Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Украина урушининг ғолибларидан бири – Озарбайжон


Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев. Москва, 22 апрель, 2024
Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев. Москва, 22 апрель, 2024

Озарбайжон ва Россия президентлари 22 апрель куни Кремлда учрашганида асосий эътибор Тоғли Қорабоғ, Украина ёки Эронга қаратилгани йўқ. Бу совет темир йўли қурилишининг 50 йиллиги эди.

Расман ташриф сабаби 1974 йилда Россиянинг Узоқ Шарқида Байкал-Амур магистраль (БАМ) қурилишининг бошланиши эди. Лойиҳани Совет Иттифоқи Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ҳайдар Алиев бошқарган.

Эллик йил ўтиб, Алиевнинг ўғли, ҳозир Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Россия президенти Владимир Путин Москвада БАМ қурилиши фахрийлари гуруҳи билан учрашди. Улар, Путин тадбирда айтганидек, Россиянинг "Шарққа бурилиши"ни нишонлаш учун тўпланишди. Бу Россиянинг Ғарб ҳукмронлигидаги иқтисоддан воз кечиш ҳаракатлари бошланиши нишонаси сифатида кўрилмоқда.

БАМ тадбири бир баҳона эди. Россиянинг «Коммерсант» газетаси таъкидлаганидек, темир йўл юбилейининг асосий байрами июль ойидан олдин бўлмаслиги керак эди, Путин ва Алиев уни “муддатидан сезиларли даражада олдин” нишонлашди.

Бу ерда фақат носталгия эмас эди. Озарбайжон ва Россия ўртасидаги кун тартибида нафақат темир йўллар, балки Ҳайдар Алиев Совет Иттифоқининг энг юқори мартабали амалдорларидан бирига айланганидан ўн йиллар ўтиб, Алиев яна Москвада сезиларли таъсирга эга бўлди.

Илҳом Алиев учинчи бор Озарбайжон президенти этиб сайланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:51 0:00

Икки йилдан кўпроқ вақт олдин Россиянинг Украинага бостириб кириши Кавказда геосиёсий реакцияни келтириб чиқарди ва бу жараёнда Озарбайжон ўзининг табиий ресурслари ва стратегик жойлашуви туфайли ютди.

Украинадаги уруш Озарбайжоннинг Европа учун аҳамиятини янада оширди, бир томондан энергия манбаси сифатида, бошқа томондан Россияни четлаб ўтадиган муқобил Шарқ-Ғарб транзит йўлига эҳтиёж сабабли. Санкцияларни четлаб ўтиш учун Шимол-Жануб транзитга муҳтожлиги анча ортган Россия учун ҳам Озарбайжон керак.

Айни пайтда, Россиянинг Украинада ботқоққа ботиб қолгани Москванинг Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Арманистон ва Озарбайжон ўртасида 2020 йилдаги ўт очишни тўхтатиш келишувига қўрувчилик қилиш вазифасини бажара олмаслигини англатарди. Ҳудудда Россиянинг 2000 нафар тинчликпарвар кучлари мавжудлигига қарамай, Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги этник арманлар яшайдиган ҳудудда ўз устунлигидан фойдалана олди ва бу охир-оқибат Озарбайжоннинг 2023 йил сентябрь ойида ҳудудни тўлиқ назорат қилишига олиб келди. Натижада Арманистон Россияга анъанавий боғлиқликдан воз кечиб, Ғарб билан яқинроқ муносабатларни ўрнатишга мажбур бўлди.

Озарбайжон юлдузи порлаётган ва Россиянинг Кавказдаги таъсири сустлашиб қолган бир пайтда Алиев Москвага учиб келди. Камига Россиянинг Кавказдаги қудрати пасайиб кетганини яққол кўрсатадиган яна иккита воқеа содир бўлди.

Биринчидан, Россия ўз тинчликпарвар кучлари Қорабоғдан келишилган санадан (2025 йил ноябри) анча олдин чиқиб кетишини тасдиқлади. Ўшанда Арманистон ва Озарбайжон Россия ва бошқа ташқи воситачиларсиз ишғол қилинган ҳудудларнинг айрим қисмларини бериш бўйича келишувга эришганликларини эълон қилди.

Икки президентнинг оммавий чиқишларида Алиевнинг “минтақавий хавфсизлик” деган мужмал иборасидан бошқа ҳеч қандай воқеа умуман тилга олинмади. Бунинг ўрнига Алиев ва Путин темир йўл ва бошқа иқтисодий алоқаларни муҳокама қилди.

Иқтисодий кун тартиби эса ўз ишларини ҳеч қандай ташқи кучлар, жумладан, Россиянинг ҳам аралашувисиз ҳал қилишга интилаётган Озарбайжонга мос эди.

“Албатта, “қишлоқ хўжалиги” ва «туризм» каби масалалар янгиликларда «тинчликпарварлар» ёки “Россия воситачилигида можароларни ҳал қилиш бўйича музокаралар” каби аҳамиятли кўринмайди”, деб ёзади ҳукуматпараст Minval.az Озарбайжон янгиликлар сайти. “Аммо ҳозир, Президент Алиев бир неча бор таъкидлаганидек, Қорабоғ можароси саҳифасини очиш вақти келганида, биз оддий фуқаролар учун сармоя, иш ўринлари ва иқтисодий дивидендлар каби «зерикарли» мавзулар ҳақида гапиряпмиз. Бу музокараларда марказий ўринни эгаллайди."

Озарбайжон орқали савдо йўлларини кенгайтириш уруш ва тинчликдан кўра зерикарлироқ бўлиши мумкин бўлсада, Россия учун стратегик аҳамиятга эга. Бу масала Путин ва Алиев учрашуви кун тартибида устунлик қилди.

Санкт-Петербургдан Форс кўрфазига

Россияни Эрон ва унинг Форс кўрфазидаги портлари билан боғлайдиган темир йўл, денгиз ва автомобиль йўллари туркуми бўлган «Шимол-Жануб» халқаро транзит йўлаги Москва учун муҳим лойиҳадир. Бу йўналиш Россия ва Эрон билан чегарадош бўлган ва икки давлатни боғловчи Озарбайжон орқали ўтади.

Бу йўл узоқ вақтдан бери режалигича қолаётган бўлса ҳам, Украинадаги урушдан кейин ва Ғарбнинг Россияни иқтисодий жиҳатдан изоляция қилишга уринишларидан кейин долзарблиги ортди.

"Биз кўп йиллар давомида транспорт соҳасида лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз, Россия-Украина уруши ишимиз аҳамиятини оширди", деди Алиев 2023 йил январь ойида маҳаллий матбуотга мурожаатида.

2023 йил майида Россия ва Эрон Астара шаҳридаги Эрон-Озарбайжон чегарасидан Эрон шимолидаги Раштгача бўлган темир йўл қурилишини якунлаш бўйича келишув имзолаган эди. Бу Санкт-Петербургни Форс кўрфазига боғлайдиган темир йўл тармоғидир.

2016 йилда Озарбайжон қурилишни қисман молиялаштиришга рози бўлди (Эрон билан биргаликда), лекин икки йилдан сўнг Эронга қарши халқаро санкциялар туфайли лойиҳадан воз кечди. Энди Россия Рашт-Астара линияси қурилиши учун ўзи тўлайди.

Путин бир неча бор ушбу йўналиш ҳақида глобал иқтисодиётни Ғарб ҳукмронлигидан узоқлаштириш режаларининг асосий элементи сифатида гапирган. БАМнинг юбилейи унга буни яна тасдиқлаш учун баҳона бўлди.

“Ўз миқёси ва тарихий аҳамияти жиҳатидан БАМни Россия-Озарбайжон ҳамкорлигининг яна бир йўналиши – «Шимол-Жануб» транспорт коридорини ривожлантириш билан солиштириш мумкин”, деди Путин Алиев ва Совет темир йўл қурилиши фахрийлари билан учрашувда.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги муҳим шаҳарни эгаллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:33 0:00

Озарбайжон, аксинча, бу йўналишдаги роли ҳақида нисбатан хотиржам эди. Россия транспорт вазири Виталий Савелев тадбирда журналистларга Озарбайжон ўз темир йўлини модернизация қилаётганини, бу эса йўналиш бўйлаб ташиладиган юк ҳажмини икки баравар ошириш имконини бериши кераклигини айтди.

Минтақавий транспорт лойиҳаларига ўтиш Россия учун Кавказдаги стратегик чекиниш сифатида қаралиши керак, дейди Chatham House таҳлил маркази ходими Лоренс Броэрс.

"Россия тинчликпарвар миссиясининг Қорабоғдан олиб чиқиб кетилиши Боку учун муҳим стратегик ғалабани ифодалайди, – деб ёзган Броерс Х’да. – Минтақавий кучлар, хусусан, Россия ва Эрон Жанубий Кавказда янги стратегик мувозанатни ўрнатиш учун биргаликда ҳаракат қилмоқда. Бу Россия учун ёлғиз гегемонликдан кейини энг яхши вариантидир, бу унинг Қорабоғдаги тинчликпарварлик миссияси каби куч ўйинларидаги йўқотилган мавқеини қоплаши мумкин.

Зангезурдаги руслар

Путин-Алиев учрашувида тилга олинмаган Россиянинг Кавказдаги яна бир таъсир кучи бор: Озарбайжонни Арманистон ҳудуди орқали Нахчиван анклавига боғлайдиган транспорт йўлаги. Бу лойиҳа озарбайжонча ном билан Зангезур йўлаги деб аталади.

Маршрутни қуриш Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги 2020 йилги урушга якун ясаган ўт очишни тўхтатиш келишувига киритилган эди. Бу шартномада Россия чегарачилари ушбу йўналиш бўйлаб хавфсизликни таъминлаши кўзда тутилган.

Бироқ, ўшандан бери сулҳ битимининг деярли барча қоидалари бузилди ва у расман бўлмаса ҳам, амалда ўликдир. Россияга ишонч кескин пасайгани муносабати билан Арманистон америкалик ва европалик музокарачилар билан биргаликда хусусий компаниялар ёки халқаро ташкилотлар каби хавфсизликнинг бошқа вариантларини қидирмоқда.

Бироқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров январь ойида яна 2020 йилги келишув Россиянинг йўлларни тартибга солиши кераклигини таъкидлади.

Бироқ парда ортида Озарбайжон ҳам Россияни четлатишга уринаётган бўлиши мумкин.

Озарбайжонлик мустақил таҳлилчи Фуад Шаҳбазов “Россияга нисбатан ҳар икки томонда ҳам шубҳа бор”, дейди.

“Россия коридор яратишда қатъий, чунки у бу ерда хавфсизлик ниқоби остида узоқ вақт қолишни истайди, – деди у. – Озарбайжон буни баланд овозда айтмайди, лекин руслар транспорт йўналишларини қўриқлашини ҳам истамайди.”

Бокунинг 2020 йилги келишувга амал қилиш талаби музокара усули бўлиши мумкин, дейди Бокудаги Топчибашов маркази тадқиқотчиси, халқаро муносабатлар ва хавфсизлик бўйича мутахассис Шужаат Аҳмадзода. “Биринчидан, Арманистонга босим ўтказишда давом этмоқда. Иккинчидан, бу муаммони Россия-Арманистон можаросига айлантириб, улар ўртасидаги ҳар қандай тафовутдан фойдаланиш Озарбайжонга музокараларда ўз таъсирини кенгайтиришга ёрдам беради”.

Ҳамма томонга ўйнаш

Алиев февраль ойида Мюнхен хавфсизлик конференциясида Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашган. Русийзабон ҳамкасби билан инглиз тилида гаплашган Алиев “Озарбайжон Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлайди. Биз ишғол ва ҳудудий яхлитлик бузилиши нима эканлигини жуда яхши тушунамиз”, деб яна бир бор таъкидлади.

Айни пайтда россиялик муросасиз сиёсатчи Леонид Слуцкий яқинда Алиевни “постсовет ҳудудидаги энг ишончли раҳбар” деб атади.

Озарбайжон узоқ вақтдан бери ҳар томонлама ўйнашга ва турли ҳамкорлар билан муносабатларини мувозанатлашга интилмоқда ва Украинадаги урушдан кейин ўсиб бораётган таъсири бу борадаги қобилиятини янада кучайтирди.

Гап фақат Россиянинг Озарбайжонга қарамлигида эмас. Россия Фанлар Академияси Иқтисодиёт институти илмий ходими Александр Караваев, Озарбайжоннинг Haqqin.az сайтида Алиевнинг ташрифи олдидан чоп этилган мақоласида икки давлатнинг яна кўплаб умумий манфаатлари бор, деб ёзди.

Муштарак манфаатлардан бири Арманистоннинг Ғарбга бурилишига нисбатан антипатиядир. Айни пайтда, Озарбайжоннинг Ғарб билан нисбатан яхши муносабатлари Бокуга ўзининг Ғарбга қарши тактик ҳаракатларини, масалан, Франция ёки АҚШга қарши ҳаракат қилишни чекламайди.

Яна бир умумий манфаат – Украинада уруш бошланганидан буён амалда кучайган яқин иқтисодий ҳамкорлик: Караваев Россиянинг АвтоВАЗ автоконцерни Озарбайжонда Лада автомобилларини йиғишни бошлаганини ва икки давлат Россия темир йўл вагонлари ва самолётларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга интилаётганини таъкидлади.

“Россия учун Озарбайжон саноат корхоналари ва Россия бизнесининг Ғарб санкциялари остидаги айрим сегментларини кўчириш учун қулай”, деб ёзади Караваев.

Аммо Озарбайжон-Россия муносабатлари тарихан кўтарилиб, пастлаб турган ва узоқ муддатли дўстликка шубҳа қилиш учун кўп сабаблар бор, деб ёзди россиялик таҳлилчи Сергей Маркедонов Telegram’даги каналида. "Боку ва Москва яқинлашмоқда, бу ҳақиқат, – деб ёзади у. – Аммо бизда ғарбга қарши ва советларга хайрихоҳ носталгия даражаси ҳар хил."

Маркедоновнинг таъкидлашича, ёш озарбайжонлар кўпинча Россия билан муносабатларга шубҳа билан қарайди.

Форум

XS
SM
MD
LG