Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:19

Отаси Россияда, онаси пахтада бўлган 12 яшар қиз зўрланиб, ўлдирилди


Иллюстрация. Суратнинг Сурхондарёдаги воқеага алоқаси йўқ.
Иллюстрация. Суратнинг Сурхондарёдаги воқеага алоқаси йўқ.

Сурхондарё вилояти Узун туманининг Маландиён қишлоғида яшайдиган 29 яшар уста йигит ўз ҳамқишлоғи, 5-синф ўқувчисини аввал зўрлаб, сўнг ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинди.

25 сентябрда содир бўлган бу фожиа тўғрисида айтиб берган маҳалла фуқаролар йиғини фаолларидан бирига кўра, қотилликда гумонланган йигит қизчани аввал зўрлаган, кейин бўғиб ўлдирган ва жиноят изини яшириш мақсадида уни осиб қўйган.

Туман ички ишлар бўлими вакилига кўра, бу иш билан айни пайтда вилоят прокуратурасининг махсус гуруҳи шуғулланмоқда.

Бу воқеадан яхши хабардор, исми сир қолишини сўраган Узун туманидаги Маландиён маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, бутун туманни титратиб юборган бу қотиллик 25 сентябрь куни содир бўлган:

“Ўша куни маҳалламиздаги 6-мактабда ўқийдиган 12 яшар қизча уйда ёлғиз қолган. Унинг қўшнисининг уйида ишлаётган уста йигит аввалдан бу қизчага кўз олайтириб юрган, бир-икки марта тегажоғлик ҳам қилган экан. 25 сентябрь куни у электр сими кераклигини баҳона қилиб, унинг уйига кирган. Қизчанинг уйда ёлғиз эканлигидан фойдаланиб, уйидаги подвалга олиб кириб уни зўрлаган. Кейин бўғиб ўлдирган ва жиноят изини адаштириш мақсадида уни ўша подвалга осиб қўйган. Уста ҳаяллаганидан сўнг қўшнининг уйига кирган унинг ҳамкасбларидан бири бу ҳолатни кўриб қолган ва бошқаларга хабар берган”, дейди маҳалла фаолларидан бири.

Маҳалла фаолининг айтишича, қизчанинг ўқитувчи бўлган отаси меҳнат муҳожирлигида бўлган:

“Қизчанинг отаси Россияга ишлагани кетган эди. У ўзимизда меҳнат ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Ўша куни онаси ҳам пахта тергани чиқиб кетган. Қотилликда гумон қилинаётган йигит ҳам ўзимизнинг маҳалладан, уйланган, бир ўғли ва бир қизи бор. Бу воқеа бутун туманни зир титратди. Қизчанинг жанозасига туман ҳокими ва прокурори ҳам келди. Прокурор, қотил энг оғир жазони олади, деб айтди”, деди маҳалла фаоли.

Узун туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими қотилликда гумонланган шахснинг ҳибсга олинганини айтди:

“Қотилликда гумонланган шахс ўша куни ҳибсга олинган ва айбига иқрорлиги ҳақида кўрсатма берган. Тергов сири бўлгани учун унинг исмини ошкор этмаймиз. Бу иш билан ҳозир вилоят прокуратурасининг махсус гуруҳи шуғулланмоқда”, деди ички ишлар бўлими мулозими.

Сурхондарё вилояти прокуратурасидан бу воқеага изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матубот хизмати Озодлик мақоласидан кейин 29 сентябрь куни бу воқеага шундай расмий жавоб берди:

"2018 йил 25 сентябрь куни соат 21:30 ларда Узун тумани, “Маландиён” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.А. томонидан яшаш уйи ертўласидан Т.А.нинг вояга етмаган қизи Ш.А. нинг жасади тан жароҳатлари билан топилган.
Жиноятни фош этишга қаратилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, фуқаро А.Х. 2018 йил 25 сентябрь куни қариндошининг уйида таъмирлаш ишларини эрталаб тахминан 08-00 ларда бошлаб, шу куни соат 13-00 ларда бирга ишлаётган икки нафар шериклари билан тушлик қилиб, бир шиша ароқ ичиб, шундан сўнг соат 14-50 чамасида қариндоши Ф.Ш. нинг қўшниси Т.А. нинг яшаш уйига бориб, унинг қизи Ш.А. билан уйининг ертўласида кизнинг қаршилигига қарамасдан жинсий алоқада бўлиб, номусига тегиб, сунг қасддан бўғиб ўлдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 26 сентябрь куни ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда".

Ўзбекистонда вояга етмаган қизларни зўрлаш ҳолатлари учраб туради.

Август ойида Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини жинсий ва жисмоний эксплуатация қилинганликда айбланганларга нисбатан суд ҳукми ўқилган эди.

2015 йилда Жиззах вилояти Бахмал тумани марказида 19 май куни йўқолган 1-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси орадан қарийб икки кун ўтганидан сўнг ўлик ҳолда топилган эди. Озодлик манбаларига кўра, қотил тўққиз ёшли қизчани зўрлаган ва уни бўғиб ўлдириб, жарликка ташлаб кетган эди.

Ўша йили Самарқандда 17 ёшли қиз 63 ёшли ҳамқишлоғи тарафидан жинсий зўрланиши ортидан ўзини ўзи осиб қўйди.

XS
SM
MD
LG