Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Украина мустақиллиги кунида ўтказилган ҳарбий парадда АҚШ мудофаа вазири иштирок этди


АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ва Украина президенти Петро Порошенко Киевда матбуот анжумани ўтказди. 2017 йил, 24 август.
АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ва Украина президенти Петро Порошенко Киевда матбуот анжумани ўтказди. 2017 йил, 24 август.

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис Украина мустақиллиги куни муносабати билан ўтказилган тантаналарда иштирок этиш ҳамда президент Петро Порошенко ва мудофаа вазири Степан Полторак билан учрашиш учун Киевга хизмат сафари билан келди.

Куни кеча Украина ва мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар янги ўқув йили арафасида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.

Мэттис ва бошқа хорижий давлатлар мудофаа вазирлари иштирок этган ҳарбий парадда сўзга чиққан Порошенко: “Украина агрессор ҳужум қиладиган бўлса, шиддатли ҳарбий жавоб қайтаришга тайёр”, деди. Бу билан Порошенко Москва ва айирмачиларни янада кўпроқ ҳудуд эгаллаб олиш оқибатларидан огоҳлантирди.

Аммо президент Украина “приоритети Донбасс ва Қримни қайтариб олиш учун тинч, дипломатик, сиёсий ва қонунга асосланган йўл” эканлигини таъкидлади.

“Ҳамкорларимизга ишонаман”, дея сўзини давом эттирди президент. Порошенко Британия, Грузия, Эстония, Канада, Латвия, Литва, Молдова, Польша, Руминия ҳамда АҚШ мудофаа вазирларига парадда иштирок этаётганлари учун раҳмат айтди.

2015 йилнинг февралида Украина шарқида тинчлик ўрнатиш бўйича Минскда эришилган тинчлик битимига тўлиқ амал қилинмай келинади.

БМТ ҳисобларига кўра, 2014 йилнинг апрелидан бери Украина шарқида камида 10 090 киши, жумладан, 2 777 оддий фуқаро ҳалок бўлган. Камида 23 966 одам эса жароҳат олган.

Байрам арафасида АҚШ президенти Дональд Трамп Порошенкога табрик мактуби юборди.

Украина президенти сайтида ёзилишича, Трамп АҚШ Украинанинг суверенлигини ва бирлигини ҳамда чинакам Европа давлатига айланишга қаратилган ҳаракатларини қўллашини билдирган.

Мэттис Порошенко билан 23 август куни ўтказган матбуот анжуманида: “Россиянинг Қримни эгаллаб олганини тан олмаймиз, олмаймиз ҳам. Россия буни рад этса-да, халқаро чегараларни куч ишлатиб қайта чизмоқчи эканлигини, бу билан суверен ва мустақил Европа давлатларини заифлаштирмоқчи эканлигини биламиз. Россия Минск тинчлик битимини қабул олганида ўз обрўсини ўртага қўйди. Келишув зудлик билан ўқ отишни тўхатишга, оғир ҳарбий техникани олиб чиқиб кетишга ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига тўсқинлик қилмасликка чорлайди”, деди.

Шарқий Украинадаги қуролли можарога чек қўйиш уринишлари бўйича АҚШ махсус элчиси этиб тайинланган Курт Волкер ҳам ҳозир Киевда.

Ўтган ойда Волкер Озодлик радиосининг Current Time TV телеканали билан суҳбатда Трамп маъмурияти Киев ўзини Россия дастаклаётган айирмачилардан ҳимоя қила олиши учун Украинага қурол-аслаҳа юбориш ҳақида ўйлаётганини айтган эди.

Волкер Украинага қурол бериш Россияни аллақачон қилаётган ишларидан кўпроқ чора кўришга мажбурламаслигини айтди.

6 август куни АҚШ матбуоти Пентагон Украинага 50 миллион долларли қурол-аслаҳа юборишни тавсия қилаётгани ҳақида ёзди.

Хабарларга кўра, юбориладиган қурол-аслаҳалар орасида танкларга қарши Javelin ракета тизимлари ҳам бўлади. Киев айирмачилар бошқарувидаги ҳудудлардаги зирҳли транспорт воситаларига қарши курашиш учун айнан шундай тизимлар керак эканлигини айтиб келади.

Айни дамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Украина шарқида тўқнашаётган тарафлар ўқув йили бошланишидан аввал ўқ отишни тўхтатишга келишиб олганини билдирди.

ЕХҲТнинг Украина бўҳрони бўйича вакили Мартин Сайдик 25 август тунида ўт очиш тўхтатилишини билдирди.

Порошенко ўт очишни тўхатиш таклифини 22 август куни Луганск вилоятида қайта таъмирлаган мусиқа театри очилишида билдирган эди. Президент бу билан Киев тинчлик тарафдори эканлигини кўрсатишни исташини айтди.

АҚШ ҳамда Европа иттиқофи жорий қилган санкциялар Россияни айирмачиларни қўллашни бас қилишга ёки Минск келишуви бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришга ундай олгани йўқ.

Россиянинг Украинадаги агрессияси, Суриядаги уруш ҳамда Москванинг АҚШ президенти сайловига аралашуви ортидан Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар Совуқ уруш йилларидагидек совуб кетган.

XS
SM
MD
LG