Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:11

Украина Россияни АЭС ишчиларини ўлдиришда ва қийноққа солишда айблади


Запорожъе атом электр станциясига кириш
Запорожъе атом электр станциясига кириш

Украинанинг “Энергоатом” агентлиги раҳбари атом электр станциясидаги рус аскарларини заводнинг украиналик ходимларининг бир қисмини қийноққа солиб, ўлдирганликда ҳамда улардан 200 га яқинини ўғирлаганликда айблади.

Энергоатом президенти Петро Котин Германиянинг Funke газетасига берган интервьюсида ўғирланганларнинг баъзилари қаерда эканлиги ҳақида маълумот йўқлигини айтди.

Котиннинг айтишича, рус босқинчилари завод ходимларинининг Украинага содиқлигини аниқлаш учун текширмоқда.

Москва Украинага босқин бошлаганидан сўнг, Запорожъе заводи Россия назоратига ўтгунга қадар заводда 11 мингга яқин одам ишлаган.

МАГАТЭ ўтказилган текширувлардан сўнг, ядровий авариянинг олдини олиш учун "вақтинчалик чоралар кўриш зарурлигини" маълум қилган.

МАГАТЭ заводда ходимларнинг етишмаслиги ва стресс бошқарув жараёнида хатоликлар хавфини туғдириши ҳақида огоҳлантирди.

Ташкилотнинг билдиришича, рус босқинчилари БМТнинг 14 нафар экспертига атом станциясининг барча ҳудудларига киришга рухсат бермаган.

МАГАТЭнинг икки мутахассиси кузатув олиб бориш ва хавфсизликни таминлаш учун Запорожъеда қолди.

Агентлик “янги ҳужумлар Запорожъе АЭС ва яқин атрофдаги иссиқлик электр станцияси ўртасидаги захира электр тармоғига зарар етказгани, бу эса объектнинг ядро хавфсизлигига жиддий хавф туғдираётганини яна бир бор таъкидлаган”.

Днепропетровск вилояти губернатори ва Энергодар шаҳри мэри Россияни кеча яқин атрофдаги электр таъминотини қайтадан ўққа тутганликда айблади.

Расмийлар сўнгги кунларда маҳаллий аҳолини радиация таъсиридан ҳимоя қилиш учун йод таблеткаларини тарқатгани хабар қилинган эди.

Украина ва Россия завод атрофида бўлаётган портлаш ва ҳарбий ҳаракатларда бир-бирини айблаб келмоқда.

Экспертлар агар реакторлар электр таъминотидан узилиб қолса, Чернобил ёки Фукушима ҳалокати такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

МАГАТЭ Россия ва Украинани станция атрофида “ядро хавфсизлиги муҳофазаланган зона” яратишга чақирди ҳамда ҳудуд атрофида ўт очиш зудлик билан тўхтатилиши кераклигини айтди.

Киев заводни Украина назоратига қайтаришни талаб қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG