Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:25

Наманганда 7 синф ўқувчисининг туғиб қўйиши ортидан таътилдаги ўқитувчилар чақириб олинди


Сурат Кун.уз дан олинди
Сурат Кун.уз дан олинди

Наманган вилоят, Чортоқ туманидаги мактаблардан бирининг 7-синфни тугатган ўқувчиси фарзанд кўргани ортидан, тумандаги барча мактабларнинг таътилда бўлган ўқитувчилари ишга чақириб олинди.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган ўқитувчиларнинг айтишича, уларга уйма-уй юриб ота-оналарга фарзандларини эҳтиётлашни тушунтириш, тушунтириш ишлари ўтказилгани исботи сифатида ўқувчи ва ота-оналар билан суратга тушиб, уни туман халқ таълими бўлимига топшириш вазифаси юклатилган.

Чортоқ туман ички ишлар бўлими мулозими 7-синфни тугатган ўқувчи қиз фарзандли бўлганини тасдиқлади.

Туман халқ таълими бўлими мудири ҳам ўқитувчиларнинг таътилдан чақириб олинганини тасдиқлар экан, таътилдаги ишланган кунлар кейинги таътилларга қўшиб берилишини айтди.

Чортоқ туманидаги мактаблардан бирининг 7-синфини тугатган ўқувчиси (мактабнинг рақами ва ўқувчининг исм-фамилияси Озодликка маълум – таҳр.) фарзанд кўргани ҳақидаги хабарни туман ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини сўраган мулозими тасдиқлади:

“Ҳозир бу иш юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўқувчини ҳомиладор қилиб қўйганликда гумонланган шахслардан ДНК анализлари олиб текширилмоқда. Бошқа тафсилотлар очиқланмайди”, деди ички ишлар мулозими.

Озодликка мурожаат қилган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, бу воқеа содир бўлгандан тахминан 10 кун ўтиб, улар таътилдан чақириб олинган:

“Мактабимиз директори таътилдаги ўқитувчиларни чақиртириб олди. Ҳозир уйма-уй кириб, ота-оналарга шунақа воқеа бўпти, қизингизни назорат қилиб боринг, эҳтиёт қилинг деб тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Ўқувчи қизлар балоғат ёшига етган бўлса, олиб бориб УЗИ қилдиряпмиз. Ота-оналар билан суҳбатлашгандан сўнг, битта оқ вараққа суҳбат мазмунини ёзиб, ўқувчи, унинг ота ёки онаси билан бирга расмга тушиб, альбом шаклида завучларга топширяпмиз. У эса тўплаб халқ таълими бўлими мудираси Шоҳиста Турғуновага топширяпти”, дейди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчининг айтишича, улар ота-оналардан кафолат хатлари олган бўлса ҳам, яна қайтадан худди шундай ишни такрор қилишга мажбурланяпти:

“Мен бошланғич синф ўқитувчисиман. 25 майда ота-оналарни чақиртириб, мана болаларни сизларга эсон-омон топширдик, деб кафолат хатлари ёздириб олганмиз. Энди яна уйма-уй юриб, ота-оналардан болаларингизни эҳтиёт қилинг деб, расмга тушиб юрибмиз. Тасаввур қилинг, менинг синфимда 32 та ўқувчи бўлса, ахир уни айланиб, суҳбатларни ёзиб, расмга тушиб бўлгунча камида ўн кун вақт керак бўлади. Мен бу иссиқларда беш кундан буён юрибман, ҳали тугатолмадим. Таътилда бунақа ортиқча даҳмазанинг нима кераги бор? Нега биз таътил вақтида ҳам бекорга ишлашимиз керак?, деб савол беради ўқитувчи.

Чортоқ тумани халқ таълими бўлими мудираси Шоҳиста Турғунова 18 июль куни Озодлик билан суҳбатда, 7-синф ўқувчисининг фарзандли бўлганини яширишга уринди:

“Йўқ, у қиз туғмаган, шунчаки гинекологик тарафдан муаммо бўлгани учун, ўзимни ўлдираман, деб айтган экан, шунга шов-шув бўлиб кетди. Биз бориб ҳаммасини тинчитдик. Шу воқеадан кейин ҳақиқатан ҳам айрим ўқитувчиларни таътилдан чақиртириб олдик, улар ўқувчилар билан учрашувлар ташкил қилади, таътиллари қандай ўтаётгани билан қизиқади. Лекин, улар бу ишга неча кун сарфлаган бўлса, янги ўқув йилида унга шу ишлаган кунлари учун таътил берилади”, деди халқ таълими бўлими мудираси Шоҳиста Турғунова.

Чортоқ тумани ҳокимининг хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосари Адиба Асрақулова, Озодлик билан суҳбатда, мухбирнинг 7-синф ўқувчиси фарзанд кўргани ҳақидаги саволини эшитиши биланоқ, алоқани узиб қўйди.

Озодлик 13 ёшида туғиб қўйган ўқувчи қизнинг оилавий шароити ҳақида маълумот ололмади.

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг балоғат ёшига етмай ҳомиладор бўлиб қолиш ҳолатлари фавқулодда янгилик эмас.

Ўзбекистон Маънавият-тарғибот маркази раиси Қаҳрамон Қуранбоев 2015 йилнинг 1 июлида санъаткорлар билан ўтказган тадбирда бу ҳақда шундай деган эди:

- 2013 йилги маълумотни айтаман. 13 ëшли 200 дан ошиқ қизимиз туғиб қўйди. 13 ëшида 200 тадан ошиқ ўзбекистонлик қиз туғди! Бу қизлар аксариятининг ë отаси кетган ë онаси кетган ëки ота-онаси кетган¸ бола бу ерда сарсон. Мана яқинда эшитган бўлсанглар¸ Хоразмда 12 яшар қиз ўзининг акасидан туғди. Тошкент шаҳрида ўтган йили бўлган воқеа – Юнусободда иккита 13 яшар қизимиз ўзини отасидан туғди. Мана энди савол туғилади – маънавият керакми ë керак эмасми?, деган эди Республика Маънавият-тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев.

XS
SM
MD
LG