Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:01

Туркманистон: Янги йил арчалари олиб ташланди, имомлар "исрофгарчилик"дан огоҳлантирмоқда


Ашҳободда Янги йил байрами. 2023 йил.
Ашҳободда Янги йил байрами. 2023 йил.

Туркманистон вилоятлари расмийлари кўчалардан безатилган Янги йил арчаларини олиб ташламоқда, давлат томонидан тайинланган имомлар эса ўз жамоатларига 2024 йил учун бонг уриш Ислом динига тўғри келмаслигини айтишган.

Бу ҳаракатлар авторитар Туркманистоннинг сўнгги йилларда ўтказган жуда дабдабали Янги йил байрамларидан кескин фарқ қилади.

Шимоли-шарқий Лебап вилояти маркази Туркманободда декабрь ойининг биринчи ҳафтасида ҳукумат бинолари, меҳмонхоналар, шифохоналар, вокзал ва шаҳар боғи олдига ўнлаб йирик Янги йил арчалари ўрнатилди.

Шу билан бирга, давлат хизматчилари безаклар сотиб олиш, дарахтлар ва бошқа безакларни ўрнатиш мақсадида кранларни ижарага олиш учун тахминан 14 АҚШ доллари миқдорида ҳисса қўшишга мажбур бўлдилар.

Туркманлар қашшоқлик ва қатағондан Ўзбекистонга қочмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:21 0:00

Аммо орадан бир неча кун ўтиб расмийлар безатилган арчаларнинг кўп қисмини олиб ташлади, “Оқ юрт” ижтимоий-маданий маркази, вилоят кутубхонаси, савдо маркази ва давлат байроғи ёнидаги кўзга кўринган жойларда олтитасини қолдирган.

Бироқ расмийлар ходимлардан тўпланган пулни қайтаргани йўқ, дейди Озодлик билан суҳбатда бир қанча давлат хизматчилари. Вилоят ҳокимияти Янги йил арчаларини олиб ташлаш бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Ноодатий ваъзлар

Айни пайтда, ғарбий Болқон вилоятида давлат имомлари жамоага дарахтларни безаш, «дабдабали» зиёфатлар уюштириш ва Янги йил байрамини нишонлаш туркманларнинг мутлақ кўпчилиги дини бўлган Исломга тўғри келмаслигини айтмоқда.

"Янги йил арафасида халқимиз чўчқа гўшти ейди, спиртли ичимликлар ичади ва ортиқча овқат пиширади, бу эса бизнинг эътиқодимизга зид бўлган исрофгарликдир", дея имом сўзларидан иқтибос келтиради вилоят маркази Болқонободда яшовчи бир киши.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз номини ошкор этишни истамаган бу одамнинг айтишича, имом шундай қўшимча қилган: “Туркманларнинг камида 95 фоизи жамғарган пулларининг катта қисмини Янги йил кечаларига, ярим бутилка коньякка тахминан 285 доллар сарфлайди."

Маҳаллий аҳоли имомларнинг Янги йил байрамига қарши ваъзларини мисли кўрилмаган, деб атамоқда.

Декабрь ойи бошида жума намозида қатнашган кўплаб одамлар Ашҳобод ҳукуматининг кўмаги, ҳатто кўрсатмаси бўлмаса, бундай ўзгариш бўлмасди демоқда. Қаттиқ назорат остидаги Туркманистонда имомлар ҳукумат томонидан тайинланади.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган баъзи туркманлар имомларнинг дадил танқидлари ва ҳудудларда Янги йилга тайёргарлик кўлами пасайгани сабаби янги президент Сердар Бердимуҳамедов отасидан кўра диний консервативроқ эканлигидан дейди.

42 ёшли Сердар Бердимуҳамедов 2022 йил мартида бўлиб ўтган сайловларда президент лавозимини эгаллаган. Туркманистонни 15 йилдан ортиқ бошқарган отаси байрам муносабати билан дабдабали парадлар, кечалар ва концертлар уюштирарди.

Аммо пойтахтда ҳозирча тайёргарлик авжида

Бироқ 15 декабрь куни байрам мавсуми расман бошланган пойтахт Ашҳободда Янги йилга тайёргарлик одатдагидек давом этмоқда.

«Алем» маданий-кўнгилочар марказида баландлиги 44 метр, эни 16 метр бўлган мамлакат бош арчасидаги чироқлар ёқилди, дея хабар беради давлат матбуоти. Пойтахтда яна кўплаб концертлар, кўча ярмаркалари ва кечалар ўтказиш режалаштирилган.

Белгиланган шаклда кийинган юзлаб ишчилар ва талабалар турли тадбирларда иштирок этиши кутилмоқда.

Ашҳободдаги баъзи ота-оналар бошланғич мактабларда ўқиётган фарзандларини ҳукумат расмийлари Янги йил байрамида иштирок этиши учун танламаганидан хафа.

Тадбирларда болалар шеър ўқийди, қўшиқ куйлайди, рақсга тушади, баъзиларида мамлакат президенти ва бошқа нуфузли шахслар иштирок этади.

Ота-оналарнинг «Озодлик» радиосига айтишича, амалдорлар ва ўқитувчилар байрам тадбирига айрим болалар “катта бурни” ёки “кўзлари қисиқлиги” учун олинмаганини очиқ айтишган.

“Улар болаларнинг дилини оғритди... Болаларни синфдошлари олдида камситишди”, дейди ашҳободликлардан бири.

Бошқа бир ота-онанинг айтишича, кўплаб болалар ташқи кўриниши ҳақида салбий фикрларни эшитиб йиғлаганлар.

Қизи байрам тантанасида қатнашадиган ота-оналардан бирининг айтишича, ҳатто танланганлар ҳам бахтсиз. Унинг айтишича, ота-оналар фарзандлари спектаклларга кийиб бориши учун қимматбаҳо либосларга пул тўлашлари керак.

Онанинг айтишича, у фарзандининг концерт костюми учун тахминан 570 доллар тўлаган.

Бир гуруҳ ота-оналар мактаб раҳбариятига костюмларни сотиб олишга пули йўқлигини айтиб шикоят қилишган. Мактаб мутасаддилари бу харажатлар эвазига “болаларга тест синовларида юқори балл ва фахрий ёрлиқлар беришларини” айтишган.

Озодлик Туркманистон расмийларига изоҳ сўраб мурожаат қилди, бироқ жавоб олмади.

Форум

XS
SM
MD
LG