Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Усмоновнинг "Мегафон"и "сариқ чақа"га сотилган Ucell га катта пуллар киритишни ваъда қилмоқда


Икки йил аввал Ўзбекистон Ucell бренди асосида фаолият юритиб келган Coscom МЧЖнинг 94% улушини 215 миллион АҚШ долларига сотиб олган эди.
Икки йил аввал Ўзбекистон Ucell бренди асосида фаолият юритиб келган Coscom МЧЖнинг 94% улушини 215 миллион АҚШ долларига сотиб олган эди.

Россиянинг «Мегафон» ва унинг ягона акционери бўлган «USM Telecom» (Алишер Усмоновга тегишли USM Holdingнинг бир қисми) уяли телефон ширкатлари Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда янги Digital Holding қўшма корхонасини тузиш жараёнини якунлади.

Жорий йилнинг февраль ойида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов 70,32% улушига эгалик қилувчи Россиянинг «Мегафон» ва USM Telecom операторлари Digital Holding қўшма корхонасини ташкил этиш борасида ўзбек томони билан келишувга эришгани хабар қилинган эди.

Янги корхонада Россия ширкатларининг улуши 51 фоиз, Ўзбекистон томонининг улуши эса 49% фоизга тенг бўлиши маълум қилинди.

Янги қўшма корхонага Ucell бош директори лавозимда ишлаб келган Владимир Кравченко раҳбарлик қилади.

Маълум бўлишича, янги корхонага Ўзбекистондаги Ucell компанияси ҳамда USMнинг Ўзбекистондаги активлари — CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan капиталининг 100 фоизи ўтказилган.

"Катта пуллар"

Келишувга биноан, Россия ширкатлари қўшма корхонага 100 миллион доллар миқдорида инвестиция киритади.

Digital Holding Марказий Осиёда телекоммуникация бозорида етакчи бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Алишер Усмоновнинг компанияси Ўзбекистон алоқа инфратузилмасига "катта пуллар" киритишни ваъда қилмоқда. USM Holding бош бош директори Иван Стрешинский ўзбек телеком ширкати билан эришилган келишув «МегаФон»га ўз операцияларини кенгайтириш, Ўзбекистонга эса алоқа сифатини яхшилаш имконини беришини таъкидлаган.

"Бизнинг ниятимиз мамлакат алоқа инфратузилмасига катта пуллар киритиш. Ҳар ҳолда Ўзбекистон - Алишер Бурҳонович Усмоновнинг ватани, у ўша ерда туғилган ва Ўзбекистонга ёрдам бермоқчи. Биз эса, кейинги ривожланишлар учун платфома яратишни хоҳлаймиз", дея Стрешинскийниг сўзларидан иқтибос келтирмоқда uzdaily.uz нашри.

Хабарларга кўра, қўшма корхона Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш билан шуғулланади. Шунингдек, ширкат мамлакатга маълумот сақлаш ва қайта ишлаш, рақамли маркетинг ҳамда индивидуал маҳсулотлар трафигини назорат қилиш соҳаларида замонавий технологияларни олиб кирмоқчи.

Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров: «Рақамли иқтисодиёт иқтисодий ўсишнинг асосий омили экани аниқланган, шунинг учун мобил алоқа ва Интернет сифатини яхшилаш, электрон тижорат тизимлари, рақамли хизматлар ва дастурий маҳсулотларнинг ривожланишини жадаллатиш зарур», деган.

Мобил телефон алоқаси бозори тез ва кўп даромад келтирувчи соҳалардан ҳисобланади. Қарийб 35 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда 25 миллион одам уяли телефондан фойдаланади.

Мамлакатда Ucellдан ташқари яна уч ширкат – «Билайн», UMS ва «Узмобайл» уяли операторлари хизмат кўрсатади.

Икки йил аввал Ўзбекистон Ucell бренди асосида фаолият юритиб келган Coscom МЧЖнинг 94% улушини 215 миллион АҚШ долларига сотиб олган эди.

Ўша вақтда Coscom МЧЖнинг 100% улуши камида 228 миллион АҚШ доллари қийматига эга бўлган.

"Сариқ чақа ҳам эмас"

Шу йил февралида Ўзбекистон хукумати Россиянинг "Мегафон" ва унинг ягона акционери бўлган "USM Telecom" (Алишер Усмоновга тегишли USM Холдингнинг бир қисми) уяли телефон ширкатларига қарийб 8 миллион абонентга эга Ucell миллий телеком-операторининг 100 фоиз улушини тақдим қилиш режасини эълон қилган эди.

Бунинг эвазига "Мегафон" ва USM Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда тузиладиган янги қўшма корхонага 100 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиши айтилган.

100 миллион долларлик сармоя эвазига 8 миллион абонентига эга уяли телефон операторининг назорат пакетини Россия ширкатларига ҳеч қандай тендер танловларисиз берилиши ўтмишда халқаро коррупция можаролари марказида қолган ўзбек телеком бозоридаги жараёнларнинг шаффофлиги билан боғлиқ янги саволларни пайдо қилган.

Ўзбекистонда илк уяли алоқа ширкати - "Уздунробита" асосчиларидан бири, ҳозирда АҚШда яшаётган тадбиркор ва сиёсатчи Санжар Умаров Озодлик билан суҳбатда "100 миллион доллар инвестиция миллиардлаб доллар фойда кўраётган ширкат учун сариқ чақа ҳам эмас"лигини айтган.

"Ucell тарихига қарайдиган бўлсак, бу ширкат 1996 йилда Coscom асосида Америка билан тузилганди. Улар 100 фоиз инвестиция киритганди. Ҳамма ускуналар 100 фоиз Америкадан келтирилган. Кейинчалик Coscom узоққа бормади. 2007 йилда TeliaSonera сотиб олди. Катта пора жанжали бўлди. Ҳозир ҳам бу скандал давом этяпти. Энди ҳукумат буни Россия ширкатларига бериб юборяпти. Ҳеч қанақа тендер бўлгани йўқ. 100 миллион доллар инвестиция миллиардлаб доллар фойда кўраётган ширкат учун сариқ чақа ҳам эмас. Ҳали инвестиция киргани ҳам йўқ, ваъда ҳали бу. Очиқ савдода сотилиши керак эди. 8 миллион абонентига эга операторнинг шундоқ бериб юборилишини тушунмаяпман", - деб айтган Умаров.

XS
SM
MD
LG