Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:11

Президент янги ўқув йилида контракт тўловини оширмасликни буюрди


Тошкент ҳукуматидаги мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг 23 июнь куни чиқарган 3082-сонли қарорига мувофиқ¸ 2017-2018 йилги ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавр ва магистрлик босқичида ўқувчилар тўлайдиган контракт суммаси ошмайдиган бўлди.

Ҳозирча жамоатчиликка эълон қилинмаган бу қарор бўйича Молия ва Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ўқишнинг йиллик қийматини ўзгартиришсиз қолдиради.

Ҳар йили августнинг учинчи ўн кунлигида – олий ўқув юртларига тест синовлари натижаси эълон қилинганидан сўнг жамоатчиликка тақдим этиладиган янги ўқув йили учун тўлов-контракт нархлари оширилади.

“Шунинг учун президентнинг бу қарори¸ ҳар йили контракт нархи ошишидан безиллаб қолган контрактчиларнинг ота-оналари учун жуда яхши хабар. Улар 2017-18 ўқув йилида ўқитиш учун олийгоҳларга бу йилги нархда тўлашда давом этадилар”¸ деди Озодлик гаплашган ҳукумат расмийси.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2016 йилнинг 17 августида тасдиқлаган бир йиллик ўқитиш нархлари қиймати 2015 йилгига нисбатан 15 фоизга баландлаган эди.

Бу жадвалга кўра¸ халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар ҳамда ҳуқуқ 2016/2017 ўқув йилида бакалавр ва магистрлик босқичидаги энг қиммат таълим йўналишлари сифатида қолган ва уларда бир йиллик ўқиш пули 9,85 миллион ва 10 миллион 830 минг сўм этиб белгиланган эди.

Президентнинг 23 июнь кунги қарори асосида¸ бу йўналишларда ўқиш нархи яна айни миқдорда қоладиган бўлди.

Озодлик суҳбатлашган ҳукумат мулозими¸ президентнинг контрактчилар ва улар ота-оналарига бу “ҳадяси” олий ўқув юртлари тушумига катта таъсир қилмаслигини айтади.

“Тўғри¸ ўтган йилги 10 миллион сўм билан бу йилгисининг фарқи бор ва инфляция ошиб бораяпти. (2016 йил ëзида бир АҚШ доллари 6000 сўм атрофида бўлган¸ ҳозир эса¸ 8350 сўмга тенг – таҳр.) Лекин бу йил университетларга суперконтракт билан оладиган талабалар сони кескин оширилди. Суперконтракт нархи эса¸ вазирликликлар белгилаган қийматдан 20 бараваргача баландлигини инобатга олсангиз¸ университетлар бюджетига ҳеч қандай зиëн етмайди”¸ деди ҳукумат мулозими.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги айрим олийгоҳ масъуллари¸ президентнинг бу қароридан хабари йўқлиги¸ контракт нархларининг ошган-ошмаганидан фақат Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги янги жадвални тасдиқлаб, жўнатганидан сўнггина хабар топажакларини билдирдилар.

Озодлик айни пайтда бу мавзуга оид қўшимча тафсилотларни ўрганмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатинг!

XS
SM
MD
LG