Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:56

Украина сабоқлари: Қозоғистон Россиядан масофаланиб, ҳарбий қудратини оширмоқда


Қозоқ ҳарбийларининг ўқув машқлари. Олмаота, 6 апрель, 2017
Қозоқ ҳарбийларининг ўқув машқлари. Олмаота, 6 апрель, 2017

Россиянинг Украинага босқини манзарасида Қозоғистон ўз мудофаасини мустаҳкамламоқда, шунингдек ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқиб, Туркия, Хитой ва АҚШ билан алоқаларини фаоллаштирмоқда, деб ёзди ўтган ҳафтада Ғарб ОАВлари. Хориж матбуотида Марказий Осиё мамлакатлари интеграцияси йўлидаги тўсиқлар ҳам таҳлил қилинган. Озодлик қозоқ хизмати ушбу мақолалардаги асосий хулосаларни жамлади.

Уруш таъсирида ўзгараётган мувозанат

Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон ўз иттифоқчилари бўлмиш Россиянинг Украинага босқини ортидан Москва билан алоқаларини қайта кўриб чиқишди, деб ёзади АҚШнинг Wall Street Journal газетаси.

Муаллиф Эван Гершковичга кўра, Россиянинг ҳарбий агрессияси минтақада мувозанатни ўзгартирган. “Қозоғистон мулозимлари, депутатлари, қолаверса, таҳлилчилар мамлакат ўз ташқи сиёсатида Россиянинг имтиёзли мақомини қайта кўриб чиқиб, Туркия, АҚШ ва Хитой билан муносабатларни фаоллаштираётганини айтишмоқда”, дейилади мақолада.

Муаллиф фикрича, Марказий Осиё давлатлари бетарафлиги, улар Россиянинг Украинага тажовузини қўлламагани ва Москвадан тобора узоқлашаётгани АҚШга минтақада сўнгги йилларда бирмунча заифлашган нуфузини тиклашга ёрдам беради.

АҚШ вакиллари сўнгги тўрт ойда бир неча бор Марказий Осиёга келишди. Апрель ойида давлат котибининг инсон ҳақлари бўйича ўринбосари Узра Зия минтақада бўлди, майнинг охирларида давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар қилди. Июнда эса ушбу мамлакатларга АҚШ Марказий қўмондонлиги янги раҳбари армия генерали Майкл Эрик Курилла ташриф буюрди.

Ғарб Россияга қарши санкциялар жорий этгач қозоқ ҳукумати савдо йўлларини диверсификация қилиш ҳаракатига тушди. Уруш бошланишидан бир неча ҳафта ўтиб Қозоғистон расмийлари Грузия ва Озарбайжонга бориб, Хитойдан Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия орқали Европага элтувчи Транскаспий йўлагини фаоллаштириш масаласини муҳокама қилишди.

Туркиянинг собиқ ташқи ишлар вазири ҳамда Осиё-Тинч океани тадқиқот маркази директори Селчук Чолакоглу Марказий Осиё давлатлари, Хитой ва Туркия шу пайтгача “Россиянинг жиғига тегмаслик учун” ушбу савдо йўлагига жиддий эътибор бермаганини айтади. Бироқ энди, унинг назарида, минтақа “ўзида жасорат топмоқда”, Хитой билан Туркия эса Россиянинг ҳукмрон мавқеига барҳам бермоқчи.

Америка нашри урғулашича, ўтган кўп йиллар давомида Москва билан Пекин ўртасида Марказий Осиёга доир махфий келишув амал қилган: Россия хавфсизлик учун жавобгар бўлган, Хитой эса иқтисодиётни ривожлантириш билан шуғулланган. Аммо ҳозирда манзара ўзгармоқда.

Апрель ойи охирида Хитой миллий мудофаа вазири Фэй Фэнхэ Қозоғистонга келиб, Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашди. Томонлар ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишишгани айтилди. Қозоғистон НАТО аъзоси бўлмиш Туркия билан ҳам алоқаларини мустаҳкамлашга уринмоқда. Май ойи бошида Тоқаевнинг Анқарага ташрифи чоғида томонлар Қозоғистонда турк ҳарбий дронларини ишлаб чиқариш бўйича битим имзолашган эди.

Қолаверса, Қозоғистон ўз мудофаа бюджетини 441 миллиард танга ёки 918 миллион долларга оширяпти.

“Юқори мартабали мулозимга кўра, мамлакат Украинанинг қақшатқич қаршилигидан сабоқ чиқариб, оддий ҳарбий ҳаракатлар билан бирга, киберуруш, ахборот хуружи ва сайловларга аралашиш каби усуллар қоришмаси бўлмиш гибрид урушда тезкор ва моҳирона ҳаракат қилиши ўз армиясини ислоҳ қилиши лозимлигини учун англаб етган”, дейилади мақолада.

Украинадаги уруш Россия армиясининг заиф томонларини очиб ташлаган бўлса-да, Марказий осиёлик мулозимлар Москва амбициялари олдида қўрқув ортаётганини, минтақа сиёсий элитаси “Кейингиси бизми?” дея ўзларига савол бераётганини таъкидлайди.

Нур-Султоннинг Ғарбга интилиши

Modern Diplomacy платформасида эълон қилинган “Айиқ қучоғидан халос бўлишга интилиб” номли мақолада Қозоғистоннинг Россиядан масофаланишга ҳамда Европа ва АҚШ билан муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари хусусида сўз боради.

Унда муаллиф – Роджанатрам Халқаро тадқиқотлар мактабининг катта илмий ходими бўлмиш Жемс Дорси январь воқеалари ҳамда Украина урушидан сабоқ чиқарган Қозоғистон ўз ҳарбий қудратини ошираётганини ва мудофаа корхоналарини барпо этиб Россия қурол-аслаҳасига қарамлигини камайтираётганини урғулайди.

Шунингдек, Дорсига кўра, “Тоқаев муқобил транспорт йўлаклари, хусусан, Россияни четлаб ўтувчи Транскаспий халқаро йўлагини ривожлантиришда Евроиттифоқ Қозоғистонга ёрдам беришига умид қилмоқда”.

Дарҳақиқат, Европа Марказий Осиёга катта қизиқиш билан қарамоқда. Вашингтон ҳам минтақага кўпроқ эътибор бера бошлади.

Мақолада Wall Street Journal шарҳловчиси Уолтер Рассел Миддан шундай иқтибос берилган: “Вашингтон сиёсатчилари Россия таъсирига қарши кураш ва Путинни қийин аҳволга солиш йўлларини излашмоқда, бинобарин Москва назоратидаги нефт қувурларига қарамликдан қутулиши ва иқтисодиётини ислоҳ қилиши учун Қозоғистонга бериладиган кўмак Россияга яхшигина тарсаки бўлади”.

Жеймс Дорси мақолада америкалик эксперт Пол Гобл фикрини ҳам келтиради. Гобл яқин орада Қозоғистон билан Россия ўртасида даҳанаки жанг зўрайишини башорат қиларкан, шундай дейди: “Москва, шак-шубҳасиз, ўз назоратидаги нефт қувурларидан, пропаганда аппаратидан ва Хитой билан алоқаларидан фойдаланиб Қозоғистонни тийиб қўйишга уринади. Нур-Султон эса бунга жавобан мамлакат ичида янада националистик сиёсат юритади ва Ғарб билан қалин муносабатлар ўрнатишга интилади”.

OzodNazar: Рубл босими остида қолган Ўзбекистон ва “урушга тайёрланаётган” Қозоғистон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:43:50 0:00

Марказий Осиёда миграцияга нима халал бермоқда?

“Америка овози” радиостанцияси Марказий Осиё мамлакатлари интеграцияси ушалмас орзу бўлиб қолаётгани сабабларига тўхталди.

Минтақа мамлакатлари раҳбарларининг 21 июль куни Чўлпонотада бўлиб ўтган маслаҳат учрашувида Тожикистон ва Туркманистон президентлари дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик шартномасини имзолашмади. Бу аввало ички тартиб-таомилларни тугатиш зарурлиги билан изоҳланди. Ҳужжатга фақат Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон лидерлари имзо чекдилар.

Карнеги фонди илмий ходими Темур Умаров фикрича, бешдан уч мамлакат имзолаган бўлса ҳам бу хайрли мужда бўлиб, “ҳаракат тўғри йўналишда” эканини кўрсатади.

“Сиёсий етакчилар ақалли минтақа келажаги ҳақида биргаликда бош қотиришга қизиқиш билдиришяпти. Бир неча йил аввал бунақа эмасди”, дейди Темур Умаров.

Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиё бўйича дастури директори Марлен Ларюэл минтақада ҳамкорликка интилиш бўлгани билан интеграция ҳақида гапиришга ҳали эрталигини айтади. “Блок тузилишини ҳозирча тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки ўзаро ишончсизлик ҳали анча кучли”, дейди у.

Марлен Ларюэл тахминича, бир-биридан фарқли қараш ва ёндашувлар ҳамда қуйидан юқорига ҳаракатлантирувчи кучнинг йўқлиги интеграцияга халал бераётир.

Форум

XS
SM
MD
LG