Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:16

Андижонлик ўқитувчилар “Вақф” фондига 50 минг сўмдан фитр садақаси ўтказишга мажбурланмоқда


Тошкентдаги Минор масжиди.
Тошкентдаги Минор масжиди.

Андижон вилоятидаги мактабларнинг ўқитувчилар “Вақф” хайрия жамоат фондининг ҳисоб рақамига пул ўтказишга мажбурланяпти.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган ўқитувчиларнинг айтишларича, улар маошидан 50 минг сўм пул фитр садақаси учун ушланиб қолишига рози эканлиги ҳақида тайёрланган рўйхатга имзо қўйдирилмоқда.

Мактаб директори ўринбосари ўқитувчиларнинг маошидан фитр садақаси учун пул йиғилаётганини тасдиқлади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди мулозими жамғармага пул ўтказиш ихтиёрий эканлигини айтар экан, Андижондаги бу тадбир маҳаллий мулозимларнинг ўз ташаббуси бўлиб, фонд бошқармаси бу ҳақда кўрсатма бермаганлигини билдирди.

Андижон туманидан Озодликка мурожаат қилган ўқитувчилардан бирининг ёзишича, уларнинг иш фаолиятида биринчи марта ўқитувчилардан фитр садақаси учун пул йиғилмоқда:

“Андижон тумани мактаблари ўқитувчиларидан мажбурий ариза асосида Рўза фитрга 50000дан ойликларидан ушлаб қолинишига нима дейсиз? Диний идора ходимлари илтимос килган экан”.

Фитр садақаси учун пул йиғилаётганини тумандаги бошқа мактаблар ўқитувчилари ҳам Озодликка тасдиқлади.

Андижон туманидаги 5-умумтаълим мактабининг ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бирининг айтишича, мактаб директори мажлис қилиб, маошларидан 50 минг сўмдан ушлаб қолинишини айтган:

“Бизга қанақадир банк ҳисоб-китоблари ёзилган тайёр бланкани ҳар бир ўқитувчига тақдим этиб, ўша ерга исм-фамилиямизни ва "эллик минг сўм", деб ёзиб, имзо қўйдик. Бу пул рўза фитри учун экан. Биз ўзимиз, кўнглимиздан чиқарганимизни муҳтож одамларга берамиз десак ҳам, йўқ, мана шу сени садақангга ўтади, имзо қўй, деб талаб қилишди. Барча ўқитувчилар қўл қўйиб берди”.

Тумандаги 54- умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси, фитр садақаси ҳамма педагоглардан мактаб орқали олинаётганига таажжуб билдирди:

“Ўзбекистонда фитр садақаси жон бошига 6 минг сўм қилиб белгиланган. Масалан, оилада битта боласи бўлса, уч кишига 18 минг сўм бўлади. Нега энди ҳаммадан 50 минг сўмдан? Мактаб масжид эмаски, хайрияга пул йиғса. Майли эди, бу пулларимиз қаерга кетишини билсак эди. Кўзи ожиз бор, боқувчисиз қариялар бор, қийналган оилалар бор. Лекин, бу садақамиз “Малибу” миниб юрган фондларга кетса, рози эмасмиз”.

Андижон туманидаги мактаблардан бирининг исми сир қолишини сўраган директор ўринбосари бу топшириқ вилоят халқ таълими бошқармасидан келганини тасдиқлади:

"Вилоятдан бизнинг мудиримизга айтишлган. Мудир директорларга топшириқ берган. Директор мажлис қилиб ўқитувчиларга етказди ва ўринбосарларидан бирини бунга масъул қилиб қйўди. Рўйхатга барча ўқитувчиларни имзо қўйдириб, бўлим бухгалтеряисига олиб бориб топширяпмиз. Ҳамма мактабларда шу аҳвол".

Андижон вилоятидаги матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган имомлардан бири ёрдамчисининг айтишича, фитр садақасини йиғиш кампанияси бутун вилоят бўйлаб ўтказилмоқда:

“Бу фақат Андижон туманида эмас, балки бутун вилоят бўйлаб бўляпти. Куни-кеча вилоят ҳокими мажлис қилиб ҳамма ташкилотларга топшириқ берган. Мактабларники 50 минг сўмдан бошланган. Бошқа ташкилотларники ундан ҳам кўп. Бу пулларни “Вақф” фондига туширасан, деб талаб қиляпти. Ҳозир ҳамма имомлар ҳам кўчама-кўча этагини очиб олиб, пул сўраб юрибди. Одамларда норозилик кайфияти жуда катта, бу пулларни етимларга бермай яна ўзлари еб юборадими деб. Чунки, кеча андижонлик камбағал аёлга уй бериб, президент кетганидан кейин уни ҳайдаб чиқарганини кўриб, одамлар ишонмай қўйди”.

Имом ёрдамчисининг айтишича, президент маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергановнинг Марҳамат туманидаги йиғилишда закот берганини айтганидан сўнг, бу тадбир авж олган:

“Шу киши келиб, мен камбағалларга 22 миллион сўм закотимни бердим, сизлар ҳам беринглар, деди. Бу пуллар, ободонлаштириш ишлари боис уйсиз қолган одамларга, қийналган одамларга берилади экан. Биз маҳаллама-маҳалла айланиб, шуни аҳолига тушунтирмоқчи бўляпмиз. Кўп одамлар бермайди, мен ўзим муҳтож оилага бераман, деб. Одамлар "ўлсин энди, давлатнинг куни одамларнинг закот ва фитр садақасига қолган бўлса", дейишяпти”.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Андижон вилоят бўлими имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров билан бу мавзуда гаплашиш имкони бўлмади. Телефон гўшагини кўтарган имом ёрдамчиларидан бири, барча саволларга “шу ерга келиб жавоб олишингиз мумкин”, деди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Тошкентдаги марказий идорасининг ўзини таништирмаган мулозими, Андижонда ўқитувчи ва бошқа ташкилотлардан жамоат ҳисобига пул ўтказилаётганини кеча эшитганини, лекин бу масалани ҳали ўрганмаганини айтди:

“Биринчидан, бошқармадан унақа пул йиғишлик ҳақида ҳеч қандай топшириқ бўлмаган. Иккинчидан, закот ва фитр садақаси мутлақо ихтиёрий иш. Бизнинг билганимиз шуки, ҳокимиятда йиғилиш бўлган, униерситетнинг бир профессори мен ўзим ташаббус қиламан, деб айтган экан. Биз ҳам ишхонага келиб эшитдик, шунақа иш вилоятда уч-тўрт кун олдин бошланган экан. Лекин бошқармадан, мажбурлаб пул ўтказилсин, деган топшириқ бўлмаган”

Жорий йилнинг апрель ойида “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўзига хизмат машинаси сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар орасидаги энг қиммат модель - Malibu-2 сотиб олингани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган эди.

"Вақф" фонди расмийси Malibu-2 сотиб олинганини хорижий меҳмонларни муносиб кутиб олиш зарурати билан изоҳлаган эди.

XS
SM
MD
LG