Украинадаги уруш, Россияда чекловлар кучайиши ва ксенофобия авж олиши манзарасида марказий осиёлик кўплаб мигрантлар ўз нигоҳларини Туркияга қаратдилар. Ушбу мамлакат содда виза тартиби туфайли аввалдан миграция нуқтаи назаридан жозибадор эди. Бироқ, мигрантлар айтишича, сўнгги икки йилда Туркияда ҳам чет эллик ишчилар жиддий қийинчиликлар – мунтазам тус олаётган рейдлар, депортация ва меҳнат эксплуатациясига дуч кела бошлаган.
“Маҳалламизни ўзбеклардан “тозалашди”
Лалели – Истанбулнинг Европа қисми мавзелардан бири бўлиб, асосан тижорат ҳисобига яшайди. Унинг улгуржи савдо марказлари ва сон-саноқсиз майда дўконлари доим гавжум бўлади.
Сўнгги 20 йилдан бери Марказий Осиё тадбиркорлари тўқимачилик ва кўнчилик моллари харид қилгани айнан шу ерга келадилар. Шу боис Лалелидаги деярли ҳар бир дўконда Марказий Осиё республикаларидан келган хизматчиларни учратиш мумкин.
Улардан бири – самарқандлик 30 ёшли Дилноза, аёллар кийим-кечаклари дўконида ишлайди. Туркияга уч йил муқаддам келган.
“Эрим иккимиз алоҳида яшашга қарор қилдик, квартира сотиб олдик. Пулимиз етмади, қарз олишга тўғри келди. Қарзларимиздан тезроқ қутулайлик деб мен ҳам ишламоқчи бўлдим. Ўзбекистонда пул топиш қийин. Бу ерда ойига 800 доллар оламан. Ўз ватанимда шунақа ҳақ тўлайдиган иш бўлганида жон деб ишлардим”, дейди Дилноза.
Унинг эри Анвар беш йилдан бери курьерлик қилади: Ўзбекистондан Истанбулга озиқ-овқат, сигарета, электрон гажетлар келтиради. Қайтишда дори-дармон, кийим-кечак ва тилла олиб кетади.
Эр-хотиннинг Самарқандда икки ёш болалари қолган. Бир йил аввал Истанбулда учинчи фарзандлари туғилди.
“Туққанимдан бир ой ўтиб яна ишга чиқдим. Чақалоққа онам қараб турдилар. Бир ёшга тўлгач, эрим болани Самарқандга олиб кетди. Икки катта фарзандим ҳам ўша ерда, қайнонамнинг уйида. Болалардан узоқда бўлиш жуда оғир. Кунига бир неча марта Whatsapp’дан гаплашамиз. Йиғлашади, “Ойи, қачон келасиз?” деб сўрашади нуқул. “Сабр қилинглар, оз қолди” деб юпатишга уринаман”, ҳикоясида давом этади суҳбатдошимиз.
Аёл “оз қолди” деб болаларини алдаётгани йўқ. Айтишича, икки ойлардан сўнг ростдан ҳам Ўзбекистонга қайтмоқчи: Туркияда ишлаш тобора қийинлашяпти.
“Ҳар йили ишлашга рухсатномамни оппа-осон узайтириб олардим, лекин бу йил миграция идораси кўплаб чет элликларга рухсатномани узайтиришни рад қилишди. Бизга ўхшаган кўп мигрантлар ишлайдиган Оқсарой, Лалели ва Қумқапи (Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги маҳаллалар – Таҳр.)да 3-4 ой аввал оммавий рейдлар бўлди. Одамларни тўда-тўда қилиб ушлашди. Ишга боришга юрагиб безиллаб қолди. полициялар қўлига тушмаслик учун айланма йўллардан юрдим. Ишхонадан чиқишим билан уйга югурардим. Бекорга кўчага чиқмайдиган бўлдим. Ушланганлар орасида ўзбеклар кўп эди, ҳаммасини автобусга тиқиб олиб кетишди. Хуллас, маҳалламизни ўзбеклардан “тозалашди”, дейди Дилноза.
Туркияда ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича рейдлар 2023 йил майдаги президент сайловидан кейин бошланди ва ўшандан бери мунтазам ўтказилмоқда. Сўнгги ярим йилда Истанбулда ҳар куни текширувлар бўляпти. Маҳаллий ОАВлар кунига ўнлаб одам ушланаётгани ҳақида ёзмоқда. Уларнинг аксари депортация қилинади.
Рейдларга доир аниқ маълумотлар очиқланмайди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги фақат қидирувда бўлган фуқароларнинг ушлангани ҳақида ахборот берди. Консулликка кўра, 2024 йилнинг 10 ойи мобайнида 37 нафар ўзбекистонлик қўлга олинган.
Энг шов-шувли ҳолатлар йил бошида содир бўлди. Январда Истанбулда 39 ёшли Дилноза Умарова ҳамда 41 ёшли Мавлудахон Ўлмасовалар ушланиб, юртига депортация қилинди – улар Ўзбекистонда “жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси билан шуғулланиш”да гумон қилиниб, қидирувда бўлган.
Ундан аввалроқ эса одам ўғирлаш, одам савдоси ва фаҳш ишларга мажбурлашда гумон қилиниб халқаро қидирувда бўлган “Мадам Клод”, “Фоҳишалар қироличаси” ва “Фаҳш баронессаси” номлари билан машҳур 40 ёшли Нилуфар Мирханова Чаноққала шаҳрида ҳибсга олинган эди.
Мавжуд маълумотларга кўра, Мирханова Россия, Беларус, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан кўплаб аёлларнинг Туркияга ноқонуний келишига ёрдам берган бўлиши мумкин. Бу аёллар кейин фоҳишалик қилишга мажбурланган.
Турк ОАВлари Мирханова исловотхоналар ташкил қилиш ҳисобига ойига 40 минг долларгача даромад қилгани ҳақида ёзган эди. У 8 йилдан 12 йилгача қамалиши айтилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда Мирхановага доир жиноят иши бўйича расмий маълумот йўқ.
“Туркманистон чегарани очса, мамлакатда ҳеч ким қолмайди”
Туркия охирги 15-20 йилдан бери туркманларнинг асосий миграция йўналиши бўлиб қолаётир. Бунинг ўз сабаби бор: икки мамлакат ва икки халқ умумий тарих ва маданият каби ришталар билан боғланган.
Туркманистондаги чуқур иқтисодий инқироз ва иқтидордаги Бердимуҳамедовлар режимидан норозилик манзарасида сўнгги йилларда Туркияга миграция оммавий тус олди.
Чоржўй (ҳозирги Туркманобод) шаҳрида туғилиб ўсган Алишер Сахатов – Истанбулда яшовчи туркман мигрантлари орасида жамоат фаоли сифатида танилган. У ижтимоий тармоқларда Туркиядаги ватандошлари муаммоларини ёритади, туркман дипломатларини ва Туркманистон ҳукуматини танқид қилади. Алишер Туркияга 2018 йилда хотини ва уч боласи билан келган. Фаол бунга уни ватанидаги “чидаб бўлмас аҳвол” мажбу қилганини айтади.
“Чоржўйда мен чиқиндиларни утиллаштирувчи корхонада ишладим, кейин ҳаммол бўлдим. Лекин мени “ўз ихтиёримга кўра” ишдан бўшатишди, чунки “жуда кўп нарса” талаб қилардим. Масалан, шаҳарга президент келиб қолса коммунал хизматларнинг барча ходимларини сурункасига 26-30 соатлаб ишлатишарди. Кетишга рухсат беришмас, ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилишарди. Президент 2-3 кунга қолса, коммунал хизматларнинг ҳеч бир ходими ухламасди. Мен бундан норози бўлиб қўшимча соатлар учун ҳақ талаб қилдим, улар мени таъқибга олишди, ҳатто қаматмоқчи бўлишди. Босим, тазйиқлар бошланди. Аҳволга чидаб бўлмай қолгач, кетишга қарор қилдим. Аҳолининг катта қисми тўйиб кетган. Туркманистон чегарани очадиган бўлса, ҳамма кетади, шаҳарлар, қишлоқлар ҳувиллаб қолади”, дейди Алишер Сахатов.
Ашхобод турли йўллар билан оммавий миграцияни тўхтатишга уринмоқда. 2022 йил сентябрда Туркманистон Анқарадан 2007 йилдан бери туркманлар учун амал қилаётган визасиз режимни бекор қилишни сўради.
Бу одамларга жиддий муаммолар туғдирди. Туркия ҳудудий миграция идоралари паспорти муддати ўтган Туркманистон фуқароларининг яшаш рухсатномаси муддатини узайтириш ҳақидаги аризаларини қабул қилмай қўйди. Визасиз режим бекор қилинганидан бери туркманистонликлар янги паспортни фақат ўз ватанларида олишлари мумкин, аммо кейин Туркияга қайтишга умид қилмаса ҳам бўлади.
Алишер Сахатов Туркманистоннинг Туркиядаги Бош консуллиги ўз фуқароларига никоҳга кириш ёки янги туғилган чақалоқларни идентификация қилиш учун зарур ҳужжатларни беришдан бош тортаётганини айтади.
2022 йилда Истанбулдаги туркман фаолларидан бир гуруҳи Туркиядаги туркманларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмак сўраб президент Сардор Бердимуҳамедов номига ёзилган мактубни топшириш учун Туркманистон консулхонаси биноси ёнига келади. Алишер айтишича, акция қайғули якун топган.
“Бизнинг олдимизга консул Мердан Мустаков чиқди. У қўлларига кастет тақиб олдию ён-атрофимизда турк ҳуқуқбонлари, адвокатлар, боласи билан келган фаол аёллар турганига қарамай, кастет билан бизни дўппослашга тушди. Шу воқеадан сўнг Туркманистон консуллиги шаҳар марказидан чеккароқ мавзега кўчирилди”, дейди суҳбатдошимиз.
“Туркманистон дунёдаги ҳеч бир давлат қилмаган ишни қилди – бошқа мамлакатдан фуқароларини киритишни чеклашни илтимос қилди, – дейди Озодликка берган изоҳида инсон ҳуқуқлари бўйича юрист ва АҚШнинг Жанубий Калифорния университети профессори Стив Свердлов. – Туркманистоннинг Туркиядаги элчихона ва консулхонаси паспорт ва бошқа биометрик ҳужжатларнинг муддатини чўзиб беришни рад қилмоқда. Бу бутун дунё бўйича умум қабул қилинган амалиётга хилоф. Консуллик ўз фуқароларини бошқа мамлакат ҳудудида қонуний яшашга имкон берувчи ҳужжатлар билан таъминлаш учун очилади-ку ўзи”.
Свердловга кўра, Туркиядаги туркманлар жуда мушкул аҳволда қолганлар.
“Яқинда тадқиқот ишлари билан Истанбулда бўлганимда туркман мигрантлари Туркияда деярли ноқонуний яшаётганларини айтишди. Мен уларнинг кўзларида қўрқув кўрдим. Айримлари 14-15 йиллаб ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаётган экан. Улар исталган вақтда депортация қилишларидан қўрқишмоқда, чунки ҳужжатларини янгилай олишмаяпти ва ҳужжат бўлмагач, энг оддий ҳуқуқларидан фойдалана олишмаяпти. Бутун Туркияда бунақа одамларнинг аҳволи аянчли”, дейди эксперт.
Туркия миграция идоралари маълумотига кўра, мамлакатда 200 мингга яқин туркманистонлик қонуний истиқомат қилади. Ҳуқуқбонлар ва мустақил манбалар ҳисобича, Туркиядаги туркманлар сони бир миллионга етган бўлиши мумкин.
Туркманистон ҳукумати, жумладан Туркиядаги дипмиссия мигрантлар муаммоларига изоҳ бермайди, расмий статистикани очиқламайди. Туркман ОАВлари эса мигрантлар муаммоларини четлаб ўтади.
“Қизлар полицияга арз қила олишмаслигини билиб, ҳаддиларидан ошишяпти”
Туркиядаги туркман мигрантларининг салмоқли қисмини аёллар ташкил қилади. Улар асосан энага ёки касал боқувчи бўлиб ишлашади. Туркияда бу оғир ва кам ҳақ тўланадиган ишлар саналади. Аммо туркман аёллари жон деб ишлайдилар, чунки ўз ватанларида бу пулнинг (ойига тахминан 700 доллар) ярмини ҳам топа олмайдилар.
Ёмон томони – улар жисмоний ва жинсий зўравонлик қурбони бўлиши мумкин. Ноқонуний аҳволлари уларни айбдорларни жазолаш учун курашиш имконидан маҳрум қилади.
Марал – Истанбулда яшовчи туркманистонлик аёл. Айтишича, туркман аёллари ноқонуний мақоми туфайли турли хавфларга йўлиқишмоқда.
“Иш берувчилар аксаримизнинг ҳужжатларимизда муаммо борлигини билади. Шу боис ҳам қўрқмай бизга шилқимлик қилишади, қўпол муомалада бўлишади. Бирон ишни нотўғри қилсак ҳаққимизни бермай ҳайдаб юборишдан ҳам тоймайдилар, чунки биз полицияга мурожаат қила олмаслигимизни билишади”, дейди Марал.
Яқинда Маралнинг бир кекса эркакка қараш учун ёлланган дугонаси шундай муносабатга дуч келибди.
“Дугонам 60 ёшда. Ҳалиги эркак унга ҳирс билан қараб юраркан. Бир неча марта шама қилибди, дугонам кўнмапти. Ниятига етолмагач, уйдан бир нималар йўқолаётганини баҳона қилибди ва полиция чақирибди. Дугонамни ушлаб, депортация марказига жўнатишибди”, дейди Марал.
Аёлнинг сўзларига кўра, дугонаси ҳеч нима ўғирламаган, раъйини қайтаргани учун иш берувчи унга туҳмат қилган.
“Бечора кўп йиғлайди, лекин айбсизлигини исботлай олмайди, чунки бу ерда у қонуний яшамайди”, ҳикоясини тугатади Марал.
33 ёшли Муҳаббат ҳам Туркманистондан келган. Икки ой муқаддам у Силивридаги аёллар депортация марказига тушиб қолган экан, лекин адвокат ёрдамида у ердан чиқишга муваффақ бўлибди.
Муҳаббат Туркияда туркман аёлларнинг сирли йўқолиб қолиши ҳолатлари кўпайганини айтади.
“Бунақа воқеалар кўп. Қариндошлари полицияга арз қилишса уларга: “Йўқолган аёл ноқонуний яшаркан, рўйхатда турмаган, ҳужжати йўқ, уни қаердан топамиз, қандай топамиз?” дейишар экан. Шахсан ўзимга сингиллари йўқолиб қолган бир аёл мурожаат қилди. Қизлар ишга кетганча бедарак йўқолган. Ўлишганми ёки бирон кор-ҳол бўлдими – номаълум”, дейди Муҳаббат.
Стив Свердов Туркияда айниқса туркман мигрант аёллари ўта мушкул аҳволда қолишганини тасдиқлайди.
“Мигрантлар билан учрашувимиз чоғида улардан туркман аёлларини жинсий зўрлаш ҳолатлари ҳақида эшитдим. Улар Туркия ҳуқуқ идораларига мурожаат қила олмаслиги жуда ачинарли. Чунки паспортлари муддати ўтган, қўлга тушишса, Туркманистонга бадарға қилишлари мумкин, ватанда эса улар янада оғир аҳволга тушадилар. Тўғри, Туркияда юридик ёрдам берувчи алоҳида инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бор. Аммо бунча мигрантга етмайди улар. Биз, ҳуқуқ ҳимоячилари Туркияни ўз мажбуриятларига риоя қилишга ва туркман мигрантларининг легаллашуви учун шароит яратишга чақирамиз. Шунингдек, уларни қийноқ ва бошқа шафқатсиз муносабат кутиб турган ватанларига бадарға қилмасликни илтимос қиламиз”, дейди Стив Свердлов.
Исталмаган мигрантлар
Сўнгги йилларда Туркия тожик меҳнат мигрантлари учун Россиядан кейинги иккинчи йўналиш саналарди. Жорий йил бошида вазият тубдан ўзгарди.
2024 йил 28 январда Истанбулдаги Муқаддас Мария католик черковида ўқ овозлари янгради. 52 ёшли турк фуқароси ўлди. Ҳукумат “Ислом давлати” террорчи ташкилотига алоқадор икки кишини черковга қуролли ҳужум уюштиришда айблади. Кейинроқ маълум бўлдики, улардан бири Тожикистон фуқароси экан.
Икки ой ўтгач Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида теракт юз бериб, камида 145 киши (жумладан 6 ёш бола) ўлди, 551 киши яраланди. Ҳужумда Тожикистон фуқаролари бўлмиш ўндан ортиқ кишини айбладилар.
“Крокус”га ҳужум учун жавобгарликни “ИД” ўз зиммасига олгач Туркияда ушбу гуруҳ тарафдорларига қарши рейдлар бошланиб кетди. Hürriyet газетаси маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида Туркияга ҳужум уюштиришга ҳозирлик кўрган бир тожикистонлик бўлган.
Боз устига, “Крокус”даги теракт ижрочиларидан икки нафари – Тожикистон фуқаролари Шамсиддин Фаридуний ва Саидакрамий Ражабализода – терактдан олдинроқ Туркияда бўлишгани ва ҳужумга бир неча кун қолганида Москвага қайтишга ўртага чиқди.
Тожикистонликлар Туркияда 90 кунгача визасиз юрган бўлса, ушбу воқеалардан кейин Анқара улар учун виза режимини жорий этди. Бу тартиб амалга киритилгунга қадар Туркияда яшаб турган тожикистонликлар энди, у ерда қонуний қолиш учун ватанларига қайтиб, виза олишлари керак бўлади.
Тожикистон Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, Туркияда икки-беш минг нафаргача тожикистонлик бор. Аксари – бозор, қаҳвахона ва фабрикаларда ишлайдиган меҳнат мигрантлари.
Қаюмарс – 22 ёшда. У Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳридан. Йигитча Истанбулдаги қаҳвахоналардан бирида ишлайди. Айтишича, Туркияга келгунича Россияда ишлаган, ксенофобия зўрайгани туфайли у ердан кетишга қарор қилган. Қаюмарс Истанбул ва Москвада бўлган ҳужумлардан сўнг Туркияда ҳам тожик мигрантларига тоқатсизлик даражаси ошган.
“Тожикларни террорчи дейишса ғалати бўлиб кетаман. Тунов куни гўшт дўконига киргандим. Сотувчи: “Миллатинг нима?” деб сўради. “Тожикман”, дедим. “Тожиклар орасида террорчилар кўп”, деди сотувчи. Бу гап кўнглимга оғир ботди. Гўшт сотиб олмай, дўкондан кетдим. Бир неча кишининг жиноятидан бутун бир миллат жабр кўрмаслиги керак”, дейди суҳбатдошимиз.
Экспертлар фикрича, Туркияда Тожикистон фуқаролари учун виза режимининг бекор қилиниши бир неча муҳим оқибатларга олиб келган.
“Кўплаб тожиклар Туркияга эркин келиб-кетиш ва яшаш имкониятидан маҳрум бўлиб оғир аҳволга тушишди. Виза ололмаганлар уйга қайтишга мажбур бўлишди, Тожикистонда эса иш йўқ – Туркиядан келган пул ҳисобига кун кечириб юрган оилалар учун бу жиддий зарба. Бошқа чораси бўлмаган мигрантлар Туркияда ноқонуний қолишлари мумкин, аммо бу қўлга тушиш ва депортация бўлиш хавфини оширади. Ноқонуний мақоми – ижтимоий ва тиббий хизматларсиз қолиш деганики, бу ҳам уларнинг аҳволини янада оғирлаштиради. Визасиз тартибнинг бекор қилиниши айрим ҳолларда камситиш ҳолатлари кўпайишига олиб келди”, дейди тожикистонлик миграция масалалари бўйича эксперт Шуҳрат Латифов.
Стив Свердлов фикрича, Туркия Марказий Осиёнинг айрим республикалари фуқаролари учун виза режимини жорий этиш билан, ноиложликдан у мамлакатга борган одамларни янада радикал ва экстремал шароитга ташлаётганини урғулайди.
“Виза режими жорий қилингач Туркиядаги тожиклар, худди туркманларга ўхшаб жуда катта ва жиддий муаммоларга йўлиқишди. Виза тартиби уларни ўз мамлакатига қайтиб кетиб кетишга мажбур этади, ҳолбуки бу одамлар ватанидаги ижтимоий-иқтисодий тангликдан, сиёсий тазйиқлардан қочиб у ерга борганлар. Туркия Марказий Осиёдаги халқларга қардошлик, дўстлик даъво қилади. Шундай экан, ҳар куни турк иқтисодиётига фойда келтираётган бу кишиларни ҳимоя қилсин. Туркия бозорларида, меҳмонхоналарида ҳар қадамда мигрантларга дуч келасиз. Кўплаб мигрантлар кичик тадбиркорлик билан шуғулланишади, ресторанлар ва дўконларни юргизишади. Булар бари мамлакат иқтисодиёти учун жуда муҳим. Шу боис Туркия туркманлар, тожиклар ва ўзбекларнинг ҳуқуқлари таъминланмаслигини ҳисобга олиб, улар билан тизимли иш олиб бориши керак”, дейди Стив Свердлов.