Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:51

Туркманистоннинг навбатдаги президенти бўлиши кутилаётган Сардор Бердимуҳамедов ким?


40 ёшли Сардор Бердимуҳамедов 2016 йилнинг ноябрида бирданига катта сиёсатга кириб келди.
40 ёшли Сардор Бердимуҳамедов 2016 йилнинг ноябрида бирданига катта сиёсатга кириб келди.

Туркманистонда 12 март куни навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилади. Сайловда авторитар раҳбар Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов ғалаба қозониши муқаррар.

Кенжа Бердимуҳамедов сўнгги йилларда тез суръатлар билан жамоатчиликка танилди. У бир неча юқори лавозимга тайинланди, оммавий тадбирларда тез-тез кўриниш бера бошлади.

Кенжа Бердимуҳамедов сиёсий саҳнада тобора танилиб бораётганига қарамай, унинг шахсий ҳаёти ва характери ҳақида оз маълумот мавжуд. Унинг собиқ ҳамкасблари сўзларига кўра, ота ўғил ўз хавфсизлиги ҳақида қаттиқ қайғуради ҳамда қўл остидагиларга паст назар билан қарайди.

Отасидан Туркманистон президенти лавозимини олаётган Сардор Бердимуҳамедов ҳақида 5 факт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

40 ёшли Сардор Бердимуҳамедов 2016 йилнинг ноябрида бирданига катта сиёсатга кириб келди. Ўша йили Ташқи ишлар вазирлиги ахборот департаменти раҳбари ўлароқ ишлаётган Бердимуҳамедов парламент депутати бўлди.

2018 йил март ойида ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига кўтарилди. Ўшандан бери унинг сиёсий карьераси шиддатли суръатда ўсиб келади.

Сардор Бердимуҳамедов 2019 йилнинг январида Ахал вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди. Орадан олти ой ўтгач, ҳоким бўлиб етишди.

2020 йил февраль ойида у саноат вазири этиб тайинланди. Ушбу лавозимида бир йил ишлагач, бош вазир ўринбосари ёки Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Туркманистонда муҳим лавозим ҳисобланади, чунки мамлакатда бош вазир лавозими мавжуд эмас ва президент, яъни Сардорнинг отаси бир вақтнинг ўзида вазирлар маҳкамаси раҳбаридир.

Бу лавозимга тайинланганидан кейин Сардор Бердимуҳамедов Туркманистондаги иккинчи энг қудратли шахсга айланди.

Кенжа Бердимуҳамедов бу лавозимларга қўшимча равишда бир вақтнинг ўзида Хавфсизлик кенгаши аъзоси ҳамда ҳукумат бюджети ва харажатларини назорат қилувчи орган ҳисобланувчи Олий назорат палатаси раҳбари этиб ҳам тайинланди.

Туркман давлат қишлоқ хўжалиги университетини тамомлаган Сардор Бердимуҳамедов Женева ва Москвада халқаро муносабатлар бўйича ҳам таҳсил олган. У оилали бўлиб, тўрт фарзанди бор. Унинг оиласи ҳақида бошқа ҳеч нарса маълум эмас.

Бердимуҳамедов отасининг саломатлиги ҳақида миш-мишлар урчий бошлаши ортидан тез суратда юқори лавозимларга тайинлана бошланди.

Тўнғич Бердимуҳамедов ўзини велосипед минишни ва югуришни хуш кўрадиган спорт ишқибози сифатида кўрсатиб келаётганига қарамай, жиддий касалликлардан, жумладан, қандли диабетдан азият чекиши айтилади.

Президент 2019 йилнинг ёзида бир неча ҳафта давомида жамоатчилик эътиборидан ғойиб бўлди. Натижада эксцентрик президент комага тушиб қолгани ёки ҳатто ўлгани ҳақида тахминлар пайдо бўлди. У омма назарига қайтганидан кейин, ўғлини ворисликка астойдил тайёрлашда давом этди.

Туркманистоннинг қаттиқ назорат остидаги давлат матбуоти Сардор Бердимуҳамедовни «халқ ўғли» деб атади. Туркман матбуотига кўра, кенжа Бердимуҳамедов «ҳамкасблари ҳурматига» сазовор бўлган «камтар ва меҳрибон» оила одамидир.

Бироқ Бердимуҳамедовнинг собиқ ишчилари сўзларига кўра, уни камтар ва меҳрибон дея таърифлаб бўлмайди.

Ахал вилояти ҳокимиятининг собиқ ходими қароргоҳи Австрияда жойлашган «Хроника Туркменистана» сайтига берган интервьюсида Сардор Бердимуҳамедов ишда бўлган пайтда ходимларга жим ўтириш, мобил телефонлардан фойдаланмаслик ва «мутлақо зарур бўлмаса, ўз иш жойидан ташқарига чиқмаслик» буюрилганини сўзлаб берган.

Собиқ ходимнинг айтишича, Бердимуҳамедов қўлида ишлаётганларга «бўйнингни узиб ташлайман» деб таҳдид қилган ҳолатлар бўлган.

Сардор Бердимуҳамедов ўз хавфсизлигига катта эътибор қаратиши айтилади. Собиқ ҳамкасбининг сўзларига кўра, Бердимуҳамедов отаси каби ишга ойналари қорайтирилган автомашиналар кортежида ҳамда хавфсизлик ходимлари қуршовида қатнаган.

Бердимуҳамедовнинг хонаси эшиги орқасида доимо қўриқчи турган ва саноқли амалдорга унинг кабинетига кириб суҳбатлашишга рухсат берилган.

Ахал вилоятида яшовчиларнинг айримлари «Хроника Туркменистана» нашрига халқ орасида Сардор Бердимуҳамедовни оддий халқ ҳаёти ва муаммолари қизиқтирмайди, деган қараш шаклланганини сўзлаб беришган.

Уларнинг айтишича, Бердимуҳамедов ҳоким бўлиб ишлаётган бўлишига қарамай, муаммоларини ҳал қилиш илинжида ҳокимиятга келган одамлар билан учрашишдан бош тортган.

Сардор Бердимуҳамедов ҳукумат лавозимлари билан бир қаторда Туркман олабай итлар уюшмаси ҳамда қароргоҳи Ашхободда жойлашган Халқаро ахалтака йилқичилик уюшмаси раҳбари этиб ҳам тайинланган.

Олабай итлари ҳамда ахалтака отлари президент Бердимуҳамедовнинг севимли ҳайвонлари бўлиб, авторитар президент бу жониворлар ҳақида китоблар ёзган ва уларга улкан олтин ҳайкалларни ўрнатган.

Кичик Бердимуҳамедов ҳам отаси каби бу ҳайвонларни хуш кўрадими ёки йўқми, номаълум. Бундан ташқари, афтидан кичик Бердимуҳамедов отаси каби қўшиқ айтиш, пойга автомобилларини ҳайдаш ва отишма каби машғулотларга қизиқмайди.

Сардор Бердимуҳамедов қашшоқлик, коррупция ва ишсизлик ҳукм сураётган мамлакатни бошқариши керак бўлади. Туркманистонда туғилиш даражаси нисбатан юқори бўлишига қарамай, мамлакат аҳолиси қисқариб бормоқда, чунки чекланган имкониятлар ва шахсий эркинликлардан чарчаган миллионлаб одам ватанини тарк этмоқда.

Сардор Бердимуҳамедов президент лавозимга киришганидан кейин ҳақиқий етакчи бўладими ёки отаси ўғли орқали мамлакатни ўзи бошқаришда давом этадими, ҳозирча номаълум.

Нима бўлганда ҳам, кўпчилик туркман президентлик Бердимуҳамедовлар оиласи қўлида қолар экан, мамлакатда бирон жиддий ўзгариш ёки ҳақиқий ривожланиш кутмаса бўлишини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG