Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:31

Блогер Миразиз Бозоровга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди


Миразиз Бозоров
Миразиз Бозоров

Тошкентнинг Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ўтган йил апрелидан буён уй қамоғида сақланаётган блогер Миразиз Бозоровга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Маҳкама бошланганидан бир кун ўтиб эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Бозоров Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми г-банди билан "ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат" қилишда айбдор, деб топилди.

30 яшар блогер ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматига қарши коррупция айбловлари ва Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариш ҳақидаги чақириқлари билан танилган.

Адвокати Сергей Майоров Бозоров устидан кечган маҳкамани адолатсиз деб атаб, ҳукмни бекор қилишга чақирди:

- 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шу пайтгача ўтказган уй қамоғи муддати ҳам қўшилади. Яъни 2 йилдан ортиқроқ муддати қолди. Суд ҳукми ноқонуний, адолатсиз, яққол кўриниб турган ҳолатлар инобатга олинмай қабул қилинган қарор. Бу қарор устидан албатта шикоят киритилиши ва бекор қилиниши лозим. Чунки маҳкама расман қонунбузарликларсиз ўтган бўлса-да, аслида адолатсиз ва нохолис ўтказилди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 48-1-моддасига (Озодликни чеклаш) биноан айбдор, деб топилган шахсга қуйидагилар тақиқланади:

  • муайян жойларга бормаслик;
  • оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
  • муайян фаолият билан шуғулланмаслик;
  • муайян буюмларга эга бўлмаслик ёки уларни ўзида сақламаслик;
  • транспорт воситасини бошқармаслик;
  • маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик;
  • муайян шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
  • алоқа воситаларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланмаслик;
  • алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик.

Майоровга кўра, озодликни чеклаш шартлари судя қарори билан белгиланади ва Миразиз Бозоровга оид чекловлардан суд ҳукмини душанба куни қўлига олгач, тўлиқ хабардор бўлади.

Блогер устидан суд 20-21 январь кунлари бўлиб ўтди. Ҳар икки мажлис очиқ, деб эълон қилинганига қарамай, унга журналистлар қўйилмади.

Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова журналистлардан манфий ПЗР-тест натижасини талаб қилди. Аввалдан огоҳлантирилмаганидан норози бўлган ОАВ вакиллари саволларига жавоб бермади.

Аммо маҳкамада қатнашаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, чет эл дипломатик корпуси, Европа Иттифоқи ва БМТ ваколатхонасидан вакиллар судга киритилган.

Бозоров устидан суд 4 шахснинг даъвоси асосида кўрилди.

Булар - Ислом цивилизацияси маркази собиқ ходими, тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остидаги зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов, Ютюб тармоғидаги канали билан танилган Шуҳрат Мусаев, Телеграм тармоғидаги блогер Абусолиҳ Салимов ҳамда Тошкентдаги 110-мактабнинг бир ўқитувчиси.

Ҳукм эълон қилингач, айблов тафсилотларини очиқлаган адвокат Майоровга кўра, Бозоровга нисбатан айблов 3 пунктдан иборат бўлган.

Булардан бири, пойтахтдаги 110-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларидан тушган жамоавий шикоят асосида илгари сурилган айбловдир.

Майоровга кўра, норозилар блогернинг ТикТок тармоғидаги чиқишлари, жумладан “Мактаб-эски қуллар ва омадсизлар, ёш авлодни қул ва омадсиз бўлишга ўргатадиган жой” каби гапларига эътироз билдиришган.

Қолган икки айблов, 3 нафар блогер шикояти асосида илгари сурилган. Адвокатга кўра, Бозоров уларни ДХХ га хизмат қиладиган "ДХХ блогерлари" ҳамда "ИШИД тарафдорлари", деб айблагани, жиноят ишида 3 блогерга нисбатан туҳмат, деб малакаланган.

Сергей Майоровга кўра, уч "исломчи блогер", штат бирлиги ёки штатдан ташқари шаклда ДХХда ишламаслиги, ИШИДга аъзо эмаслиги ҳақида судга, Давлат хавфсизлик хизматидан олинган маълумотномани тақдим қилишган. Суд буни инобатга олган.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматини коррупцияда айблаб, кескин танқид қилган ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариб ташлашга чақирган 30 яшар блогер Миразиз Бозоров устидан тергов қарийб 10 ой давом этди.

Жиноят иши ўтган йил 28 апрелда очилган. Блогернинг ўзи 29 апрелда уй қамоғига ташланган, судга ҳам уй қамоғидан олиб келинди.

Тергов жараёнида блогер аввал жабрланувчи бўлди, кейин гумонланувчига айланди ва жиноятчи ўлароқ судга келтирилди.

Ўтган йилнинг 28 март оқшомида бир гуруҳ номаълум шахс блогерни ўз уйи олдида калтаклаб кетганди.

Ўша куни Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбонида, япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлислари йиғинини ўтказилиш режаланган, аммо ўтказилмаган эди.

Калтакланишидан аввал, Озодлик билан гаплашган блогер, ҳар якшанба бўладиган тадбирга, бу гал агрессив кайфиятдаги юзга яқин одам қаршилик қилгани, тадбир қолдирилганини билдирган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўша куни бу тадбирни, ЛГБТ гуруҳлари тарғиботи, деб қоралаган ўнлаб норозиларнинг хиёбонда "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқиргани ва юриш қилгани акс этган.

Ўша куни оқшом, юзига ниқоб таққан номаълум шахслар блогерни ўз уйи олдида бейсбол тўқмоқлари билан калтаклаб кетди.

Оғир тан жароҳатлари олган блогер касалхонага ётқизилди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси суриштирув бошлади. Блогерни калтаклаганлардан бирининг фотороботини эълон қилди.

Адвокат Сергей Майоровга кўра, Бозоровнинг калтакланишига оид ҳодиса расман суриштирила бошлаган бўлсада, аслида бу суриштирув давом эттирилмаётир, ИИВ эса калтаклаганларни қидирмаётир.

Зеро, бу суриштирувни бошлаган ИИВ, шифохонада ётган Миразиз Бозоров устидан ҳам 28 та ариза тушгани, булар орасида Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчилари борлигини маълум қилган, жиноят ишини эса блогернинг ўзига нисбатан қўзғатган эди.

Сўнгра шикоятчилар сафига блогерлар ҳам қўшилгач, оғир аҳволда аравачада шифохонага етказилган блогер, у ердан қўлида кишан билан олиб чиқилди ва уй қамоғига ташланди.

Аммо, Амир Темур хиёбонидаги воқеалардан аввал ҳам блогер жамоатчилик диққат марказида қолаётган эди.

У ўзининг “Канал Базарова” Телеграм-каналида, президент Мирзиёев бошқаруви остида коррупция кучайгани, янги бошланган сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни халқ учун “катта йўқотиш” деб билиши, пандемия пайтида ҳукумат “халқ пулини ўғирлади” деган хулосалари акс этган видеопостларни бот-бот эълон қилган.

2021 йил 24 октябрда бўлган президентлик сайловини “бойкот қилишга” ҳам чақирган.

"Ўта ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг режими аҳолини иқтисодий муаммолардан чалғитиш учун гомофобия мавзуидан усталик билан фойдаланмоқда. Натижада, ҳукумат корона-инқироз боис юзага келган иқтисодий бўҳрон оқибатларини умуман эплай олмаётир ва мамлакатимизнинг ташқи қарзи бир неча баробар ортиб кетди, ЯИМ ҳажми эса умуман кўпайгани йўқ", деган эди чиқишларидан бирида Миразиз Бозоров.

Бозоров сўнгги қисқа муддат ичида судланган навбатдаги таниқли блогердир.

Ўтган йили сурхондарёлик таниқли блогер, YouTube тармоғидаги "Халқ фикри" видеоблоги билан ном чиқарган Отабек Сатторий 6 ярим йилга қамалган.

Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси, Хьюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти, шунингдек АҚШ ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари блогерларга нисбатан бундай босим ва жазо механизмини қоралаб келади.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича ислоҳотлар суръати 2021 йилда, айниқса, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган октябрдаги президент сайлови арафасида тўхтаб қолди ва айрим жиҳатларда орқага чекинди” деб хулоса билдирди Human Rights Watch ташкилоит, шу йил 11 январь куни эълон қилган ҳисоботида.

Халқаро ташкилотга кўра,Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ жараён мувафаққиятсизликларни бошдан кечирмоқда.

XS
SM
MD
LG