Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:06

Тўй индустрияси Сенат қарорини кутмоқда. Мулозимлар дабдабали тўйларни бекор қилмоқда


Президент Шавкат Мирзиëевнинг 2 март кунги тўйлар ҳақидаги кескин баëнотидан сўнг Озодлик ўтказган суриштирувлардан маълум бўлишича¸ Ўзбекистон тўй индустрияси яна бир мавҳумлик даврига кириб қолди.

14 март куни Озодлик боғланган Тошкент¸ Самарқанд ва Бухородаги ўнга яқин тўйхона бошқарувчилари¸ 2018 йилнинг ëзида ўзбек тўйларининг қандай бўлажаги ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмасликларини билдирдилар.

Уларга кўра¸ айни кунларда тўй ва маросимлар буюртма қандай олинган бўлса¸ шунга мос ўтказилмоқда:

- Ҳозирча қандай бўлса¸ шундай кетаяпти. 300-500 кишилик тўйлар ўтказаяпмиз. Лекин президентнинг гапидан кейин янги қарор чиқишини кутиб ўтирибмиз. Қачон чиқади¸ қачондан кучга киради¸ бизга айтишмаяпти. Ҳозирча ëзги тўйларга заказ оламиз¸ яъни кунини белгилаймиз¸ аммо меҳмонлар сони¸ маросим нархини тўйга яқин қолганда¸ янги қарорга қараб келишамиз¸ деди Озодлик суҳбатлашган Тошкент¸ Самарқанд ва Бухородаги ҳар бири камида 500-600 кишилик тўй-маросимга мўлжаллаб қурилган ҳашаматли тўйхона эгалари ва менежерлари.

Президент “эртага чиқади” деган қарор қачон чиқади?

27 февраль кунги видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев¸ жамиятда адолат ўрнатиш¸ давлат мулозимлари орасидаги коррупцияни камайтириш мақсадида тўйларни тартибга солиш учун махсус қарор чиқариш мажбурияти туғилганини айтган эди:

- 110 киши, 120 киши, тамом. Жуда борса¸ 150 кишилик тўй қилади. Бошқа тўй бўлмайди, ҳеч қаерда. Жуда яхши бўлади, фақат ёшлар бўлади, тўйда. Қариялар нон синдиришга боради, ёшлар тўйга боради. Мен шундай қарор ёзиб чиқаришга мажбурман¸ деган президент¸ айни чиқишида бундай қарорни ўзи эмас¸ Сенат чиқаражагини таъкидлаган эди.

Шавкат Мирзиëев тўйлар ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00
Бевосита линк

14 март куни Озодлик боғланган Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Исомов тўйларни тартибга солишга қаратилган қарор лойиҳаси устида иш бораëтгани ва унинг жорий ой охирида қабул қилиниши мумкинлигини билдирди:

- Шу ойнинг охирида Сенат ялпи мажлиси бўлади. Унда шу масала кўриб чиқилади. Бу ҳали қонун эмас. Сенат ўзининг ташаббуси билан масала киритган шуни кўриб чиқиб. Ҳозир ҳеч қанақа ҳужжат йўқ¸ тайëрланаяпти. Сессия кун тартибига киритилса¸ у қарор лойиҳаси сифатида киритилади. Меъëрий ҳужжатлар ҳали энди тайëрланаяпти¸ деди Сенат матбуот хизмати раҳбари 14 март куни.

Президентнинг тўйлар ҳақидаги кескин гаплари Озодлик орқали жамоатчиликка тарқаганидан бир неча кун ўтиб¸ ижтимоий тармоқларда “Тўй-ҳашамлар¸оилавий тантаналар¸ маърака ва маросимлар¸ марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида низом”, деб номланган ҳужжат нусхаси тарқалди.

Тўйларни тартибга солиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси нусхаси
Тўйларни тартибга солиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси нусхаси

Озодлик¸ фақат биринчи саҳифаси фотонусхаси тарқаган бу ҳужжатнинг ҳозирда Сенат муҳокамасига қўйилган айни қарор лойиҳаси эканини тасдиқлай олмайди.

Ўнг тарафига “Лойиҳа” деб ëзилган Низом нусхасининг “Умумий қоидалар” деб аталган 1-бобида бу ҳужжатдан мақсад “жамоат тартибини сақлаш¸ фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш¸ оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик¸ дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг олдини олиш” экани айтилади.

Унинг 2-бобида:

Тўй ва базмлар соат 10:00 дан 23:00 гача¸ ош бериш маросимлари соат 12:00 дан 15:00 гача ўтказилади. Тўй ва базмларда 150 нафаргача¸ ош бериш маросимларида 200 нафаргача киши қатнашади»¸ деб ëзилган.

Ҳужжатда «оилавий тадбирларни ўтказишда риоя этилиши шарт» қилинган талаблар ҳам белгиланган. Аммо лойиҳанинг тўлиқ матни Озодлик ихтиëрида ҳозирча йўқлиги боис¸ бу талабларга аниқлик кирита олмайди.

14 март кунги суҳбатда тўйхона бошқарувчилари¸ 2018 йилнинг 1 июнидан кучга кириши тахмин этилаëтган Сенат қарорида меҳмонлар сони қатори¸ дастурхонга тортиладиган таом ва ичимликлар¸ урфга айланган тўй ичидаги ҳар-хил махсус тадбирлар ҳам белгилаб бериладими-йўқми¸ деган савол ўзлари учун муҳимлигини айтишди:

- Президент тўйга 150 дан битта ҳам ортиқ одам чақирмайсан¸ деди. Қарор кучга кирган кундан¸ шунга амал қиламиз¸ албатта. Бўлмаса¸ тўйхонамизни бутунлай ëпиб юборишлари мумкин. Сенат қарорида менюни ҳам чеклашадими йўқми¸ шуниси қизиқ бўп турипти ҳозир. Баъзи бойваччалар келиб¸ 150 дан ортиқ меҳмон чақиролмасам¸ бу меҳмонларимга нима тортишни¸ қанча тортишни¸ қанақа тортишни ўзим ҳал қила оламанми¸ деб сўраяпти. Биз бу саволларгаям жавоб беролмаяпмиз¸ дейди Тошкентдаги бадавлат давралар тўй-маросим ўтказадиган ҳашаматли сарой бошқарувчиси.

«Коттаконлар дабдабали тўй қилишдан қўрқиб қолди»

Тошкентдаги энг катта ва қиммат тўйхоналардан бири менежерига кўра¸ ҳозирча Сенат қарори чиқиб¸ кучга кирмаган бўлса ҳам¸ давлат ва ҳукумат амалдорлари ойлар олдин белгилаб¸ келишилган тўйларини бекор қила бошлаган.

- Президент гапиргандан кейин¸ коттаконлар қўрқиб қолди. Бизга қанчаси заказ бериб қўйган эди. Ҳозир шуни бекор қилиб¸ кичкина¸ одми ресторанларга кўчиришаяпти. Тадбиркорларга унча таъсир қилмади¸ деди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

“Ҳамма бир хил тўй қилади. Агар бирорта раҳбар, ҳокимми, прокурорми, солиқчими, чегарачими, шу меъёрдан чиқса, ўша куни кўрасизлар, қамайман ҳаммани қонун олдида. Нимага десангиз, бу адолатсизлик, қайси министр ёки Бош вазир ўринбосари шундай ойлик олади, бундай тўй қилишга қаердан ойлик олади? Бу ҳаммаси ўғрилик”¸ деган эди давлат амалдорларининг дабдабали тўйларига алоҳида тўхталган президент 27 февраль кунги чиқишида.

“Нарх ошиши аниқ”

Озодлик билан суҳбатда Тошкент¸ Самарқанд ва Бухородаги тўйхона менежерлари Сенат меҳмонлар сонини чеклаш ҳақида қарор чиқаргандан кейин¸ тўй ва маросимлар учун киши бошига тўланадиган нархнинг ошиши муқаррарлигини айтишди:

- Электр учун¸ сув ва газ учун тўловлар бир неча бараварга ошди. Мулк солиғи ошди. Меҳмонлар сонидан қатъиназар¸ бу чиқимларни маросим харажатига қўшишга мажбурмиз. 500 кишига сочилган аренда харажати¸ энди 150 одамга тақсимланади. Нарх ошади-да¸ албатта. Меню нархини эса¸ тўйга яқин қолганда¸ бозорга қараб ҳисоблаб берамиз¸ деди Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидаги тўйхоналар бошқарувчилари.

Ўтган йил август ойида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида қилган чиқишида ҳам президент Мирзиëев тўйларни ихчамлаштириш таклифини ўртага ташлаган ва шундан сўнг Тошкент ва вилоятларда камхаражат тўйлар тарғиботи бошланган эди.

Аммо бундай таклиф ва ташвиқотларнинг самара бермаганини президент Мирзиëевнинг ўзи ҳам 27 февраль кунги чиқишида эътироф қилган эди.

XS
SM
MD
LG