Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:22

Тошкент ўқитувчиларидан Мирзиëевнинг карантин сиëсатини мақтовчи “тролль” сифатида фойдаланилмоқда


►Тошкентдаги юзлаб ўқитувчи ва ота-оналар ҳукуматнинг троллари сифатида ишлатилмоқда.

24-25 апрель кунлари Озодлик радиосининг Телеграм рақамларига ўқитувчилардан президент Мирзиёев, Миллий гвардия, таълим ва соғлиқни сақлаш ходимлари улуғланган бир хил мазмундаги юзлаб хат келди.

Бу хатларни юборганлардан айримлари билан ëзишмалардан Озодликка бундай мадҳияларни Тошкент Халқ таълими бошқармаси раҳбарияти топшириғи билан ëзаëтганлари маълум бўлди.

Озодликка бир кунда юзлаб бир хил мазмундаги хатлар юборилди
Озодликка бир кунда юзлаб бир хил мазмундаги хатлар юборилди

Маълумот учун:

  • Ижтимоий тармоқларда ёки мессенжерларда муайян мақсадни кўзлаб буюртма ёки буйруқ асосида бир ғоя ёки фикрни илгари суриш учун ташкиллаштирилган бир гуруҳ одамлар “троллар фабрикаси” сифатида таърифланади. (Тролль фабрикаларининг бир қатор турлари мавжуд)
  • Электрон почта қутичасини ёки мессенжерни тўлдириб ташлайдиган кўплаб такрорий ёки кераксиз мактублар спам дейилади.


Хусусан¸ "Троллар фабрикаси" услубидаги спам хатлар юборишга асосланган ташвиқот кампаниясига Тошкент шаҳар Олмазор тумани ўқитувчи ва мураббийлари сафарбар қилинди. Синов тариқасида айни тажриба Ўзбекистондаги парламент сайловлари давомида ҳам қўлланилган. Ўқитувчиларга Озодлик радиосига юбориладиган “Президентга ташаккурнома хати” намунаси берилган.

“Юртимизга тушган шундай бир синовли кунларда Ватанимиз президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан олиб борилаётган барча ҳаракатлар оқил ва тўғри деб баҳолаймиз… жонини хатарга қўйиб беморларнинг ҳаётини сақлашга ҳаракат қилаётган тиббиёт ходимларининг хизматлари беқиёс...кун-у тун содиқлик билан хизмат қилаётган ички ишлар, миллий гвардия ходимлари олиб бораётган ишлари бу Ватанимизнинг тинчлиги ва равнақи учундир. Шунинг учун уларга таъзим қилган ҳолда ташаккур билдирамиз. Биз ҳам бир бўлиб ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Олмазор тумани … ўқитувчилари”

Ўқитувчиларга ушбу намуна хатидан четга чиқиб қўшимча ташаккур билдириш ҳам тавсия қилинган.

Мисол, 28-мактаб ўқитувчиси Мусахўжаева Мунисхон “халқпарвар Шавкат Мирзиёев” бошчилигидаги ҳукуматни Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланган беморлар БЕПУЛ даволанаётгани учун олқишлаган. “Дунёдаги ривожланган давлатларда эса даволаш пуллик”¸ дея иддао қилади бошланғич синф ўқитувчиси. (ҳақиқатдан йироқ айни иддао бошқа хатларда ҳам бор - таҳр.)

Мактубларда президентга нисбатан “меҳрибон юртбошимиз”, “ҳақиқий карвонбоши” каби эпитетлар ишлатилади.

Раҳбарият учун “троллик” қилиш топшириғи¸ Халқ таълими раҳбарияти томонидан ўқитувчиларга ҳам Телеграмда очилган гуруҳ орқали юборилган.

ХТБ мулозимининг Телеграм орқали ёзган топшириғи
ХТБ мулозимининг Телеграм орқали ёзган топшириғи

Озодлик мухбири бу топшириқни олган бир нечта ўқитувчи ва ота-она билан мулоқотда бўлди.

Ота-оналар топшириқни болалари ўқиётган синф раҳбаридан олишган бўлса, ўқитувчилар мактаб директорларидан, директорлар эса ХТБ дан, ХТБ эса “тегишли ташкилот” дан олишгани аёнлашди.

Мактаб директорларидан бири ёзган топшириқ
Мактаб директорларидан бири ёзган топшириқ

Масалан¸ Олмазор тумани ўқитувчиларига Телеграм орқали топшириқни Олмазор туман Халқ таълимининг Яхшигул Шадиева (Насимовна) исмли мулозими юборган.

Ҳурматли директорлар¸ бугунги кунда дунёни ташвишга солиб турган тахликали вазиятда юртимизда амалга оширилаётган ижобий чора тадбирларни юқоридаги каби (берилган намунага ишора)ижобий фикрлар билан кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида сизлардан фаол бўлишингизни илтимос қиламан”, деб ёзади Шадиева.

Шадиева ўқитувчи ва ота-оналардан Телеграм тармоғи орқали юборилган матн бўйича ҳисоботни “скриншот” қилиб “районо” ходими Шоҳида Ҳакимовага юборишни сўрайди(Шоҳида Ҳакимовага юборилган скриншотлар ҳам Озодлик тасарруфида мавжуд).

Ўз Телеграм топшириғида Шадиева бу каби тизимда сайлов арафасида иш олиб борилгани ва “тегишли ташкилотлар” яна бир бор шунга ўхшаган ҳолда “тизимли тарғибот” олиб боришни сўраётганини эслатиб ўтади.

2019 йил парламент сайлови давомида Мирзо Улуғбек ХТБ мудири бўлган Яхшигул Шадиева 140-округ сайлов комиссияси раисининг ўринбосари бўлган.

Парламент сайлови давомида Озодлик Телеграм аккаунтларига Ўзбекистондаги сайловлар “аъло даражада” ўтганини таъкидловчи юзлаб мактублар юборилган эди. Энди эса айни рақамлардан пандемияга қарши ҳукумат чораларини мақтовчи хатлар келмоқда.

Ўқитувчилар аввал ҳам киберташвиқотга жалб қилинган
Ўқитувчилар аввал ҳам киберташвиқотга жалб қилинган


"Бу каби мунозарали тарғиботда қатнашиш сўровига ўз ихтиёрингиз билан рози бўлдингизми?", деган саволга ўқитувчилардан бири, "мактаб директорининг гапини икки қилолмаслигини" айтиш билан чекланди.

Озодлик гаплашган "ташвиқотчи" оналардан бири:

- Oчиғини айтсам, кимга ва нима учун ташаккур айтишим кераклигини англаолмай қолдим¸ лекин тезда ёзиб беравердим, деди.

Миллий троллар фабрикаси яратилиши вақт масаласими?

Норасмий “Tроллар фабрикаси”нинг уюштирилиши Ўзбекистонда аввал ҳам кузатилган. Бу каби мувофиқлаштирилган кампаниянинг Ёшлар Иттифоқи, Тошкент Ахборот технологиялари университети (ТАТУ), Гулнора Каримованинг "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси (Фонд Форум), Миллий хавфсизлик хизмати, АОКА ва бошқа ташкилотлар томонидан уюштирилгани айтилган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги яқинда “расман троллар фабрикасини тузиш уриниши” деб аташ мумкин бўлган ташаббус билан чиқди.

2020 йил 10 апрель куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатда Ёшлар иттифоқи аъзолари, Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ва кўнгилли ёшлар иштирокида “ватанпарвар блоггерлар виртуал гуруҳини тузиш” таклиф қилинди.

25 апрель кунига қадар белгиланган муҳокама санаси қандай қарор билан якунлангани маълум ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG