Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:59

Трампнинг иккинчи президентлигидан нима кутиш мумкин?


АҚШ президент сайлови.
АҚШ президент сайлови.

Доналд Трампнинг иккинчи президентлиги АҚШ ва дунёга қандай таъсир этади? Бу кўпинча кимдан сўрашингизга боғлиқ – Трамп тарафдорлари у АҚШнинг қудратини тиклайди деб айтса, танқидчилар бу АҚШ демократиясининг сўнишига олиб келади, деб таъкидлашмоқда.

Президентлик сайлови кампаниясида Доналд Трамп Оқ уйни қайта эгалласа, нима бўлиши ҳақида катта ваъдалар берган эди.

"Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз билан биз миллатимиз қудрати, ҳукмронлиги, фаровонлиги ва ғурурини қайтариб оламиз," деди Трамп сайлов кунидан икки ҳафта олдин. "Бу Американинг янги олтин даври бўлади."

Трамп иккинчи марта яна президентликка сайлангач, унинг янги маъмуриятидан нималар кутиш мумкин?

Бу саволнинг жавоби кўп жиҳатдан кимдан сўраётганингизга боғлиқ. Трамп тарафдорлари у Американи ичкарида ҳам, ташқарида ҳам яна буюк қилади, деб ишонишади. Унинг танқидчилари эса Трамп Қўшма Штатлардаги демократияни заифлаштириши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Қасос вақти

Трамп кўпинча сиёсий рақибларини "ички душман" деб атаб, сайловдан кейинги тартибсизликлар юз берган тақдирда, уларни ҳарбийлар "осонликча бартараф этиши" мумкинлигини таъкидлаган.

Бу баёнотлардан сўнг Трампга қарши курашган ва мағлуб бўлган амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис сайлов арафасида Трамп "қасос олиш хаёлига берилган, норозилик қўпчиган ва чекланмаган ҳокимият истовчи шахс" эканлигини айтди.

Ички сиёсатда, АҚШ суд тизими Трамп тозалаши кутилаётган асосий соҳа ҳисобланади. Бу кўп жиҳатдан унинг биринчи муддати билан боғлиқ кўплаб жиноят ишлари, жумладан, сайловга аралашув ва 2020-йилги сайловдаги мағлубиятидан кейин ҳокимиятни топширишни издан чиқаришга уринишлар билан боғлиқ.

Трамп, шунингдек, 6 январь куни АҚШ Капитолийсига уюштирилган ҳужумда Жо Байден ғалабасини тасдиқлашни бузишга урингани учун қамоққа олинган тарафдорларини "шубҳасиз" афв этишини айтган.

Кенгроқ маънода, кўпчилик Трамп Вашингтондаги "Heritage Foundation" ўнг қанот таҳлил маркази "чуқур давлатни йўқ қилиш" учун ишлаб чиққан "Лойиҳа 2025"дан ўз сиёсатининг асоси сифатида фойдаланишини тахмин қилмоқда.

Трамп ўз сайлов кампанияси давомида 2025-йилги лойиҳа ортида ким турганини билмаслигини айтиб, ундан ўзини нари тутган бўлса-да, текширувлар кўрсатишича, Трампнинг аввалги маъмуриятида ишлаган камида 140 киши бу лойиҳада иштирок этган.

"Трамп кескин гапиришни ёқтиради, лекин камдан-кам ҳолларда сўзига амал қилади," дейди АҚШдаги "Silent Majority Strategies" жамоат ишлари фирмаси ҳаммуассиси Кит Нотон. "Ҳар қандай қасос бетартиб ва ходимлар томонидан амалга оширилади. Менимча, Адлия вазирлигида кўплаб ўзгаришлар бўлади."

Уруш ва тинчлик

Қўшма Штатларнинг бутун дунё бўйлаб ўз таъсирини ўтказиш усули ҳам ўзгариши мумкин.

Трамп Россиянинг Украинадаги урушини "24 соат ичида" тугатиши мумкинлигини айтган. Исроил Яқин Шарқда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли гуруҳларга қарши икки фронтли урушга аралашганлиги сабабли, Трамп Исроилни "ишни охирига етказишга" чақирган.

Бостон коллежининг сиёсатшунослик профессори Питер Скерри Трамп Москва ва Киев ўртасида "қандайдир келишувга эришиш учун туртки беришини" кутаётганини ва бу "Украина томонидан катта ён беришларга олиб келишини" башорат қилмоқда.

Скеррининг айтишича, Трампнинг Исроилга нисбатан нима қилиши унчалик аниқ эмас, бироқ у "Исроилни жуда қаттиқ қўллаб-қувватлайди", шу билан бирга араб-исроил муносабатларини нормаллаштириш мақсадига қаратилган Иброҳим битимларини қайта жонлантиришга ҳаракат қилади.

Трамп ўзининг биринчи президентлик даврида Хитой билан савдо урушини бошлаган эди. Бу жараён келажаги ноаниқ. Трамп агар Пекин "Тайванга бостириб кирса", Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга янада қаттиқроқ божлар жорий этишга ваъда берган. Илгари у Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан муносабатлари туфайли Хитойнинг Тайванни блокада қилиши олдини олиш учун АҚШ ҳарбий кучидан фойдаланишга ҳожат қолмаслигини айтган эди.

Доналд Трампнинг сайловолди митингида ўқ овозлари эшитилди. Трамп эвакуация қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Глобал оқибат

Трамп президентлик фаолиятининг тўрт йили давомида НАТО аъзоларини мудофаа харажатларининг талаб қилинган даражасигача кўтаришга ундаганди, бу мақсадларга кўпчилик аъзолар ҳозиргача эришди.

Шунингдек, Трамп АҚШнинг БМТнинг маданий ташкилоти ЮНЕСКОдан чиқаришни, Россия билан Ўрта масофали ядро кучлари (ИНФ) шартномасини бекор қилишини, жаҳон давлатлари билан тузилган Эрон ядро битимидан воз кечишини, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича Париж битимидан чиқишини ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус пандемиясига жавобидан норози бўлиб, уни молиялаштиришни тўхтатишга ҳаракат қилди.

Кетаётган Байден маъмурияти бундай келишувлар ва ташкилотларда АҚШнинг таъсирини тиклашга алоҳида эътибор қаратди, аммо ҳозир кўпчилик Трамп даврида яна бир ўзгариш бўлишини башорат қилмоқда.

Скеррининг таъкидлашича, Трамп ички масалаларга эътибор қаратадиган "ўзбошимча, ўз манфаатини кўзловчи шахс". Унинг айтишича, Трамп Вашингтоннинг баъзи халқаро ташкилотлардаги ролини чеклаш йўлидан бориши ажабланарли ҳол эмас.

Нотоннинг айтишича, "Трамп кўпроқ мустақил ҳаракат қилишни хоҳлайди". Аммо у яна қўшимча қилишича, АҚШ Конгресси бунга "рози бўлмаслиги" ва қаршилик кўрсатиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG