Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:41

МХХнинг Сурхондарëдаги "уюшган жиноий гуруҳи" тергов қилинмоқда


Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳузиридаги СВОЖҚКД биноси
Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳузиридаги СВОЖҚКД биноси

Ўзбекистон МХХ Тергов бошқармаси собиқ терговчиси¸ адлия подполковниги Нодирбек Тўрақуловнинг қудаси, Сурхондарёда ном чиқарган бойлардан бири Эркин Норқобилов ва унинг яқинларига тегишли бўлган ўнлаб корхона текширилмоқда¸ унинг мол-мулки хатланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка бу текширувларга бевосита алоқадор расмийлар ва тадбиркорлар хабар қилди.

Айтилишича¸ 22 январь куни ҳибсга олинган Сурхондарë вилоят МХХ Тергов бўлими собиқ раҳбари Нодир Тўрақулов устидан Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси очган жиноий иш доирасида 14 терговчидан иборат сайёр гуруҳ Термиз шаҳрига келган. Сурхонлик тадбиркорларга кўра¸ Тўрақулов мазкур вилоятдаги фаолияти давомида жиноий гуруҳ тузганликда гумонланмоқда ва бу гуруҳ таъқибига учраганлар биттама-битта суҳбатга чақиртирилиб¸ улардан Тўрақулов-Норқобилов иккилигига қарши кўрсатма олинмоқда.

Ҳарбий прокуратуранинг “алоҳида топшириғи”га кўра, ушбу жараëн доирасида Эркин Норқобилов ва унинг яқин одами бўлган Орифжон Сатторовнинг ўндан ортиқ масъулияти чекланган жамиятига тегишли автотранспорт воситалари ҳибсга олинган.

Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳузиридаги СВОЖҚКД биноси
Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳузиридаги СВОЖҚКД биноси

Ҳарбий прокуратуранинг ўта муҳим ишлар бўйича тергов гуруҳи томонидан суҳбатга чақирилган сурхондарёлик тадбиркорлардан бири Озодлик билан суҳбатда Тўрақулов-Норқобилов рейдерлиги туфайли 2014 йили ўз бизнесидан ажраганини айтади.

“Мен ҳам Тўрақуловнинг қудаси Норқобилов томонидан жабрланганларданман. Воқеани конкретлаштирсам, шахсим аниқ бўлиб қолади. Ҳарбий терговчи мендан қандай воқеа бўлгани, қандай сабаблар билан менинг корхонам тортиб олинганини сўради. Мен очиқ айтдим, Эркин Норқобилов МХХ бўлган қудаси Тўрақулов ёрдамида мени синдирди, дедим”, дейди корхонаси ва ўз номини очиқлашни истамаган тадбиркор.

Унинг айтишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Термиздаги биносида жтказилаëтган суҳбатларда терговчилар чақирилганлар билан яхши муомалада бўлаяпти ва Нодир Тўрақулов ёки унинг одамларидан жабрланганлардан ариза ёздириб олаяпти.

Исми сир қолишини сўраган қизириқлик тадбиркор, Нодир Тўрақулов ҳимоясидан "қутурган" Эркин Норқобилов Қизириқ туманидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчасини ҳам синдирганини айтади.

“Газ заправкалари бўйича Эркин Норқобилов вилоятда монополия ўрнатган эди. Қизириқда аввалдан қурилган заправка бор эди. Норқобилов уни ҳам сунъий банкрот қилиб, унинг ёнига ўз одамларига тегишли янги заправка қурдирди. Бу заправка навбатсиз кирадиган машиналардан 7 минг сўмдан қўшимча ҳақ оларди. Вилоят бўйича Эркин Норқобиловга тегишли 13 та шундай заправка бор, уларнинг ҳаммасида шундай ҳолат эди”, дейди тадбиркор.

Тадбиркорнинг айтишича, МХХнинг Сурхондарëдаги бош терговчиси Нодир Тўрақуловга қудалиги боис Эркин Норқобиловга бу вилоятда "ҳеч кимнинг тиши ўтмаган".

“Норқобилов шунақа ҳам ўзидан кетган эдики, унга прокуратура ва милиция ходимлари хизмат қилар ва ўз навбатида уларнинг ғайриқонуниний ишларига қудаси, МХХ зобити “криша” эди. Бир прокуратура терговчиси Дамас ва Нексияларни тўлдириб, Норқобиловнинг Термиз туманидаги офисига миллиардлаб сўм ташиганини ўзим кўрганман. Бу офисни кўрсангиз ҳайрон қоласиз, деворлари худди турманикидек баланд қилиб қурилган. Нодир Тўрақулов ишдан кетганида бу терговчи ҳам бир ой қамоқда ётиб чиқди. Лекин ҳозир яна бир туманнинг прокурор ўринбосари бўлиб ишлаяпти”, дейди тадбиркор.

Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасининг 2018 йил 24 февралдаги 08/26612-18 сонли “Алоҳида топшириғи”да Эркин Норқобилов ва Орифжон Сатторов устидан очилган жиноят ишида бу шахсларга тегишли ўндан ортиқ “Масъулияти чекланган жамият”(МЧЖ)нинг барча автотранспорт воситалари ушланиши ҳақида фармойиш берилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ мактуби
Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ мактуби

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи З.Қаюмов имзоси билан ўз ходимларига юборилган топшириқномада, “Жануб стандарт чорвачилик комплекси”, “Жануб стандарт ИПЧК”, “Жануб стандарт ИПЧК МСМТ ва FK”, “Термиз озиқ-овқат савдо МЧЖ”, “Марказий улгуржи чакана савдо МЧЖ”, “Сурхон сарвари” фермер хўжалиги, “Сурхон Ангор сервис техник МЧЖ”, “УСГТШ Термиз” МЧЖ”, “Анқар ДТДР” фермер хўжалиги”, “Сурхон автосавдо МЧЖ”, “INTER SILK PRO” МЧЖ корхоналарига тегишли бўлган автотранспорт воситаларини, фуқаролар Эркин Норқобилов ва Орифжон Сатторовга тегишли бўлган барча турдаги автотранспорт воситаларини аниқлаш ва ушлаб жарима майдонига қўйиш топширилган.

Озодлик суҳбатлашган сурхонлик тадбиркорларга кўра¸ Термиздаги ҳашаматли “Малика” ресторанининг эгаси Орифжон Сатторов Эркин Норқобиловга яқин одамлардан бири бўлган.

Сурхондарё вилояти ИИБнинг ўзини таништирмаган мулозими, шу кунларда Эркин Норқобилов ва унга тегишли бўлган корхоналар хатланаётгани ва автотранспорт воситалари жарима майдонига олиб келиб қўйилаётганини тасдиқлади.

“Бошлиқнинг буйруғи бор. Шу пайтгача ўндан ортиқ автомобиль ушланди. Эркин Норқобиловга тегишли деб айтилаётган барча корхоналар тафтиш қилинмоқда”, деди мулозим.

Мулозим Эркин Норқобилов ҳибсга олинган-олинмагани ҳақидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

Ҳарбий прокуратура терговчилари билан суҳбатлашиб чиққан тадбиркорлардан бирига кўра¸ Эркин Норқобилов ҳибсга олинган. Ҳозирча Озодлик бу хабарни расман тасдиқлата олгани йўқ.

Сурхондарëда "донг таратган" МХХ зобити Нодир Тўрақулов президент Мирзиëев жорий йилнинг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан 22 январь куни Тошкентда қамоққа олинган эди.

Сурхондарëлик фаоллар билан учрашувда Шавкат Мирзиëев Миллий хавфсизлик хизматининг йиллар давомидаги фаолиятини Сурхондарë вилоятини мисол қилиб ниҳоятда қаттиқ ғазаб билан гапирган эди.

“ Миллий хавфсизлик бутун Сурхондарëни ўлдирган. Иккита учта сотқинлар¸ давлат сотқинлари бу ерда ишлаб ҳамма ерни ўлдирган. Шунинг учун мен ҳаммасидан ўзим хабардорман. Мана қарор қабул қилдим. Ангор туман МХХ раҳбари Абдумўминов Баҳромни ишдан олиш ҳақида. Адлия капитани¸ тергов бўлими бошлиғи Бердимуҳаммедовни ишдан олдим. Ҳаммаси булар Сурхондарëни бир пайтлар от ўйин қилиб ташлаган. Ҳамма тизимга аралашган. Мой заводи уларники эди¸ ўзимам билардим буни. Дон комбинати ва бошқа бутун тирик ташкилотларни бу ноинсофлар кириб ҳаром қилиб ташлаган ана шу олдинги сотқинлар. Бир иккитаси Тошкентда юрибди эртага бориб уни ҳам ишдан оламан. ( Нодир Тўрақулов назарда тутилмоқда - таҳр.) Буларнинг ҳаммаси сотқин. Мана¸ мен бугун ҳаммасини ишдан олдим¸ деган эди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Президент буйруғи билан қамоққа олинган Нодир Тўрақулов Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодировнинг куëви - Қодиров акасининг қизига уйланган¸ тўрт фарзанди бор.

Айни кунларда ўзи жиноий иш марказига қўйилган 42 яшар Нодир Тўрақулов 2017 йил сентябрида ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев ишини олиб бораëтган МХХ терговчиси эди.

XS
SM
MD
LG