Линклар

Шошилинч хабар
28 феврал 2025, Тошкент вақти: 02:14

Халқаро хабарлар

Туркия Исроилга қарши БМТ судига берилган даъвога қўшилди

БМТ халқаро суди ҳакамлари, Ҳаага, 2024 йил 16 майи
БМТ халқаро суди ҳакамлари, Ҳаага, 2024 йил 16 майи

Анқара Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлар туфайли Исроилга қарши Жанубий Африка Республикаси томонидан БМТ халқаро судига берилган даъво аризасига қўшилди. Бу ҳақда Туркия Буюк миллат мажлиси (парламенти) маълумот тарқатди.

Шу тариқа Туркия Ғазо секторида ХАМАС гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) қарши ҳарбий амалиёт манзарасида Исроилни жавобгарликка тортишни талаб қилиб чиққан еттинчи мамлакатга айланди. Исроиллик расмийлар Ғазодаги ҳарбий амалиёт ХАМАСчиларнинг ўтган йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумига жавоб ўлароқ бошланганини айтиб келишади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғазодаги воқеаларни бир неча бор “фаластинликлар қатлиоми” деб атаган. Исроил бу айбловларнинг барчасини рад этган.

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) Исроилга қарши даъво аризасини Ҳаагадаги БМТ халқаро судига 2023 йилнинг декабрь ойида киритган. Май ойи охирида халқаро суд Исроилга Ғазо секторининг Миср билан чегарасида жойлашган Рафаҳ шаҳридаги жанговар амалиётни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган. Бундан ташқари, суд геноцидга оид маълумотларни тергов қилиш учун халқаро инспекторлар гуруҳини Ғазога киритишга чақирган.

Туркиядан ташқари ЖАРнинг даъво аризасига Никарагуа, Колумбия, Ливия, Мексика, Испания ва Фаластин мухторияти қўшилган.

БМТ халқаро судининг қарорлари бажарилиши мажбурий бўлиб ҳисобланмайди, бироқ улар халқаро ҳуқуқ жиҳатидан ўз вазнига эга бўлиб, Исроилга нисбатан бошқа мамлакатлар дастаги сусайишига сабаб бўлиши мумкин.

Кун янгиликлари

Freedom House рейтинги: Ўзбекистон яна эркин бўлмаган давлатлар сафида

Freedom House ташкилотининг 2025 йили жаҳондаги эркинлик даражаси акс эттирилган харитаси. Яшил ранг “эркин”, сариқ ранг “қисман эркин”, сафсар ранг эса “эркин бўлмаган” мамлакатларни англатади.
Freedom House ташкилотининг 2025 йили жаҳондаги эркинлик даражаси акс эттирилган харитаси. Яшил ранг “эркин”, сариқ ранг “қисман эркин”, сафсар ранг эса “эркин бўлмаган” мамлакатларни англатади.

Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан 26 февраль куни ёйинланган йиллик ҳисоботда Ўзбекистон яна “эркин бўлмаган” мамлакат ўлароқ эътироф этилган.

Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистондаги эркинлик кўрсаткичи 100 баллдан 12 баллни, сиёсий эркинлик кўрсаткичи 40 баллдан 2 баллни, интернет эркинлиги кўрсаткичи 100 баллдан 27 баллни, фуқаровий эркинликлар кўрсаткичи 60 баллдан 10 баллни ташкил этган ва бу кўрсаткичлар мамлакатни “эркин бўлмаган” давлатлар қаторига киришига асос бўлган.

Freedom House сайтида Ўзбекистон ҳақида тафсилотли ҳисобот келтирилган эмас.

“Гарчи Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентлик лавозимига киришганидан буён амалга оширилган ислоҳотлар айрим масалаларда ижобий ўзгаришларга олиб келган бўлса-да, Ўзбекистон ҳамон кичикроқ демократиклашиш аломатларига эга бўлган авторитар давлат бўлиб қолмоқда. Мамлакатда бирор-бир мухолифат партияси машруъ фаолият олиб боролмаяпти. Қонунчилик ва суд ҳокимияти феълан фармонлар воситасида ислоҳот ташаббуси билан чиқаётган ижро ҳокимиятининг қуроли сифатида хизмат қиляпти, оммавий ахборот воситалари эса аввалда бўлгани каби расмийлар томонидан қаттиқ назорат қилинмоқда”, дейилган ҳисоботда.

Freedom House ҳисоботида дунё аҳолисининг 40 фоизи “эркин бўлмаган” дея баҳоланган мамлакатларда, яна 40 фоизи “қисман эркин бўлган” мамлакатларда, фақат 20 фоизигина “эркин” мамлакатларда истиқомат қилаётгани қайд этилган ҳамда сайлов натижаларининг сохталаштирилиши, урушлар ва инсонларнинг ифода эркинлиги чекланиши асосий муаммолар ўлароқ саналган.

Freedom House рейтингига 195 та мамлакат ва 13 та ҳудуд киритилган бўлиб, улардаги эркинлик 25 та кўрсаткич бўйича баҳоланган. Сиёсий ва фуқаровий эркинликлар энг абгор жойлар ўлароқ Россия томонидан ишғол қилинган Украина ҳудудлари кўрсатилган. Freedom House баҳосига кўра, у ерда эркинлик даражаси манфий даражагача пасайиб кетган. Бундан сал яхшироқ вазият Тибетда (0 балл), Жанубий Судан ва Туркманистонда (1 баллдан) қайд этилган.

Жаҳондаги энг эркин мамлакат Финляндия бўлиб чиққан: бу мамлакат 100 баллга эга бўлган. Норвегия, Швеция ва Янги Зеландия 99 балл билан иккинчи ўринга чиққан.

Freedom House қайдича, умуман олганда дунёдаги эркинлик даражаси 19 йилдан буён тўхтовсиз пасайиб бормоқда.

Марселдаги консулхонага ҳужумда институт ходимлари гумонланмоқда

Марселдаги Россия консулхонаси ҳудуди, 2025 йил 24 феврали
Марселдаги Россия консулхонаси ҳудуди, 2025 йил 24 феврали

Францияда етакчи давлат илмий маркази бўлмиш Илмий тадқиқотлар миллий марказининг (CNRS) икки нафар ходими Россиянинг Украинага босқинига 3 йил тўлган 24 февраль куни Марселдаги Россия консулхонаси ҳудудига қўлбола портловчи мосламалар улоқтиришганини эътироф этишган. Бу ҳақда France Presse агентлигига прокуратура вакиллари маълум қилишди.

Қайд этилишича, гумонланувчиларнинг бири мазкур институтда муҳандис бўлиб ишлайди, иккинчиси эса кимё соҳасида илмий иш олиб бораётган олимдир.

Reuters агентлиги прокурор сўзларига таянган ҳолда, гумонланувчилар Франция фуқаролари экани ҳақида хабар қилган. Институтда Россия ва Украина дохил турли мамлакат фуқаролари фаолият юритишади.

24 февраль куни эрталаб Марселдаги Россия консулхонаси ҳудудига ичига портловчи суюқлик тўлдирилган учта шиша отилган эди. Улардан иккитаси портлаган, бироқ бундан консулхона биносига шикаст етган эмас. Ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланмаган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги содир бўлган воқеани террор хуружи деб атаган, Франция расмийлари дипломатик ваколатхона хавфсизлиги бузилиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатни қоралашларини билдиришган.

Маҳаллий ОАВ икки нафар гумонланувчи ўша кун оқшомида Марселда Украина қўллови учун ўтказилган митингда қўлга олингани ҳақида хабар қилишган. BFMTV қайдича, гумонланувчилар консулхонага ҳужум содир этилган 24 февраль тонгида видеокамера ёзиб олган тасвирлар бўйича таниб олинган. Ҳозирча уларга қайси модда бўйича айблов эълон қилингани ҳам, уларга нисбатан қанақа эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳам маълум эмас.

ҲАМАС Исроилга гаровдаги тўрт кишининг жасадини топширди

Гаровдагиларни озод қилиш талаби билан Исроилда ўтказилган акциялардан бири (архив сурати)
Гаровдагиларни озод қилиш талаби билан Исроилда ўтказилган акциялардан бири (архив сурати)

Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) гаровга олинган тўрт нафар исроилликнинг жасадини топширди. Уларни Қизил Хоч жамиятидан бўлган воситачилар олиб кетиб, ЦАХАЛ вакилларига топширишган, дея хабар қилди The Times of Israel нашри.

Айни пайтда Қизил Хоч воситачилигида Фаластин томонига 625 нафар маҳкумни топшириш жараёни ҳам бошланган. Уларнинг бир қисми Ғазо секторига автобусларда етказилган, бу йўналиш бўйича жами 400 дан зиёд одамни йўллаш кутилмоқда. Яна 97 нафар маҳкум Мисрга топширилган.

Исроиллик экспертлар ҲАМАС томонидан топширилган тўрт жасад шахсини тасдиқлашлари керак бўлади. Улар Цахи Идан, Охад Яхоломи, Ицхак Элгарт ва Шломо Мансур экани айтилмоқда. Жараён якунланганидан кейин уларнинг оилаларига хабар берилади.

Reuters хабарига кўра, Исроил Фаластин томонига аввалроқ гаровда ўлган Шири Бибас дея топширилган аёл жасадини қайтариб беради. Аслида марҳума ғазолик аёл бўлгани айтиляпти.

ҲАМАС ҳордиқ кунлари қўйиб юборилмаган фаластинлик маҳкумлар эвазига Исроилга гаровдаги тўрт нафар киши жасадини топшириши ҳақида 26 февраль куни маълум бўлган.

ҲАМАС билан тузилган оташкесим келишувига мувофиқ, 22 февраль куни Исроил гаровдаги олти нафар исроилликнинг озод қилинишига жавобан 602 нафар фаластинликни қамоқхоналардан чиқариб юбориши лозим эди. Бироқ исроилликлар ҲАМАС “гаровдагиларнинг қадр-қийматини ерга урувчи пропагандистик маросимлар” ўтказаётганини иддао қилиб, бу ишни амалга оширган эмас. Бу қадам икки ўртада тузилган бутун битимни хавф остига қўя бошлаганди.

Трамп иммигрантларга 5 млн доллар эвазига “олтин карта” ваъда қиляпти

Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп 5 миллион доллар эвазига “олтин карта” (Gold Card) деб аталган яшаш учун рухсатномалар сотилиши ҳақид эълон қилди.

У сизга грин-карта имтиёзларини беради ҳамда фуқароликка йўл очади. Бадавлат одамлар бу картани сотиб олиб, бизнинг мамлакатимизга келишади”, деган Трамп.

Унга кўра, бундай карта соҳиблари “кўп пул сарфлайди, кўп солиқ тўлайди ва кўплаб одамни ишга ёллайди”. Янги дастурга оид тафсилотларни АҚШ президенти икки ҳафтадан кейин очиқлашга ваъда берган.

Журналистларнинг: “Картани россиялик олигархлар ҳам сотиб олиши мумкинми?” деган саволига жавобан Трамп бунинг имкони борлигини айтган. “Мен россиялик бир неча олигархни биламан, улар жуда ёқимтой инсонлар”, дея қайд этган у.

Gold Card АҚШга сармоя киритмоқчи бўлган иммигрантлар учун виза дастурининг (ЕВ-5) ўрнига келиши режаланмоқда, мазкур дастур орқали сармоядор иммигрантлардан АҚШ иқтисодиётига камида 800 минг доллар ётқизиш ва иш ўринлари ташкил этиш талаб этиларди. АҚШ савдо вазири Говард Лютник уни “бутунлай сафсата ва товламачилик” деб атаган.“Бу грин-картани арзон баҳода олиш йўли эди”, дея билдирган у. Лютник “олтин карталар” сотилишидан тушган маблағни АҚШда бюджет дефицитини қисқартиришга йўналтириш мумкин бўлишини қўшимча қилган.

АҚШ ва Россия Истанбулда икки томонлама муносабатларга оид музокара ўтказади

АҚШ ва Россия делегациялари Ар-Риёздаги учрашувда (архив сурати)
АҚШ ва Россия делегациялари Ар-Риёздаги учрашувда (архив сурати)

АҚШ ва Россия икки томонлама муносабатлар тўғрисида, шу жумладан элчихоналар ишларини изга солиш юзасидан 27 февраль куни Истанбулда музокара ўтказади. Бу ҳақда 26 февраль куни АҚШ Давлат департаменти ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилишган.

Тадбир Туркия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланган. Маълумотларга кўра, учрашув кун тартибида Украинадаги уруш мавзуси йўқ.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио АҚШ ва Россия Москва ва Вашингтондаги элчихоналар штатини тиклашга оид келишувга эришганлари ҳақида маълум қилганди. Элчихоналар чекланган тартибда фаолият юритишмоқда, Россиядаги АҚШ консулхоналарининг барчаси эса дипломатларни ўзаро мамлакатдан чиқариб юборишлардан кейин ўз ишини тўхтатиб қўйишган эди.

2023 йил октябри ҳолатига АҚШ 225 нафар россиялик дипломатни бадарға қилган. Россия бошқа Ғарб мамлакатлари қаторида Вашингтонга Россия фуқароларини ишга ёллашни тақиқлаб қўйган — бу ходимлар элчихона штатининг 70 фоизигача ташкил қилган.

Бундан ташқари, АҚШ Россиянинг Вашингтондаги янги элчиси Александр Дарчиев номзодини ҳалигача тасдиқлаган эмас. Ўз навбатида, Вашингтон Оқ уйда маъмурият алмашганидан кейин Россиядаги янги элчисини тайинламаган. Маълумотларга кўра, янги элчи АҚШнинг Ўзбекистондаги, Грузиядаги ва Ливиядаги собиқ элчиси Ричард Норланд бўлиши мумкин. У АҚШнинг Москвадаги элчихонасида 1988-1990 йилларда ишлаган.

Судандаги авиаҳалокатда 40 дан зиёд одам қурбон бўлди

Судандаги фуқаролар уруши (иллюстратив сурат)
Судандаги фуқаролар уруши (иллюстратив сурат)

Суданда армияга қарашли транспорт учоғи ҳалокатга учрагани оқибатида юқори лавозимли ҳарбийлар дохил 40 дан зиёд киши қурбон бўлган. Бу ҳақда ахборот агентликлари врачлар ва ҳарбий доиралардаги манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Associated Press агентлиги келтирган сўнгги маълумотларга кўра, авиаҳалокат чоғида 46 киши ўлган, камида 10 киши жароҳат олган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Транспорт учоғи ҳозирча аниқланмаган сабабларга кўра пойтахт Хартум агломерациясига кирувчи Омдурман шаҳри ҳарбий аэродроми яқинидаги аҳоли зич яшайдиган мавзега қулаган. Хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида ҳарбийлар ҳам, оддий фуқаролар ҳам бор.

Даставвал учоқ бортида 19 киши бўлгани хабар қилинганди, кейинроқ ҳодиса чоғида 20 киши ўлгани ҳақида билдирилган, сўнгра эса қурбонлар сони 40 нафардан ошгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Афтидан, нафақат учоқ бортида бўлган, балки ерда бўлган одамлар ҳам нобуд бўлган, чунки учоқ қулаш чоғида тураржой биносига бориб урилган.

Фожиада қурбон бўлганлар орасида ҳукумат армияси саркардаси, аввал пойтахт Хартум гарнизони бошлиғи лавозимини эгаллаган генерал-майор Бар Аҳмад ҳам бор.

Суданда ҳукумат армияси ва ўзларини “Тезкор жавоб кучлари” деб атайдиган гуруҳ ўртасида фуқаролик уруши давом этмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, учоқ қулашига ҳарбий ҳаракатлар эмас, балки техник носозлик сабаб бўлган.

Россия суди Forbes журналистини 8 минг долларлик жаримага тортди

Сергей Мингазов
Сергей Мингазов

Forbes журнали ходими Сергей Мингазов Россияда армия тўғрисида “фейк” тарқатганликка оид иш бўйича жаримага тортилди.

Хабаровскнинг Краснофлотск туман суди Forbes журналистига Россия армияси тўғрисида “фейк” тарқатганликка оид иш бўйича 700 минг рубль (бугунги курс бўйича 8 минг АҚШ долларидан кўпроқ) жарима тайин қилди, деб ёзган “Коммерсант” нашри.

Мингазов Украинанинг Буча шаҳридаги воқеаларга оид учта хабарни репост қилганликда айбланган. У битта ҳолат бўйича айбловни тан олган. У қилган ишидан таассуфда эканини билдириб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳукм чиқаришни сўраган.

Февраль ойи бошида ўтказилган маҳкама мажлисларида давлат қораловчиси суддан Сергей Мингазовни олти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Хитойликлар Тожикистонда минтақадаги энг узун кўприкни қуришмоқчи

Ли Минкун (ч) ва Азим Иброҳим (ў), 2025 йил 22 феврали
Ли Минкун (ч) ва Азим Иброҳим (ў), 2025 йил 22 феврали

Тожикистон Транспорт вазирлиги ва Хитой Zhejiang Communications Construction Group Co. Ltd ширкатининг Тожикистондаги шуъбаси Марказий Осиёда энг узун автомобиль кўприги қурилиши тўғрисидаги икки томонлама шартномани имзолашди.

Тожикистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати тақрибан 60 миллион долларни ташкил этади.

Кўприк замонавий йўл қурилиши меъёрларини эътиборга олган ҳолда, тажрибали маҳаллий ва хорижлик мутахассислар иштирокида қурилиши ҳамда 4 йил мобайнида фойдаланишга топширилиши лозим”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Айни пайтда транспорт вазири Азим Иброҳим “объект қурилиши аввалроқ ҳам якунланиши мумкин”лигини қайд этган.

Лойиҳага кўра, узунлиги 920 метр бўлган кўприк (кириш йўллари билан унинг узунлиги 1,5 километрни ташкил этади) Нуробод туманидаги Суҳроб дарёси устида барпо этилади.

Zhejiang Communications Construction Group Co. Ltd ширкатининг Тожикистондаги шуъбаси вакили Ли Минкун ширкат Тожикистонда бир неча йилдан буён фаолият олиб бораётгани ҳамда йўллар ва кўприклар қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эгалигини айтган.

Zhejiang Communications Construction Group Co. Ltd транспорт инфратузилмаси объектлари қурилишига ихтисослашган Хитой давлат корпорациясидир. У дунёнинг 139 та мамлакатида ўз шуъбаларига эга бўлиб, дунёдаги энг узун кўприкларни лойиҳалаштириш ва қуриш, тураржой ва тижорат мажмуаларини барпо қилиш, автойўллар қуриш дохил ХХР ва бошқа мамлакатларда кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширган. Ширкат дунёдаги энг узун денгиз кўприги бўлмиш Ханчжоу Бэйни (36 км) ва Антверпен бандаргоҳи (Бельгия) учун дунёдаги энг катта шлюз дарвозаларини қурган.

АҚШ Давлат котиби Россия билан ҳамкорликка умид билдирди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ўз мамлакатини НАТОга қабул қилиш рад этилган тақдирда унга ядровий қурол бериш талабини реалистик, деб ўйламайди.

Рубио Зеленскийнинг таклифини “жиддий” деб ҳисобламайди ва “ядровий қуролга эга бўлиш муаммонинг ечими эмас”, деб ўйлайди.

АҚШ Давлат котибининг бу гаплари унинг АҚШдаги Breitbart ўнгчи-популистик порталига берган ва 25 февраль куни ёйинланган интервьюсидан ўрин олган.

Рубио ўз сўзида ядровий давлатлар сони кўп эмас, аксинча камроқ бўлиши лозимлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ Украина президенти британиялик журналист Пирс Морганга интервью бериб, Украина хавфсизлиги учун етарли кафолат ғарб ҳамкорлари томонидан мамлакатга ядровий қурол берилиши бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Зеленский қайдича, бу − ҳатто Украина Шимолий Атлантика альянсига қабул қилинмаган тақдирда ҳам − Россия президенти Владимир Путинни янги ҳужумдан тийиб туриш имконини берган бўларди.

Breitbart порталига берган интервьюсида Россия билан ҳамкорликка умид билдирган Рубио АҚШ билан СССР ўртасидаги муносабатлар тарихига ҳам мурожаат қилган. Жумладан, у совуқ уруш авжига чиққан паллада ҳам “Совет Иттифоқи ва Қўшма Штатлар ўзаро алоқага эга” бўлганини айтган.

Биз ҳалиям мулоқот қилаётган эдик. Худога шукурки, биз, масалан, [Куба] ракета буҳрони пайтида ҳам мулоқот қилганмиз”, деган АҚШ Давлат котиби.

Марко Рубио ўз сўзида давом этиб, “Биз биргаликда геосиёсий ёки балки, иқтисодий жабҳада ишлашимиз мумкин бўлган нарсалар борми?” дея савол ташлаган. У Вашингтон билан Россия ўртасидаги алоқалар қайта бошланиши истиқболини эслатган.

Бироқ, АҚШ Давлат котиби фикрича, ҳозирги пайтда “бу урушни ҳеч бўлмаганда мустаҳкам оташкесимгача олиб бориш” ёки “тўла тугатиш” устувор вазифа бўлиб ҳисобланади.

Қозоғистонда илк АЭС қуриладиган жой аниқланди

Украинадаги атом электр станцияси (иллюстратив сурат)
Украинадаги атом электр станцияси (иллюстратив сурат)

Қозоғистон ҳукумати мамлакатдаги илк атом электр станцияси қуриладиган жойни расман тасдиқлади. Бунга оид қарор меъёрий ҳужжатлар базасида ёйинланган.

АЭС қуриладиган жой ўлароқ Балхаш кўли яқинидаги Жамбил тумани (Олмаота вилояти) танланган.

Ҳукумат қарори 2024 йил 30 декабридаёқ имзоланган, бироқ у 2025 йил 25 февралида расман эълон қилингани ортидан кучга кирган.

Қозоғистон расмийлари ўтган йили АЭС қурилиши ҳақида қарор қабул қилишганди. Мазкур қарор қабул қилиниши учун мамлакатда референдум ўтказилган, унда овоз бериш жараёнида кузатувчилар кўплаб қонунбузарликлар кузатилгани ҳақида маълум қилишган.

Қозоғистонда кўплаб экологлар ҳалигача атом электр станцияси қурилишига қарши чиқиб келишмоқда. Улар АЭС қурилиши лойиҳа барпо қилиниши муҳтамал бўлган ҳудуд – Балхаш кўлида салбий акс этиши мумкинлигини айтишмоқда.

Жамоатчилик фаоллари ва сиёсатшунослар АЭС Россия томонидан қурилишидан хавотир изҳор қилишяпти. Уларга кўра, бу Қозоғистоннинг қўшни мамлакатга энергетик қарамлигини янада ошириши мумкин.

Қирғизистонда оммавий тартибсизликлар уюштиришда гумонланган 11 киши қўлга олинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 24 февраль куни оммавий тартибсизликлар уюштиришда гумонланган 11 киши қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди. Озодликнинг қирғиз хизмати қайдича, қўлга олинганлар орасида парламентнинг собиқ депутати ҳам бор.

ИИВ маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларига 2024 йил декабридаёқ “Қирқ уруу, жети дубан интимағи” жамоатчилик ташкилотининг айрим аъзолари мунтазам равишда учрашувлар ўтказаётгани, у ерда “мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган оммавий тартибсизликлар, норозилик тадбирлари ва митинглар уюштиришга чақириқлар” янграётганига оид маълумот келиб тушган.

Мазкур иш доирасида милиция мамлакат Жиноят кодексининг 278-моддаси бўйича (“Оммавий тартибсизликлар уюштириш”) гумонланаётганлар яшайдиган манзилларда тинтувлар ўтказган.

Тинтув натижасида ўқотар ва совуқ қуроллар, ўқ-дорилар, ҳарбийлар кийимлари, гиёҳванд моддалар, шунингдек, диний адабиётлар, мобил телефонлар, флеш-карталар ва “оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш бўйича йўриқномалар” мусодара қилинган, дея маълум қилган ИИВ. Вазирлик томонидан ёйинланган видеоёзувда, афтидан, қўлга олинганлар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатлар аудиоёзуви келтирилган.

Вазирлик ҳибсга олинган шахсларнинг исм-фамилияларининг бош ҳарфлари ва туғилган йилларини келтирган. Озодликнинг қирғиз хизмати улардан бирига оид маълумотлар Бақит Керимбековнинг инициаллари ва туғилган йили билан мос тушиши ҳақида ёзган – у 2002 йилдан 2005 йилгача парламент депутати бўлган.

Қўлга олинганларнинг яқинлари ёки уларнинг расмий вакиллари бу борада ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Бу ташкилот вакиллари Қирғизистонда аввалги йилларда ҳам қўлга олинган, ана шундай ҳолатлардан бирида улар наркотик воситалари билан боғлиқ жиноятларда айбланган эдилар.

Туркманистон президенти 8 март муносабати билан аёлларга 3 доллардан улашади

Туркманистонлик аёллар (иллюстратив сурат)
Туркманистонлик аёллар (иллюстратив сурат)

Туркманистон расмийлари Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларга 60 манат (3 АҚШ доллари атрофида) миқдорида пул совға қилишади. Бу ҳақда 21 февраль куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида маълум бўлган.

Туркманистон телевидениесининг “Ватан” ахборот дастури хабарига кўра, совғалар 2025 йилнинг 1 мартидан 6 мартигача улашилади. Пул давлат ва хусусий корхоналарда ишлайдиган аёлларга, пенсионерларга, ижтимоий нафақа олувчилар ҳамда боғча тарбияланувчиларидан бошлаб докторантларгача барча таълим даргоҳи ўқувчиларига берилади.

Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов томонидан имзоланган ҳужжатга мувофиқ, тўловга оид қарор мамлакат “ривожи ва фаровонлигида аёллар хизматининг эътирофи ўлароқ” ҳамда “оналар ва опа-сингилларни эъзозлаш бўйича миллий анъаналар”ни давом эттириш учун қабул қилинган.

Туркманистонда ҳар йили Халқаро хотин-қизлар кунида аёлларга давлат раҳбари номидан пул совға қилинади ва унинг суммаси ўзгармасдан қолмоқда. Бугунги кунда 60 манатга мамлакат фуқаролари бир неча килограм пиёз ёки бир кило гўшт сотиб олишлари мумкин.

Марселда Россия консулхонасига ҳужумда гумонланганлар ушланди

Сапёр робот Россиянинг Марселдаги консулхонаси олдида, 2025 йил 24 феврали
Сапёр робот Россиянинг Марселдаги консулхонаси олдида, 2025 йил 24 феврали

Марселда Россия консулхонасига ҳужум қилганликда гумонланган икки киши қўлга олинган. Бу ҳақда шаҳар полициясида ишлайдиган манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда BFMTV телеканали ва LaProvence газетаси хабар қилди.

Ҳар икки ОАВ муҳтамал ҳужумчилар душанба оқшомида Россия босқинининг уч йиллиги муносабати билан Украинани дастаклаш акциясида иштирок этганини иддао қилган. Мазкур акция Марсель мэрияси биноси олдида ўтказилган эди.

LaProvence нашрининг ёзишича, акциянинг икки иштирокчиси “терговчиларда алоҳида қизиқиш уйғотган”.

Иддаога кўра, гумонланувчилар 50 ва 40 ёшдаги эркаклар бўлиб, улар айни пайтда уюшган жиноятчилик ва алоҳида жиноятларга қарши кураш бўйича бўлим ходимлари томонидан сўроқ қилинмоқда.

BFMTV қайдича, гумонланувчилар консулхонага ҳужум содир этилган 24 февраль тонгида видеокамера ёзиб олган тасвирлар бўйича таниб олинган.

ОАВ маълумотларига кўра, ичига ёнувчи суюқлик қуйилган учта ярим литрли пластик идиш жиноят қуроли ўлароқ хизмат қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар бино фасадига улоқтирилган, идишлардан иккитаси ёрилиб кетган.

Воқеа жойида сапёрлар ва тезкор хизматлари ходимлари ишлаётган пайтда, BFMTV хабарига кўра, Россия консулхонаси ходимлари ичкарида хавфсиз жойда тутиб турилган.

Ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланган эмас. Нохуш ҳодиса Франция ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари томонидан қораланган.

Россия: Маҳкум Усмон Баратов жазо изоляторида сақланмоқда

Усмон Баратов
Усмон Баратов

Адоват қўзғатганликда айбланиб, тўрт йилга қамалган “Ватандош” ўзбеклар жамияти раиси Усмон Баратов 36 кундан буён жазо изоляторида сақланмоқда, дея маълум қилди Баратовни қўллаш учун тузилган телеграм гуруҳи.

Ўтган йил августида Москва вилоятининг Ступино шаҳар суди Баратовни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282-моддаси 2-қисми бўйича айбдор деб топиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ шарти билан 4 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Баратовга қарши жиноят иши очилишига унинг “Одноклассники” ижтимоий тармоғига товуқлар акс этган сурат карикатура жойлагани сабаб бўлган. Мазкур карикатурада товуқлардан бири “Тухум бўлиши учун хўрозларни урушдан қайтаринглар” деяётганини кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, у колонияга 2025 йил 10 январида олиб борилган. Карантиндан чиққанидан кейин у жазо изоляторига йўлланган ва ҳали ҳам ўша ерда тутиб турилибди – унинг жазо изоляторида тутиш муддати мунтазам равишда чўзиб келинмоқда.

У жазо изоляторига, жумладан ҳаракатланиш чоғида қўлини орқага қилиб юрмагани учун ташланган. Усмон Баратов бу ишни ҳибсга олиш чоғида олинган жароҳатлар ва хасталиги туфайли қила олмаётганини айтган.

Мен бу ишни қилолмайман, чунки гипертония, остеохондроз ҳамда ҳибсга олиш чоғида икки нафар СОБРчининг устимда сакраганлари, бошимга тепганлари, қўлқоп билан урганлари дохил калтаклашлар ва қийноқлар пайтида олинган жароҳатлар туфайли, яъни умуртқа, бош ва товонларим жароҳатлангани сабабли мен деворларни ушлаб ёки дорвозлардай қўлимни лангар қилиб ҳаракатланишга мажбурман, акс ҳолда, йиқилиб тушаман”, деган Баратов.

Усмон Баратов жазо изоляторидан 3 март куни чиқиши керак. У “ашаддий тартиб бузувчи” деб тан олинган, шунинг учун жазо изоляторидан чиққанидан кейин қаттиқ тартибли қамоққа ўтказилиши мумкин.

Баратовнинг ўзи унга нисбатан қўзғатилган иш бўйича лингвистик экспертиза нотўғри ўтказилганини, Россия судида ўтказилган маҳкама эса ноқонуний бўлганини билдирган. Баратов фикрича, унинг иши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида кўрилиши керак эди.

Усмон Баратов 2024 йил февралида Россия Адлия вазирлиги талаби билан “экстремистлар ва террорчилар” рўйхатига киритилган эди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Украинага оид резолюцияни қабул қилди

БМТ ХК йиғилишидан лавҳа, Нью-Йорк, 2025 йил 24 феврали
БМТ ХК йиғилишидан лавҳа, Нью-Йорк, 2025 йил 24 феврали

БМТ Хавфсизлик кенгаши 24 февраль куни Россиянинг Украинага босқинига уч йил тўлиши муносабати билан АҚШ томонидан ҳозирланган резолюцияни қабул қилди. Reuters қайдича, резолюция АҚШнинг можаро бўйича нейтрал позициясини акс эттиради, чунки президент Дональд Трамп тинчлик ўрнатишда воситачи бўлишга уринмоқда.

БМТ ХКда Россия вето ҳуқуқига эга бўлгани учун кенгашнинг 15 аъзоси Украинадаги уруш бўйича ҳалигача ҳеч қанақа чора кўра олмаган.

АҚШ резолюцияси 10 мамлакат томонидан ёқланган. Франция, Буюк Британия, Дания, Греция ва Словения овоз беришдан тийилган.

“Бу резолюция бизни тинчлик йўлига олиб чиқади. Бу биз фахрланишимиз керак бўлган биринчи, лекин муҳим қадамдир. Эндиликда биз ундан Украина, Россия ва халқаро ҳамжамияти учун тинч келажак барпо этишда фойдаланишимиз керак”, дея билдирган АҚШнинг БМТдаги элчиси в.б. Дороти Ши Хавфсизлик кенгашида қилган чиқишида.

Резолюциянинг қисқа матнида “Россия-Украина можароси” қурбонлари юзасидан қайғу изҳор этилиб, БМТнинг мақсади халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўлиб ҳисобланиши тасдиқланган. Резолюция тез орада мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига чақиради.

Reuters Трампнинг воситачилик ҳаракатлари европалик иттифоқчилар ва Украинани ўзларини тинчлик музокараларидан четлатишлари мумкинлигига оид хавотирга тушишларига сабаб бўлганига эътибор қаратган.

Британиянинг БМТдаги элчиси Барбара Вудворд кенгашда Украинадиг тинчлик шартлари аҳамиятга эгалиги ва у “тажовуз оқланмаслиги ҳақида сигнал бўлиши” лозимлигини айтган.

“Мана нима учун кенгаш аъзолари урушга Украина томонидан ҳам, Россия томонидан ҳам тенг қарай олишмаяпти. Агар биз барқарор тинчликка йўл топишни истасак, кенгаш уруш манбасини аниқ белгилаб олиши лозим”, деган Барбара Вудворд.

Аввалроқ 193 та аъзо мамлакатдан иборат БМТ Бош Ассамблеяси АҚШнинг халқаро ташкилот позициясини юмшатишга оид таклифини рад этганди. БМТнинг бу эски позицияси Украина суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини дастаклашдан иборат бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG