Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:31

Дунё мамлакатлари Беларусь узра парвозларни тақиқлаб, “Белавиа” учун ўз осмонини ёпмоқда (ВИДЕО)


Роман Протасевич ва Александр Лукашенко.
Роман Протасевич ва Александр Лукашенко.

Евроиттифоқ саммити иштирокчилари Беларусь авиаширкатларига ўз ҳудуди орқали парвоз қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Саммитда, шунингдек, европалик ташувчиларга Беларусь ҳаво ҳудуди узра учмаслик ҳам тавсия қилинган. Украина Беларусь билан авиаалоқани тўхтатганини маълум қилди. Сингапур авиаширкати Беларусь орқали парвозларини вақтинча тўхтатди. Булар бари – бортида “Nexta” телеграм-канали бош муҳаррири Роман Протасевич бўлган “Ryanair” ширкати учоғининг Минскга мажбурий қўндирилишига нисбатан маданий дунёнинг реакциясидир.

Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) ёйинлаган баёнотда Беларусь ҳаво ҳудуди бехатар эмаслиги хусусида сўз боради. Шу боис, EASA авиаширкатларга фақат жуда зарур ҳоллардагина Беларусь осмонига киришни тавсия этган.

“Мазкур воқеа сабаблари Беларусь томони фуқаро авиациясига оид халқаро қоидаларга ҳурмат билан қарашини жиддий шубҳа остига қўяди”, дейилади EASA баёнотида.

Чехия

Мамлакат хавфсизлик кенгаши Беларусга тегишли “Белавиа” авиаширкатининг Чехиядаги фаолиятини тўхтатиб туришга қарор берди. Сўнгги рейс бугун, 26 май куни амалга оширилади. Чехия бош вазири ўринбосари Карел Гавличек Франция, Литва, Швеция ва Латвия, шунингдек, ЕИ аъзоси бўлмаган Буюк Британия ва Украина томонидан шундай чора қўлланганини айтган. Бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, аввал тасдиқланган парвозлар Протасевич ўтирган учоқнинг Минскга мажбурий қўндирилиши юзасидан текширув ишлари якунлангунга қадар тўхтатиб турилади.

Латвия

Латвиянинг “Air Baltic” ширкати 24 майдан бошлаб ўз учоқлари Беларусь ҳаво ҳудудини айланиб ўтишини маълум қилди.

Кейинроқ, 26 май куни Беларуснинг “Белавиа”си Латвия ҳукумати ўз осмонини Беларусь учун ёпишга қарор қилгани муносабати билан, ширкат 26 майдан 25 июнгача бўлган даврга режаланган Рига шаҳрига бориш ва қайтиш рейсларининг барчасини бекор қилганини хабар қилди.

Швеция

Швеция ҳукумати ўз авиаширкатларига Беларусь ҳаво ҳудудида учишни тўхтатишни тавсия қилди. SAS Скандинавия авиаташувчиси ўз учоқлари Беларусь ҳаво сарҳадларидан ўтмаслигини билдирди.

Швеция ўз осмонини Беларусь учун ёпганидан сўнг Беларуснинг “Белавиа” ташувчиси Стокгольмга 26 майдан 30 октябргача барча бориш-қайтиш рейсларини бекор қилди. Йўловчилар учадиган кунларини ўзгартиришлари ёки ушбу саналарга режаланган парвозлар учун чипталар қийматини қайтариб олишлари мумкин, деб хабар қилган “Белавиа”.

Буюк Британия

“Ryanair” учоғи Минскга мажбуран қўндирилганидан сўнг Британия Европа мамлакатларидан биринчи бўлиб “Белавиа” ширкати учун ўз осмонини тўсди. Британия ҳукумати, шунингдек, авиаширкатлардан Беларусь ҳаво ҳудудини четлаб учишни талаб қилган. “British Airways” ташувчиси парвозларини вақтинча тўхтатишини маълум қилди.

Литва

Транспорт вазири Мариус Скуодис мамлакатга учиб келувчи ёки ундан учиб кетувчи барча учоқлар Беларусь ҳаво ҳудудига кирмаслиги лозимлигини айтди.

“Ташқи ишлар вазирлиги Литва фуқароларига Беларусга ҳар қандай шаклдаги сафарлардан тийилишни тавсия этади ҳамда Беларусдаги ўз фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақиради”, дея урғуланган Литва ТИВ баёнотида.

Литванинг “Avia Solutions Group” авиаширкатлар гуруҳи ўз йўналишларини Беларусни четлаб ўтадиган қилиб ўзгартирганини эълон қилди.

Польша

Польша Ташқи ишлар вазирлиги Беларусь орқали парвозларни ман қилишга чақирди. LOT ширкати Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланишдан воз кечишга қарор қилди. 25 май, сешанба куни ширкат Беларусга рейсни бекор қилди. Учоқ Варшавадан Минскга учиши керак эди.

Нидерландия

Нидерландия бош вазири KLM миллий авиаташувчиси Беларусь ҳаво макони орқали парвоз қилишни бас қилиши лозимлигини айтди. Шундан сўнг ширкат Беларусга парвозларини вақтинча тўхтатди.

Финляндия

Беларусь узра парвоз қилиш тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида Финляндия ҳукумати раиси Санна Марин ҳам баёнот берган. Шундан сўнг “Finnair” авиаширкати рейсларни вақтинча қолдиришини хабар қилди.

Франция

Ҳукумат ўз авиаширкатларига Беларусь устида учмасликни тавсия қилди. “Air France” ширкати Беларусь ҳаво ҳудудига парвозларни вақтинча тўхтатди. Айни чоғда “Белавиа”га берилган парвоз рухсатномасининг амал қилиш муддатини тўхтатди.

Германия ва Австрия

Германия канцлери Ангела Меркель Беларуснинг “Белавиа” ширкати учун мамлакат ҳаво сарҳадларига кириш тақиқланиши эҳтимолдан холи эмаслигини айтди. Ушбу баёнотдан кейин “Lufthansa” немис ширкати Беларусь ҳаво ҳудудига парвозларни вақтинча тўхтатишини билдирди.

“Lufthansa” шуъбаси бўлмиш Австриянинг “Austrian Airlines” ташувчиси ҳам Беларусь осмони орқали учишни вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Венгрия

Венгриянинг “Wizz Air” авиаширкати 24 май куни барча рейслари Беларусь ҳаво ҳудудини четлаб ўтадиган тарзда қайта ташкил қилингани ҳақида хабар қилди.

Украина

Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан авиақатновларни тўхтатди. МАУ миллий авиаширкати ҳукумат қарорини бажаришини ва авиаалоқа тўхтатилган тақдирда Вильнюс (Литва), шунингдек, Хельсинки ва Ваас шаҳарлари (Финляндия)га рейслар қайта кўриб чиқилиши лозимлигини билдирди.

“Навбатдан ташқари йиғилишда ҳукумат Инфратузилмалар вазирлиги, Давлат авиация хизмати ҳамда “Украэрорух” ДКга бунинг учун зарур чораларни кўриш вазифасини топширди”, дея маълум қилди Украина бош вазири Денис Шмигал.

Украина авиаширкатлари ва учоқларига ҳам Беларус ҳаво ҳудудида учиш тақиқланади, чегарачилар эса Беларусдан келаётган ва у ерга йўл олган йўловчиларни рўйхатга олишни тўхтатишлари керак.

Аввалроқ президент Володимир Зеленский ҳукуматга Украина билан Беларусь ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни тўхтатиш ҳамда Беларусь ҳаво ҳудудини ёпишга оид қарор ишлаб чиқиш вазифасини юклаган эди.

Сингапур

Сингапурнинг “Singapore Airlines” авиаширкати ҳам ўз рейсларининг бир қисмини Беларусь ҳаво ҳудудини четлаб ўтадиган тарзда қайта ташкил қилади.

“Ҳозирда биз Беларусь ҳаво ҳудудини четлаб ўтиш мақсадида Европага рейсларимизни бошқа йўналишлар бўйлаб йўналтиряпмиз, шу билан бирга вазиятни синчков кузатиб турибмиз”, деган авиаташувчи вакили.

XS
SM
MD
LG