Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Трампга суиқасд АҚШдаги президент сайловига қандай таъсир қилади?


Хавфсизлик ходимлари президентликка номзод Дональд Трампни суиқасд саҳнасидан олиб чиқиб кетмоқда. 13 июль, 2024.
Хавфсизлик ходимлари президентликка номзод Дональд Трампни суиқасд саҳнасидан олиб чиқиб кетмоқда. 13 июль, 2024.

АҚШнинг собиқ президентига қарши суиқаcд уриниши яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари олдидан сайлов кампаниясида жиддий тўлқин пайдо қилмоқда. “Озодлик” Пенсилванияда рўй берган суиқасд уриниши Оқ уй учун сайлов пойгасида не чоғли аҳамиятга эга бўлиши ҳақида таҳлилчилар билан суҳбатлашди.

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трампга суиқасд уюштирилди. Сўнгги қирқ йилдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта бу суиқасддан халқ шокка тушди.

20 ёшли йигит ярим автоматик ўқотар қурол ёрдамида амалга оширган ҳужум икки кекса номзод ўртасидаги зерикарли сайлов пойгаси суръатини ўзгартириши мумкин.

13 июль оқшомида Пенсилвания штатининг Батлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти йиғинида нутқ сўзлаётган Трампга қуролли шахс бир неча марта ўқ узган. Трамп ҳужумда бироз жароҳат олган, бироқ ўзини яхши ҳис қилмоқда. Ўлдирилган жиноятчининг бу қилмиши сабаблари хали аниқ эмас.

Отишма Республикачилар партиясининг Миллий қурултойига икки кун қолганда содир бўлди, унда Трамп партиядан расман номзод сифатида кўрсатилиши кутилмоқда. Қурултойлар ҳақиқий президентлик кампанияси бошланиши белгисидир.

«Озодлик» радиоси мутахассислар билан суҳбатлашиб, бу сайлов пойгасига қандай таъсир қилиши мумкинлигини муҳокама қилди.

Доналд Трампнинг сайловолди митингида ўқ овозлари эшитилди. Трамп эвакуация қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Суиқасд уриниши Трампнинг сайловларда ғалаба қозонишига сабаб бўладими?

Ижтимоий тармоқлар суиқасд Трампга сиёсий жиҳатдан фойда келтириши ҳақидаги шарҳлар билан тўлди. Дарҳақиқат, Х ижтимоий тармоғининг эгаси ва катта таъсирга эга бўлган миллиардер Илон Маск 13 июлдаги отишмадан сўнг дарҳол Трампни қўллаб-қувватлади.

Пойга кескинлашганда, сўровлардаги ҳар қандай ўзгариш жуда муҳим. Бироқ, экспертлар бу воқеанинг тўрт ойдан кейин ўтадиган сайловга қандай таъсир кўрсатишига шубҳа билан қарайди.

Кортленддаги Нью-Йорк штат университетининг сиёсатшунослик профессори Роберт Спицернинг айтишича, Трамп вақтинча кучайиши мумкин, аммо бу ноябргача давом этмайди.

“Шундай экан, қурултойдан кейин Трампнинг номзоди кучайишини кутиш мумкин. Бу суиқасд уриниши туфайли у бироз юқорилашади. Аммо менимча, бир неча ҳафта ичида Трамп ва Президент Байденнинг нисбий позицияси охирги бир-икки ой ичидагига қайтади”, дейди у “Озодлик” радиосига.

Сиёсий тарих профессори Метю Дэллек айтишича, сиёсатдонлар ўзига нисбатан уйғонган симпатияни сайловдаги ғалабага айлантира олмаганини кўрсатади.

“Теодор Рузвелтга 1912 йилда президентлик учун сайловолди ташвиқоти пайтида ўқ узишган, аммо барибир ютқазган. 1950 йилда президент Гарри Труменга қилинган суиқасд унинг Демократик партиясининг ўша йил охирида бўлиб ўтган оралиқ сайловларда катта ютқазиши олдини олмади. Президент Жералд Фордга 1975 йили икки марта суиқасд уюштирилди. Орадан бир йил ўтиб ҳам у президентлик сайловларида мағлуб бўлди”, дейди у.

Бу суиқасд зўравонликка олиб борадими?

Дэллек зўравонлик кучайишидан хавотирда.

"Зўравонлик зўравонликни келтириб чиқаради, шундай эмасми? Бу шиддатли ҳужум ва кейин бирдан ҳамма нарса тинчланишини англатмайди. Менимча, бу ҳужум кейинги бир неча ой ва йиллар давомида мамлакатни янада хавфлироқ жойга олиб боради», дейди у.

Дэллекнинг таъкидлашича, сўровлар сўл ва ўнгдаги озчиликлар сиёсий зўравонликни оқлай бошлашини кўрсатмоқда ва "бу, албатта, жуда ташвишли", дейди у.

Спицер бу дақиқадан мамлакатни бирлаштириш ва бўлинишларини бутлаш учун фойдаланиш кераклигини айтди, бироқ у ғазабнок "чекка элементлар" ўз тарафдорларини қуролланишга ундаши мумкинлигидан огоҳлантиради.

"Афсуски, менимча, бу қоронғи томони", деди Спицер.

Отишма Республикачилар қурултойидаги риторикага қандай таъсир қилади?

Дэллекнинг айтишича, Трампга суиқасд сайлов кампаниясининг асосий мавзуси бўлиши мумкин.

“Менимча, улар Трампни мамлакат ва унинг тарафдорлари манфаати учун ўзини қурбон қиладиган шахс сифатида кўрсатишади”, дейди у.

"Трамп буни ўзининг "кучли одам" имижини мустаҳкамлаш учун ишлатиши мумкин, дейди Дэллек, бу унинг кўплаб тарафдорларига жозибадор кўринади.

Трамп тарафдорлари Конгрессга бостириб кирди. Вашингтонда комендантлик соати жорий қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:16 0:00

Бу сайлов кампаниясидаги риторикага қандай таъсир қилади?

Демократик партия сайловолди рекламаларини вақтинча тўхтатишини эълон қилди, Даллекнинг айтишича, бундай ҳолатда шундай бўлиши одатий ҳол.

Бироқ, улар Трампни демократияга таҳдид деб уқтиришини ўзгартирадими ёки йўқ, номаълум.

Миш-мишларга кўра, Трампнинг вице-президентлик лавозимига номзодларидан бири бўлган сенатор Ж.Д. Вэнс (Республикачи Оҳаё штати) Байденнинг сайловолди ташвиқоти суиқасдга сабабчи эканини айтди. Спицернинг айтишича, Байден ёки унинг кампанияси бундай зўравонликни қўзғатиш учун ҳеч нарса айтган ёки қилган эмас.

Дэллекнинг таъкидлашича, Трамп Вакиллар палатаси собиқ спикери Ненси Пелосининг эрини ҳужум учун айблаб, ҳазил қилган.

Трамп, шунингдек, ўз тарафдорларини 2021 йил 6 январда Капитолийга ҳужум қилишга ундаганликда ҳам айбланган. Ўшанда бир одам отиб ўлдирилган эди.

Дэллекнинг айтишича, сайловолди чиқишлар кўп ҳам ўзгармайди.

"Бу воқеалар зўравон риторика ва айбловлар характерини тубдан ўзгартираётганга ўхшамайди", дейди у.

Иммиграция риторикани кескинлаштирадиган мавзулардан бири. Бу Трамп Байденнинг сиёсатини танқид қилиш учун фойдаланадиган асосий сиёсий масала бўлиши мумкин. Байденнинг президентлик даврида мисли кўрилмаган миқдордаги ҳужжатсиз муҳожирлар Қўшма Штатларга кириб келган.

Суиқасдчининг сиёсий мотивлари муҳимми?

Баъзилар Трампга қилинган ҳужумда руҳий касалликни сабаб қилишга уриниши мумкин бўлса-да, сиёсатчиларга нисбатан зўравонлик тарихан ҳужумчининг ғояларига боғлиқ бўлиб келган, дейди Дэллек.

Улар "риторика ва ғоялардан илҳомланади ва рағбатланади", дейди у. Президент Жералд Фордга суиқасд уюштиришга уринганлардан бири АҚШнинг Вьетнамдаги урушини тугатиш умидидаги урушга қарши радикал бўлган.

Бундай одамлар Қўшма Штатлардаги "кенгроқ сиёсий зўравонлик маданиятининг бир қисмидир". [Улар] Америка сиёсий анъаналарининг бир қисми, бу жуда хунук, кўпчилигимиз унинг йўқолишини истаймиз. Менимча, бу одам нимани ўйлаганини аниқлашга ҳаракат қилиш керак”.

Демократлар суиқасддан қурол назоратини асосий сайловолди масаласига айлантириш учун фойдаланиши мумкинми?

Трампга ҳужум ярим автоматик ўқотар қурол ёрдамида амалга оширилган, бу эса қурол назоратини сайловолди ташвиқотида асосий муаммога айлантирган. Демократлар кўп йиллар давомида мактаблардаги отишмаларда қўлланган ярим автоматик қуролларни қўлга киритиш одамларга осон бўлиб қолганини таъкидлаб келади.

Жорий йил бошида Миллий Қурол ассоциациясига қилган мурожаатида Трамп ўзини “Қурол эгалари учун энг яхши дўст” деб атаган ва агар у лавозимига қайтса, Байден маъмурияти қабул қилган қурол назорати бўйича қонунларни бекор қилишга ваъда берган.

"Бу турдаги қуроллардан фойдаланишнинг қулайлиги ва зўравонлик, айниқса, оммавий зўравонлик учун ярим автомат типидаги қуроллардан фойдаланиш ортиб бораётгани... Менимча, бу масалалар яқин кунлар ва ҳафталарда Байден лагери томонидан жуда жиддий муҳокама қилинади", дейди Спицер.

Дэллек ҳужумдан кейин қурол назорати муҳимроқ масалага айланишини кутса ҳам, бу ҳал қилувчи масала бўлади деб ўйламайди. Унинг айтишича, америкаликларнинг аксарияти қурол масаласида аллақачон қатъий қарашларга эга ва бу суиқасд уларни ўзгартирмайди.

"Агар бошланғич мактаб ўқувчиларини қурол билан ўлдириш миллий миқёсда жиддий қабул қилинмаётган экан, мен бу ҳужум ёки бошқа ҳужум одамлар фикрини ўзгартиради деб ўйламайман", дейди у.

“Қурол назорати масаласи бу сайловда асосий масала сифатида кўмилди, уни юқори даражага кўтариш мумкин, лекин менимча, бу қандайдир кескин ўзгариш бўлмайди. Республикачилар ва демократлар бу масала бўйича ўз қарашларини ўзгартиришини кутмайман», дейди Дэллек.

Форум

XS
SM
MD
LG