Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:25

Трюдодан норози бўлган Трамп G7даги гапини қайтариб олди


АҚШ президенти Дональд Трамп “Катта еттилик” (G7) давлатларининг қўшма билдирувини қўлламаслигини билдирди. Аввалроқ президент энг саноатлашган давлатлар аъзо бўлган гуруҳ тайёрлаган коммюникени қўллашини айтган эди.

9 июнь куни оқшом Трамп Twitter тармоғидаги саҳифасида Квебекда G7 саммитига мезбонлик қилган Канада Бош вазири Жастин Трюдонинг “ёлғон билдирувлари” туфайли АҚШ вакилларига гуруҳнинг якуний билдирувини қўлламасликни буюргани ҳақида ёзди.

Гуруҳнинг умумий билдируви савдо бўйича ҳамкорликни оширишга чорлайди. Шунингдек, унда Россияга қарши туриш ва Эрон ядровий дастурини жиловлаш муҳимлиги айтилган.

- Канада Бош вазири Жастин Трюдо G7 даги учрашувларимиз давомида ўзини камтар ва мулойим тутди, аммо конференцияни тарк этганимдан кейин, матбуот анжумани ўтказиб, АҚШ тарифларини “ҳақорат деб билишини” ва унга “буйруқ беришларига йўл қўймаслигини” айтибди. Бу ноинсофлик ва заифликдир. Тарифларимиз улар сут маҳсулотларига жорий қилган 270 % га берган жавобимиз! - дейилади президент твитида.

"АҚШ бозорини тўлдираётган автомобиллар тарифларини кўриб чиқар эканмиз, АҚШ вакилларига баённомани қўлламаслик бўйича кўрсатма бердим", деб қўшимча қилди АҚШ президенти.

Европа Иттифоқи расмийси Трампнинг бу твитидан сўнг барча тарафлар келишилгандек баённомани қўллашда давом этишини билдирди.

Трюдо Трамп ғазабига туртки бўлган твитида президент Трампнинг савдо бўйича таҳдидлари ҳақоратга тенг экани ҳамда Канада 1 июлгача жавоб қайтариши ҳақида ёзган эди.

- Канадаликлар боадаб ва оқил, аммо бизга буйруқ беришларига йўл қўймаймиз, - дейилади Канада Бош вазири твитида.

Трюдонинг офиси Трамп твитига жавобан эълон қилган билдирувда Бош вазир Трампга шахсан айтмаган бирор гапни саммит давомида ҳам айтмагани таъкидланди.

Саккиз бетдан иборат G7 коммюникесида, лозим бўлса, Россияга қарши янада кўроқ чеклов жорий қилиш мумкинлиги айтилади.

Баённома, шунингдек, Россияни ўзининг “беқарорлаштирувчи фаолиятини, демократик тизимларга путур етказиш ҳамда Сурия тузумини қўллашни тўхтатишга” чорлайди.

G7 таркибига Қўшма Штатлар, Британия, Канада, Франция, Германия, Италия ва Япония қиради.

Бу йилги саммит давомида Вашингтон ўзининг узоқ йиллик ҳамкорлари билан Россия, савдо, иқлим ҳамда Эрон ядровий дастури бўйича келиша олмади.

Россия президенти Владир Путин G7 танқиди “сафсатадан” бошқа нарса эмас, деб тарафлар ҳамкорликни тиклаши кераклигини таъкидлади.

Аввалроқ, Трамп Россияни гуруҳга қайтаришга чорлаб, АҚШ ҳамкорларини лол қолдирган эди.

Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, россияпараст айирмачиларни даскатлай бошлаганидан кейин, ўша пайтда G8 ўлароқ маълум бўлган гуруҳдан чиқариб юборилган.

Шу пайтгача Украина шарқида бўлгинчилар билан ҳукумат қўшинлари ўртасидаги жангларда 10 минг 300 дан зиёд киши қурбон бўлди.

9 июнь куни Трамп журналистлар билан суҳбат давомида: "Россияни G7 дан кўра G8 да кўришни истаган бўлардим. G8 G7 га қараганда кўпроқ маънога эга, деган бўлардим", деди.

Бунга жоваб 10 июнь куни Путин Россия гуруҳни ўз истаги билан тарк этмаганини, аъзо давлатларни Москвада кутиб олишга тайёр эканини айтди.

XS
SM
MD
LG