Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:09

Тошкент вилоятида фермерлар экинини бузиб, пахта экишга мажбурланяпти (ВИДЕО)


Тошкент вилоят, Оққўрғон туманида фермерларнинг ўнлаб гектар буғдойзори бузиб ташланди.
Тошкент вилоят, Оққўрғон туманида фермерларнинг ўнлаб гектар буғдойзори бузиб ташланди.

Тошкент вилоят, Оққўрғон туманидаги фермерларнинг униб турган буғдой, картошка, ловияси ҳайдаб ташланди.

Янгийўл туманида сабзавотчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари пахта етиштириш шартномасини имзолашга мажбурланмоқда.

Вилоят прокурори Салом Самадовнинг қўшимча пахта эктириш буйруғига туман ҳокимлари ҳам қарши чиқолмаётгани ҳақида, фермерлар, ҳокимлик мулозими Озодликка айтди.

Ўзбекистон президенти қарори билан пахта етиштириш режаси ва унинг харид нархини белгилаш амалиёти бекор қилинган бўлса-да, маҳаллий мулозимлар бу амалиётни “юқорининг буйруғи” деб атамоқда.

Оққўрғон туман ҳокими ўринбосари буғдойзорлар бузиб ташланганини тасдиқлади, лекин у фермерларни "ошиқча буғдой экканликда" айблади.

Оққўрғон туманида ҳайдаб ташланган буғдойзор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:28 0:00

Оққўрғон туманида ўнга яқин фермернинг даласидаги буғдой, ловия, картошка вилоят прокурори Салом Самадовнинг буйруғи билан ҳайдаб ташлангани ҳақида исми сир қолишини сўраган, бу воқеага бевосита гувоҳ бўлган фермерлардан бири хабар қилди:

5 гектар экспортбоп қизил ловиясини мажбуран ҳайдаб ташлаб, ўрнига пахта экасан деди.


“Бизнинг ҳудудда ўтган йили туман ҳокимнинг қарори билан хўжалигини мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирган бир фермер бор. Ўшанинг беш-ўн сантиметр ўсиб қолган 5 гектар экспортбоп қизил ловиясини мажбуран ҳайдаб ташлаб, ўрнига пахта экасан деди. Шўрлик йиғлаб қолди. Хабарим бор, у бу ловиянинг уруғлигини қарийб 5 минг долларга сотиб олган эди”.

Ҳайдаб ташланган ловия майдони
Ҳайдаб ташланган ловия майдони

Фермернинг айтишича, коронавирус Ўзбекистонга кириб келган бир пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ошиши ҳақидаги уларнинг илтимослари ҳам инобатга олинмаган:

Булар президентимизнинг сиёсатига юз фоиз тескари иш қилишяпти.


“Фермерлар, қўйинг бир-икки ойда тайёр маҳсулот бўлади, увол қилманг, ички бозорда арзончиликка ҳисса бўлади деса, сен пахтани биз айтгандек экавер, ички бозорни ўзимиз таъминлаб оламиз дейишяпти. Булар президентимизнинг сиёсатига юз фоиз тескари иш қилишяпти. Бўлмаса бир қарич ўсиб турган буғдойзорни ҳайдаб ташлайдими, картошкани ҳайдаб ташлайдими?! Картошка бозорда 7-9минг сўмгача чиқиб кетган бир пайтда-а? Калла борми буларда?!”

Ҳайдаб ташланган ловия майдони
Ҳайдаб ташланган ловия майдони

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермер ҳайдаб ташланган буғдойзор фото ва видеоларини Озодликка тақдим этар экан, бу ҳолатни ваҳшийлик деб атади:

“Замин Саховат” фермер хўжалигининг картошка ва фасолини ҳайдаб ташлади.


“Маданият қишлоғида жойлашган “Дилшод Йўлдошев” фермер хўжалигининг буғдойзори батамом ҳайдаб ташланди. Ваҳоланки, бу буғдойни у тасдиқланган размешшение бўйича эккан. “Замин Саховат” фермер хўжалигининг картошка ва фасолини ҳайдаб ташлади. Ўрнига пахта экасан деб мажбурлашяпти. Агар шундай ниятлари бор экан, улар экмасдан туриб айтса бўлмайдими? Бировнинг меҳнати, бировнинг юз миллионлаб сўм қилган харажатини пуф деб йўқ қилиб юборишди”.

Фермерга кўра, икки йилдан буён кластердан пахта ҳосили пулини ололмаётган оққўрғонлик фермерларга бу жуда оғир зарба бўлган:

Йўқ жойдан бор қилиб эккан буғдойимизни ер билан яксон қилиб ташлади.


“Оққўрғон Агрокластер” ҳозиргача пахта пулини бергани йўқ. Пулнинг ўрнига кунжара ва пахта ёғи беришни бошлашган эди, у ҳам тўхтаб қолди. Мен ўзим йигирма марта бордим, ололмадим. Бунинг устига йўқ жойдан бор қилиб эккан буғдойимизни ер билан яксон қилиб ташлади. Ахир фермер кластер билан ўзи шартнома тузиши керак эмасми? Президент шундай деб айтмаганми? Шундай қарор чиқармаганми? Нега яна прокурору ҳокимлар бизга хўжайин? Нега яна пахта, пахта ва яна пахта?”

Оққўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Пардаев Озодлик билан суҳбатда буғдойзорлар ҳайдаб ташланганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини шундай изоҳлади:

“Агар фермер буғдойи режага кўра 10 гектар бўлсаю у 15 гектар эккан бўлса, демак конкрет факт бор. Бу ноқонуний. Озиқ-овқат хавфсизлиги бор, масалан буғдой, пахта, ҳамма режадан ортиқ буғдой экиб қўйса режа нима бўлади. Бу қонун бўйича бузилади. Лекин бошқа экинлар бузилмаган”.

Ҳоким ўринбосари Озодликнинг униб чиққан буғдой ва бошқа экинларнинг бузиб ташланиши озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмайдими, деган саволига аниққ жавоб бера олмади.

Оққўрғон тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда “юқоридан” келган топшириққа қарши улар ҳам ҳеч нарса қила олмаётганини тан олди:

Ҳатто боғ ораларига экилган сабзавотларни ҳам ҳайдаб, ўрнига пахта экасан дейди.


“Бу прокурор халқ, фермерлар билан одамга ўхшаб гаплашмайди. Бўлмаса, фермерларнинг размешшение бўйича эккан буғдойини ҳайдаб ташлайдими? Фермерлар ўзи икки йилдан буён кластердан пахта пулини ололмай энасини кўриб ётибди. Ҳатто боғ ораларига экилган сабзавотларни ҳам ҳайдаб, ўрнига пахта экасан дейди. СССР вақтида шунақа сиёсат бўларди, одамларнинг ҳовлисигача пахта экилганди, бу ҳам шунақа қиляпти. Фермерларнинг ҳам ўзини тирикчилиги бор, ишчиларига бир тишламдан ер бериши керак, бўлмаса ким ишлайди. Ҳокимдан тортиб бошқа мулозимларгача бирор киши ғинг дея олмайди, ҳаммаси юқоридан келган топшириқ, дейди”.

Айни пайтда, Янгийўл туманидаги мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ҳам пахта шартномаси тузишга мажбурланаётгани ҳақида исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири Озодликка хабар қилди:

“2019 йил 9 январдаги Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарорига асосан 20 гектаргача ер майдонлари ғаллачилик, сабзавотчилик фермер хўжаликларига берилган. Аммо ҳозир 2020 йил учун мажбуран пахта шартномаси туздиришяпти. Шартнома қилмаган фермерларга ерни тортиб олиб, кластерга топшириб юбориш билан таҳдид қилинмоқда. Шартномада бир гектар пахтани камайтириш учун 100 доллардан 250 долларгача пул олишяпти. Навоий, Бобур ва Халқобод массивида юздан ортиқ шундай фермер хўжалиги бор”

Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлимининг ўзини Ҳакимжон деб таништирган мулозимининг айтишича, туманда пахта етиштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор:

“Тўғри, пахта давлат буюртмасидан тушиб кетди, лекин пахта сердаромад ҳосил бўлгани учун, қолаверса экин турларини жойлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида мева-сабзавотчилик билан шуғулланадиган фермерларга размешшение қилинган. Пахта гектарини камайтириш бўйича фермерлар иддао қилаётган 100-200 доллар пул олиш бўлмаган ва бўлмайди ҳам, ҳаммаси қонуний бўляпти”.

Президентнинг пахта етиштириш ҳақидаги қарори ишламаяпти

6 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти "Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилган эди.

Бу қарорга кўра, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади ва пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалаларига бағишланиб ўтказилган йиғилишда шундай деган эди.

"Пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз. Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимиз маҳсулот етиштиришда эркин бўлмайди, улар ўзлари кутганларидек манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди”, дея иқтибос келтирган эди Ш. Мирзиёев сўзларидан президент матбуот хизмати.

Бу, қайд этилишича, соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш билан бирга ҳокимларнинг режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиётига бутунлай чек қўяди.

Аммо Озодликка келаётган хабарларга кўра, фермерга қанча пахта эктириш ҳозир ҳам ҳокимлик тақдим этган размешение бўйлаб мажбуран шартнома қилдирилмоқда.

XS
SM
MD
LG