Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:37

Украина: Швейцариядаги саммитдан кейин Россия музокаралар столига ўтирадими?


15-16 июнь кунлари Швейцарияда ўтказилган Украинада тинчлик бўйича саммитда дунёнинг 90 дан ортиқ давлатларидан вакиллар иштирок этди. Россия таклиф этилмаган саммитда иштирокчилар мулоқотни давом эттириш учун жараён бошлангани ва яқин келажакда иккинчи саммит ўтказилишига ишора қилди.

Икки кунлик анжуман якунида умумий коммюнике эълон қилинди. Унда Россия тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, «тинчликка эришиш учун барча томонларнинг иштироки ва мулоқоти зарурлиги» таъкидланди.

«Ҳақиқий тинчлик жараёни ҳеч қандай шартларсиз бошланиши керак. Бу БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш асосида тинчлик жараёнини йўлга қўйишга қаратилган инаугурацион саммит бўлди. Саммит чоғида Россия ва Украина иштирокида ультиматумларсиз тинчлик конференциясини ўтказиш имконияти муҳокама қилинди”, дейди украиналик таҳлилчи Владимир Фесенко.

Украина президенти Владимир Зеленский саммитнинг биринчи сессиясидан сўнг журналистлар билан суҳбатда: «Бу ерда Россия йўқ, агар Россия тинчликдан манфаатдор бўлганида, уруш бўлмасди», дея фикр билдирди.

Швейцариядаги саммит арафасида Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича ўз тинчлик режасини баён қилди. Путин таклиф қилган режага кўра, агар Украина ўз кучларини Россия аннексия қилган Украинанинг барча минтақаларидан олиб чиқса ва НАТОга қўшилиш амбицияларидан воз кечса, Москва «зудлик билан» ўт очишни тўхтатиб, музокараларни бошлашга тайёр. Путин ўз режасида шунингдек, Россия аннексия қилган Украинанинг тўрт вилоятини тан олишни ҳамда Москвага киритилган санкцияларни бекор қилишни ҳам талаб қилди.

Путин Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги брифингда.
Путин Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги брифингда.

Путиннинг баёноти дарҳол Украина ва Швейцариядаги саммитнинг кўплаб иштирокчилари томонидан глобал конференцияни бузишга қаратилган »ультиматум« сифатида қораланди.

«Путин ҳарбий куч билан эриша олмаган нарсани унга беришларини талаб қилмоқда ва буни муроса деб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда”, дея Путиннинг шартларини изоҳлайди россиялик таҳлилчи Иван Преображенский.

Хитойнинг манфаатлари

Россиянинг асосий геосиёсий иттифоқчиси бўлган Хитой Швейцария саммитида қатнашмади ва Бразилия билан биргаликда Россия ва Украина уруши борасида ўз тинчлик режасини таклиф қилди.

Пекиннинг тинчлик режасида Украинанинг ҳудудий яхлитлиги масаласида ҳеч нима дейилмаган. Тинчлик келишуви «миллий суверенитет»га ҳурматга асосланган бўлиши кераклиги таъкидланган.

Таҳлилчи Иван Преображенскийнинг фикрича, Хитой урушни тўхтатишдан манфаатдор эмас. «Пекин ҳозирги статус-квони сақлаб қолишни хоҳлайди, яъни Хитой учун Россия бу урушда тўлиқ ютқазмаслиги керак, аммо шу билан бирга ғалаба қозонмаслиги ҳам муҳим», дейди эксперт.

Зеленский Швейцарияга боришдан олдин кутилмаганда Саудия Арабистонига сафар қилди. Хабарларга кўра, Киев Саудия Арабистонини Хитой ва Россия иштирокидаги навбатдаги тинчлик конференциясига мезбон сифатида кўрмоқда.

Владимир Путин ва Си Цзиньпин.
Владимир Путин ва Си Цзиньпин.


Таҳлилчи Фесенконинг айтишича, Швейцария саммити уруш асирларини озод қилиш ёки Россияга ноқонуний олиб кетилган украиналик болаларни қайтариш каби «келишувга эришиш мумкин бўлган» масалалар муҳокамаси учун платформа бўлган.

«Аммо баъзи саволлар борки, улар бўйича муроса қилиш имконсиз , жумладан, босиб олинган ҳудудлар мақоми борасида», - дейди у.

Бошқа томондан, жараён Украина ва Россия ҳамда саммит қатнашчилари иштирокидаги норасмий учрашувлар билан давом этиши мумкин.

«Аммо бу тинчлик музокаралари эмас, балки келажакдаги тинчлик музокаралари формати ва кун тартиби бўйича келишиб олишга қаратилгам ҳаракат бўлади», дея хулоса қилди украиналик таҳлилчи.

Форум

XS
SM
MD
LG