Туркманистонда биргина хабар алмашиш иловаси – IMO бор эди, энди уни ҳам ишлатиб бўлмай қолди. Сабаби – дунё бўйича энг паст деб тан олинган интернет тезлиги сўнгги ҳафталарда янада секинлашганида. Бошқа мессенжер ва ижтимоий тармоқлар эса аллақачон блокланган.
IMO иловаси ишлашдан тўхтаганидан сўнг Туркманистон аҳолиси охирги яроқли мессенжердан маҳрум бўлди. Авторитар Ашхобод ҳукуматининг ижтимоий тармоқларни ёпиб қўйиш қарори Туркманистон фуқароларини дунёдан тўсиб қўйди, дейиш мумкин.
Марказий Осиёдаги ушбу республика бир неча бор халқаро экспертлар томонидан дунёнинг интернет тезлиги энг паст мамлакати ўлароқ тилга олинган. Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, шундоқ ҳам “тошбақадек сустқадам” бўлган интернет сўнгги ҳафталарда янада имиллаб, веб-сайтларни очиш имконсиз бўлиб қолган ва “IMO’ни йўқликка маҳкум этган”.
“IMO ишламайди ортиқ, қолган барча ижтимоий тармоқлар аллақачон блоклаб қўйилган. Ҳатто чет эл телеканаллари ҳам интернетдан йўқолмоқда. Бир ҳафтадан бери “Евроньюс”ни кўра олмаяпмиз”, - деди 3 август куни Озодлик билан суҳбатда исмини айтишни истамаган ашхободлик.
Туркманлар ўзларини хавф остига қўйиб бўлса-да, блокланган ижтимоий тармоқларга виртуал хусусий тармоқлар (VPN) орқали киришаётган эди, бироқ эндиликда ўта секин интернет ҳар қандай сайтни очилмайдиган қилиб қўйди.
Фойдаланувчилар интернет тезлиги ҳатто Туркманистон қаричида ҳам ниҳоятда сустлашганини айтишмоқда. Аммо, тезлиги жуда пастлигига қарамай Туркманистонда интернет дунё бўйича энг қиммат сервислардан бири саналади.
Британиядаги Cable.co.uk ширкатининг дунё бўйича кенг полосали интернет тезлигига доир ҳисоботига кўра, 2021 йилда Туркманистон сониясига 0,50 мегабит тезлик билан 224 мамлакат ва ҳудуд орасида интернет энг суст ишлайдиган мамлакат деб топилган.
Ҳисоботда айтилишича, Туркманистонда 5 гигабайт ҳажмли фильмни юклаб олишга 22 соат 34 дақиқа вақт сарф қилинади.
IMO Туркманистонда ҳануз ишлаб турган сўнгги тезкор хабар алмашиш иловаси эди. Апрель ойи охирларида ҳукумат ICQ мессенжерини ёпиб қўйган эди.
WhatsApp, Viber ва бошқа иловалар блокланганига анча бўлган, Facebook, Twitter, YouTube каби ижтимоий тармоқлар ҳам кўпдан бери ишламайди. Туркманистон ҳаётини ёритувчи аксар мустақил онлайн-нашрлар ва чет эл ОАВлари сайтларини мамлакат ичкарисида VPN’сиз очиб бўлмайди.
Туркман ҳукумати ахборот оқимини ўта экстремал усулларда назорат қилиши ва ўз халқини жаҳон ахборот маконидан айро тутиши билан танилган.
Мамлакатда мустақил ОАВлар йўқ, барча теле ва радиоканаллар, газеталар ва янгилик сайтлари давлат томонидан назорат қилинади.
Ҳукумат ҳатто одамларнинг бир жойдан иккинчи жойга боришини ҳам назорат қилади, ўз фуқароларига хорижга чиқишни тақиқлайди ва ҳатто чет элга кетаётган кишиларни, қўлида чипта ва визаси борлигига қарамай учоқлардан тушириб қолади.
“Мени ташқи дунё билан боғловчи ягона робита – бу смартфонларда ҳозирча ишлаб турган электрон почта, – дейди ашхободлик суҳбатдош. – Лекин одамлар мобил ёки стационар телефондан тўғридан-тўғри қўнғироқ қилмасликни сўрашмоқда, чунки туркман хавфсизлик хизматлари халқаро сўзлашувларини эшитиб туради”.
Бир неча турғун Озодликка интернет тезлиги ёмонлашгач “Туркмантелеком” давлат ширкатига шикоят қилишганини, бироқ ҳеч нима ўзгармаганини айтди.
Яна бир неча киши тезроқ ишлайдиган интернетдан баҳраманд бўлиш учун қиммат пакетларни сотиб олишганини, лекин пулларига куйишганини, чунки интернет тезлиги пастлигича қолганини маълум қилди.
2022 йилда президент Гурбангули Бердимуҳамедов миллий хавфсизлик вазирлигига шусиз ҳам ҳар тарафлама чирмаб ташланган интернетни назорат қилишнинг қўшимча чора-тадбирларини кўришни буюрган эди.
Бердимуҳамедов Давлат хавфсизлик кенгаши йиғилишида нутқ сўзларкан, “2021 йилда интернет устидан назорат талаб даражасида бўлмаган”идан нолиган эди.
У махсус хизматларга “Туркманистон конституциявий тузилмаларига зарар келтирувчи ғояларни ташийдиган, жамоат тартибини бузадиган хатти-ҳаракатларни қиладиган, террорчилик, экстремизм, ультрамиллатчилик ва бошқа ноқонуний фаолият билан шуғулланадиган кимсалар”га ҳушёр бўлишни буюрган. Ўтган йили у президентлик лавозимидан кетиб, ўрнига ўғли Сардорни қўйди, бироқ ахборот сиёсати ўзгаргани йўқ.
Ҳукумат айрим фуқаролар ижтимоий тармоқларга VPN орқали киришини билади. Июнь ойида полиция бир қанча таниқли маҳаллий блогерларни чақириб, бундан сўнг Туркманистонни фақат мақтаб материаллар чиқаришга топшириқ берган.
Полиция бизни ижтимоий тармоқларда ҳукуматни танқид қилган одам қамалиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, деган эди айрим блогерлар Озодлик билан суҳбатда.
Улар айтишича, ҳатто ҳукумат танқид қилинган материалларга “лайк” қўйиш ёки изоҳ ёзиш ҳам қатъиян тақиқланган бўлиб, бу “ҳукуматга қарши фаолият” дея баҳоланиши мумкин экан.
Туркманистонда давлат ОАВлари ҳукуматнинг “бахтиёр ва фаровон” миллат ҳақидаги нарративларини тарғиб қиларкан, фақат давлат тадбирлари ва парадлардаги “гўзал манзаралар”ни кўрсатади. Газга бой мамлакатда ҳукм сураётган жиддий иқтисодий инқироз, қашшоқлик ва ишсизлик ҳақида эса лом-мим дейилмайди.
Форум