Ўзбекистон хабарлари
Уч яшар бола ўлимида айбланган шахс 24 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 29 ноябрь куни 3 яшар болани ўлдиришда айбланаётган фуқаро С. М.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш якунланган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, жиноят иши судья С.Абдуғаниев раислигида кўриб чиқилган.
Фарғона вилоятида туғилган 31 ёшли судланувчи С.М. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш), 25, 97-моддаси 2-қисми “б”, “г”, “ж”, “р” бандлари (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни; ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини ўта шафқатсизлик билан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ўлдиришга уриниш), 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 251−1-моддаси 3-қисмида (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, ЖКнинг 50-моддаси 9-қисмига асосан судланувчи тайинланган жазонинг дастлабки тўрт йилини турмада, қолган қисмини эса қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Қонунчиликка мувофиқ, тарафлар биринчи инстанция судининг ҳукми устидан Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, прокурор ҳам, марҳумнинг ота-онаси ҳам суддан судланувчига умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.
Озодлик аввалроқ суд-психиатрия экспертизаси “ақли расо ва руҳий соғлом судланувчи ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вақтда физиологик аффект ҳолатида бўлмаган” дея хулоса бергани ҳақида хабар қилган эди.
Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида фуқаро С.М. қонуний никоҳсиз яшаб келган хотини билан жанжаллашув ортидан аёлнинг биринчи турмушидан бўлган норасида фарзандини чавақлаб ўлдиргани тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Кун янгиликлари
Қаршилик қиз ўзига уйланишни истамаган йигитни пичоқлади
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 24 ёшли қиз ўз йигитини пичоқлади.
Xabar.uz нашрининг ёзишича, Э.М. (қиз) билан беш йил давомида ишқий муносабатда бўлган Ф.Н. (йигит) ота-онаси бошқа қиз топгани, шу сабаб унга уйланолмаслигини айтган.
Бундан жаҳли чиққан қиз йигит билан жанжаллашиб қолган ва ошхона пичоғи билан йигитнинг орқа елка соҳасига бир неча марта пичоқ санчиб, уни жароҳатлаган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасида Ф.Н. ҳаёт учун хавфли тарзда оғир яралангани қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳри суди Э.М.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддасида (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятни содир қилган, деб топган.
Ҳодиса тафсилотларидан англашилишича, шифокорлар ярадор йигитнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Судланувчи судда айбига иқрорлик билдирган. Жабрланувчи эса айбдорга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо чорасини қўллашни сўраган.
Суд юқоридагиларни инобатга олиб, 24 ёшли Э.М.га нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.
Қашқадарё вилоятида жорий йил ёзида шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган, бироқ унда айбланувчи йигит, жабрланувчи эса қиз бўлган эди.
Йигирма иккинчи июнь куни Қарши тумани Узуннаво МФЙда яшовчи йигит Қарши давлат университети ҳовлисида 4-босқич талабаси бўлган қизни ўлдириш мақсадида унга бир неча марта пичоқ билан зарба берган.
Суриштирувларда оила аъзолари қизнинг йигитга турмушга чиқишига қаршилик қилгани ушбу жиноятга сабаб бўлгани аниқланган.
Беш кишини ўлдирган эркакка умрбод қамоқ жазоси тайинланди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди бир оиланинг 5 нафар аъзосини ўлдирган ва уларни уйи билан бирга ёқиб юборган 29 ёшли эркакни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Жазо махсус тартибли колонияда ўталиши белгиланди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов қайдича, 1995 йилда Наманган вилоятида туғилган З. С. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш), 118 (номусга тегиш), 134 (қабрни таҳқирлаш), 164 (босқинчилик) ва 173 (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Мазкур жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Қонунчиликка мувофиқ, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Жорий йил 26 июль Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлган эди. Хонадон кўздан кечирилганда 5 нафар (1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган бола ва 2018 йилда туғилган қиз) шахснинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган.
Кейинроқ ҳуқуқ идоралари 5 нафар шахсни қасддан ўлдиришда гумонланаётган шахсни ушлаганди.
Прокуратура ахборотига кўра, судланувчи жабрланувчи эркакнинг (марҳум) қариндоши бўлган. У ушбу жиноятни ўрталарида мавжуд бўлган қарз муносабати сабаб содир этганини айтган.
Тошкентдаги юзлаб корхона газдан узиб қўйилди
Тошкент шаҳрининг Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида фаолият олиб борувчи ишлаб чиқариш корхоналари газдан узиб қўйилди. Бу ҳақда хабар қилган Kun.uz нашри бизнес эгалари олдиндан миллиардлаб сўмлик буюртмалар олиб қўйгани, агар газ берилмаса, улар касод бўлишидан огоҳлантирди.
“Кўплаб корхоналар фақат табиий газга таяниб ишлайди. Чекловлар шароитида муқобил энергияга ўтиш харажатлари тадбиркорларга оғирлик қилади, қўшимча вақт ва маблағ талаб этади. Якунда маҳсулот ва хизмат нархлари қимматлашиши, иш ўринлари қисқариши мумкин”, деб ёзган нашр.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати ахборотига кўра, “газ етказиб бериш кафолатланмаган 15 мингдан ортиқ тадбиркорлар рўйхати шакллантирилган. Улар босқичма-босқич тармоқдан узиляпти”.
Масъуллар тадбиркорларни газдан узишга асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майида қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини келтирган.
Ушбу қарорда об-ҳаво совиб кетган пайтда маиший истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тўлиқ ўчириладиган, қисман ўчириладиган ва чеклов киритиладиган истеъмолчилар рўйхати шакллантирилиши белгиланган.
Айни пайтда тадбиркорлар охирги 10 кун мобайнида Тошкент шаҳрида ҳарорат манфийга тушмагани, ҳаво илиқ эканига эъибор қаратган.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов яқинда Ўзбекистонда ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирлангани, мамлакат президенти мутасаддиларга чекловларсиз, узлуксиз электр таъминотини таъминлаш бўйича топшириқ берганини айтганди.
Бир ҳафтача аввал вазирлик матбуот хизмати иссиқхона хўжаликларига газ етказиб беришда чекловлар мавжудлигини рад этиб, “иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга” экани ҳақида баёнот берганди.
Мирзиёев мева-сабзавот экспорти суст вилоятларни танқид қилди
Ўзбекистондаги айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани сабаб мева-сабзавот экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпти.
Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан 28 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ана шу масалага тўхталган.
Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги, Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти эса ўтган йилги кўрсаткичга етмаётгани қайд этилган.
Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган.
Халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар тўлиқ ишлатилмаётгани, айрим ҳудудлар бирорта лойиҳа таклифи бермагани ҳам эътироз уйғотган.
“Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди”, дейилган Президент матбуот хизмати хабарномасида.
Йиғилишда озиқ-овқат экспорти борасидаги ютуқлар ҳам саналган.
Қайд этилишича, бу йил Ўзбекистоннинг озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди.
Мамлакат ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.
Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайди.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари анъанавий бозорларни бой бераётгани, мамлакатдан мева-сабзавотни экспорт қилиш шартлари ёмонлашгани ҳақида таҳлилий мақола ёйинлаган эди.
Бухорода газ портлаши оқибатида эр-хотин вафот этди
Бухоро вилояти Жондор туманидаги хонадонда юз берган газ портлаши оқибатида оиланинг икки аъзоси вафот этди, яна икки аъзоси жароҳатланди.
17 ноябрь тонгида рўй берган бахтсиз ҳодисадан маҳаллий матбуот орадан ўн кун ўтиб воқиф бўлган.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, ўша куни соат 5:30 атрофида хонадон ётоқхонасида газ сизиб чиққан ва унинг оқибатида ёнғин рўй берган.
Хонада бўлган 41 ёшли ота ва она куйиш жароҳатини олиб вафот этган. Уларнинг икки нафар вояга етмаган қизи туман тез тиббий ёрдам марказига мурожаат қилган. Марҳумларнинг икки ўғли жабрланмаган.
Бош прокуратура ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатган.
Озодлик куни кеча Ўзбекистонда 2024 йил бошидан буён газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодисада 82 нафар одам қурбон бўлгани, 80 дан зиёд киши жароҳатлангани ҳақида хабар қилганди.
Жорий йил 22 октябрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида рўй берган газ портлаши оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси вафот этганди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ишдан кетди
Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
Қайд этилишича, Турдимов ҳокимлик вазифасидан “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” бўшатилган, бироқ унинг қандай ишга ўтганига аниқлик киритилган эмас. Айни пайтда маҳаллий нашрлар Самарқанд вилояти ҳокимлигида 28 ноябрь куни ўтаётган сессияда собиқ ҳоким ўз фаолиятини Президент администрациясида давом эттириши айтилгани ҳақида ёзишмоқда.
Турдимов ўрнига Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Адиз Бобоев тайинланган. Янги ҳокимнинг аввал Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаб келгани маълум.
55 ёшли Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятига 2018 йили ҳоким этиб тайинланган эди. Бунгача у 2 йил давомида Сурхондарё вилояти ҳокими, ундан ҳам аввал эса Навоий вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган. Вилоятларга ҳокимликдан аввал Турдимов туманлар ҳокимликларида ва Вазирлар Маҳкамасида фаолият юритган.
Газ билан боғлиқ нохуш ҳодисалар туфайли йил бошидан бери 82 киши нобуд бўлди
2024 йил бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмов маълум қилди.
Мулозимга кўра, “фуқароларнинг ис газининг хавф эканини тўла-тўкис ҳис этмасликлари, газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликлари натижасида” юзага келган мазкур нохуш ҳодисаларда 82 нафар одам қурбон бўлган, 80 дан зиёд киши эса турли даражада тан жароҳати олган.
Қаюмов “ностандарт, қўлбола, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган носоз ҳамда дудбўрон шамоллатиш тизимларини текширмасдан фойдаланиш” ҳам бу каби фожиаларга сабаб бўлаётганини қўшимча қилиб, истеъмолчилардан газдан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишни сўради.
Ўзбекистонда совуқ тушиши билан мамлакат бўйлаб ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади. Бундан бир ҳафта муқаддам Озодлик ис газидан заҳарланиш туфайли Наманган вилоятининг Поп тумани ва Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 5 киши нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Фаоллар ис гази туфайли ўлимлар сони ортишига энергия тақчиллиги ҳам сабаб эканини айтиб келишади.
Самарқанд ҳокимлиги ҳам қиммат автоулов харид қилганини яширди
Самарқанд вилояти ҳокимлиги 630 миллион сўмга 2 дона қора рангли BYD Chazor Champion DM-i Flagship 120km автомобилини харид қилди.
Daryo.uz нашрининг давлат харидлари портали маълумотларини ўрганган ҳолда хабар қилишича, вилоят ҳокимининг автоуловлар харидига оид фармойиши Адлия вазирлигининг “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган.
Шартномалар Beni-Motors масъулияти чекланган жамият билан 7 октябрь куни тузилган.
Автомобилларни сотиб олишга вилоят ҳокимининг 30 сентябрдаги 261-7-0-Ф/24 рақамли фармойиши асос қилиб олинган.
Фармойишда маблағ маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобига сотиб олиниши белгиланган. Мақсад эса “вилоятга ташриф буюрган расмий делегацияларга сифатли хизмат кўрсатиш” деб кўрсатилган.
“Ҳокимлик шартномани тузишдан олдин давлат харидлари электрон тизимида камида бир иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиши лозим бўлса-да, ўтказмаган. Шундай бўлса-да, муҳокама ўтказилгани ҳақида баённома тузилиб, эътироз келиб тушмагани билдирилган”, деб ёзган Daryo.uz.
Қайд этилишича, ҳокимлик “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ва “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор талабларини ҳам бузган.
Аввалроқ гарданида 6,6 миллиард сўм қарзи бўлган Андижон тумани ҳокимлиги 335 миллион сўмга Captiva 5T Premler автомобилини сотиб олгани, ҳокимликнинг ушбу харидга оид қарори “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилгани хабар қилинганди.
Сўнгги вақтларда давлат идоралари амалдорларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларга қимматбаҳо машиналар сотиб олаётгани, вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.
“Саидазиз медгородок”ка нисбатан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси 27 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, юқори инстанция, шунингдек, Акрамжон Акрамов, Нуриддин Тўлаганов, Ғофуржон Ўринбоев, Умид Маҳмудов, Азиз Нурматов, Жаҳонгир Бадалов, Улуғбек Раҳимов, Достон Хошаков, Дониёр Юнусов, Даврон Султонов, Бунёд Самадов, Ҳусан Рисқиев ва Баҳодир Раҳмоновнинг апелляция аризаларини ҳам қаноатлантирмаган.
Ушбу ажримдан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят беришга ёки протест келтиришга ҳақли экани эслатилган.
Озодлик аввалроқ жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди жорий йил 5 август куни “Саидазиз медгородок”ка 20 йиллик қамоқ жазоси тайинлагани ҳақида хабар қилганди.
“Кўча”га алоқадор деб кўрилган Саидалиев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик), 242 (жиноий уюшма ташкил этиш), 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 211−28 (пора беришга шериклик қилиш), 277 (безорилик) каби моддаларида айбдор деб топилган.
36 ёшли Саидазиз Саидалиев ҳамда шериклари Ўзбекистонда, хусусан, пойтахт Тошкентда 2023 йилнинг ноябрь ойида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида қўлга олинган эди.
Ўтган муддат мобайнида “кўча”га қарши кураш кампанияси даврида ҳибсга олинган шахслардан суд ҳукми билан Салим Абдувалиев 6 йилга, Лутфулла Умаров 6 йилу 2 ойга, Баҳодир Султонов 10 йилга, Бахтиёр Қудратуллаев эса 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди
ИИВ: 17 киши ИШИДга қўшилмоқчи бўлгани аниқланди
Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари халқаро террорчилик ташкилотлари сафига кўшилмоқчи бўлган 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши очди.
ИИВ матбуот хизмати ахборотига кўра, ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор суриштирувларда 2007 йили Тошкент вилоятида туғилган К.И. интернет тармоғида экстремистик ғоялар таъсирига тушиши оқибатида 16 нафар яқин танишлари билан ноқонуний йиғилиб, келгусида хорижда фаолият олиб бораётган “Ислом давлати” (ИШИД) халқаро террор ташкилоти сафига қўшилишни режалаштиргани аниқланган.
Мухтасар хабарномада ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилгани айтилгани ҳолда бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Сўнгги ҳафталарда жамоатчилик терроризм ва экстремизмда гумонланган фуқароларнинг ҳибсга олингани ёки жазога тортилгани хусусида бир қатор ҳолатлардан хабар топди.
Жумладан, Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи 19 яшар йигит диний-экстремистик мазмундаги материалларни тарқатгани учун 3 йилга қамалган.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Зомин тумани суди халқаро террорчилик ташкилотларининг материалларини тарқатиш ва молиявий қўллаб-қувватлашда айбланган 27 ёшли йигитни 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қўқон шаҳри суди эса “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдори экани айтилган 11 кишига нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Уч ёшли бола ўлимида айбланаётган эркак руҳан соғлом деб топилди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди 3 ёшли болани ваҳшийларча ўлдиришда айбланаётган фуқаро С.М.га нисбатан очилган жиноят ишини кўриб чиқмоқда.
Kun.uz нашрининг хабар қилишича, суд-психиатрия экспертизаси судланувчини ақли расо ва руҳий соғлом деб топган.
Навбатдаги суд мажлисида гувоҳлик берган психолог-эксперт судланувчи ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вақтда физиологик аффект ҳолатида бўлмаганини таъкидлаган.
Психиатр-эксперт ҳам фуқаро С.М. 2024 йил 28 августидан 10 сентябригача суд психиатрия-экспертиза бўлимида текширувдан ўтгани, текширув давомида унда ҳеч қандай руҳий бузилиш ҳолатлари аниқланмаганини айтган.
Судда тергов якунланиб, томонлар музокара қисмига ўтган. Ишни кўриб чиқишда 29 ноябргача танаффус эълон қилинган.
Суд терговида марҳумнинг ота-онаси қотилга умрбод қамоқ жазоси беришни сўраган.
Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 30 ёшли эркак қонуний никоҳсиз яшаб келган хотини билан жанжаллашув ортидан аёлнинг биринчи турмушидан бўлган 3 яшар ўғлини чавақлаб ўлдиргани тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Судланувчи С.М. – 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган, муқаддам судланган. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш каби моддалари бўйича айблов эълон қилинган.
Тергов хулосасига кўра, С.М. муқаддам кучли таъсир қилувчи моддаларни олиш, сақлаш, ташиш ва ўтказиш жиноятлари учун жазо ўтаб чиққан, лекин қилмишидан тўғри хулоса чиқармай, сурункали равишда кучли таъсир қилувчи ва гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб келган.
Букмекерликни тарғиб қилган сайтлар блокланди
Ўзбекистонда букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 30 га яқин сайт блокланган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қўмита қайдича, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилишга қаратилган веб-сайтлар юзасидан доимий ўрганишлар олиб борилмоқда ва бу борада қонун бузилишларига нисбатан тезкор чоралар кўриш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Букмекерликни тарғиб қилувчи веб-сайтларга киришни чеклаш ана шу чоралар сирасига киради.
Маълум бўлишича, 42 та веб-сайтни блоклаш бўйича АОКАга таклиф киритилган бўлиб, шундан 30 га яқин сайтга кириш белгиланган тартибда чекланган.
Ўзбекистонда 2023 йилда ҳам букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи 27 та сайт блокланганди.
“Реклама тўғрисида”ги қонунда қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан, телекоммуникация тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Президентнинг “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра эса, 2025 йил 1 январидан таваккалчиликка асосланган ўйинларни онлайн ўтказишга ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, таваккалчиликка асосланган ўйинларни махсус лицензия олган юридик шахслар ташкил этиши мумкин. Лотерея, интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида фақат 18 ёшга тўлган Ўзбекистон резиденти ва норезидентлари қатнашишга ҳақли.
Озодлик аввалроқ букмекерликка рухсат берилиши ўзбек спортига қай тариқа таъсир этиши масаласини ўрганганди.
Жамшид Қўчқоров: Тиббиётчилар маошини ошириш борасида ҳозирча ечим йўқ
Ўзбекистон ҳукуматида тиббиёт ходимларининг ойлик маошини кўпайтириш бўйича ҳозирча ечим йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилган 26 ноябрдаги мажлисида билдирган.
Kun.uz нашри хабарига кўра, депутат Қизилгул Қосимова ҳукуматнинг иқтисод-молия шуъбаси раҳбарига тиббиёт ходимларининг иш ҳақи нисбатан пастлиги, шу сабаб малакали кадрлар хусусий секторга ўтиб кетаётгани хусусида савол берган.
Қўчқоровнинг таъкидлашича, президент Шавкат Мирзиёев “юқори малакали, ўз ишига виждонан ёндашадиган, одамларнинг соғлиғини қадрлайдиган тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашни жиддий яхшилаш” топшириғини берган.
“Энди, иш ҳақининг қанчаси кўп, қанчаси кам – ўзингиз яхши биласиз, жудаям мураккаб савол... Лекин масаланинг энг мураккаб томони шундаки, ҳаммага 15 фоизга, ё 50 фоизга, балки 40 фоизга кўпайтириш биз кутаётган натижани берадими-йўқми деган савол бор. Шунинг учун топшириқ шундай бўлганки, олдинда юраётган, малакаси юқори бўлган, ўзининг ишини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларининг ойлигини кўпайтириш бўйича, тўғриси, ҳозир ечимларимиз йўқ”, деган иқтисодиёт ва молия вазири.
Ҳукумат мулозими масала ечими бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини таъкидлаган.
Расмий статистикага кўра, соғлиқни сақлаш тизими таълим жабҳаси каби коррупция кўп учрайдиган йўналиш саналади.
Жорий йил 21 сентябрь куни Сенатда тақдим этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича учинчи миллий маърузада ҳам бу турдаги оид жиноятлар бўйича судланган шахсларнинг аксарияти таълим муассасалари, банклар, ҳокимликлар ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари ходимлари экани айтилган.
Таҳлилчилар тиббиёт тизимида коррупция кенг ёйилгани сабабларидан бири сифатида соҳа вакилларининг маоши камлигини ҳам кўрсатади.
ТИВ: Ўзбекистон Нетаняхуни ҳибсга ололмайди
Халқаро жиноят суди (ХЖС) ҳибсга олинишига ордер берган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Ўзбекистонга ташриф буюрган тақдирда, расмий Тошкентни уни қамоққа ололмайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Qalampir.uz нашри сўровига жавобан маълум қилган.
“Ўзбекистон Республикаси Халқаро жиноят судининг қарорларини бажаришни ўз зиммасига олмаган. Бу тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни ратификация қилмаган. Шундан келиб чиқсак, Халқаро жиноят суди томонидан берилган қамаш, ҳибсга олиш бўйича қанақадир ордерларни бажариш бўйича Ўзбекистонда ҳеч қандай мажбурият йўқ”, деган ТИВ вакили.
Айни пайтда “Ўзбекистон Яқин Шарқда урушлар тўхтамагунича Нетаняхунинг ташрифини кутмаётгани” таъкидланган.
Озодлик 21 ноябрь куни Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳисобга олиш учун ордер бергани ҳақида хабар қилганди. Улар Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.
Суд хабарномасида айтилишича, маҳкама Нетаняху ва Галант Исроилнинг ҲАМАС радикал гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) қарши амалиёти чоғида Ғазодаги тинч аҳолини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва тиббий анжомлар ҳамда ёқилғи ва электр энергияси каби тирик қолиш учун зарур бўлган ашёлардан атайлаб, онгли равишда маҳрум қилишган дея тахмин қилиш учун мантиқий асослар бор, деган хулосага келган.
ХВЖ ордери Нетаняху ва Галант Рим статутини ратификация қилган мамлакатлардан бирига борган тақдирда ҳибсга олиниши кераклигини англатади. Масалан, улар Европа Иттифоқининг деярли барча мамлакатлари ёки Буюк Британияга келса, ҳибсга олинишлари лозим.
Исроил Рим статути иштирокчиси эмас ва ХЖС юрисдикцисини тан олмайди.
Мазкур шартномани дунёдаги кўплаб мамлакат ратификация қилишган, бироқ АҚШ, Россия ва Хитой дохил қатор йирик давлатлар унинг ишида иштирок этмайди ва ХЖС юрисдикциясини тан олмайди.