Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:26

Туркияда мухолифат мамлакатни яккаҳокимликдан қутқариш учун бирлашмоқда


Ражаб Тоййиб Эрдўғог
Ражаб Тоййиб Эрдўғог

Туркиядаги конституциявий ўзгаришлар қудратли президент тизимини жорий этишни кўзда тутар экан, 24 июнь куни бўлиб ўтажак сайлов мамлакат янги тарихидаги энг муҳим сайловга айланади.

Сайловда жорий президент Режаб Тоййип Эрдўғон ғолиб чиқиши олдини олиш умидида Туркиядаги мухолиф партиялар бирлаша бошлаган.

Янги тузилган Миллат иттифоқи Жумҳурият халқ партияси (CHP) номзоди Муҳаррам Инжени қўлламоқда.

Иттифоқ социал демократлар, ўрта-ўнг-қанот консервативлар, миллатчи либерал консервативлар ҳамда консерватив исломчиларни ўз ичига олади.

Миллат иттифоқидан парламентга номзодлар эса парламентда етакчиликни қўлга киритадиган бўлса, 2017 йилги референдумда қабул олинган конституцион ўзгаришларни бекор қилиш ваъдасини бермоқда.

2017 йилнинг 16 апрелида ўтган референдумда конституцияга ўзгартишлар қабул қилиниб, Туркия парламент республикасидан президент республикасига айланди ва Эрдўғоннинг ваколатлари кенгайтирилди.

Кўпчилик танқидига учраган референдум шартлари 24 июнги сайловдан кейин кучга куради.

2017 йилги референдумда, шунингдек, бош вазир лавозими йўқ қилинди ва парламент томонидан президент ваколатларини назорат қилиш механизмлари йўқ қилинди.

Конституцияга киритилган ўзгартишлар рўйхатини Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) ва у билан коалиция тузган Миллатчи ҳаракат партияси (MHP) тузган.

Танқидчилар референдум ортидан Туркия авторитар давлатга айлана бошлаганини айтиб келади.

Кейинги ойларда Эрдўғонни қўлловчилар сони озайди.

Бунга оқсаётган иқтисод, президентнинг курдларга қарши кескин сиёсати ҳамда 2016 йилдаги муваффақиятсиз давлат тўнтариши уриниши ортидан ўз сиёсий рақибларига қарши аёвсиз кураша бошлагани сабаб бўлди.

Шундай бўлса-да, сайловолди сўровлар Эрдўғон 24 июнги сайловда қайта сайланиши эҳтимоли юқори эканлигини кўрсатмоқда.

Сайловнинг биринчи босқичи натижалари ўша куни маълум бўлади.

Аммо у биринчи босқичда енгиш учун овозларнинг 50 фоизидан кўпини тўплай олиш-олмаслиги ҳозирча номаълум.

Қароргоҳи Вашингтонда бўлган Яқин Шарқ институтининг Туркияни ўрганиш маркази директори Гонул Тол Озодлик билан суҳбатда бу йилги сайлов Туркияни авторитаризм илинжидан сақлаб қолиш учун сўнгги имкон эканлигини таъкидлади.

Толнинг айтишича, сайлов иккинчи босқичга қоладиган бўлса, Инже ғалаба қозониши мумкин. Аммо бунинг учун сайлов ва бюллетенларни санаш қонунбузарликларсиз ўтиши керак бўлади.

- CHPнинг мухолиф номзоди иккинчи босқичда Эрдўғонни енгиши мумкин, агар у курдлар овозларини тўплай олса ва, менимча бунданда муҳими, Эрдўғон ҳукмронлиги давридаги диний эркинликлар ўз ўрнида қолишини истайдиган мамлакатдаги диний консервативларни ўзига оғдира олса, - деди Тол.

Сиёсий таҳлилчилар сайловда Эрдўғоннинг AKP партияси партламент бошқарувини қўлдан бой бериши мумкинлигини айтмоқда. Бунинг олдини олиш учун эса бюллетенларни санаш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилиши мумкин.

- Агар Эрдўғон президент этиб сайланса, аммо унинг етакчи партияси парламент бошқарувини қўлдан бой берса, ўйлайманки, парламент Эрдўғонни муайян даражада жиловлаб туриши мумкин бўлади, - деди Тол.

Аммо ишлайдиган демократик тизимни йўлга қўйиш ҳамда Туркияни демократия йўлига қайтариш жуда мушкул бўлади, парламентни мухлифат бошқарган тақдирдаям.

Ҳам президентлик сайловида, ҳам парламент сайловида мухолифат қўли баланд келса, Туркия демократияси учун идеал ҳолат бўларди.

(Мақола муаллифи Рон Синовитз)

XS
SM
MD
LG