Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:19

Қарши туман ҳокими ўқитувчиларни дарсдан қўйиб, ҳокимликда ишлатмоқда


Мактаб, синфхона
Мактаб, синфхона

Қарши туманининг маҳаллий ҳоким масъулиятидаги сектори ҳудудида жойлашган мактаблардан ҳар куни камида биттадан ўқитувчи ҳокимликка чақиртирилиб, компьютерда аҳоли рўйхатини тузишга мажбурланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган ўқитувчиларнинг айтишича, улар дарсларни ташлаб кетишга ва кун бўйи ҳокимиятда қолиб ишлашга мажбур бўлмоқда.

Мактаб директори ҳокимнинг буйруғи билан ўқитувчиларни ҳокимликка юборишга мажбур бўлганини тан олди.

Қарши туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган, ишдан ҳайдалишидан чўчиб исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг Озодликка айтишича, аксарият мактабларнинг ўқитувчилари ҳокимлик биносида ўз вазифасидан ташқари ишга мажбурланмоқда:

“Мактаблар ўқитувчилари Қарши туман ҳокимлигига компьютерда аҳолини рўйхатга ёзишга олиб кетилмоқда. Дарслар қолиб кетяпти, ўқувчилар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Президентимиз ўқитувчиларни ўз вазифасидан ташқари ишларга жалб қилишни танқид қилиб турган, ҳукумат қарорлари қабул қилиниб турган бир пайтда, ҳали ҳам ҳокимлар ўқитувчиларни тинч қўйишмаяпти”.

Қарши тумани ҳокимлигида ўқитувчилар аҳолини компьютерда рўйхатга киритмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:05 0:00

​Исми сир қолишини сўраган 38-умумтаълим мактаби ўқитувчисининг Озодликка айтишича, ўқитувчилар ўз ҳақларини талаб қилмоқда, лекин директор барибир уруш-жанжал қилиб ҳокимликка юборяпти:

“Ўқитувчилар дарсларини ташлаб кетгиси келмайди. Лекин директор ҳокимнинг буйруғи деб мажбур қиляпти. Ўзимиз ёнимиздан йўлкира қилиб бориб келяпмиз. Дарсларимиз қолиб кетяпти”.

Қарши тумани ҳокимлигида ўқитувчи бажараётган иш
Қарши тумани ҳокимлигида ўқитувчи бажараётган иш

Қарши туманидаги 38-умумтаълим мактаби директори Холёр Шодмонов Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларни ҳокимнинг буйруғи билан жўнатишга мажбур бўлаётганини айтди:

- Ҳокимнинг топшириғи билан қиляпман мен буни. Ўнтача мактабга шундай топшириқ берилган. Сектор раҳбарлари навбатма-навбат биттадан ўқитувчи олган. Туман ҳокими бизнинг секторга раҳбар. Мен ҳам ҳар куни биттадан ўқитувчи юборяпман. Марҳамат, халқ таълими бўлими бизга бундай топшириқ бермасин, мен ҳам ҳеч кимни жўнатмайман. Бугун халқ таълими бўлими мудирига ҳам, туман ҳокимлигига ҳам бориб айтаман, бизнинг ўқитувчиларга жамоат топшириқлари бермасин, деб.

Қарши тумани халқ таълими бўлими мудири Мели Боқиев ишга тайинланганига 20 кун бўлганини таъкидлар экан, бундай ҳолатлар бўлган бўлса, унга барҳам беришини айтди:

- Аҳолини компьютерда рўйхатга олиш учун компьютерни тушунадиган одамлар керак бўлган экан, бу дарсга ҳам халақит қилгани йўқ, ҳеч ким ўқитувчиларни мажбурлагани ҳам йўқ. Тўғри, энди бу сайловга тайёргарлик, бу сиёсий жараён, бунга тўғри қараш керак. Мен ўзи кеча президент академиясидан ўқишдан келдим. Бунақа ҳолатлар бўлган бўлса, унинг олдини оламиз.

Қарши туман ҳокими Ғайрат Бегалиев қабулхонасининг телефони кун давомида жавоб бермагани учун бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон президенти ва ҳукумат томонидан тақиқланганига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ўқитувчилар ва халқ таълими ходимларини ўз вазифасидан ташқарида бўлган ишларга жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йилнинг 17 июль куни ўтказилган умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқитувчиларнинг турли назорат органлари томонидан текширувини чеклаш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчиларни жалб қилиш, турли йиғилишларда иштирок этиш, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланган эди.

"Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасининг 12-моддасида "Ўқитувчиларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қонун билан ман этилади", деб ёзилган.

XS
SM
MD
LG