Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

Умрага хусусий ширкатлар орқали бориш тўхтатилди


Хусусий ширкатнинг умра сафарига оид бу рекламаси шу кунда яроқсиздир.
Хусусий ширкатнинг умра сафарига оид бу рекламаси шу кунда яроқсиздир.

Ўзбекистонлик мусулмонлар ҳусусий ширкатлар орқали Саудия Арабистонига умра сафарига бора олмаяпти.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси мулозими умра ибодатини бажариш бўйича ягона қоидага амал қилиш учун¸ бу ташрифни ҳусусий ширкатлардан кўра¸ диний идора яхшироқ ташкил қилади, деган фикрга келинганини айтди.

Озодлик суҳбатлашган иккита туристик фирма вакили жорий йил августдан бери умрага борадиган Ўзбекистон ватандошлари учун Саудия расмийлари виза бермаётганини айтди.

Сайёҳлик ширкати вакилига кўра¸ “Одатда Ўзбекистонликлар учун умра визасини расмийлаштирадиган Бирлашган Аараб Амирликдаги Саудия элчихонаси виза беришни тўхтатган”. Туристик фирма вакилига кўра¸ элчихона “виза бермаслик бўйича Ўзбекистон диний идорасидан расмий хат олган”.

- Хаж вақтида умрага виза бериш тўхтаган эди. Кейин умра визаси бериш бошқа мамлакатлар учун очилди¸ лекин биз учун очилмади. Октябрь бошида очилади, дейишувди ҳалиям очилмади. Дубайдаги Саудия элчихонаси "Ўзбекистондан хат келди¸ туристик фирмаларга умра виза расмийлаштирмаймиз",- деди суҳбатдош.

Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги яна бир туристик ширкат вакили ҳам шу гапни айтди:

- Ўзбекистонга қўшни давлатлар фуқаролари Саудияга умра сафарига Дубай орқали виза олишяпти. Дубайдаги туристик ширкат ҳамкорлигида. Ҳозирги кунда Ўзбекистон диний идораси Дубай шаҳридаги Саудия элчихонасига хат ёзди , умра визаларни ўзбекистонликларга бермаслик учун. Кеча фирмамиз номидан Диний идорага хат ëздик. Мақсад умра визасини монополиядан чикариш эди. Лекин рухсат беришмаяпти, - деди 14 миллион сўмга (2 минг АҚШ долларига яқин) “ҳаммаси ичида умра сафари” га юборишни реклама қилаëтган ширкат вакили.

Маълумотларга қараганда, сўнгги икки йилда Ўзбекистондаги сайёҳлик ширкатлари ҳам умра сафарларини уюштиришни бошлаган.

Умра сафарларини уюштириш билан Ўзбекистон бўйлаб қанча ширкат шуғуллангани, хусусий ширкатлар орқали неча киши умра қилганига оид маълумот Озодликда йўқ.

Озодлик бу масалада Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво бўлими билан боғланди. Бўлим мулозими ҳаж ва умра ишларини мувофиқлаштириш билан дин ишлари қўмитаси шуғулланишини айтди.

Озодлик боғланган Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг исми сир қолишини истаган мулозими умра ибодатини бажариш бўйича ягона қоидага амал қилиш учун¸ бу ташрифни ҳусусий ширкатлардан кўра¸ диний идора яхшироқ ташкил қилади, деган фикрга келинганини айтди:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1031-сон қарори бор, бу қарорга кўра¸ умра квотаси 6 минг қилиб белгиланган. Бундан ташқари ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, бир борган одам иккинчи марта умрага бориши учун 2 йил танаффус керак. Хоҳлаган одам ширкатга пул тўлаб бораверадиган бўлса қоидага риоя қилиш қийин бўлади.

Озодлик тасарруфида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамовнинг¸ жорий йил 18 сентябрида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиëр Умаровга ëзган расмий мактуби бор.

Бу ҳужжатда умра сафарининг хусусий ширкатлар тарафидан ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидланади.

Озодлик ўтган ҳафта Андижон вилоятининг Избоскан туманида хусусий сайёҳлик ширкатига 3 минг АҚШ доллари тўлаб, умрага бора олмаганлар ҳақида ëзган эди. Озодлик мухбири бу ҳолатда ҳам ширкат Саудия визаси ола олмаганлигини аниқлаган эди.

Озодлик тасарруфида Дин ишлари қўмитаси¸ Мусулмонлар идораси ва "Нуроний" жамғармаси раҳбарлари имзо чеккан қўшма қарор бор. Бу қарорнинг 13- моддасида умра зиëратига борувчилар учун жамоатчилик кенгаши тузилиши кўрсатилган.

Бу қўшма қарорни изоҳлаган Диний қўмита мулозими умра зиëратининг шунчаки саëҳат эмас балки “ибодат” эканлигига эътибор қаратди.

- Сиз айтган ҳужжат ҳаж ва умра зиëратини ташкил қилиш бўйича давлат сиëсатини белгилаб берган. Бу ҳужжатдан кўриниб турибдики “умра” туристик сафар эмас, балки ибодатдир. Майорка оролига боргандек борилмайди бу жойга. Пулдан ташқари шу сафарга лойиқ бўлиш керак.

Бундан буён ўзбекистонлик мусулмонларнинг ҳаж ва умра зиёратлари Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тўлиқ назорати ва ташкилотчилиги остида амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG