия канцлери Олаф Шольц 15-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилади. Бу ҳақда ГФР ҳукумати воизи Штеффен Ҳебештрайт маълум қилди.

Бу Шольцнинг Марказий Осиё минтақасига илк сафари эканини урғулаган Ҳебештрайтга кўра, Германия канцлери ташриф чоғида борган мамлакатларининг давлат раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказади.

Қайд этилишича, Шольцнинг Мирзиёев ва Тоқаев билан музокаралари чоғида икки томонлама ҳамкорлик ва ташқи сиёсат масалалари диққат марказида бўлади. Хабарномада Германия канцлерининг Марказий Осиё давлатларига сафари чоғида унга катта бизнес-делегация ҳамроҳлик қилиши қўшимча қилинган.

Шунингдек, Шольц 17 сентябрь куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё — Германия” (5+1) саммитида иштирок этади. Бу “Марказий Осиё — Германия” форматида ўтказилаётган иккинчи саммит бўлиб, илк саммит 2023 йил сентябрида Берлинда ўтказилган эди.

Ўша пайтда Озодлик Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этган мазкур саммит ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг Берлинга амалий ташрифи ҳақида махсус репортаж тайёрлаган эди. “Мирзиёев Германияга нима учун борди?” сарлавҳали мазкур видеотаҳлилни қуйида томоша қилишингиз мумкин.:

Россияда ўзбекистонлик аёл хусусий клиникага мурожаати ортидан вафот этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл хусусий клиникадаги муолажа ортидан вафот этган. Бу ҳақда 78.ru хабар қилди.

Хабарга мувофиқ, 3 сентябрь куни 53 ёшли аёл Фрунзе туманининг Бела Кун кўчасида жойлашган тиббий марказга мурожаат қилган. Белидаги кучли оғриқдан шикоят қилган аёл санчиқдан халос бўлиш учун врачлардан ниш уриб, “блокада” қилиб қўйишни сўраган.

Нашр қайдича, врач укол қилиб-қилмагани ҳозирча маълум эмас, бироқ процедура рисоладагидек кетмагани аниқ.

Шундан сўнг аёл оғир аҳволда Петербургдаги касалхоналардан бирига етказилган, аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, ўша ерда жон берган.

Ҳолатга оид тафсилотлар ўрганилмоқда.

Тошкентда собиқ вазир Азиз Воитов суди бошланди

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида 5 сентябрь куни собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ раҳбари Ҳусниддин Каримов дохил жами 50 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш жараёни бошланган. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумотига кўра, мазкур иш Миробод тумани суди судьялари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Қайд этилишича, судланувчилардан 29 нафарига нисбатан “қамоққа олиш”, 15 нафарига нисбатан “гаров” ва 6 нафарига нисбатан “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 184, 185-2, 189, 205, 206, 28,209, 209, 211, 228 ва 243-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда”, дейилган Олий суд вакили хабарномасида.

“Дарё” нашри хабарига кўра, судда сўз олган адвокат Темур Раҳматов интернет нашрларининг бирида собиқ вазир Азиз Воитов иши судда кўриб чиқилиб, унинг 7 йилга қамалгани ёзилганини айтиб, журналистларни нотўғри ахборот тарқатаётганликда айблаган.

Ўз навбатида, судда раислик қилаётган судья Сардор Содиқов ОАВ вакиллари ҳамда адвокатларга мурожаат қилиб, судда шаффофлик таъминланиши лозимлиги, бироқ бу судланувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Судда сўз олган ва исм-шаърифини айтмаган яна бир адвокат судда қатнашаётган журналистлар хорижликлар агенти бўлиши мумкинлигини айтиб, шу боис уларга судни ёритишни тақиқлаш кераклигини таклиф қилди. Бунга жавоб берган Сардор Содиқов ОАВ вакиллари суд мажлисига ҳужжат асосида киритилаётганини, уларнинг қайси ОАВ вакили экани масъулларга аниқ эканини билдирди”, дейилган нашр хабарида.

Собиқ вазир Азиз Воитов ва бошқалар иши юзасидан суд жараёни 6 сентябрь куни тушдан кейин давом этиши кутилмоқда.

Азиз Воитов ўтган йил декабрида ҳибсга олинган эди. У ҳибсга олинишидан икки ой олдин (2023 йил октябрида) қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган. Воитовнинг ишдан бўшатилиши сабаби ўша пайтда расман очиқланган эмас.

44 ёшли Азиз Воитов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ҳукуматнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олинган энг юқори мартабали мулозимларидан биридир. Аввалроқ Ўзбекистонда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ҳамда шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Музаффар Солиев етти йилга қамалгани маълум бўлган.

Воитов 2020 йилнинг мартидан 2022 йил августигача ўша пайтда бош вазир ўринбосари, инвестиция, саноат ва савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил августидан 2023 йил октябригача қишлоқ хўжалик вазири бўлган. Сардор Умурзоқов президент администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилганидан сўнг Воитов ҳам ишдан олинганди.

Муҳаммад Солиҳ ҳайкаллари Измир кўргазмасида намойиш этилмоқда

Туркиянинг Измир шаҳрида ўтаётган "Онадўли афсоналари" санъат кўргазмаси афишаси, 2024 йил 5 сентябри
Туркиянинг Измир шаҳрида ўтаётган "Онадўли афсоналари" санъат кўргазмаси афишаси, 2024 йил 5 сентябри

Туркиянинг Измир шаҳридаги Аҳмед Аднан Сайгун санъат марказида 5 сентябрь куни эллик нафар рассом ва ҳайкалтарошнинг ижод намуналари жаъм бўлган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

“Онадўли афсоналари” деб номланган ҳамда туркиялик ва хорижлик санъаткорларнинг ҳайкаллари, барельефлари, керамика ва мойбўёқ асарлари намойиш этилажак кўргазма “Шоҳморон” халқаро санъат ва адабиёт платформаси томонидан ташкил этилган.

Уч ҳафта давом этадиган кўргазмага ўзбекистонлик таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг ҳам ҳайкалтарошликка оид учта асари қўйилган.

Муҳаммад Солиҳ "Онадўли афсоналари" кўргазмаси ташкилотчилари билан бирга, Измир, 2024 йил 5 сентябри
Муҳаммад Солиҳ "Онадўли афсоналари" кўргазмаси ташкилотчилари билан бирга, Измир, 2024 йил 5 сентябри

Кўргазма куратори Надире Гучсав хонимга кўра, Муҳаммад Солиҳнинг санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинаётган “Украина”, “Отатуркчи хотин” ва “Ойдин Солиҳ портрети” деб номланган ҳайкал ва барельефларида кучли ҳиссиёт устуворлик қилиб, улар стантдартлардан ташқари ва оригинал асарлардир.

Ўзбекистонлик атоқли сиёсат арбоби ва санъаткор Муҳаммад Солиҳнинг бу кўргазмада иштирок этаётгани биз учун катта шарафдир. Уни бошқа кўргазмаларимизда ҳам кутиб қоламиз”, деди Измирдаги кўргазма куратори Надире Гучсав.

Муҳаммад Солиҳнинг Измирдаги санъат кўргазмасида намойиш этилаётган "Украина" барельефи, 2024 йил 5 сентябри
Муҳаммад Солиҳнинг Измирдаги санъат кўргазмасида намойиш этилаётган "Украина" барельефи, 2024 йил 5 сентябри

Умрининг сўнгги 31 йилини Туркия ва бошқа хорижий давлатларда кечирган Муҳаммад Солиҳ кейинги йилларда шеърият ва публицистикадан ташқари рассомлик ва ҳайкалтарошлик билан ҳам жиддий шуғуллана бошлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчисининг сўнгги йиллардаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган “Муҳаммад Солиҳ. Адашмаган ҳайкаллар” номли видеоэссени қуйида томоша қилишингиз мумкин:

HRW Ўзбекистондаги яна бир суд ҳукмини қоралади

Наманганда ҳокимият биносини босиб олган "Ислом лашкарлари" раҳбари Тоҳир Йўлдош ва унинг ёнида чўккалаб ўтирган президент Ислом Каримов (1991 йил декабрида олинган видеодан скриншот)
Наманганда ҳокимият биносини босиб олган "Ислом лашкарлари" раҳбари Тоҳир Йўлдош ва унинг ёнида чўккалаб ўтирган президент Ислом Каримов (1991 йил декабрида олинган видеодан скриншот)

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг 1991 йили диндор намойишчилар билан учрашгани акс этган видеони улашгани ортидан Севара Шайдуллаеванинг жавобгарликка тортилишини қоралаб чиқди.

Тошкент вилоят суди 4 сентябрь куни Севара Шайдуллаевага нисбатан “Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришга чақирувчи материалларни атайин сақлаш ва тарқатиш” айблови билан тайинланган 30 ойлик шартли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўз кучида қолдириш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Шайдуллаевага комендантлик соатига риоя қилиш, оммавий тадбирларда қатнашмаслик, Тошкент вилоятидан рухсатсиз чиқмаслик талаб қилинган.

HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманн ўз баёнотида Севара Шайдуллаеванинг аввалги президент иштирокидаги видеони тарқатгани учун судга тортилишини танқид қилди.

“Видео мазмуни Ўзбекистон расмийлари учун ёқимсиз бўлса ҳам, 33 йиллик видеода тарихий нутқ акс этган”, дея билдирди Риттман хоним.

Қайд этилган видеода Ислом Каримов 1991 йилнинг декабрь ойида Наманган шаҳрида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бўлажак раҳбари Тоҳир Йўлдош билан ёнма-ён тургани кўринади.

Қарийб 33 аввалги Наманган воқеаларида бир гуруҳ исломчилар давлат идораларини эгаллаб олиб, исломий давлат тузишни талаб қилиб чиқишган, Каримов улар билан учрашиб, талабларини бажаришга ваъда берган.

Ўтган асрнинг 90-йиллари охиридан бошлаб Каримов ҳукумати диндорларга қарши чекловларни кучайтирган ва бу ҳолат 2016 йилда Каримов вафот этгунига қадар давом этган.

HRW вакиллари қаноатича, диний эътиқод ва сўз эркинлигига нисбатан жиддий чекловлар амалдаги президент Шавкат Мирзиёев маъмурияти даврида ҳам ўз кучида қолмоқда.

Ўттиз йил олдин бўлган воқеалар акс этган видеони тарқатиш жиноят сифатида кўрилмаслиги керак. Ўзбекистон ҳукумати Шайдуллаевага чиқарилган ҳукмни дарҳол бекор қилиши ва унга қўйилган барча чекловларни олиб ташлаши керак”, дея таъкидлаган Мира Риттманн.

Севара Шайдуллаевага нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан мулоҳаза билдирган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари аввалроқ Озодликка, агар бу аёл ҳақиқатан айбдор бўлса, бу видеодан кадрлар намойиш қилган Ўзбекистон телерадиокомпанияси телеканалларини ҳам жавобгарликка тортиш лозимлигини айтишган эди.

Агар бу материалда конституцион тузумни ағдаришга қаратилган чақириқлар бўлиб, видеоконтент экстремистик деб топилган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари каналлар устидан худди шу тартибда жиноят иши қўзғаши керак бўлади”, деган эди хусусан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Абдураҳмон Ташанов.

Бир сайловчига бир неча бюллетень берган шахслар жазоланади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов бюллетенини берган сайлов комиссияси аъзоси бундан буён жавобгарликка тортилади. Бу тартиб Ўзбекистон президенти томонидан шу йилнинг 4 сентябрида имзоланган қонун билан мамлакат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартишда акс этган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали қайдича, қонун билан мазкур кодексга сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча ҳам киритилган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши айтилган.

Ўзбекистонда галдаги сайловлар (парламент сайлови) жорий йилнинг 27 октябрида ўтказилиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан буён иккинчи парламент сайлови бўлади.

Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтадаги нутқида бу галги парламент сайлови “халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтиши”га ишонч билдирган эди.

Мирзиёев ўз бошқарувининг илк даврида сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, мухолиф партияларга йўл бериш ҳақида гапирган, аммо ҳозиргача Каримовдан қолган сиёсий тузумни ўзгартириш йўлида бирон жиддий қадам қўйган эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ислоҳ қилиш учун “баъзи қадамлар”ни қўйгандан сўнг “ислоҳотларнинг ушбу руҳи”ни сайловларга “юқтира олмаган”ини Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам 2019 йилдаги ўз баёнотида эътироф этган эди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда мустақиллик даврида бўлиб ўтган барча сайловлар нуфузли халқаро ташкилотлар, шу жумладан ЕХҲТ кузатувчилари томонидан бирон марта ҳам “тўлалигича халқаро стандартларга мувофиқ”, тенг рақобат асосида ва қонунбузарликсиз ўтган, дея тан олинган эмас. Кузатувчилар бу қонунбузарликлар орасида бошқалари қатори бир кишига бир неча марта сайлов бюллетени берилгани ва бир кишининг бошқа шахс номидан овоз бергани каби ҳолатларни ҳам қайд этишган.

Депутат Қодиров: Ўзбекистонда совет рамзлари тақиқланиши лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг муовини Алишер Қодиров
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг муовини Алишер Қодиров

Ўзбекистонда совет мафкураси, даври ва рамзларини тарғиб қилиш қонунчилик билан тақиқланиши лозим. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров билдирди.

Депутат Қодиров ўз телеграм-каналидаги постида ўзбек халқи тарихининг “бу аянчли даври (яъни совет даври - таҳр.) таҳлил ва муҳокама қилиниши”га қарши эмаслиги урғулаган. Бироқ, унга кўра, совет даврини “маъқуллаш ёки тарғиб қилиш нафақат Конституцион тузумга жиноят, балки халқимизга ва қонли тузум қурбонларига айланган аждодларимизга хиёнат сифатида баҳоланиши зарур”.

“Миллий тикланиш” лидери фикрича, ўзбек халқи СССР бошқаруви томонидан камситилган, таҳқирланган ва ҳанузгача ўша даврнинг оғир жароҳатларини даволаяпти.

Миллатлар, қадриятлар ва эътиқодни рад этган совет мафкураси нафақат ўзбек халқи, бутун инсоният бошига бало бўлиб келди ва қолдиқлари ҳозиргача бало бўлмоқда”, деб ёзган депутат бу мафкура “қолдиқлари” кимлар экани, улар кимларнинг бошига “бало” бўлаётганига аниқлик киритган эмас.

Алишер Қодиров бу постини Ўзбекистон фуқаросининг “Конституцион тузумга қарши тарғибот ва СССРни тиклаш таклифи учун суд қарори билан жиноий жавобгарликка тортилгани”га муносабат ўлароқ ёзган. Депутат мазкур суд қарорини олқишлаган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри суди Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланган 74 ёшли Э. Ҳасановга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида аввалроқ Озодлик хабар қилган эди.

Суд қарори билан самарқандлик Э. Ҳасановга кечки соат 22:00 дан 6:00 гача хонадондан чиқиш, назорат органининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартириш, Самарқанд вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиш, интернет тармоғидан фойдаланиш тақиқланган.

Иш материалларига кўра, Э. Ҳасанов россиялик бир гуруҳ шахслар билан ҳамкорликда СССРни тиклаш ғояларини тарғиб қилиб юрган ҳамда “Ўзбекистон мустақиллиги юзаки эканлиги, ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет Иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” ҳақидаги материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган.

Статқўм: Йиллик инфляция даражаси 10,5 фоизни ташкил қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда йиллик истеъмол нархлари индекси 10,47 фоиз даражасида қайд этилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида айтилган.

Агентлик қайдича, жорий йил августида инфляция даражаси 0,53 фоизга ошган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,01 фоизга камдир.

Ҳисоботдан келиб чиқилса, ўтган бир ой ичида озиқ-овқат нархлари 0,5 фоизга, ноозиқ-овқат нархлари 0,7 фоизга, хизмат ҳақлари қиймати эса 0,4 фоизга ошган.

Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари орасида гўшт ва картошка нархлари кескин ошгани кузатилган. Агентлик маълумотига кўра, ўтган ойда қўй гўшти 4,9 фоизга, мол гўшти 5,3 фоизга, картошка эса 5,5 фоизга қимматлаган.

Айни пайтда помидор (8,5 фоиз), булғор қалампири (18,9 фоиз), бақлажон (20,4 фоиз), узум (27,1 фоиз), қовун (27,9 фоиз) тарвуз (33,1 фоиз) нархлари сезиларли даражада арзонлаган.

Статистика агентлиги ҳисоботига мувофиқ, метан нархи юқори чегараси бекор қилингани ортидан бу ёқилғи 4 фоизга қимматлаган. Бундан ташқари, ҳайдовчилик курсларида ўқиш учун тўлов миқдори 5,8 фоизга оширилган.

СССРни тиклаш тарафдори бўлган самарқандликнинг озодлиги чекланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри суди Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовузда айбланган фуқарога нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз тасарруфидаги суд қарорига таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, самарқандлик 74 ёшли Э. Ҳасанов 2021 йили россиялик Олег Туришкиннинг маърузаларини тинглай бошлаган. Россия фуқароси ундан: “СССР фуқаролигидан чиқиш бўйича ариза билан мурожаат қилганмисиз?” деб сўраган, “йўқ” жавобини олганидан сўнг эса уни “Гос.реестр СССР” номли гуруҳга қўшиб қўйган. Орадан вақт ўтиб, Олег Туришкин фуқарога “СССР фуқароси” деган гувоҳномани почта орқали жўнатган.

Суд қарорида келтирилишича, Э. Ҳасанов YouTube орқали Алексей Иванович исмли одам билан танишган, сўнгра 2023 йил 3 январида Москвага бориб, у ерда Совет Иттифоқини тиклаш учун тарафдор тўплаётган одамлар билан учрашган. Улар СССР ҳали қонунан тарқалмагани, Иосиф Сталин давридаги Конституция ва қонунларга қайтишини, 15 та давлатни қонуний йўллар орқали тез йилларда бирлаштиришларини айтишган.

Судланувчи ўтган йилнинг март ойида “Узбекская ССР/СССР” Telegram-гуруҳига қўшилган. У ерда “Ўзбекистон мустақиллиги юзаки эканлиги, ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет Иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” ҳақидаги материалларни жойлаштирган”, дейилган Газета.uz нашрининг суд қароридан иқтибос олиб ёзган хабарида.

Комплекс суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизаси Э. Ҳасанов материалларида Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, бузишга очиқдан очиқ даъват қилувчи ғоялар мавжудлига ҳақида хулоса берган.

У Telegram`даги гуруҳга Самарқанд вилояти бўйича “ВКПб” котиби ҳисоботи ўлароқ “Всесоюзная Коммунистическая партия Большевиков города Самарканда” деб номланган мақолани жойлаштирган.

Нашрга кўра, судланувчи маҳкамада ўз айбини тан олмаган, бироқ суддан жазони енгиллаштиришни сўраган.

Самарқанд суди Э. Ҳасановни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми (Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, унга соат 22:00 дан 6:00 гача хонадондан чиқиш, назорат органининг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартириш, Самарқанд вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиш, интернет тармоғидан фойдаланиш тақиқланган.

Россиядаги автоаварияда 7 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлди

Россиянинг Нижегород вилояти Нава́шино туманида содир бўлган авария чоғида 7 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумот тарқатди.

Элчихона қайдича, 1 сентябрь куни М-12 “Восток” федерал автомагистралида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган, улардан етти нафари Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган. Ўзбек дипломатлари авария ортидан яна 3 нафар ўзбекистонлик турли хил тан жароҳатлари билан Нижегород вилоятидаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилганини билдиришган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, мамлакат Ҳукумати томонидан тез орада ҳалок бўлганларнинг жасадларини ўз ватанига қайтариш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда”, дейилган элчихона хабарномасида мазкур масала Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан алоҳида назоратга олингани қўшимча қилинган.

Хабарномада Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консулхонаси раҳбарияти ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари ЙТҲ содир бўлган жойда жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатаётгани урғуланган.

Туркия пойтахтида Алишер Навоий ҳайкали очилди

Анқарада ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали (Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси фотоси)
Анқарада ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали (Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси фотоси)

Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида Туркия пойтахти Анқара шаҳрида буюк мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Дунё” ахборот агентлиги қайдича, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва Анқаранинг Кечиўрен тумани ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда Туркия Ташқи ишлари вазирлиги, ТУРКСЎЙ ташкилоти, Анқара шаҳри ва туманлари ҳокимликлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, навоийшунос ва тилшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этган.

Тадбирда нутқ сўзлаган Ўзбекистон элчиси Алишер Аъзамхўжаев Анқарада Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилишида ҳисса қўшган Кечиўрен тумани ҳокимлиги ҳамда Башкент университетининг Алишер Навоий тадқиқот маркази раҳбари Абдураҳмон Гўзалга алоҳида миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон хорижида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкалларининг сўнггиси ўтган ойда Қозоғистон пойтахтида Остона шаҳрида очилган эди. Бунгача Навоий ҳайкали Москва, Душанбе, Токио, Минск, Шанхай, Сеул Боку ва Ўш шаҳарларида ўрнатилган.

Таниқли қўшиқчи Бобомурод Ҳамдамов оламдан ўтди

Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 2 сентябрь куни 84 ёшида вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик таъзияномасида Бобомурод Ҳамдамов замонавий ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишида салмоқли ҳисса қўшиб, бир нечта ўлмас асарлар яратгани ва томошабинлар олқишига сазовор бўлгани урғуланган.

Айниқса унинг “Султон Жалолиддин”, “Ким экан”, “Девона”, “Галдиму”, “Қўрқдим” каби қўшиқлари кенг оммалашиб, халқ қалбида муносиб ўрин эгаллади”, дейилган таъзияномада.

1940 йилда Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида туғилган Бобомурод Ҳамдамов, Маданият вазирлиги қайдича, “буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг муносиб издоши” бўлган.

Бобомурод Ҳамдамов Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзов билан шахсий дўстлиги туфайли расмий Тошкент томонидан “хушланмаган санъаткор”га айланган.

Саксон ëшга кириш арафасида Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Бобомурод Ҳамдамов ўрта мактабдан кейин кўтарма кранчилар тайëрлайдиган қисқа курсни ўқиб, қурилишга ишга киргани ва қурилиш ўртасида қад кўтарган улкан кранни бошқараëтиб, қўшиқ куйлаганини айтиб берган эди.

Ўша пайтда урф бўлган ҳинд киноларидаги қўшиқларни кран кабинасида ўтириб куйлардим. Бундан ғазабланган прораб менга ультиматум қўйди. “Сен ë кран ҳайда, ë қўшиқ айт”, деди. Мен қўшиқчиликни танладим”, деганди ўша пайтда санъаткор.

Бобомурод Ҳамдамов ўзбек халқи орасида ҳиндча қўшиқлар ижрочиси ўлароқ ҳам танилган бўлиб, унинг ҳиндистонлик режиссёр Раж Капур билан дўст бўлгани кўпчиликка маълум эди.

Россияда қаровсиз қолган 14 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 1 сентябрида Россияда ота-она қарамоғисиз қолган қийин вазиятга тушиб қолган 14 нафар ўзбекистонлик бола ватанига қайтарилган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, бу болалар “Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъул ходимларининг хизмат сафарлари доирасида” Тошкентга олиб келинган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги юртга қайтган болалар ота-онаси ва ўз яқинларининг қарамоғига қайтарилишини билдирган. Айни пайтда Ўзбекистонга қайтарилган болаларнинг Россияда нима сабабдан ота-она қарамоғисиз қолганига аниқлик киритилмаган.

Уларга ўзларининг яшаш манзилига яқин “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан бир қатор ижтимоий хизматлар, жумладан, болаларнинг ўзлари ва уларнинг оила аъзоларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб бориш белгиланган”, дейилган агентлик хабарномасида.

Аввалроқ Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати ўтган ойда Россияда қаровсиз қолдирилган 31 нафар бола, сўнгра эса “Дунё” ахборот агентлиги Қозоғистонда қаровсиз қолган 3 нафар бола Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида маълум қилган эди.

“Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсуми ғолиблари аниқланди

“Ташаббусли бюджет”нинг аввалги мавсумларида Ўзбекистоннинг турли жойларида овоз сотиб олиш авжига чиққанини кузатиш мумкин эди
“Ташаббусли бюджет”нинг аввалги мавсумларида Ўзбекистоннинг турли жойларида овоз сотиб олиш авжига чиққанини кузатиш мумкин эди

Жорий йилнинг 31 август куни “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2024 йилдаги 2-мавсуми якунланди.

Open budget портали маълумотига кўра, иккинчи мавсумда 1772 та лойиҳа ғолиб деб топилган, уларга 2 триллион 139 миллиард сўм миқдорида маблағ берилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, иккинчи мавсумда овоз беришга қўйилган 23 минг 318 та лойиҳа учун жами 9 миллион 81 минг 610 та овоз берилган.

Фуқаролар кўпроқ мамлакат ичидаги йўллар қурилиши ва таъмири, мактаблар ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини ривожлантириш учун овоз беришган.

“Ташаббусли бюджет”нинг 2024-йилги 2-мавсумига шу йил 6 июлидан старт берилганди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, бу мавсумда 6 июлдан 26 июлгача лойиҳаларни киритиш, 26 июлдан 15 августгача лойиҳаларни саралаш, 15 августдан 22 августгача тарғибот ишларини олиб бориш, 22 августдан 1 сентябргача эса бевосита овоз бериш жараёнини ўтказиш кўзда тутилган эди.

Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларга инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисми тақсимотида иштирок этиш учун имконият яратиш мақсадида йўл қўйилгани айтилади. Бу лойиҳани аксарият “кўпга келган тўй” сифатида баҳолаб, маҳаллалардаги йўл, мактаб ёки тиббиёт муассасасини таъмирлаб олиш имконияти ўлароқ кўрса-да, аввалги мавсумларда кузатилган мажбурлов ва ғирромликлар жойлардаги одамларнинг ҳафсаласини совитиб, ижтимоий тармоқларда асосли эътирозларга сабаб бўлган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG