Линклар

 
Туркиядаги норозилик намойишлари: Эрдўғоннинг қўли баланд келадими?
Шошилинч хабар
01 апрел 2025, Тошкент вақти: 19:25

Туркиядаги норозилик намойишлари: Эрдўғоннинг қўли баланд келадими?


Истанбул шаҳар ҳокими Акрам Имомўғли.
Истанбул шаҳар ҳокими Акрам Имомўғли.

Бундан чорак аср муқаддам Истанбулнинг халқ орасида машҳур шаҳар ҳокими сиёсий деб баҳоланган айбловлар билан лавозимидан маҳрум этилган ва қамоққа олинганди.

Кейинчалик сиёсий саҳнага қайтиб, мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг узоқ вақт ҳокимиятда қолган раҳбарга айланди.

Бу Туркиянинг жорий президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эди.

Аммо бугун Эрдўғон ўтган йигирма йилдан ортиқ авторитар бошқарув давридаги энг жиддий сиёсий инқироз билан рўбарў келмоқда.

Ажабланарлиси, бу вазият ҳам яна бир машҳур ва қайсар Истанбул шаҳар ҳокимининг ҳибсга олиниши билан бошланди.

19 март куни Истанбул ҳокими Акрам Имомўғлининг коррупция ва террорчилик гуруҳига ёрдам бериш айбловлари билан қўлга олиниши ортидан Истанбул, Анқара ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари ҳамда вилоятларида норозилик намойишлари бошланиб кетди.

Бу эса 2013 йилдаги дунё миқёсидаги Гези парки намойишларидан бери Туркияда кузатилган энг йирик ва кенг қамровли норозилик бўлди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, айнан ўша даврдан бошлаб мамлакатда авторитаризм кучая бошлаган.

Ҳозирги намойишларда ҳалигача қурбонлар қайд этилмади, бироқ тахминан 1 500 киши қўлга олинган, улар орасида Эрдўғон ва унинг оила аъзоларини ҳақорат қилишда айбланганлар ҳам бор. Бир неча журналист қамалган, BBC мухбири «жамоат тартибига таҳдид» деб топилиб, мамлакатдан чиқариб юборилган.

Таҳлилчиларга кўра, бу галги инқироз Эрдўғон ва Туркия демократик тизими учун янада жиддий тўсиқ бўлиши мумкин, сабаби — бугунги иқтисодий ва сиёсий муҳит .

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

«Ўшанда Эрдўғоннинг харизматик рақиби йўқ эди, иқтисодиёт яхши ҳолатда эди ва энг муҳими, кўпчилик консерватив сайловчилар Адолат ва Тараққиёт партияси (АКП) га содиқ қолган эди», — дейди 2022 йилда чоп этилган «Туркия Эрдўғон даврида: Демократия ва Ғарбдан юз ўгириш» китоби муаллифи Димитар Бечев.

«Ҳозирги кунда ўтказилаётган сўровлар турли-туман муаммолар ичида аҳоли учун энг долзарб масала — ҳаёт қимматлиги эканлигини кўрсатмоқда. Имомўғли айнан шу масалаларда сўз юритмоқда ва шу туфайли кенг сайловчилар қатламига хитоб қилмоқда», — дейди таҳлилчи Озодлик билан суҳбатда.

Кўпчиликнинг овози

Имомўғлининг харизмаси ва аҳоли орасидаги машҳурлиги Эрдўғон ва унинг партияси учун қанчалик жиддий таҳдид эканини назардан соқит қилиб бўлмайди.

Имомўғли 23 март куни бўлиб ўтиши керак бўлган мухолифатчи Республика халқ партиясининг (CHP) ички сайловларида 2028 йилги президентлик сайловларига номзод сифатида тасдиқланиши арафасида ҳибсга олинди.

Ушбу праймеризда 15 миллионга яқин фуқаро иштирок этди, бу 2023 йилги парламент сайловларида CHP учун овоз берганлар сонидан ҳам кўп.

CHP 24 март куни Имомўғлини расман номзод сифатида эълон қилди.

Истанбулдаги намойишчи.
Истанбулдаги намойишчи.

Ҳибсга олинган пайтида, 53 ёшли Имомўғли 2019 йилги шаҳар ҳокимлиги сайловларини бекор қилган сайлов масъулларини “аҳмоқлар” деб атагани учун 2022 йилда ўзига нисбатан чиқарилган қамоқ жазосини бекор қилиш учун курашаётган эди.

Бу икки ярим йиллик қамоқ жазоси ҳали кучга кирмаган, чунки апелляция жараёни давом этмоқда.

Ҳибсга олиниши арафасида Истанбул университети Имомўғлининг олий маълумот дипломини бекор қилди, бу эса Туркияда президентликка номзодлик учун зарур бўлган талаблардан бири ҳисобланади.


Истанбулдаги намойишчи.
Истанбулдаги намойишчи.

Сиёсатчига қарши қўлланилган бу ҳаракатларнинг ҳаммаси ҳукумат ва ҳукуматга яқин оммавий ахборот воситалари томонидан уни ва унинг 100 дан ортиқ партиядошларига қўйилган айбловларнинг сиёсий эмаслигига жиддий шубҳа уйғотди.

«Ёмон томони шундаки, бу ҳаракатлар Имомўғлини янада машҳурроқ қилади», — дейди Киевдаги Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори Игор Семиволос Озодлик билан суҳбатда.

"Сайланган диктатура" сари?

Эрдўғон CHP ни намойишчиларни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатда «зўравонлик ҳаракати» қўзғатиш ва «иқтисодиётни чўктирганлик»да айблади. Унинг таъкидлашича, бу «шоу» тез орада тугайди. CHP эса Имомўғлининг ҳибсга олинишини «давлат тўнтариши» деб атади ва 25 март куни кечқурун Истанбул шаҳар ҳокимлиги биноси олдида охирги митингини ўтказди. Аммо 29 март куни яна катта митинг режалаштирилган.

Associated Press маълумотига кўра, 27 март куни Анқарадаги Яқин Шарқ техник университети олдида намойиш ўтказган талабаларга қарши полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлар ишлатган.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Мустафо Камол Отатурк таъсис этган замонавий Туркия билан узвий боғлиқ бўлган CHP партияси, афтидан, ташаббусни қўлга олиш имконига эга.

Бу, кўп жиҳатдан Имомўғлининг шахси билан боғлиқ бўлиб, у партиянинг асосий электорати бўлган шаҳарлик, дунёвий ва зиёли қатламдан ташқаридаги аҳолига ҳам хитоб қила олади. Унинг «Ҳаммаси яхши бўлади» шиори Эрдўғоннинг жамиятни бўлиб ташловчи риторикасига қарши.


Истанбулда шу ой бошидаги намойиш.
Истанбулда шу ой бошидаги намойиш.

Конституцияга кўра, Эрдўғон ҳозирги муддатидан кейин яна президентликка номзод бўлмаслиги керак, фақат парламент навбатдан ташқари сайлов эълон қилса ёки Асосий қонун ўзгартирилсагина, бунга йўл очилади.

Аммо кўпчилик бунга шубҳа қилмайди, шунинг учун ҳам CHP праймеризни олдинроқ ўтказишга қарор қилди.

Жорий йил бошида Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партияси вакили президентнинг тўртинчи муддатга сайланиши «кун тартибида» эканини тасдиқлаган эди.

Миллиятчи ҳаракат партияси (MHP) раҳбари ва Эрдўғоннинг муҳим иттифоқчиси бўлган Давлат Баҳчели ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлаган.

Freedom House'нинг дунёда эркинлик даражасига доир 2025 йилги ҳисоботида Туркия сўнгги ўн йил ичида демократик эркинликлар энг кўп таназзулга учраган 10 мамлакатдан бири деб топилди.

Анқарадаги намойиш. 21 март, 2025
Анқарадаги намойиш. 21 март, 2025

Шунга қарамай, сайловлар ҳали ҳам рақобатбардош бўлиб қолмоқда — буни Имомўғлининг 2019 ва 2024 йиллардаги шаҳар ҳокимлиги сайловларидаги ғалабалари ҳам кўрсатди.

2024 йилда CHP номзодлари маҳаллий сайловларда мамлакат бўйлаб овозларнинг катта қисмини қўлга киритиб, Эрдўғон 2001 йилда таъсис этган ҳукмрон партияга энг катта зарбалардан бирини берди.

San Diego давлат университетидаги Ислом ва Араб тадқиқотлари маркази директори Аҳмет Т. Қурунинг The Conversation нашрида ёзишича, Эрдўғон узоқ йиллар давомида популист сиёсат юритиш ва оммавий ахборот воситалари ҳамда сайлов тизимини мухолифатга қарши ишлатишнинг ҳадисини олган.

Бироқ бугун гиперинфляция ва ҳақиқатан ҳам машҳур рақиб сабабли, Эрдўған «жуда хавотирда», деб ёзади Қуру.

Агар ҳукумат қатағонлар йўлини танласа, «Туркиянинг сиёсий тизими носоғлом демократиядан Россиядаги каби “сайланган диктатура”га айланиши мумкин», — дейди у.

XS
SM
MD
LG