Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:13

Хоразм ҳокимлиги “ўғри қиз”сазойи қилинган видеони "душманлик" деб баҳолади (ВИДЕО)


Сазойи қилинаëтган қиз.
Сазойи қилинаëтган қиз.

Ижтимоий тармоқлардан Россия телеканали дастуригача тарқаган Урганч бозоридаги самосуд видеоси¸ Озодлик суҳбатлашган урганчликларга кўра¸ шаҳар буюм бозорида¸ 7 октябрь куни содир бўлган. Бундай воқеанинг Хоразмда бўлмагани ва бўлмаслигини таъкидлаган вилоят ҳокимлиги мулозими эса¸ уни "душманлар фитнаси" деб атади.

Россиянинг Рен -ТВ канали Ўзбекистондаги дўконлардан бирида ўғирликда гумон қилинган қизнинг яланғоч қилиниб¸ калтаклангани акс этган видеолавҳани эфирга узатди.

Бундан олдин айни лавҳа интернетнинг ўзбек сегментида муҳокама қилинган эди.

Бу видеони томоша қилган урганчлик дўкон эгаси воқеанинг 7 октябрь куни Урганч шаҳар буюм бозоридаги кийим-кечак дўконида содир бўлганини айтди.

Унга кўра¸ тахминан 17 яшар коллеж ўқувчиси бўлган қиз магазиндан кийим ўғирлаган пайтда ушлаб сазойи қилинган. Жанжалнинг бўлганини Урганч буюм бозорида иккита дўкони бўлган бошқа тадбиркор ҳам тасдиқлади.

Бу суҳбатдошга кўра¸ “самосуд қилинган аëлга жисмоний зарар етмаган.”

Урганч шаҳар ИИБсининг буюм бозоридаги Таянч пунктида ишловчи милиционернинг айтишича¸ ўша куни бу воқеа юзасидан ҳеч ким расман шикоят қилмаган.

Милиционерга кўра¸ дўкон эгасидан ўғирлик борасида ëки коллеж ўқувчисидан калтак еганлик борасида ариза тушмаган.

Айни пайтда бу мулозим¸ буюм бозорида бунга ўхшаш майда жанжаллларнинг ҳар куни бўлиши ва томонлар ўзлари келишиб олгани боис¸ бу жанжаллар юзасидан иш очилмаслигини таъкидлади.

Нима бўлган эди?

Урганч буюм бозоридаги “ўғрини сазойи” қилиш ҳақидаги Озодликка етиб келган уч дақиқалик видеолавҳа (РенТВ даги кўрсатувда ҳам шу видеолавҳадан фойдаланилган - таҳр.) кийим дўконида ëш қизни тагига босиб ураëтган дўкончи аëллар тасвири билан бошланади.

Тасвирда кўринган саккиз нафар аëл ўғри дея гумон қилинган қизни ҳақоратлаб¸ тепиб¸ кийимларини ечишади. Видеода эшитилаëтган ғала-ғовурдан дўконда яна ҳам кўпроқ одам борлигини тахмин қилиш мумкин. Видеони олаëтган йигит вазиятни ўзича шарҳлаб¸ бошқариб туради. Бу йигит кейинги пайтда ўғирлик кўпайгани ва ўғрилар яланғоч сазойи қилиниши кераклигини видеони шарҳлаш давомида таъкидлаб туради. Видеотасвир¸ ўғри деб гумон қилинган қизни кўчага итариб чиқара олмаган аëллар жазаваси билан тугайди.

Видео туристларни Хоразмдан ҳуркитиш учун тарқатилдими?

Ўзини Гавҳаржон Солаева деб таништирган Хоразмдаги туризм ширкатида ишловчи аëл Рен ТВдаги хабарни хавотир билан томоша қилганлигини айтади:

- Буни кўрган СНГдаги туристлар Хорaзмда шунақа самосуд қилади экан, деб келмай қўяди, деб қўрқдик. Яқинда президентимиз келиб кетганида Хоразмни туристик жозибасини ошириш керак, деб вазифа қўйганди. Раҳбаримиз вилоятнинг янги ҳокими Илгизар Матëқубович билан боғланиб, ўз xавотирини билдирди. Ҳоким ëрдамчиси бу ишни ўз назоратига олди¸ дейди туризм ширкати вакиласи.

Ҳокимлик радддия билдирди: Бу душманлар фитнаси

Озодлик воқеа юзасидан изоҳ сўраб Хоразм вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шакаржон Хўжаниëзовага мурожаат қилди.

Ҳар сафар ўзини Хўжаниëзованинг ëрдамчиси деб таништирган бир неча мулозим кун бўйи Озодлик мухбирига изоҳ беришни пайсалга солди. Пировардида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Нигора Ражабовa воқеани изоҳлади:

- Рен-ТВда намойиш қилинган воқеа ҳаëтда бўлмаган. Душманлар ўйлаб топкан уйдирма бу. Урганч буюм бозорида ҳам¸ деҳқон бозорида ҳам самосуд воқеаси бўлмаган. Умуман бундай воқеалар ҳеч қачон Хоразм вилоятида ҳеч бир тарзда юз бермаган. Вилоятда қонунлар устивор ва барча бу қонунларга оғишмай амал қилади. Такрорлайман Рен-ТВ ва бошқа ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони Хоразм вилоятига мутлақо алоқаси йўқ¸ бу душманлар фитнаси¸ деди Озодлик мухбири гаплашган вилоят ҳокимлиги мулозими.

Хоразм ҳокимлиги “ўғри қиз”сазойи қилинган видеони "душманлик" деб баҳолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:21 0:00

“Фақат қонунгина инсонни жазога тортиш ҳуқуқига эга”

Жорий йилнинг июнь ойида Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи 20 ёшли йигит қариндошлари томонидан сазойи қилингани оқибатида оламдан ўтган эди.

Отаси Россияга ишлагани кетгач назоратсиз қолган йигит эгри йўлларга юриб, онасига бўйсунмай қўйган. Бундан хавотирланган она қариндошларини чақириб, ўғлининг ақлини киргизиб қўйишни сўрагани ҳақида Озодлик ëзган эди.

Қариндошлар эса бебош жиянларини чала қурилган уйга қозиқ қоқиб боғлаб қўйган. Бир неча соат қўли боғлиқ ҳолда қолиб кетган йигит нафас олишга қийналиб, жон таслим қилган.

Марҳум йигитни қонунга хилоф равишда, ғайриинсоний усулда жазолаган қариндошларнинг жиноий жавобгарликка тортилгани “Ҳуқуқ” газетаси хабар қилган эди.

“Фақат қонунгина инсонни жазога тортиш ҳуқуқига эга”, деб эслатган эди ўшанда прокуратура нашри.

XS
SM
MD
LG