Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:41

RSF: Украинадаги уруш журналистикага ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда


Россиядаги "хорижий агентлар" қонунчилигига қарши норозилик акцияси. Москва, 4 сентябрь, 2021
Россиядаги "хорижий агентлар" қонунчилигига қарши норозилик акцияси. Москва, 4 сентябрь, 2021

Дунёда матбуот эркинлиги даражасини кузатиб борувчи «Чегара билмас мухбирлар» (Reporters sans frontières, RSF) ташкилоти Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган мазкур ташкилотнинг 3 май куни эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган уруши минтақада матбуот эркинлиги учун ҳалокатли оқибатларга олиб келмоқда.

Ташкилот журналистлар уруш жараёнини ёритаётиб ҳалок бўлаётганини, жумладан 28 апрель куни Киевда Россиянинг ракета зарбаси натижасида Озодлик радиоси мухбири Вира Хирич ҳалок бўлганини қайд этди. Шунингдек, «Чегара билмас мухбирлар» уруш туфайли оммавий дезинформация ва цензура даражаси совет давридан бери кузатилмаган даражага етганини таъкидлади.

Ташкилот билдирувида қайд этилишича, Россия армияси босиб олинган ҳудудларда ахборот манбаларини атайлаб нишонга олмоқда ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларини ҳамкорлик қилишга мажбурлашга уринмоқда. Тадқиқот натижаларига кўра, Россия сўз эркинлиги бўйича 180 мамлакат Ичида 155-ўринни эгаллаган.

«Россиянинг ўзида ҳукумат уруш давридаги кенг қамровли цензурани ўрнатиш, оммавий ахборот воситаларини тўсиб қўйиш ва талабларга бўйсунмаётган журналистларни таъқиб қилиш орқали хабарлар ва маълумотлар устидан тўлиқ назорат ўрнатди», дейилади ҳисоботда.

Россия ўтган йилда рўйхатда 150-ўринни эгаллаган эди. Ўшанда Россия рейтинги мамлакатда Кремль танқидчиси Алексей Навальний тарафдорлари ўтказган норозилик намойишларини ёритган журналистлар сиқувга олингани ҳамда «хориж агенти» тўғрисидаги қонун кучайтирилгани учун пастлатилган эди.

Россияда тобора кўпроқ оммавий ахборот воситалари «экстремистик» деб белгиланмоқда. «Чегара билмас мухбирлар» ҳисоботида қайд этилганидек, «хориж агенти» деб белгиланган нашрлар ҳозирлаган контентни ижтимоий тармоқларда ўқиш ва улашиш учун жиноий жавобгарликка тортилиш мумкин.

Кремль, шунингдек, Украинадаги уруш ҳақидаги қарашларини айрим қўшнилари, хусусан, индексда 153-ўринни эгаллаган Беларусни тарғиб қилишга мажбурламоқда. Беларусда 2020 йил августида бўлиб ўтган мунозарали президентлик сайловлари ортидан бошланган мустақил журналистларга қарши кампания давом этмоқда. Мамлакатда 20 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари ходимлари қамоқда ўтирибди.

«Чегара билмас мухбирлар» ҳисоботида Марказий Осиё ҳукуматлари оммавий ахборот воситаларига Украинадаги урушни «нейтрал» ёритишга чорлаб босим ўтказаётгани таъкидланади. Ҳисоботда рўйхатда 177-ўринни эгаллаган Туркманистонда оммавий ахборот воситалари урушга умуман эътибор бермаётгани айтилган.

Дунёнинг энг эркин мамлакати сифатида пешқадамликни қўлга киритган Норвегия, Дания ва Швеция ҳар йили ҳам олдинги ўринларни эгаллаб келади.

Биринчи марта икки собиқ мамлакати – Эстония ва Литва мос равишда тўртинчи ва тўққизинчи ўринни эгаллаб, илк ўнталикка кирди. Европа давлатлари орасида охирги ўринни Греция эгаллади.

«Чегара билмас мухбирлар» маълумотларига кўра, матбуот эркинлиги бўйича дунёдаги энг ёмон бешта давлат Бирма, Туркманистон, Эрон, Эритрея ва Шимолий Кореядир.

Ҳисоботда қайд этилишича, жаҳон бўйлаб демократик жамиятларда муайян фикрни тарғиб қилувчи оммавий ахборот воситалари кенг тарқалаётгани ва ижтимоий медиа тармоқлари кучайтираётган дезинформация туфайли бўлинишлар кучаймоқда.

XS
SM
MD
LG