Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Пайариқда 13 яшар бола 4 яшар қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда


Пайариқ тиббиёт коллежи
Пайариқ тиббиёт коллежи

Самарқанд вилоят, Пайариқ туманидаги кам таъминланган оилалар яшайдиган ётоқхонада "13 яшар бола 1 август куни тушдан кейин 4 яшар қизчанинг номусига тажовуз қилгани" тўғрисида Озодликка шу "воқеа гувоҳларидан бири" хабар берди.

Гувоҳнинг айтишича, "қизчани музқаймоқ билан алдаган бола уни ётоқхона ҳовлисидаги хилват жойга олиб бориб тажовуз қилган".

Қизча уйга йиғлаб бориб, бу ҳақда онасига айтганидан сўнг, она "Тез ёрдам" чақирган.

Тумандаги касалхона шифокори Озодликка қиз суд-тиббий экспертизасига юборилганини айтди.

Қизча қўшниларининг айтишича, прокуратура ходимлари ўша куни кечқурун воқеа жойини суратга тушириб, гувоҳлардан кўрсатма олган.

Туман ҳокими ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси бундай воқеа бўлганини эшитмаганини айтди.

Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасининг ўзини таништирмаган шифокори 1 август куни зўрланганлик гумони билан 4 яшар қизча касалхонага олиб келинганини тасдиқлади:

“Тўғри, 1 август куни “Тез ёрдам” машинасида у қизча олиб келинган. Навбатчи врач уни кўрикдан ўтказган. Лекин бокираликни текшириш хулосасини экспертиза беради. Қиз болани врачлар кўришга ҳаққи йўқ. Қизча экстренний ёрдам кўрсатадиган ҳолатда бўлмаган. Навбатчи врачимиз ички ишларга телефон қилган. Улар бизларга жўнатинглар, биз экспертиза тайинлаймиз деганидан сўнг, қизча экспертизага жўнатилган”.

Пайариқ туман суд-тиббий экспертизаси врачи Воҳид Абдураҳмонов, 4 яшар қизнинг экспертиза хулосаси ҳақида маълумот бериш ваколати йўқлигини айтди.

4 яшар қизнинг зўрланганини иддао қилиб, уни яхши таниган, исми сир қолишини сўраган қўшниларидан бири Озодликка бундай деди:

“Биз тиббиёт коллежининг собиқ ётоқхонасида яшаймиз. Икки қаватли бу ётоқхонанинг хоналари, коллеж бошқа жойга кўчирилиши сабабли, уйсиз, етим, боқувчиси йўқ, кам таъминланган оилаларга туман ҳокимлигининг қарори билан уй қилиб берилган. Бир синглиси ва онаси билан ётоқхонада яшайдиган 13 яшар ўсмир онаси ва бувиси билан яшайдиган тўрт яшар қизчани музқаймоқ билан алдаб, номусига теккан”.

Қўшнининг айтишича, қизчанинг аҳволи ёмон бўлгани боис, "Тез ёрдам" чақиртирилган:

“Онаси билан қизчани “Тез ёрдам” олиб кетди. Кейин милиция, прокуратура ходимлари келиб, воқеа жойини суратга олишди. Коллежнинг ҳовлисида ҳовуз бор, ўша ҳовузнинг орқаси ташландиқ, хилват жой. Ўша жойга олиб бориб, зўрлаганми ёки зўрламоқчи бўлганми, бунисини билмадим. Қизча йиғлаб келиб онасига айтиб берган, онаси кейин тез ёрдам чақирган”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир қўшнининг айтишича, расмийлар бу ишни бости-бости қилиб юборишмоқчи:

“Болани қочириб юборишган. Қизчанинг онаси ишни бости-бости қилишгани учун ҳамма ерга ёзиб юрибди. Қўшнилар у боланинг оиласини кўчиб кетишини талаб қилмоқда. Ҳоким келиб, Наримонни (Наримоновка - Пайариқ тумани марказининг эски номи – таҳр.) номини булғайдиган керакмас, яна шунақа ҳолат такрорланса ҳаммангни кўчага чиқариб юбораман, деди”.

Қўшнининг айтишича, улар яшаётган ётоқхона ҳинд киноларидаги "трушчобаларни" эслатади:

"Ҳокимлик бошпанаси йўқ, эри йўқ, кам таъминланган, ногирон оилаларга тиббиёт коллежининг ётоқхонаси хоналарини ўттизтача оилага уй қилиб берган. Кўпчилик оиланинг боқувчиси йўқ. Бу ерда яшашнинг ўзи даҳшат. Туалет кўчада, бир хонали уй ҳам ётар жой, ҳам ошхона. Қий-чув, тўполон, қўланса ҳид. Болалар жанжаллашган, уришган. Зўрланган қизча ҳам онаси ва бувиси билан яшайди. Зўрлашда гумонланган боланинг ҳам отаси йўқ, онаси ва бир синглиси бор".

Озодликда қизчанинг зўрланганини тасдиқловчи ҳужжат йўқ.

Зўрлагани ва зўрлангани иддао қилинаётган болаларнинг оналари ёки бошқа яқинлари билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Пайариқ тумани ҳокимлиги Хотин-қизлар бўлими раиси Дилфуза Мамасолиева Озодликка бу воқеадан хабари йўқлигини айтди.

Туман ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Фаррух Олимов ҳам бундай воқеа бўлганини инкор қилар экан, 9 август куни кечга қадар яна ўрганиб Озодликка ўзи маълум қилишини айтди.

Аммо ҳоким ўринбосаридан Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Пайариқ туман ҳокимлигининг матбуот хизмати мутахассиси Дилшод Назаров, иш бошлаганига энди тўрт кун бўлганини айтиб, мутлақо бу воқеани эшитмаганини таъкидлади.

Пайариқ тумани ИИБ ва прокуратурасидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG